1-МАВЗУ. “ДИНШУНОСЛИК” ФАНИГА КИРИШ
Режа
1. “Диншунослик” фанининг предмети, мақсади ва вазифалари.
2. Диншуносликнинг ижтимоий-гуманитар фанлар билан алоқадорлиги.
3. Диншунослик фанини ўрганишнинг жамият барқарорлигини мустаҳкамлаш, диний бағрикенгликни тарбиялаш, виждон эркинлигини таъминлашдаги аҳамияти.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, ўтган йиллар давомида ижтимоий тузум, сиёсий ўзгаришлар кишилар маънавиятида ўзгаришларни келтириб чиқарди. Совет тоталитар тузуми емирилгандан кейин инсон маънавий камолотининг омилларидан бири бўлган дин мамлакатимиз ҳаётида ўзига хос муносиб ўринни згаллади. Кўпгина миллат, турли диний конфессия вакиллари тинч-тотув яшаётган Ўзбекистондаги барча динларнинг тенглигини таъминлаш, фуқароларнинг эътиқодига ҳурмат билан қараш, мамлакатда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий тараққиёт имкониятларини кенгайтиришнинг муҳим шартларидандир.
Маънавий тараққиёт имкониятларини кенгайтириш, ривожлантиришда эса диншунослик фанининг тутган ўрни бениҳоядир. Ҳозирги кунда Олий ўқув юртларида ўқитилаётган «Диншунослик» фанининг вазифаси олийгоҳ талабаларига шу соҳада чуқур билим бериш орқали фан доирасига кирган масалаларни тахлил қилишда илмийлик ва объективлик услубини қўллаб, уларда диний қарашлар тараққиётига, инсон камолотига хизмат қиладиган жиҳатларини ажратиб олиш, мустақил фикр юритиш орқали илмий- фалсафий дунёқарашга асосланган имон ва эътиқодни шакллантиришдан иборат.
Дунёвий демократик ва ҳуқуқий жамият қуриш йўлидан бораётган жамиятда диний эътиқоднинг тутган ўрни ва ролини тўғри белгилай билиш ва уни тўғри идрок этишда мазкур фаннинг аҳамияти каттадир. Жамият шаклланишининг дастлабки даврларида пайдо бўлган дин халқлар ҳаёти билан боғлиқ ҳолда ривожланган, мослашган, аста-секин диний тузимни вужудга келтирган. Натижада, маълум ижтимоий-сиёсий ва маданий-ахлоқий вазифаларни бажаришни ўз зиммасига олган. Бундай функциялар жамият тараққиётининг дастлабки босқичларида айниқса яққол кўзга ташланади.
Диншунослик фани инсоншунослик фани сифатида диннинг минг йиллар давомида ижтимоий тараққиётдаги ўрнига, аҳамиятига холис баҳо берадики, бу айииқса диннинг моҳиятини, жамиятда, тарихда, маънавий маданиятда тутган ўрнига оид ишланган мавзуларда ўз аксини топди.
Дин инсон тарбиясига адолат ва инсонпарварлик омиллари устувор бўлишига имкон берадиган маънавий эътиқоддир. Ҳозирги мураккаб ва масъулиятли мустақиллик даврида турли динларга эътиқод қилувчи кишиларни бир-бирига қарама-қарши қўйиш, халқларни диний зиддиятлар гирдобига тортиш, хокимият учун кураш мақсадида диндан фойдаланиш адолатсизликларга, ноҳақ қон тўкишга олиб келади.
«Диншунослик» фани диннинг пайдо бўлиши ва ривожланиш тарихи, бир шаклдан иккинчи шаклга ўтишини ўрганувчи фандир. Шунингдек, дунёвий давлат қуриш йўлидан изчиллик билан бориб, демократия ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаёттан Ўзбекистонда динга бўлган муносабатнинг асосий мезонлари ҳам аниқ белгилаб бериладики, амалий ўзгариш ҳам диншуносликнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.
Ҳурфикрлиликка хос дастлабки фикрлар ҳурфикр мутафаккирлар Форобий, Беруний, Ибн Сино, Умар Ҳайём, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур каби бобокалонларимизнинг ижтимоий-фалсафий қарашлари билан бойиганки, улар изчил хулосаларни ҳам келтириб чиқаришган - биринчидан, ҳар қандай дин жамиятда вужудга келиб, жамиятда шаклланганки, шу сабабли дин ижтимоий онг шаклларидан биридир: иккинчидан, диний тасаввур ва эътиқодлар жамият тараққиётининг муайян ижтимоий шароитлар таъсирида турли-туман шакл ва кўриниш касб этган: учинчидан, ибтидоий дин тасаввурларидан тортиб жаҳон динларигача бўлган динлар тараққиёти эволюциясини эътироф этиш диншунослик ҳақида тўғри хулоса чиқариш имкониятини беради.
Диншунослик фани Фалсафа, Тарих, Адабиёт, Педагогика, Психология, Этнография, Этика, Социология каби фанлар билан боғлиқ.
Фан чиқарган илмий хулосаларни талабалар онгига етказиш, уларда фалсафий дунёқарашни кенгайтириш, дин муаммоси бўйича илмий эркин фикр юритиш, диний. манбаларни ўрганиш ва улар бўйича объектив хулосалар чиқаришда диншунослик фанининг аҳамияти каттадир.
Маълумки, фалсафа ва бошқа фанлар сингари диншунослик ҳам дунёқараш билан боғлиқ. У шахсда диний эътиқодни пайдо бўлиши, яшашдан бошлаб, жамият тараққиётидаги эволюцияси ва унинг ҳиссиётига таъсирини илмий жиҳатдан ўрганади. Диншунослик ўзига хос илмий таъриф бериш билан бирга унинг ижтимоий, гносеологик ва психологик илдизларини очади.
Инсон доимо турли дунёқараш ва эътиқод билан яшайди ва яшаган. Ҳар кимнинг ўз ички дунёси, ўз эътиқоди бўлади. Лекин, бундай хилма-хиллик, қарама-қарши ақида ва ғояларнинг мавжудлиги муросасиз зиддиятларга, жиддий тўкнашувларга олиб келмаслиги, одамлар, дину мазҳаблар мамлакату давлатлар ўртасида ижобий муносабатларнинг шаклланиши ва ривожланишига тўсиқ, сунъий ғоя бўлмаслиги керак. Виждон эркинлиги динга ишонувчиларни мажбуран ўз эътиқодларидан қайтариб, динни маъмурий тарзда, таъқиқлаб қўйишнинг ҳар қандай назарий ва амалий кўринишларига чек қўяди. Курснинг амалий аҳамиятидан яна бири шундаки, қонунларни мукаммал ўрганган, таҳлил қилган ҳолда унинг моҳиятини, мазмунини очиб беришга хизмат.қилади.
Фуқаро, жамият, давлат ўртасида ўзаро ижобий муносабатни ўрнатишда «Диншунослик» предметининг аҳамияти бениҳоядир. Конституцияда диннииг тарбиявий аҳамиятига эътибор бериш лозимлиги кўрсатилганки, предмет ёшларга дин ва ҳурфикрлилик хақида илмий билимлар бериш орқали диннинг ижтимоий моҳиятини, у тарихий ходиса эканлигини тушунтириш билан жамият ривожланиш борасида замонавийлашувини, баъзан эса янги диний гуруҳлар пайдо бўлиши мумкинлигини ҳам тушунтиради.
Дин кишиларни ҳамиша яхшиликка, эзгу ишларга чорлаб келган. Жумладан, ота-боболаримизнинг муқаддас эътиқоди бўлган ислом дини ҳам юксак инсоний фазилатларнинг шаклланишига хизмат қилган. У туфайли халқимиз минг йиллар мобайнида бой маънавияти ва мероси, ўзлигини омон сақлаб келди.
Ўзбек халқининг илғор маданий ва маънавий меросини тиклаш ва янги шароитда янада ривожлантириш, бу ҳудуддаги илк замондан ҳозиргача мавжуд динларнинг тарихи, ҳаётий тажрибаси тадрижий тараққиётини ўрганиш ватан тарихини чуқурроқ тушуниб етиш, уни севиш ва у билан фахрланиш ҳис-туйғуларини шакллантиришга хизмат қилади. Дин ва Қонун ўзаро муносабатларини билиш республикада демократик ҳуқуқий жамият қуриш пойдеворини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Дин ва дунёвий давлат орасидаги муносабат ҳақида сўз кетар экан, унинг асосида энг аввало, диннинг давлатдан ажратилиши тамойили ётишини таъкидлаш зарур. Бу ҳақда Конституциямизнинг 61-моддасида шундай дейилади: “Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди”.
Мазкур моддада муҳим аҳамиятга эга қоидалар мустаҳкам қўйилган. Биринчидан, диний ташкилотлар қайси конфессияга тааллуқлилигидан қатъи назар, бир хил ҳуқуқий майдонда фаолият олиб борадилар. Иккинчидан, диний бирлашмалар фаолиятини ташкил этиш уларнинг ички иши ҳисобланади ва давлат назоратидан холидир.
Шу билан бирга, диний ташкилотлар давлатдан ажратилган бўлса-да, бу диннинг жамиятдан ажратилганини англатмаслигини таъкидлаш зарур. Зеро, бирор динга эътиқод қилувчи фуқаролар ҳам жамиятнинг таркибий қисми ва шу сабабли дин фуқаролик жамиятида ўз мавқеига эга бўлади.
Давлатнинг динга муносабатидаги асосий хусусияти – бу диннинг сиёсатга аралашмаслиги. Зеро, ҳар қандай дин, биринчи ўринда маънавий-ахлоқий жиҳатни ўз ичига олади.
Давлатнинг динга бўлган муносабатини ифодаловчи яна бир тамойил шундан иборатки, давлат динни халқ маънавиятининг узвий қисми сифатида тан олади. Бундан келиб чиқиб, унинг ривожи учун тегишли шарт-шароит яратишга ҳаракат қилади.
Такрорлаш учун саволлар
1. Диншунослик фанининг предмети нимадан иборат?
2. Диншунослик фанининг асосий мақсади нима?
3. Жамиятда диннинг роли қандай?
Dostları ilə paylaş: |