Окоз: 13. 00. 00. 00 Таълим. Фан. Маданият / 13. 02. 00. 00 Фан / 13. 02. 04. 00 Илмий ходимлар, илмий муассасалар мутахассислари (мақом, аттестация, илмий даража ва унвонлар)] [тсз



Yüklə 70,37 Kb.
tarix01.02.2020
ölçüsü70,37 Kb.
#30361
1030 24.12.2019



[ОКОЗ:

1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.02.00.00 Фан / 13.02.04.00 Илмий ходимлар, илмий муассасалар мутахассислари (мақом, аттестация, илмий даража ва унвонлар)]

[ТСЗ:

1.Ижтимоий-маданий масалалар / Фан ва илмий фаолият]

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг «Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2019 — 2023 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида талаб юқори бўлган малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 17 июндаги ПҚ-4358-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, кадрлар салоҳиятини ошириш, илм-фан ва таълим соҳасида юқори малакали кадрларнинг билим ва тажрибаларини амалда қўллашни молиявий рағбатлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:



1. Илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида (кейинги ўринларда ташкилот деб аталади) илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи ходимларнинг лавозим маошига:

фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) (ёки хорижий мамлакатларда уларга тенглаштирилган даражалар) (кейинги ўринларда фалсафа доктори деб аталади) илмий даражасига эга шахслар учун — лавозим маошининг 30 фоизигача;

фан доктори (Doctor of Science) (ёки хорижий мамлакатларда унга тенглаштирилган даража) (кейинги ўринларда фан доктори деб аталади) илмий даражасига эга шахслар учун — лавозим маошининг 60 фоизигача қўшимча ҳақ тўлаш тизими жорий этилсин.

2. Илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Белгилансинки:

а) қўшимча ҳақ ушбу қарорга мувофиқ тегишли мезонларни бажарилишини баҳолаш натижалари бўйича ҳамда таркибий бўлинма раҳбарининг тақдимномаси ва ташкилот коллегиал органи қарори асосида ҳар бир ходимнинг илмий-педагогик ва меҳнат фаолиятига қўшган аниқ ҳиссасини ҳисобга олган ҳолда белгиланади;

б) ушбу қарор билан жорий этилаётган қўшимча ойлик ва бир марталик тўловлар миқдори бир ойда — фалсафа доктори илмий даражасига эга ходимлар учун лавозим маошининг 30 фоизидан ҳамда фан доктори илмий даражасига эга ходимлар учун лавозим маошининг 60 фоизидан ошмаслиги керак;

в) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотлар ходимларига ушбу қарорга мувофиқ қўшимча ҳақ белгиланиши билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

г) ушбу қарорга мувофиқ қўшимча ҳақ тўлаш билан боғлиқ бўлган харажатларни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳажмини режалаштириш фалсафа доктори илмий даражасига эга ходимлар лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ ва фан доктори илмий даражасига эга бўлган ходимлар лавозим маошининг 60 фоизи миқдоридаги қўшимча ҳақнинг энг кўп ҳажми илмий даражага эга бўлган ходимларнинг ҳақиқий сонидан келиб чиққан ҳолда банд бўлган штат бирлиги сони бўйича амалга оширилади;

д) ташкилотга қўшимча ҳақни молиялаштириш учун ажратилган ва молия йили якунига қадар ишлатилмай қолган бюджет маблағлари ўрнатилган тартибда бюджет ташкилотининг ривожлантириш жамғармасига ўтказилади ва қуйидаги мақсадларда сарфланади:

ташкилотнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, бино ва иншоотларни, илмий лабораторияларни техник шартлар асосида жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш, халқаро илмий ахборот базалари ва кутубхона ресурсларига уланиш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш;

ходимларни етакчи миллий ва жаҳонда энг юқори 1000 талик рейтингга кирувчи ёки йўналишлар бўйича жаҳонда энг юқори 100 талик рейтингга кирувчи хорижий илмий-таълим муассасаларига қайта тайёрлов, малака ошириш ва амалиётга юбориш орқали кадрлар илмий салоҳиятини ошириш, ходимлар томонидан хорижий илмий анжуманларда маъруза билан иштирок этиш ва қатнашиш, халқаро тан олинган маълумотлар базасидаги етакчи илмий журналларда илмий-тадқиқот ишлари натижаларини нашр қилиш.

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тасдиқланган параметрлари доирасида ушбу қарорда назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш учун маблағларни ажратсин.

5. Тизимида ташкилотлар мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар:

ушбу қарорга мувофиқ ходимларга қўшимча ҳақ белгиланишининг асосланганлиги, шунингдек, уларни тўлаш учун ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини доимий назорат қилиб борсин;

ҳар йили 25 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ушбу қарорга мувофиқ қўшимча ҳақ тўлаш ҳуқуқига эга бўлган ходимларнинг банд бўлган штат бирлиги сони тўғрисида, шунингдек, уларни тўлаш учун ажратилган маблағлар, шу жумладан, молия йили охирида сарф қилинмаган молия ҳажми тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиб борсин;

бир ой муддатда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

6. Вазирлар Маҳкамасининг «Бюджет ташкилотларини маблағ билан таъминлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 1999 йил 3 сентябрдаги 414-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1999 й., 9-сон, 51-модда) 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И.Ю. Абдураҳмонов ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Телекоммуникациялар, IT-технологиялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш котибияти зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 24 декабрь,

1030-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 декабрдаги 1030-сон қарорига


1-ИЛОВА

Илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар



1. Ушбу Низом илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга (шу жумладан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига) қўшимча ҳақ тўлаш тартибини белгилайди.

2. Илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларининг фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига (ёки хорижий мамлакатларнинг уларга тенглаштирилган даражасига) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасига (ёки хорижий мамлакатларнинг унга тенглаштирилган даражасига) эга бўлган ходимларига асосий иш жойи бўйича ушбу Низомга мувофиқ қўшимча ҳақ белгиланади.

3. Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

лавозим маоши — календарь ойи учун муайян мураккабликдаги меҳнат (лавозим) вазифаларини бажариш учун ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлашнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган миқдори (компенсация, рағбатлантириш ва ижтимоий тўловлар, нафақалар ва бошқа қўшимча тўловларни ҳисобга олмаган ҳолда);

қўшимча ҳақ — ходимлар меҳнатининг сифати ва натижадорлигини рағбатлантириш мақсадида белгиланган лавозим маошига нисбатан фоиз ҳисобида белгиланган тўлов;

бир марталик қўшимча ҳақ — амалга оширилган муайян иш бўйича натижага эришилгани учун тўланадиган бир марталик қўшимча тўлов;

ҳар ойлик қўшимча ҳақ — амалга оширилган муайян иш бўйича натижага эришилгани учун ҳар ойда тўланадиган қўшимча тўлов;

илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилоти (кейинги ўринларда ташкилот деб аталади) — устав асосида илмий ва таълим фаолияти билан шуғулланувчи бюджет ташкилоти ёки бюджет маблағлари олувчи ташкилот;

интеллектуал фаолият натижаси — интеллектуал мулк объекти, шу жумладан, фан, адабиёт, санъат, ижро, фонограмма, эфир ёки кабель орқали намойиш этилган кўрсатувлар, ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, селекция ютуқлари, электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурлар, маълумотлар базалари, ошкор қилинмаган маълумотлар, шу жумладан, ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хау), товар белгилари, фирма номлари, товар келиб чиққан жой номлари ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган интеллектуал фаолият натижаси.

4. Ташкилотнинг коллегиал органи (кейинги ўринларда коллегиал орган деб аталади) ушбу Низомга мувофиқ муайян мезонлар асосида таркибий бўлинма раҳбарининг тавсиясига кўра ходимга қўшимча ҳақ миқдори ва тўлов даврини белгилаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ташкилот раҳбари учун ушбу Низомга мувофиқ қўшимча ҳақ белгилаш юқори турувчи ташкилот розилиги билан амалга оширилади.

Эришилган натижаларнинг мезонларга мувофиқлигини баҳолаш тақдим этилган тасдиқловчи ҳужжатларга асосан амалга оширилади.

Коллегиал орган қўшимча ҳақ белгилаш тўғрисида қабул қилинган қарорнинг холислиги учун масъул ҳисобланади.

Ташкилотнинг юқори турувчи органлари қўшимча ҳақ белгилаш бўйича коллегиал органлар ишини ташкил этиш тартибини тасдиқлайди.

5. Қўшимча ҳақ ходимнинг лавозим вазифалари, илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси, халқаро грантлар, шартнома ва бошқа мажбуриятлар бўйича бажарилган ишлар доирасида амалга оширилган қўшимча иш ҳажми ва юқори сифатли натижа учун белгиланади.

Қўшимча ҳақ тўлашда эришилган натижалар бир марта ҳисобга олинади.

6. Қўшимча ҳақ бир марталик ёки ойлик шаклда белгиланиши мумкин. Қўшимча ойлик тўловини белгилашнинг энг кўп муддати бир йилдан (12 ойдан) ошмаслиги керак.

7. Қўшимча ҳақ ходим асосий лавозим бўйича эгаллаб турган ставкасига мутаносиб равишда белгиланади.

2-боб. Олий таълим, кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ташкилотларида қўшимча ҳақ белгилаш талаблари, миқдори ва муддатлари

8. Олий таълим, кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ташкилотларида қўшимча ҳақ кадрлар тайёрлаш, шу жумладан, юқори малакали ва илмий фаолият сифатини ошириш ва илмий фаолият натижаларини иқтисодиётнинг реал секторига тижоратлаштириш, шунингдек, олий таълим муассасаларининг мамлакат ичида ва хорижда нуфузини оширишга қўшган ҳиссасига қараб белгиланади.

9. Лавозим маошига ҳар ойлик қўшимча ҳақ ходимнинг фаолияти натижалари асосида қуйидагича ўрнатилиши мумкин:

а) Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ахборот таълим ресурсларига ўз ўқув-услубий мажмуаларини (модулларини) жойлаштирилганлиги учун:

ҳар бир мажмуа (модул) учун ўзбек ёки рус тилида, шунингдек, чет тили мутахассисликлари бўйича лавозим маошига нисбатан 5 фоизгача;

хорижий тилда (тил мутахассислигидан ташқари) ҳар бир мажмуа (модул) учун лавозим маошига нисбатан 10 фоизгача белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 15 фоиздан ошмаслиги лозим;

б) ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда илмий ва лаборатория воситаларидан кенг фойдаланган ҳолда янги ўқув маҳсулотлари (тренинг курслари, услубий таъминотли ўйинлар)ни ишлаб чиққани ва жорий этгани учун:

ўзбек ёки рус тилида, шунингдек, тил мутахассисликлари бўйича чет тилида ҳар бир маҳсулот (мажмуа) учун лавозим маошига нисбатан 10 фоизгача;

хорижий тилда (тил мутахассисликларидан ташқари) ҳар бир маҳсулот (мажмуа) учун лавозим маошига нисбатан 20 фоизгача белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозим;

в) ўзининг ўқув-услубий мажмуаларини ўқув дастурига киритганлиги ва чет тилида (МДҲ давлатлари тилларидан ташқари) ташкил қилинган ҳар бир курс (модул) учун лавозим маошига нисбатан 10 фоиз миқдорида белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 20 фоиздан ошмаслиги лозим;

г) биринчи мингталик (топ-1000) ёки фан йўналишлари бўйича биринчи юзталик (топ-100) халқаро рейтинглар онлайн курсига киритилган ҳар бир маъруза учун лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозим;

д) илмий даражалар берувчи илмий кенгашларда, республика миқёсидаги илмий-техник кенгашларда ҳар бир аъзолик (иштирок этганлик) учун лавозим маошига нисбатан 10 фоизгача белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 20 фоиздан ошмаслиги лозим;

е) илмий даражалар берувчи хорижий илмий, экспертлик, илмий-техник кенгашларда аъзолик (иштирок этиш) учун лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозим;

ж) доимий фаолият юритадиган илмий ихтисослашган семинарларни ташкил этганлиги ва унда иштироки учун:

доимий аъзо сифатида лавозим маошига нисбатан 10 фоизгача;

раҳбар сифатида лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача белгиланади;

з) Scopus, Web of Science ёки бошқа умумэътироф этилган индексацияланган маълумотлар базалари журналларида эълон қилинган ҳар бир мақола (монография) учун муаллифларга лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозим;

и) ўқув жараёнида амалий қўлланадиган ёки ишлаб чиқаришга жорий қилинган интеллектуал фаолият натижаси борлиги учун лавозим маошига нисбатан 10 фоизгача миқдорида белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 10 фоиздан ошмаслиги лозим;

к) ихтиро ва/ёки фойдали моделга хорижий патент олганлик учун лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача миқдорида белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозим;

л) илмий, илмий-оммабоп журналлар таҳрир ҳайъати аъзолиги учун:

маҳаллий журналларда лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача;

хорижий журналларда лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозим.

10. Лавозим маошига бир марталик қўшимча ҳақ маълум бир давр учун эришилган натижалар йиғиндисидан келиб чиққан ҳолда ёки қуйидаги зарур шартлар бажарилганда белгиланади:

а) илмий даражалар берувчи илмий кенгашларда ҳар бир расмий оппонентлик учун:

фалсафа докторлари (PhD) даражасига лавозим маошига нисбатан 10 фоизгача;

фан докторлари (DSc) даражасига лавозим маошига нисбатан 20 фоизгача.

Мазкур талаб асосида бир марталик қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан фалсафа докторлари (PhD) даражасига 30 фоиз ва фан докторлари (DSc) даражасига 60 фоиздан ошмаслиги лозим;

б) диссертациянинг ўз вақтида ёки муддатидан олдин ҳимоя қилинишини таъминлаганлиги учун:

фалсафа докторлари (PhD) илмий раҳбарларига лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача;

фан докторлари (DSc) илмий маслаҳатчиларига лавозим маошига нисбатан 60 фоизгача;

в) ташкилотнинг мезбон сифатида иштирок этадиган нуфузли халқаро конференцияни (симпозиум, давра суҳбати) ташкил этганлиги учун, ходимнинг қўшган ҳиссасини ҳисобга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан 60 фоизгача;

г) илмий-педагогик фаолиятга оид халқаро тадбирларда (форумлар, конференциялар, конгресслар, анжуманлар ва бошқалар) таклифга асосан маъруза билан қатнашганлигига ҳар бир иштироки учун лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача;

д) хорижий халқаро кўргазмаларда ўзларининг илмий ютуқларини оммалаштиришда расмий иштирок этганлигига ҳар бир кўргазма учун лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача;

е) ихтисослашган халқаро маълумотлар базасига киритилган ҳар бир илмий нашр учун лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача;

ж) давлат бошқарув органларининг сўровига биноан бажариладиган тадқиқотларга эксперт хулосаларини тайёрлаш учун қўшган ҳиссасини ҳисобга олган ҳолда, лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача.

3-боб. Илм-фан соҳасидаги ташкилотларда қўшимча ҳақ тўлаш мезонлари, ҳажми ва муддатлари

11. Илм-фан соҳасидаги ташкилотларда қўшимча ҳақ янги ходиса ва қонуниятларни кашф қилишдаги иштироки, инновацион фаолият натижаларини тижоратлаштирганлиги, юқори малакали илмий кадрларни тайёрлашда қўшган ҳиссаси учун белгиланади.

12. Лавозим маошига ҳар ойлик қўшимча ҳақ ходимнинг фаолияти натижалари асосида қуйидагича ўрнатилиши мумкин:

а) илмий даражалар берувчи илмий кенгашларда, республика миқёсидаги илмий-техник кенгашларда ҳар бир аъзолик (иштирок этганлик) учун лавозим маошига нисбатан 10 фоизгача бўлган миқдорда белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 20 фоиздан ошмаслиги лозим;

б) илмий даражалар берувчи хорижий илмий, экспертлик, илмий-техник кенгашларда аъзолик (иштирок этиш) учун лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача бўлган миқдорда белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозим;

в) доимий фаолият юритадиган илмий ихтисослашган семинарларни ташкил этганлиги ва унда иштироки учун:

доимий аъзо сифатида лавозим маошига нисбатан 10 фоизгача;

раҳбар сифатида лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача белгиланади;

г) Scopus, Web of Science ёки бошқа умумэътироф этилган индексацияланган маълумотлар базалари журналларида эълон қилинган ҳар бир мақола (монография) учун муаллифларга лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозим;

д) ўқув жараёнида махсус курсларни ташкил қилгани учун лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача белгиланади;

е) ихтиро ёки фойдали моделга хорижий патент олганлик учун лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозим;

ж) илмий, илмий-оммабоп журналлар таҳрир ҳайъати аъзолиги учун:

маҳаллий журналларда лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача;

хорижий журналларда лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозим;

з) хорижий илмий лойиҳаларда иштирок этганлиги учун:

тадқиқот гуруҳи аъзоси сифатида лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача;

лойиҳа раҳбари сифатида лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача белгиланади;

и) хорижий журналлар таҳририятида иштирок этган ҳар бир аъзолик учун лавозим маоши ҳақига 15 фоизгача белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан 30 фоиздан ошмаслиги лозим;

к) олий таълим муассасаларида ҳар бир жорий этилган дарсликлар ва ўқув қўлланмалар нашри учун лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозим;

л) янги инновацион корхона ташкил этганлиги учун лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача белгиланади.

13. Лавозим маошига бир марталик қўшимча ҳақ ходимнинг охирги 12 ой давомидаги фаолияти натижалари асосида қуйидагича ўрнатилади:

а) илмий даражалар берувчи илмий кенгашларда ҳар бир расмий оппонентлик учун:

фан номзоди ёки фалсафа докторлари (PhD) даражасига лавозим маошига нисбатан 10 фоизгача;

фан докторлари (DSc) даражасига лавозим маошига нисбатан 20 фоизгача.

Мазкур талаб асосида бир марталик қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан фалсафа доктори (PhD)га 30 фоиз ва фан доктори (DSc)га 60 фоиздан ошмаслиги лозим;

б) ўз вақтида ёки муддатидан олдин илмий даража олиш учун тадқиқот ишини ҳимоя қилганда:

фалсафа доктори (PhD) илмий раҳбарига ҳимоя қилганлиги тўғрисида далил тақдим қилганида лавозим маошига нисбатан 50 фоизгача;

фан доктори (DSc) илмий раҳбарига ҳимоя қилганлиги тўғрисида далил тақдим қилганида лавозим маошига нисбатан 100 фоизгача;

в) халқаро конференция (анжуман, давра суҳбати) ташкил қилганлиги учун ҳар олти ойда бир мартадан кўп бўлмаган ҳолда қўшган барча ҳиссаси учун лавозим маошига нисбатан 60 фоизгача миқдорда, агар ушбу тадбирда ташкилот қабул қилувчи томон бўлса;

г) ташкилотнинг мезбон сифатида иштирок этадиган халқаро конференцияни (симпозиум, давра суҳбати) ташкил этганлиги учун, ходимнинг қўшган ҳиссасини ҳисобга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан 50 фоизгача олти ойда бир марта;

д) халқаро илмий, илмий-техникавий ва бошқа илмий-маърифий тадбирларда (форумлар, конференциялар, конгресслар, анжуманлар, ва бошқалар) таклифга асосан маъруза билан қатнашганлигига, ҳар бир иштироки учун лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача;

е) хорижий халқаро кўргазмаларда ўзларининг илмий ютуқларини оммалаштиришда расмий иштирок этганлигига ҳар бир кўргазма учун лавозим маошига нисбатан 50 фоизгача;

ж) нуфузли халқаро маълумотлар базасига киритилган ҳар бир тадқиқот натижаси учун лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача;

з) бажарилган илмий-тадқиқот ишларига эксперт хулосаларини тайёрлаш учун қўшган ҳиссасини ҳисобга олган ҳолда, лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача.

4-боб. Ўрта махсус, касб-ҳунар ва умумий ўрта таълим ташкилотларида белгиланадиган қўшимча ҳақ миқдори ва муддатлари

14. Лавозим маошига ҳар ойлик қўшимча ҳақ ходимнинг жорий йилда охирги 12 ой давомидаги фаолияти натижалари таҳлилига кўра:

а) ёшларни тарбиялашга оид ҳар бир ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий қилинган илмий-методик қўлланма, илмий-таҳлилий услуб (ёндашув)лар учун лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача;

б) таълим ва тарбия соҳасида тегишли ташкилот билан боғлиқ илмий мақола (монография) нашр қилганлиги учун:

журналнинг даражаси ва муҳимлигидан келиб чиққан ҳолда миллий илмий журналлардаги нашр учун лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача;

халқаро журналларда эълон қилинган ҳар бир мақола (монография) учун муаллифларга лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача белгиланади.

15. Лавозим маошига бир марталик қўшимча ҳақ маълум бир давр учун эришилган натижалар йиғиндисидан келиб чиққан ҳолда ёки зарур шартлар бажарилганда белгиланади:

а) фан олимпиадалари ғолибларини тайёрлагани учун лавозим маошига нисбатан:

туман ва вилоят миқёсдаги натижалар учун 15 фоизгача;

республика миқёсдаги натижалар учун 20 фоизгача;

халқаро миқёсдаги натижалар учун 30 фоизгача;

б) замонавий ўқув-кўргазмаларни яратганлиги учун 10 фоизгача;

в) ноанъанавий йўналишдаги (робототехника, ментал арифметика ва бошқалар) ўқув машғулотларини ташкил қилганилиги учун 30 фоизгача;

г) ўқувчиларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга қўшган ҳиссаси учун 20 фоизгача.

5-боб. Мактабгача таълим муассасаларида белгиланадиган қўшимча ҳақ миқдори ва муддатлари

16. Лавозим маошига ҳар ойлик қўшимча ҳақ ходимнинг жорий йилда охирги 12 ой давомидаги фаолияти натижалари таҳлилига кўра:

а) мактаб ёшигача бўлган болаларни тарбиялашга оид ҳар бир ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий қилинган илмий-методик қўлланма, илмий-таҳлилий услуб (ёндашув)лар учун лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача;

б) таълим ва тарбия соҳасида тегишли ташкилот билан боғлиқ илмий мақола (монография) нашр қилганлиги учун:

журналнинг даражаси ва муҳимлигидан келиб чиққан ҳолда миллий илмий журналлардаги нашр учун лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача;

халқаро журналларда эълон қилинган ҳар бир мақола (монография) учун муаллифларга лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача белгиланади.

17. Лавозим маошига бир марталик қўшимча ҳақ маълум бир давр учун эришилган натижалар йиғиндисидан келиб чиққан ҳолда ёки қуйидаги зарур шартлар бажарилганда белгиланади:

а) кўрик танловлардаги иштироки учун лавозим маошига нисбатан:

туман ва вилоят миқёсдаги натижалар учун 15 фоизгача;

республика миқёсдаги натижалар учун 20 фоизгача;

б) ўйин тамойилига асосланган замонавий машғулотларни ташкил қилганлиги учун 15 фоизгача;

в) тарбияланувчиларни илм-фанга қизиқишини оширишга қўшган ҳиссаси учун 20 фоизгача.

6-боб. Қўшимча ҳақ маблағларини режалаштириш ва молиялаштириш

18. Ташкилот томонидан қўшимча ҳақ белгилаш учун бюджет маблағлари ҳажмини режалаштириш илмий даражали ходимларга штат бирлиги сонидан келиб чиқиб, қўшимча ҳақнинг энг кўп миқдорида белгиланади:

фалсафа доктори (PhD) ёки фан номзоди илмий даражаси (ёки шунга тенглаштирилган хорижий давлатлар даражаси)га эга ходимларнинг лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача;

фан доктори (PhD) илмий даражаси (ёки шунга тенглаштирилган хорижий давлатлар даражаси)га эга ходимларнинг лавозим маошига нисбатан 60 фоизгача.

Мазкур қўшимча ҳақни молиялаштириш илмий даражали ходимларнинг ҳақиқий штат бирлиги сонидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

19. Ходимларга қўшимча ҳақни белгилаш билан боғлиқ харажатлар штат жадвалида алоҳида акс эттирилади ва ташкилотнинг харажатлар сметасида алоҳида модда билан бюджет классификацияси харажатларида назарда тутилади.

20. Ташкилот ушбу низомга мос равишда, мажбурий тартибда бюджет ташкилотларини ривожлантириш жамғармасига келиб тушадиган ва ундан сарфланадиган пул маблағларини алоҳида ҳисобини юритади.

7-боб. Якунловчи қоидалар

21. Ушбу Низом бўйича ажратиладиган пул маблағларининг мақсадли, самарали ва оқилона ишлатилиши, шунингдек, қўшимча ҳақ миқдори асосланган ва тўғри ҳисобланиши ҳамда белгиланиши учун ташкилот раҳбари шахсан жавобгар ҳисобланади.

22. Мазкур Низом талаблари асосида қўшимча ҳақ тўлаш қўшимча ҳар ойлик ва бир марталик тўловлар миқдори бир ойда фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) (ёки хорижий мамлакатларда уларга тенглаштирилган) илмий даражасига эга бўлган ходимлар учун лавозим маошининг 30 фоизидан ҳамда фан доктори (DSc) (ёки хорижий мамлакатларда унга тенглаштирилган даража) илмий даражасига эга бўлган ходимлар учун лавозим маошининг 60 фоизидан ошмаслиги керак.

23. Ушбу Низом талабларини бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

24. Тизимида ташкилотлар мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар қонун доирасида ташкилот коллегиал органларнинг қўшимча ҳақ миқдорини ўрнатишни ташкил қилиши устидан назорат қилади.

25. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

26. Давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотларда фаолият юритувчи илмий даражага эга ходимларга мазкур Низом талаблари асосида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қўшимча ҳақ тўланиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 декабрдаги 1030-сон қарорига


2-ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг «Бюджет ташкилотларини маблағ билан таъминлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 1999 йил 3 сентябрдаги 414-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. 6-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:



«Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган бошқа мақсадлар».

2. Иловада:

а) 26-банд қуйидаги матндаги хатбоши билан тўлдирилсин:

«Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган бошқа мақсадлар»;

б) 29-бандда:

қуйидаги матндаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида бюджет ташкилотини ривожлантириш жамғармасига ажратилган маблағлар ушбу қарорларда назарда тутилган мақсадларга сарфланади»;

бешинчи хатбоши олтинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.12.2019 й., 09/19/1030/4191-сон)

Yüklə 70,37 Kb.

Dostları ilə paylaş:




Verilənlər bazası müəlliflik hüququ ilə müdafiə olunur ©azkurs.org 2024
rəhbərliyinə müraciət

gir | qeydiyyatdan keç
    Ana səhifə


yükləyin