Акушерликда қон кетганида инфузия ҳажмини ҳисоблаш
CategoriesАнтенатал парваришPosted on22.11.2018
Акушерликда қон кетганида ўз вақтида, етарли миқдорда инфузия қилиш (суюқлик ўрнини тўлдириш) она ҳаётини сақлаб қолишнинг энг асосий омилидир.
Бунда инфузия ҳажми йўқотилган қон миқдорига боғлиқ. Йўқотилган қон миқдори 4 та даражага бўлинади. Буни аниқлаш учун дастлаб айланиб юрувчи қон ҳажми (АЮҚҲ)ни аниқлаш керак. Инсон организмида ўртача ҳар бир килограммида 80 гр қон бор. Масалан, 60 кг оғирликдаги одамда АЮҚҲ ((60*80)/1= 4800 мл) 4800 мл айланувчи қон бор.
Йўқотилган қон миқдорига боғлиқ даражасини аниқлаш, йўқотилган қон ҳажмини айланиб юрувчи қон ҳажмига нисбати олинади. Масалан, юқоридаги беморимиз 1000 мл қон йўқотди. Бунда бемор (1000/4800*100=20.8%) 20.8% айланувчи қон ҳажмини йўқотган.
1-даража қон кетишда 10-15% айланувчи қон ҳажми йўқотилади, 2-даража қон кетишда 16-25%, 3-даражали қон кетишда 26-35% ва 4-даражали қон кетишда 35% дан кўпроқ йўқотилади.
Юқоридаги беморимиз 2-даражали қон кетиш деган гуруҳга тўғри келади.
Инфузия ҳажми доим йўқотилган қон ҳажмининг 3 баробарида бўлади. Яъни 1000 мл қон йўқотса, 3 000 мл қуйилади. Бунда 1-даражали қон кетишда фақатгина кристаллоидлар (натрий хлориднинг 0.9% эритмаси) қуйилади. Яъни юқоридаги беморимизга 3 000 мл натрий хлориднинг 0.9% эритмасини қуямиз.
2-даражали қон кетганида кристаллоид ва коллоиднинг ўзаро нисбати 2/1 бўлиши керак. Масалан, юқоридаги беморимизда қон ўрнини тўлдириш учун 2000 мл натрий хлориднинг 0.9% эритмасини қуямиз. Қолган қисмини эса 50% ГЭК (Стабизол, Рефортан), 50% қисмини қон ташкил қилиш керак. Шунингдек эритроцитар масса 50% қонга тенг бўлади. Яъни юқоридаги беморимизга 500 мл ГЭК ва 500 мл қон қуйишимиз керак. 500 мл қон ўрнига бунда 250 мл эритроцитар масса қуйилади.
3-даражали қон кетишда 2.5/1 нисбатда кристаллоид/коллоид қуйилади. Масалан, юқоридаги беморга 2000 мл натрий хлориднинг 0.9% эритмаси қуйилади. Йўқотилган қон ҳажмининг 50% ига тенг янги музлатилган плазма (яъни 500 мл), 80% ига тенг қон (400 мл эритроцитар масса) қолган қисмига, яни 100 мл ГЭК қуйилади. Жами қуйилган эритмалар 3 литрга тенг бўлиши керак.
4-даражали қон кетишда эритмаларнинг 2/3 қисмини кристаллоид (натрий хлориднинг 0.9% эритмаси) ташкил этиши керак. Бу даражада 100% қон ва 50% янги музлатилган плазма қуйиш керак. Масалан, 1000 мл қон йўқотилганида 2000 мл натрий хлориднинг 0.9% эритмаси, 500 мл эритроцитар масса, 500 мл янги музлатилган плазма қуйиш керак. 4-даражали қон кетишда ГЭК қуйилмайди.
Массив қон кетганида эритроцитар массанинг янгилиги аҳамиятга эга. Шунингдек кўп қон кетганида ГЭКлар ДВС (қоннинг томир ичида қуйилиб қолиши)ни кучайтиргани учун кўп миқдорда тавсия этилмайди.
22 ҳафтадан катта муддатда қон кетиш
Ушбу муддатларда асосан қон нормал ёки паст жойлашган йўлдошнинг муддатдан аввал кўчиши, йўлдошнинг олдинда жойлашиши ва бачадон ёрилишида кетади.
Ушбу ҳолатда аёлнинг умумий аҳволи, шок ҳолати зудлик билан баҳоланади. Ёрдамга чақирилиб, жамоа тузилади. Ташқи кўрик, бачадон тонуси, ҳомила юрак уриши аниқланади.
22 ҳафтадан катта муддатда операцияга тайёр бўлмасдан туриб ҳеч бир ҳолатда қин орқали кўриш мумкин эмас!
Аёл туғруқ мажмуига зудлик билан олиб борилади. Аёлнинг иккита билак венасига катта калибрли (14-16 G) томир катетри билан тушиб, натрий хлориднинг 0.9% эритмаси уланади. Бунда суюқликнинг кетиш ҳажми 15 дақиқада 1 литрга тенг бўлади. Имкон қадар йўлда аёлнинг ҳолати тўғрисида туғруқхонага хабар бериш лозим. Аёлнинг ҳолати ёмонлашса кислород маскаси орқали нафас олдиринг.
Нормал жойлашган йўлдош муддатдан аввал кўчганида қиндан турли интенсивликда қон кетиши, шок, қоринда дардсимон ёки доимий оғриқ бўлиши (йўлдош бачадон орқа деворида бўлиб, кўчганида белда оғриқ), ҳомила қимирлаши камайиши ёки йўқолиши, ҳомила дисстреси (юрак қисқариш сони 100 тадан кам ёки 180 мартадан ортиқ бўлиши) кузатилади. Баъзан ташқи қон кетмаслиги ҳам мумкин. Юқоридаги белгилар билан қон кетиш бўлмаган аёл мурожаат этганида йўлдош орти гематомасига шубҳа қилинг.
Йўлдош олдинда жойлашганида оғриқларсиз кам миқдорда қон кетиши ёки кўп кетиши, шок белгилари бўлиши, бачадонда тонус баланд эмаслиги, ҳомиланинг олдинда келувчи қисми юқорида жойлашиши кузатилади. Шунингдек ҳомила дисстреси кузатилмаслиги мумкин.
Бачадон чегаралари ноаниқ бўлиши, шок, қорин шиши, оғриқ, ҳомила қисмларини бачадондан ташқарида аниқланиши, онада тахикардия ва гипотония (қон босими пастлиги) кузатилса бачадон ёрилишига шубҳа қилинг.
Dostları ilə paylaş: |