Шахслараро муносабатлар ва низоли вазиятларни ҳал этиш усуллари. Мақсад: Ролли ўйин орқали ҳамкорлик муносабатлари ҳақидаги тасаввурларни шакллантириш.
Бошловчи 10 та ўқувчини хонанинг ўртасига таклиф этади. Улар икки қатор бўлиб, бир-бирларига қарама-қарши туришади ва улар олдига йўриқномага биноан вазифа қўйилади.
Йўриқнома: «Тасаввур қилинг, сиз иккита мактабнинг вакилларисиз. Яқинда физика фанидан икки кунлик олимпиада бўлиши керак, лекин олимпиаданинг қаерда бўлиши ҳали аниқ эмас. Биринчи қатор - А томон - биринчи мактаб вакиллари, иккинчи қатор эса - В - томон - иккинчи мактаб вакиллари. Олимпиада кимнинг мактабида ўтиши ҳозирги сизнинг ҳаракатингизга боғлик. Ҳар бир томондаги ўқувчи иложи борича қаршисидаги шеригини ҳар хил ваъдалар, таклифлар билан ўз томонига оғдириб олишга ҳаракат қилиши керак. Лекин бу мулоқот сўзсиз - имо-ишоралар ёрдамида ўтиши керак. Қайси томонга ўтилса, олимпиада шунинг мактабида ўтади. Бунинг учун сизга икки минут вақт берилади».
Ўкувчиларнинг мулоқоти тугагандан сўнг бажарилган вазифа таҳлил этилади. Иштирокчилар жойларига ўтирганларидан сўнг бошловчи бўлиб ўтган ечим вариантларини флипчартга ёзади. Ушбу музокарадаги муносабатлар қуйидагича бўлиши мумкин.
А-Б. А томон Б томонга ўтади ва Б жойида қолади. Муносабатларнинг бу тури Б нуқтаи назаридан қараганда рақобат деб аталади.
А-Б. А томон жойида қолади, Б томон эса А томонига ўтади. Б нуқтаи назаридан қараганда бу хил муносабат ён бериш деб аталади.
А-Б. А ҳам Б ҳам бир-бирларининг томонига ўтишмайди ва ўз жойларида қолишади, бу хил муносабат пассивлик, яъни масалани ҳал этишдан қочиш дейилади.
А-Б. Тўртинчи муносабат типи компромисс деб аталади. Бизнинг мисолимизда олимпиада 3-бир мактабда ўтказилиши таклиф этилади.
А-Б. Бу муносабат тури ҳамкорлик деб аталади. Ва бунда муаммо иккала томоннинг манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда ҳал этилади. Яъни олимпиаданинг бир куни бир мактабда, иккинчи куни эса иккинчи мактабда ўтади. Бу ҳолда иккала томоннинг қизиқишлари қондирилади. Ва ҳеч қайси томон ўзини камситилган деб ҳис этмайди.
Бу машқ хулосасига кўра, мулоқотнинг ҳамкорлик услуби энг самарали ва конструктив бўлиб ҳисобланади.
Машғулотнинг иккинчи ярми низоли вазиятларни ҳал этишга қаратилган бўлиб, ўқувчилардан бирон-бир низоли, муаммоли вазиятни айтиш сўралади. Ушбу низоли вазиятнинг турли ечимлари ўқувчилардан сўралади ва ҳар бир таклиф этилаётган вариант бирон муносабат турига тааллуқли деб топилади. Одатда, муаммоли вазият ечимларидан ҳамкорликка тааллуқли бўлган вариант низони ҳал этишдаги конструктив йўл бўлиб ҳисобланади. Бир неча низоли вазиятларни тахлил этиш орқали ўқувчилардан ушбу хулоса мустаҳкамланади.
«Автобусда». Мақсад: Ўқувчиларда муомала маданиятини шакллантириш, шахслараро муносабатларни ижобий ривожлантириш.
Иштирокчилардан бири автобусдаги безори ролини ўйнайди, қолганлар эса йўловчилар. Безори автобусдаги иккита ўриндиқни эгаллаб олиб, бирига ўзи ўтирибди, бирига эса магнитофонини қўйган. У ҳеч кимга жой бермоқчи эмас. Йўловчилардан ҳар бири безори билан тил топишиб унинг ёнига ўтиришга ҳаракат қилиб кўриши керак. Шарт шуки - мақсадга жанжалсиз эришиш лозим.