Болдир суякларининг ўзаро бирлашуви
Катта ва кичик болдир суяклари ўзаро проксимал ва дистал учлари
ҳамда таналари орқали бирлашади. Кичик болдир суягининг устки учи
(бошчаси)даги бўғим юзаси катта болдир суягининг ташқи дўнг тагидаги
махсус бўғим юзаси билан бирлашиб, ясси ва ҳаракатсиз бўғим –articulatio
tibiofibularis proximalisni ҳосил қилади. У олд ва орқа томонидан ҳар икки
суяк ўртасида тортилган бойламлар – lig. capitis fibulae anterior ва lig. capitis
fibulae posterior воситасида мустаҳкамланган. Суякларнинг пастки учлари
қўшилишидан ҳаракатсиз бўғим вужудга келади. Бу бўғим ҳам худди
юқоридаги сингари икки бойлам – lig. tibiofibulare anterius ва lig. tibiofibulare
posterior билан мустаҳкамланади. Бу бойламлар ташқи тўпиқдан катта болдир
суягининг учига тортилган. Суякларнинг бир-бирига қараган томонларидаги
четлари ўртасида фиброз толаларидан тузилган парда – membrana interossea
cruris бўлади. Парда толалари катта болдир суягидан кичик болдир суягига
томон қийиқ йўналган бўлиб, суяклар оралиғини бутунлай тўлдиради, тепа
қисмида қон томирлар ўтиши учун тешиклар қолади. Суяклараро парда шу
суякларни маълум бир текисликда ушлаб туради. Бундан ташқари, пардадан
болдирдаги чуқур мушаклар бошланади.
Оёқ панжаси суякларининг болдир суяклари билан ўзаро
бирлашуви. Икки болдир суягининг пастки учларидаги бўғим юзалари
билан ошиқ суягининг устки ва икки ён томондаги юзалари қўшилишидан
ошиқ-болдир бўғими – art. talocruralis ҳосил бўлади. Бунда катта болдир
суягининг пастки учидаги бўғим юзаси ошиқ суягининг устки юзасига,
болдир суякларидаги тўпиқ юзалари эса ошиқнинг икки ён юзасига тўғри
келади. Бирлашган болдир суяклари ошиқ суягига миниб туради. Бу бўғим
халтаси олд ва орқа томонда бирмунча эркин (бўш) тортилган бўлиб, ҳар
учала қўшилувчи суяклар бўғим юзаларининг чети бўйлаб ёпишган.
Халтанинг эркин туриши ҳаракатни енгиллаштиради. Бўғим тўртта бойлам
воситасида мустаҳкамланган: 1) lig. mediale deltoideum (делтасимон бойлам)
катта болдир суяги тўпиғидан бошланади ва худди елпиғич сингари пастга
тушади-да, қайиқсимон суяк, ошиқ суяги ва товон суягига ёпишади; 2) lig.
talofibulare anterior – олдинги ошиқ-болдир бойлами, кичик болдир суяк
тўпиғидан бошланиб, ошиқ суягига ёпишади; 3) lig. calcaneofibulare (товон-
болдир бойлами) кичик болдир тўпиғидан бошланиб, товон суягининг ташқи
юзасига ёпишади; 4) lig. talofibulare posterius (орқа ошиқ-болдир бойлами)
кичик болдир тўпиғидан ошиқ суягига ёпишади.
Оёқ кафти бойламлари. Оёқ панжасидаги суяклар ҳар хил бўлганидан
хилма-хил бўғимлар ҳосил қилади. Оёқ панжасида қуйидаги бўғимлар ва
бойламлар бор. Articulatio subtalaris (ошиқ остидаги бўғим), аrticulatio
calcaneonavicularis (ошиқ-товон, қайиқсимон суяклар ўртасидаги бўғим),
аrticulatio calcaneocuboidea (товон-кубсимон суяк бўғими), аrticulatio
cuneocuboideanavicularis. Одатда, articulatio calcaneocuboidea билан унинг
қаторидаги иккинчи бўғим articulatio talonaviculare ни биргаликда битта
умумий ном билан, яъни кўндаланг кафт усти бўғими – articulatio tarsi
transvarsae (ёки Шопар бўғими) деб аташ мумкин. Бу икки бўғим бир-
биридан олдинма-кейин жойлашгани сабабли кўндаланг турган лотинча “S”
ҳарфини эслатади. Шопар бўғими айрисимон бойлам – lig. bifurcatum билан
ташқи томондан мустаҳкамланади. Articulationes metatarsоphalangeaе – кафт
суяклари билан бармоқ суяклари ўртасидаги бўғимлар худди қўл
панжасидаги сингари кафт суякларининг бошчалари билан биринчи бармоқ
суякларининг устки учларидаги чуқурча бирлашишидан ҳосил бўлади. Ҳар
қайси бўғимнинг халтаси бўғим юзаларининг чети (чегараси) бўйлаб эркин
тортилган. Бу бўғимларнинг икки ён томонида жойлашган lig. collateralia ва
кафт томондаги lig. plantaria дир. Бешта кафт суякларининг бошчаларини
кўндалангига тортилган бойламлар (lig. metatarseum transversum profundum)
ушлаб туради. Articulationes interphalangeaе бармоқ суяклари (фалангалари)
ўртасидаги бўғимлар худди қўлдаги бармоқлар оралиқ бўғимларига ўхшаб
тузилган.
1.12. Мушаклар ҳақида таълимот
Одам организмида уч хил мушак мавжуд: 1) скелет ёки ихтиёрий
қисқарувчан мушак бўлиб, микроскоп остида унинг толалари кўндаланг-
тарғил кўринади. Шунинг учун скелет мушаклари кўндаланг-тарғил
мушаклар деб аталади; 2) юрак мушаклари гарчанд кўндаланг-тарғил
мушакдан тузилган бўлса-да ихтиёрсиз қисқаради; 3) силлиқ ёки ихтиёрсиз
қисқарувчан мушаклар ички аъзолар ва томирлар деворида жойлашган.
Скелет мушакларининг (musculus) ҳар бири кўндаланг-тарғил
толалардан тузилган бўлиб, қисқариш қобилиятига эга. Ҳар бир мушакнинг
қисқарувчи қисми – танаси (venter) ва икки учи, яъни бошланиш (origo) ва
бириктирувчи (пай) қисмлари бор. Бундан ташқари, узун мушакларнинг
боши (caput) ва думи – ёпишадиган пай қисми (inceptio) бўлади. Ясси
мушаклар (қорин мушаклари)нинг ясси пайи – апоневрози (aponeurosis)
бўлади. Ҳар бир мушакни сиртидан бириктирувчи тўқимадан тузилган парда
– эпимизий (epimysium) ёки фасция ўраб туради. Мушак ичидаги мушак
тутамларини ўраган парда перимизий (perimysium) деб аталади. Мушак
толасининг ҳар бирини нафис тўр парда – endoмизий (endomysium) ўрайди.
Бу пардалар мушак толалари, тутамларини ўзаро бирлаштиради ва
мушакнинг алоҳида қисқаришига имконият туғдиради. Ҳар бир мушакнинг
ўз қон томири ва нервлари бор. Мушак таркибида сезувчи нерв толалари
сезгиларини марказий нерв тизимига йўналтирса, аксинча, марказдан
келаётган ҳаракат толаларининг таъсирида мушаклар қисқаради. Симпатик
толалар ёрдамида мушаклар трофикаси (моддалар алмашинуви) бажарилади.
Мушакларнинг шакллари.
Одам организмида асосан 3 хил мушаклар тафовут этилади: скелетнинг
кўндаланг-тарғил ёки ихтиёрий мушаклар, юрак мушаклари, силлиқ ёки
ихтиёрсиз қисқарувчан мушаклар.
Тана мушаклари кўкрак, қорин ва орқа мушакларидан тузилган. Орқа
(dorsum) тананинг кенг қисми бўлиб, тепадан энса дўмбоғи, энсанинг
юқориги ғадир-будур чизиғи ва сўрғичсимон ўсиқ билан, пастдан думғаза-
чаноқ бўғими ва думсимон суяклар билан чегараланади. Ёнбош томондан
бўйин соҳасида сўрғичсимон ўсиқдан курак суягининг елка ўсиғига
ўтказилган чизиқ билан чегараланса, қўлтиқ ости бўшлиғининг марказ
қисмидан ёнбош суяк қиррасига ўтказилган тикка чизиқ тананинг орқасини
олд томондан чегаралайди.
Орқанинг юза мушаклари
Трапециясимон мушак (m. trapezius) учбурчак шаклли сербар мушак
бўлиб, энса суягининг ғадир-будур чизиғи энса бойлами (lig. nuchae)дан,
барча кўкрак умуртқаларининг қиррали ўсиқларидан бошланади. Ўмров
суягининг акромиал томондаги қисмига куракнинг баланд қирраси (spina
scapulaе)га ёпишади. Ўнг ва чап томондаги мушаклар биргаликда трапецияга
ўхшайди. Мушакларнинг юқори тутамлари юқоридан пастга, ўрта тутамлари
кўндаланг, пастки тутамлари пастдан юқорига кўтарилади. Орқанинг сербар
мушаги (m. latissimus dorsi) орқа томоннинг пастки қисмини қоплаб, тери
остида (юзада) ётади. Бу мушак пастки тўртта кўкрак умуртқасининг, барча
бел умуртқаларининг қиррали ўсиқларидан, ёнбош суягининг ташқи
қиррасидан ва пастки тўртта қовурғадан бошланади. Мушак толалари
пастдан юқорига ва латерал томонга йўналиб йиғилиб, аста-секин хипча
тоғайга ўтади ва елка суягининг кичик ғадир-будур қирраси (crista tuberculi
minoris)га ёпишади. Ромбсимон мушаклар (mm. phombdoideus major et minor)
пастки иккита бўйин ва юқориги тўртта кўкрак умуртқаларининг қиррали
ўсиқларидан бошланиб, куракнинг медиал четига ёпишади. Куракни
кўтарувчи мушак (m. levator scapulaе). Бу мушак трапециясимон мушакнинг
остида жойлашган бўлиб, юқоридаги учта ёки тўртта бўйин умуртқасининг
кўндаланг ўсиғидан бошланиб, пастга қараб йўналиб, куракнинг юқори
бурчагига ёпишади. Орқанинг юқори тишсимон мушаги (m. serratus posterior
superior) ромбсимон мушакнинг олд томонида жойлашган бўлиб, пастки
иккита бўйин ва юқори иккита кўкрак умуртқасининг қиррали ўсиқларидан
бошланиб, II–V қовурғаларнинг орқа томонига ёпишади. Орқанинг пастки
тишсимон мушаги (m. serratus posterior inferior) сербар мушакнинг олд
томонида жойлашган, пастки икки кўкрак ва юқоридаги икки бел
умуртқалари қиррали ўсиқларидан бошланиб, алоҳида тишсимон бўлаклар
ёрдамида IX–ХII қовурғаларга ёпишади.
Орқанинг чуқур мушаклари умуртқа поғонасининг икки ёнбошида
умуртқа қиррали ўсиқлари билан қовурғалар бурчагининг ўртасида ҳосил
бўлган эгатчаларда жойлашган. Умуртқа поғонасини тикловчи мушак (m.
erector spinaе) энг кучли мушак бўлиб, умуртқа поғонасининг икки ёнбош
қисмини тўлдириб туради. Мушак думғазанинг орқа сатҳидан, бел
умуртқасининг кўндаланг ўсиқларидан, ёнбош суягининг ташқи қирраси ва
кўкрак-бел фасциясидан бошланиб, юқорига кўтарилдаи ва энса суягигача
етиб боради.
Тананинг олд томонидаги мушаклар кўкрак ва қорин мушакларидан
ташкил топган. Кўкрак мушаклари икки гуруҳдан тузилган бўлиб, биринчи
гуруҳ юза – сербар мушаклардан иборат. Иккинчи гуруҳ мушаклари эса
чуқур жойлашган кўкрак қафасининг хусусий мушакларидир.
Катта кўкрак мушаги (m. pectoralis major) ўмров суягининг медиал
қисми
(pars
clavicularis)дан,
тўш
суягининг
дастасидан,
II–VII
қовурғаларнинг тоғай қисми (pars sternocostalis) ва қорин тўғри мушаги
қинининг олдинги девори (pars abdominalis)дан бошланиб, елка суяги катта
дўмбоғининг ғадир-будур қирраси (crista tuberculi majoris)га ёпишади. Бу
мушак делтасимон мушакдан делтасимон кўкрак эгати билан ажралади.
Кичик кўкрак мушаги (m. pectoralis minor) кўкракнинг катта мушаги
остида ётади. II–V қовурғалардан бошланиб, куракнинг тумшуқсимон ўсиғи
(processus coracoideus)га ёпишади.
Ўмров ости мушаги (m. subclavius) ўмров суягидан бошланиб I
қовурғага ёпишади.
Олдинги тишчали мушак (m. serratus anterior) кенг, тўрт қиррали
мушак, юқори қовурғаларнинг 8 ва 9 тасидан алоҳида тишлар (бўлаклар)
шаклида бошланиб, куракнинг медиал четига ёпишади.
Кўкрак қафасининг хусусий мушаклари. Ташқи қовурғалараро
мушаклар (mm. intercostales externi). Қовурғалараро ташқи мушакларнинг
толалари юқоридан пастга ва орқадан олдинга йўналган бўлиб, юқори
қовурға пастки четининг ташқи юзасидан бошланади ва пастки қовурғанинг
юқори четига ёпишади. Бу хилдаги мушаклар умуртқа поғонаси билан
қовурғанинг тоғай оралиғида жойлашган бўлади. Ички қовурғалараро ички
мушаклар (mm. intercostales interni) қовурға оралиғининг тўш суяги билан
қовурға бурчаги ўртасидаги масофани тўлдириб туради. Мушак толалари
пастдан юқорига ва олдиндан орқага йўналган. Ички қовурғалар мушаги
қовурғанинг устки четидан бошланиб устки қовурғанинг пастки четига
ёпишади. Қовурға ости мушаги (m. subcostales) кўкрак қафасининг пастки
қисмида жойлашган бўлиб, толалари ички қовурғалараро мушак толаларига
ўхшаб йўналган бўлади. Мушак толалари пастки қовурғаларнинг устки
четидан (қовурға бурчагига яқин жойдан) бошланиб, қовурғанинг пастки
четига 1–2 қовурғани ташлаб ёпишади. Кўкракнинг кўндаланг мушаги (m.
transversus thoracis) тўш суягининг ички юзасидан кўндаланг йўналган
толаларидан бошланиб, II–VI қовурғаларнинг тоғай қисмига ёпишади.
Кўкрак-қорин тўсиғи – диафрагма (diaphragma) юпқа мушакдан
тузилган бўлиб, кўкрак қафаси томонга гумбаз ҳосил қилиб жойлашган.
Диафрагманинг ўрта (марказ) қисми (centrum tendineum) пайдан тузилган.
Четлари мушак толаларидан иборат бўлиб, бел, қовурға ва тўш қисмлари
тафовут қилинади.
Бел қисмидаги (pars lumbalis) иккита ўнг ва чап оёқча (crus dextrum et
sinistrum) умуртқа поғонаси билан аорта ва унинг орқасидан ductus thoracicus
ўтадиган учбурчак шаклли оралиқ (hiatus aorticus) ни ҳосил қилади. Бўшлиқ
четлари пай пластинкалари билан қоплангани учун диафрагма ҳаракати
аортага таъсир этмайди. Бундан ташқари, ўнг ва чап томондаги оёқчалар
оралиғидан nn. splanchnici, v. azygos, v. hemiazygos ва симпатик нерв поялари
ўтади. Диафрагманинг ўнг ва чап оёқчалари аорта олдида ўзаро қўшилиб
юқорига бир оз кўтарилгач, яна ажралиб қизилўнгач ва адашган нервлар
ўтиши учун тешик (hiatus esophageus) ҳосил этади. Тешик атрофини ўраган
мушак толалари қисқариб-очилиб, қизилўнгачдан овқатнинг ўтишини
тартибга солади. Қовурға бўлаги (pars costalis) VII–ХII қовурғалар тоғайидан
бошланиб, диафрагма пай томонига қараб йўналади. Тўш қисми (pars
sternalis) ханжарсимон ўсиқ қисмидан бошланиб, диафрагма маркази томон
йўналади. Қовурға-тўш қисми оралиғида жойлашган тешик (trygonum
sternocostale)дан а. thoracica ўтади. Диафрагма пай қисмининг ўнг томонида
пастки кавак вена ўтадиган тешик (foramen venae cavae) жойлашган.
1.13. Қорин мушаклари
Қорин бўшлиғини олд, икки ёнбош ва қисман орқа томондан қорин
мушаклари қоплаб туради. Қориннинг ташқи қийшиқ мушаги (m. obliquus
externus abdominis) кўкрак қафасининг пастки саккизта қовурғасидан тишлар
орқали бошланади. Мушакнинг пастки тутамлари ёнбош қиррасининг ташқи
лабига ёпишади. Қолган ўрта қисмидаги мушак толалари ясси пайга айланиб,
қориннинг тўғри мушаги устидан ўтиб, қарама-қарши томондаги шу номли
мушак пайи билан ўрта чизиқда туташади ва оқ чизиқ (linea alba) ни ҳосил
қилади.
Қориннинг ички қийшиқ мушаги (m. obliquus internus abdominis) ташқи
қийшиқ мушаги остида жойлашган бўлиб, ёнбош суягининг қирраси, чов
бойламининг ташқи 2/3 қисми ва кўкрак-бел фасцияси (fascia thoracolumbalis)
дан бошланиб, елпиғичга ўхшаб юқорига кўтарилади ва ХII, ХИ, Х
қовурғаларга ёпишади. Мушак толаларининг пастки тутамлари қорин тўғри
мушаги четига яқинлашганда сербар пай (апоневроз)га айланади ва икки
вараққа бўлинади. Апоневрознинг олдинги варағи қорин тўғри мушаги (m.
rectus abdominis)нинг олд томонидан, орқа варағи эса мушакнинг орқа
томонидан ўтиб, мушакнинг медиал қиррасида қўшилиб, яна битта пайга
айланади ва қориннинг оқ чизиғи (linea alba) ни ҳосил қилишда қатнашади.
Қориннинг кўндаланг мушаги (m. transversus abdominis). Мушак толалари
кўндаланг йўналиб пастки олтита қовурғанинг ички юзасидан, кўкрак-бел
фасцияси (fascia thoracolumbalis) нинг чуқур варағи, ёнбош суяги қирраси ва
чов бойламининг ташқи 2/3 қисмидан бошланиб, қорин деворининг олд
қисмида сербар пайга айланади ва қорин тўғри мушагининг орқа томонидан
ўтиб, қарама-қарши жойлашган шу номли апоневроз билан туташади ҳамда
қориннинг оқ чизиғини ҳосил қилади.
Қориннинг тўғри мушаги (m. rectus abdominis) қорин деворининг олд
қисмида жойлашган. Пастки, V, ХI ва VII қовурғаларнинг тоғай қисми ички
юзасидан ва тўш суягининг ханжарсимон ўсиғидан бошланиб, қов суягининг
симфизи ва tuberculum pubicum га келиб ёпишади. Мушак толаларининг уч-
тўрт ерида пай белбоғлари (intersectiones tendineaе) учрайди. Пай белбоғлари
мушак толаларининг мустаҳкам бўлишини таъминлайди.
Белнинг квадратсимон мушаги (m. quadratus lumborum) қорин
бўшлиғининг орқа соҳасида жойлашган бўлиб, ёнбош суяги қирраси (lig.
iliolumbale) дан, пастки бел умуртқасининг кўндаланг ўсиғидан бошланади ва
I–IV бел умуртқаларининг кўндаланг ўсиқларига, ХII қовурғага ёпишади.
1.14. Бош мушаклари.
Мимика мушаклари ўзининг суякдан бошланиб терига ёпишиши билан
бошқа мушаклардан фарқ қилади. Бинобарин мимика мушаклари қисқариб
юзда ҳар хил ўзгариш (ҳолат)ларни вужудга келтиради. Бундан ташқари,
мимика мушаклари сўзлаш, чайнаш жараёнида фаол қатнашади.
Юзнинг мимика мушаклари аксарият оғиз, кўз, бурун ва қулоқ
атрофида жойлашиб, уларнинг торайиши (сфинктерлар) ёки кенгайиши
(дилататорлар) ни таъминлайди.
Калланинг тепа қисми калла тепаси мушаги (m. epicranius) билан
қопланган бўлиб, энса-пешона мушаги ва апоневроздан иборат.
Энса-пешона мушаги (m. occipito-frontalis) сербар ва юпқа бўлиб, унинг
мушак қисми пешона (venter frontalis) ва энсада (venter occipitalis) жойлашган
бўлса, фиброз пластинка (апоневроз) бўлаги – galea aponeurotica epicranis –
икки мушак ўртасида жойлашиб, калланинг тепа қисмини қоплайди. Энса-
пешона мушагининг пешона мушак қисми (venter frontalis) қош терисидан
бошланиб, фиброз пластинкага қўшилади. Қисқарганда қош кўтарилиб,
пешонада ажин пайдо бўлади. Энса мушак (venter occipitalis) бўлаги эса энса
суягининг ғадир-будури – linea nuchae superior дан бошланиб, апоневрозга
ўтиб кетади. Такаббурлик мушаги (m. procerus) пешона суягининг бурун
қисмидан бошланиб, икки қош ўртасидаги терига ёпишади. Кўзнинг айлана
мушаги (m. orbucularis oculi) кўз косасининг атрофида жойлашган бўлиб, уч
қисмдан иборат: кўз косаси атрофида жойлашган қисми – pars orbitalis,
қовоқларда жойлашган қисми – pars palpebralis ва кўз ёш қисми – pars
lacrimalis дан тузилган. Қошни чимирувчи мушак (m. corrygator supercilii)
икки қошнинг ўртасида кўндалангига жойлашган бўлиб, arcus суперcилиарис
дан бошланиб, қошлар терисига ёпишади. Мушаклар қисқарганда, қошлар
ўзаро яқинлашиб, узунасига ажин пайдо бўлади. Юқори лабни кўтарувчи
мушак (m. levator лабii superioris) – кўз косасининг пастки қирғоғидан
бошланиб, бурун қанотларига, лаб ва лунж терисига ёпишади. Ёноқнинг
катта ва кичик мушаги (m. zygomaticus major et minor) ёноқ суягидан
бошланиб, оғиз бурчаги терисига ва лунжга ёпишади. Кулги мушаги (m.
risorius) қулоқ олди бези фасциясидан бошланиб, оғиз бурчагига ёпишади.
Оғиз бурчагини пастга тортувчи мушак (m. depressor anguli oris) пастки жағ
қирғоғидан бошланиб, пастки лаб терисига ва оғиз бурчагига ёпишади.
Пастки лабни пастга тортувчи мушак (m. depressor labii inferioris) пастки
жағнинг қирғоғидан бошланиб, пастки лаб терисига ёпишади. Оғиз
бурчагини кўтарувчи мушак (m. levator anguli oris) юқори жағ суягининг
олдинги юзасидан бошланиб, оғиз бурчагига ёпишади. Энгак мушаги (m.
mentalis) – пастки жағ суягининг олдинги кесувчи тишлари тиш тепачалари –
juga alveolariа дан бошланиб, ияк терисига ёпишади. Лунж мушаги (m.
buccinator) – пастки ва юқори жағ суякларининг озиқ тишлари соҳасидаги
тиш тепачаларидан бошланиб, юқори ва пастки лаблар соҳасида оғиз айлана
мушагига қўшилиб кетади. Бу мушак оғиз бўшлиғининг ёнбош деворини
ташкил этади. Оғизнинг айлана мушаги (m. orbucularis oris) оғиз тешигининг
атрофида тепа ва пастки лабларнинг тери остида жойлашган мушаклар
лаблар бурчагида ўзаро қўшилиб кетади. Бурун мушаги (m. nasalis) бурун
қанотларидан юқорида жойлашган, қисқарганда бурун тешиги тораяди.
Чайнав мушаги (m. masseter) ёноқ суягининг пастки қирғоғидан, ёноқ
равоғидан бошланиб, пастки жағ суягининг шу номли ғадир-будури –
tuberositas masseterica га ёпишади. Чакка мушаги (m. temporalis) чакка
бўшлиғини тўлдириб туради, чакка суяги палласидан бошланиб, пастки жағ
суягининг тожсимон ўсиғи – processus coronoideus га бирикади. Латерал
қанотсимон мушак (m. pterygoideus lateralis) понасимон суяк катта
қанотининг пастки юзасидан ва қанотсимон ўсиқдан бошланиб, пастки жағ
суягининг бўғим ўсиғи бўйнига ёпишади. Медиал қанотсимон мушак (m.
pterygoideus medialis) қанотсимон ўсиқнинг шу номли чуқурчаси – fossa
pterygoidea дан бошланиб, пастки жағ бурчагининг ички юзаси – tuberositas
pterygoidea га бирлашади.
1.15. Бўйин мушаклари
Бўйин мушаклари юза мушаклар, тил ости суягига бирикувчи (ўрта
гуруҳ) мушаклар ва бўйиннинг чуқур мушакларидан иборат.
Бўйиннинг тери ости мушаги (m. platysma) бевосита тери остида
жойлашган бўлиб, юпқа пластинкадан тузилган. Бу мушак кўкрак фасцияси –
fascia pectoralis дан II қовурға соҳасида бошланиб, пастки жағ соҳасида fascia
masseterica чайнов фасциясига ёпишади, қолган қисми эса оғиз мушакларига
давом этади. Тўш-ўмров-сўрғичсимон мушак (m. sternocleidomastoideus) тўш
ва ўмров суякларидан иккита бошча ҳолида бошланиб, чакка суягининг
сўрғичсимон ўсиғига ёпишади.
Тил ости суягига бирикувчи (ўрта гуруҳ) мушаклар икки хил
жойлашган. Бир гуруҳ мушаклар тил ости суягидан юқори соҳада бўлса,
иккинчи гуруҳ тил ости суягидан пастда жойлашади.
Пастки жағ-тил ости мушаги (m. mylohyoideus) кенг пластинка
ҳолатида, мушак толалари эса юқоридан пастга қараб параллел жойлашади.
Икки томондаги мушак бўйиннинг ўрта чизиғида учрашиб, оғиз бўшлиғи
тубини ҳосил қилади. Бу мушак пастки жағнинг ички юзаси – linea
mylohyoideus дан бошланиб, тил ости суягига ёпишади. Икки қоринчали
мушак (m. digastricus)нинг олдинги қоринчаси (venter anterior) пастки жағ
суягининг ички юзасида fossa дигастриcа дан, орқа қоринчаси venter posterior
чакка суягининг сўрғичсимон ўсиғи ўймаси – incisura mastoidea дан
бошланиб, ўзаро пай орқали бирлашади. Икки қоринли мушак шу пай
воситасида тил ости суягига ёпишади. Бигизсимон-тил ости мушаги (m.
stylohyoideus) чакка суягининг бигизсимон ўсиғи (processus styloideus) дан
бошланиб, тил ости суяги танасига ёпишади. Энгак-тил ости мушаги (m.
geniohyoideus) пастки жағнинг қилтаноқ дўмбоқчаси – spina mentalis дан
бошланиб, тил ости суягининг танасига ёпишади.
Тил ости суягидан пастда қуйидаги мушаклар жойлашган:
Тўш-тил ости мушаги (m. sternohyoideus) тил ости суягидан пастда,
тўш суяги дастасининг орқа томонидан бошланиб, тил ости суягининг пастки
юзасига ёпишади. Тўш-қалқонсимон мушаги (m. sternothyroideus) тўш-тил
ости мушаги орқасида жойлашган бўлиб, тўш суяги дастасининг орқа
юзасидан И қовурға тоғайидан бошланади, юқорига кўтарилиб қалқонсимон
тоғайга ёпишади. Қалқонсимон-тил ости мушаги (m. thyrohyoideus)
қалқонсимон тоғайнинг қийшиқ чизиғи – linea obliqua дан бошланиб, тил
ости суягининг танасига ёпишади. Курак-тил ости мушаги (m. omohyoideus)
нинг тахминан ўрта қисмида пай-белбоғ бўлганлиги сабабли, юқори ва
пастки қоринчалар тафовут этилади. Мушак курак ўймаси (incisura
scapulaе)дан бошланиб, тил ости суягининг танасига ёпишади.
Олдинги нарвонсимон мушак (m. scalenus anterior) III–VI бўйин
умуртқалари кўндаланг ўсиқларидан бошланиб, унинг қовурға тепа
юзасидаги эгатча (а. subclaviae) олд томонида шу номли дўмбоққа
(tuberculum m. scaleni anterioris) ёпишади. Ўртадаги нарвонсимон мушак (m.
scalenus media) барча бўйин умуртқаларининг кўндаланг ўсиқларидан
бошланиб, И қовурғанинг тана юзасига (sulcus а. subclavae нинг орқасига)
ёпишади. Орқадаги нарвонсимон мушак (m. scalenus posterior) V–VI бўйин
умуртқаларининг кўндаланг ўсиқларидан бошланиб, II қовурғанинг ташқи
юзасига ёпишади. Бўйиннинг узун мушаги (m. longus colli). Бу мушак II–VI
бўйин умуртқаларининг танасини эгаллаб ётади. Олд томондан ҳалқум ва
қизилўнгач билан ёпилиб туради. Бошнинг узун мушаги (m. longus capitis)
III–VI бўйин умуртқаларидан бошланиб, энса суягининг pars basilaris ига
ёпишади.
|