10-модда. Профессионал таълим Профессионал таълим эгалланадиган касб ва мутахассислик бўйича қуйидаги даражаларни ўз ичига олади:
бошланғич профессионал таълим;
ўрта профессионал таълим;
ўрта махсус профессионал таълим.
Бошланғич профессионал таълим касб-ҳунар мактабларида IX синф битирувчилари негизида бепул асосда кундузги таълим шакли бўйича умумтаълим фанларининг ва мутахассислик фанларининг икки йиллик интеграциялашган дастурлари асосида амалга оширилади.
Ўрта профессионал таълим коллежларда давлат буюртмаси ёки тўлов-шартнома асосида касблар ҳамда мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда, давомийлиги икки йилгача бўлган кундузги, кечки ва сиртқи таълим шакллари бўйича умумий ўрта, ўрта махсус таълим ҳамда бошланғич профессионал таълим негизида амалга оширилади.
Ўрта махсус профессионал таълим техникумларда умумий ўрта, ўрта махсус, бошланғич профессионал ва ўрта профессионал таълим негизида давлат буюртмаси ёки тўлов-шартнома асосида касблар ҳамда мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда, давомийлиги камида икки йил бўлган кундузги, кечки ва сиртқи таълим шакллари бўйича амалга оширилади.
Ушбу Қонун кучга киргунига қадар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими (тўққиз йиллик умумий ўрта ва уч йиллик ўрта махсус, касб-ҳунар таълими) олган фуқаролар ҳам ўрта профессионал ва ўрта махсус профессионал таълим олиш ҳуқуқига эга.
Касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлар таълим олувчиларнинг ўзи танлаган касбга ва мутахассисликка эга бўлишини таъминлайди.
Фуқаролар шартнома асосида иккинчи ва ундан кейинги профессионал таълимни олиш ҳуқуқига эга.
11-модда. Олий таълим Олий таълим бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича юқори малакали кадрлар тайёрланишини таъминлайди.
Олий маълумотли кадрларни тайёрлаш олий таълим ташкилотларида (университетлар, академиялар, институтлар, олий мактаблар) амалга оширилади. Умумий ўрта (ўн бир йиллик таълим), ўрта махсус (тўққиз йиллик таянч ўрта ва икки йиллик ўрта махсус таълим), бошланғич профессионал таълим (тўққиз йиллик таянч ўрта ва икки йиллик бошланғич профессионал таълим) олган шахслар, шунингдек ушбу Қонун кучга киргунига қадар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими (тўққиз йиллик умумий ўрта ва уч йиллик ўрта махсус, касб-ҳунар таълими) олган шахслар олий маълумот олиш ҳуқуқига эга.
Олий таълим икки босқичга — бакалавриат ва магистратура босқичига эга.
Бакалавриат олий таълим йўналишларидан бири бўйича чуқурлаштирилган билим, малака ва кўникмалар берадиган, ўқиш давомийлиги камида уч йил бўлган таянч олий таълимдир.
Магистратура тегишли бакалавриат негизидаги аниқ мутахассислик бўйича ўқиш давомийлиги камида бир йил бўлган олий таълимдир.
Магистратура мутахассисликларининг ва уларга мувофиқ бўлган бакалавриат таълим йўналишларининг рўйхати таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органи томонидан белгиланади.
Фуқаролар шартнома асосида иккинчи ва ундан кейинги олий маълумотни олиш ҳуқуқига эга.