1.9. Артрология
Тил ости суягидан ташқари ҳамма суяклар ўзаро турлича бирлашади.
Жумладан, узлуксиз (ҳаракатсиз) бирлашмалар – синартроз (sinarthrosis),
ҳаракатчан бирлашмалар (бўғимлар) – диартроз (diarthrosis). Узлуксиз
(синартроз) бирлашмаларда суяклар ўзаро бириктирувчи тўқима пардалар
ёки тоғайлар билан бирлашган бўлиб, ҳаракатсиз ёки кам ҳаракатли
бирлашмаларни вужудга келтиради. Бу хилдаги бирлашмалар уч турда
учрайди: синдесмоз (syndesmosis), синхондроз (synchondrosis), синостоз
(synostosis), симфиз (symphysis) ёки гемиартроз (hemiarthrosis), диартроз
(diarthrosis) ёки бўғимлар (articulatio).
Бўғим халтаси икки қават фиброз тўқимадан тузилган: ташқи қават –
фиброз капсуласи (membrana fibrosa) ва ички синовиал membrana (membrana
synovialis). Баъзи бўғимларда бўғим халтасидан синовиал бўшлиқлар (bursa
synovialis) ҳосил бўлади. Бўғим халталари баъзи бўғимларда таранг тортилиб
турса, бошқаларида бўш (ҳилпиллаб) туради. Бўғим капсуласи бўғимларни
ўраб, суякларни устки пардага чамбарчас бирлаштиради.
Умуртқа поғонасининг ўзаро бирлашмаларида бирлашишнинг ҳамма
турлари (синдесмозлар – бойламлар, синхондрозлар, синостозлар ва
бўғимлар)ни кўриш мумкин. Жумладан умуртқа таналари ўзаро фиброз
толали тоғай дисклар ёрдамида қўшилади, лекин бундай тоғай I ва II
умуртқалар ўртасида бўлмайди.
Думғаза ва дум умуртқалар ёш организмда тоғайлар билан бирлашса,
кейинчалик умуртқа таналари ўртасида тоғайлар суякка айланиб кетади.
Шундай қилиб, умуртқалар ўртасидаги тоғайлар 23 та диск (disci
intervertebralia) дан иборат бўлади. Тоғай дискининг ташқи қисми зич
жойлашган ва бир оз чўзилиш ва қисқариш хусусиятига эга бўлган фиброз
толали ҳалқа (annulus fibrosus) дан иборат. Тоғай ҳалқа ўртасида лиқилдоқ
ўзак (nucleus pulposus) модда жойлашган. Бу эмбрион орқа торининг (chorda
dorsalis) қолдиғи бўлиб, ўзининг эластиклик хусусияти билан умуртқаларни
эзилишдан сақлайди, танага тушадиган оғирликни камайтиради. Умуртқа
оралиқ дисклари ҳар хил қалинликда бўлиб, бел қисмида айниқса яхши
ривожланган.
Умуртқа поғонаси ривожланган бойламга бой. Жумладан бир-бирига
яқин турган умуртқа равоқлари ўртасида сарғиш рангли бойлам (ligamenta
flava) жойлашган. Умуртқаларнинг қиррали ёки орқа ўсиқлари орасида
ўсиқлараро бойлам (ligamentum interspinale) ҳамда уларнинг кўндаланг
ўсиқлари ўртасида тортилган бойламлар – ligamentum intertransversalia
бўлади. Умуртқаларнинг орқа ўткир ўсиқлари орасидаги бойламлар,
ўсиқларнинг учига етиб, бир-бири билан туташиб ўсиқ усти бойлами
(ligamentum supraspinale) номини олади. Бу бойлам бўйин қисмида яхши
ривожланган бўлиб, бўйин (гардон) бойлами (ligamentum nuchae) деб
аталади. Умуртқаларнинг бўғим ўсиқлари ўзаро бўғим ҳосил қилиб туташса,
улар таналарининг олд томонида олдинги узун бойлам (ligamentum
longitudinale anterius), орқа томонида орқа узун бойлам (ligamentum
longitudinale posterius) жойлашган бўлади. Биринчи, иккинчи бўйин
умуртқалари бошқа умуртқалардан фарқли ўлароқ, ўзаро бўғимлар
(articulatio atlantoaxialis lateralis) ҳосил қилиб туташади. Иккинчи
умуртқанинг тишсимон ўсиғи биринчи умуртқанинг олдинги равоғига
туташиб, articulatio atlantoaxialis mediana ни ҳосил қилади. Бу бўғимлар
алоҳида бўғим халтаси билан ўралган. Атлантнинг олд равоғи энса суягидаги
катта тешик қиррасининг олд қисми оралиғида парда (membrana
atlantooccipitalis anterior) бўлса, атлантнинг орқа равоғи ва энса суягининг
катта тешик қиррасидаги орқа қисми оралиғида орқа парда (membrana
atlantooccipitalis posterior) жойлашади. Шу билан биринчи бўйин
умуртқасининг турли томонга (айланма) ҳаракат қилишига имконият
туғдиради. Бош скелети энса суягининг ён қисмларида жойлашган дўнглар
воситасида биринчи бўйин умуртқасининг устки бўғим чуқурчасига бўғим
(articulatio atlantooccipitalis) ҳосил қилиб қўшилади. Бир хил тузилишга эга
бўлган бу икки бўғим биргаликда бир хил ҳаракатни бажарганлиги учун
комбинациялашган бўғим туркумига киради. Бу бўғим иккинчи бўйин
умуртқасининг тишсимон ўсиғи билан энса суягининг нишаби ўртасида
тортилган бойлам (ligamentum apicis dentis), тишсимон ўсиқнинг орқасидан
кўндаланг тортилган бойлам (ligamentum transversum atlantis) ва уларнинг
тармоқлари – қанотсимон бойлам (ligamentum alarae) билан мустаҳкамланган.
Бу бойламлар dens ёнбошларидан бошланиб, condylus occipitalis нинг медиал
томонига ёпишган. Lig. cruciforme atlantis (хочсимон бойлам) dens нинг
кўндаланг бойлами билан узунасига йўналган. Фиброз тўқима тутами
(fasciculi longitudinales – lig. supraspinale нинг давоми)дан ташкил топган. I–II
бўйин умуртқа бўғимлари қалин фиброз парда (membrana tectoria) билан
қопланган. Бу бўғимлар каллани умуртқа поғонасига қўшиб, мустаҳкам
ушлайди. Калланинг ҳаддан ташқари буралиб кетмаслигини таъминлайди.
Умуртқа поғонаси умуртқаларнинг ўзаро устма-уст қўшилишидан вужудга
келади ва катта ёшдаги одамларда “С” шаклида жойлашади. Умуртқа
поғонасининг бўйин ва бел қисми олдинга физиологик қийшайган (лордоз)
бўлса, кўкрак ва думғаза қисмлари орқа томонга физиологик қийшайган
(кифоз) бўлади. Умуртқа поғонасининг бу қийшаймалари чақалоқларда
сезилмайди, бола ўтира ва юра бошлагач аста-секин пайдо бўлади. Умуртқа
поғонаси бошни ушлаб туради, тананинг таянч вазифасини бажариб, тикка
туришни таъминлайди. Умуртқа поғонаси каналида орқа мия ташқи
таъсиротлардан сақланади. Умуртқа поғонасида ҳар тарафлама турли
ҳаракатлар содир бўлади.
Қовурғаларнинг умуртқалар ва тўш суяги билан қўшилиши.
Қовурғалар орқа учи (бошчаси) ва дўмбоқларидаги бўғим юзалари билан
кўкрак умуртқалари устма-уст турган таналарининг оралиғи ва кўндаланг
ўсиқлардаги юзаларга қўшилиб бўғим ҳосил қилади. Қовурғалар бошчаси
бўғими (articulatio capitis costae) қовурға бошчаларидаги бўғим юзалари
(facies articularis capitis costae) билан умуртқа таналаридаги юқори ва пастки
ярим чуқурчалар (fovea costalis) орасида ҳосил бўлади. Ҳар бир қовурға (II–Х
қовурғаларда) бўғими ичида бойлам (lig. capitis costae intraarticulare) бўлиб,
қовурға бошчасидаги қиррадан бошланади ва умуртқа оралиқ дискларига
ёпишади. Лекин бу бойлам I, ХI ва ХII қовурғаларда бўлмайди. Ҳар бир
қовурға бўғим капсуласининг ташқи томонидан нур каби тарқаладиган
бойлам (lig. capitis costae radiatum)дан бошланиб, икки умуртқа танасининг
ён томонларига ва умуртқалар орасидаги тоғай дискка тарқалиб ёпишади.
Қовурға дўмбоқчалари билан умуртқа кўндаланг ўсиғи орасидаги бўғим
(articulatio costotransversaria) қовурғалар дўмбоқларининг бўғим юзалари
(facies articularis tuberculi costae) билан умуртқалар кўндаланг ўсиғида
жойлашган қовурға чуқурчаси орасида бўлади. Бўғим халтасининг орқасида
қовурға дўмбоқчаси билан умуртқа кўндаланг ўсиғи орасида тортилган
бойлам – lig. costotransversarium бўғимни мустаҳкамлаб туради.
Қовурғаларнинг олдинги учлари қовурға тоғайидан иборат бўлиб,
биринчи етти жуфти тўғридан-тўғри тўш суягининг ёнбошига бирлашса,
кейинги VIII, IХ, Х жуфт қовурға тоғайлари бир-бирига туташиб, қовурға
равоғини ҳосил қилади, сўнгра тўш суягига бирлашади. ХI ва ХII жуфт
қовурғаларнинг учлари қорин девори мушаклари оралиғида эркин қолади.
Жумладан I қовурға тоғайи тўғридан-тўғри синхондроз бўлиб, тўш суягига
қўшилади. II–VII қовурғалар тоғай қисмининг тўш суягидаги қовурғалар
ўймасига тўш-қовурға бўғим (art. sternocostales) ҳосил қилиб қўшилади.
Бўғимлар капсуласи суяк устки пардалари ҳисобидан бўлиб, нур каби
тарқалган бойлам (ligg. sternocostalia radiata), бўғимни олд ва орқа томондан
мустаҳкамлайди. Нурсимон бойламнинг олдинги қисми тўш суяги устки
пардаси билан қўшилиб, тўш мембранаси (membrana sterni)ни ҳосил қилади.
II қовурға бўғими капсуласи бўшлиғида тўш-қовурға бўғими ичкарисидаги
бойлам (lig. sternocostale intraarticulare) жойлашган. Қовурғаларнинг олд
қисмлари орасида ташқаридан ичкарига, тепадан пастга йўналувчи ташқи
қовурғалар оралиқ мембрана (membrana intercostalis externa) бўлса,
қовурғаларнинг орқа қисмида пастдан юқорига ва орқага йўналувчи
қовурғалар оралиқ ички мембрана (membrana intercostalis interna) жойлашган.
1.10. Қўл суякларининг бирлашуви
Ўмров суягининг тўмтоқ учи тўш суяги дастаси билан қўшилиб тўш-
ўмров бўғими (articulatio sternoclavicularis)ни, иккинчи ясси учи курак
суягининг
елка
ўсиғига
қўшилиб,
елка
ўсиғи-ўмров
(articulatio
acromioclavicularis) бўғимини ҳосил қилади. Ўмров суягининг тўш суяги
дастаси билан бўғим ҳосил қиладиган учи мос бўлмагани учун улар орасида
тоғай диски (discus articularis) борлиги туфайли бўғим бўшлиғи иккига
бўлинган ва деярли ҳар томонга эркин ҳаракат қила олади. Бўғим капсуласи
олдинги ва орқа lig. sternoclaviculares anterius et posterius билан
мустаҳкамланган. Ўмров суякларининг учлари ўмров суяклари оралиқ
бойлами (lig. interclaviculaре) билан ўзаро бирлашади. Бундан ташқари,
ўмров суяги биринчи қовурға билан ўмров-қовурға бойлами (lig.
costoclaviculaре) орқали туташади. Ўмров суяги иккинчи учининг бўғим
юзаси курак суягининг елка ўсиғидаги бўғим юзаси билан елка ўсиғи-ўмров
бўғими (articulatio acromioclavicularis) ни ҳосил қилиб бирлашади. Бўғим
ҳосил қилувчи суякларни бир-бирига мослаштирадиган бўғим диски (discus
articularis)
бўлади.
Бўғим
капсуласининг
тепа
қисмида
–
lig.
acromioclaviculare superius, пастки томонда – lig. acromioclaviculare inferius
жойлашган. Булардан ташқари, курак суягининг тумшуқсимон ўсиғини
ўмров суягига lig. coracoclaviculare бойлами бирлаштиради. Курак суяги тана
скелетига тўғридан-тўғри бирлашмасдан, мушаклар орасида жойлашган
бўлиб, бу ерда куракнинг ўзига хос бойламлари мавжуд. Жумладан,
куракнинг тумшуқсимон ўсиғи билан елка ўсиғи (acromioн) ўртасида lig.
coracoacromiale тортилган бўлса, курак суягининг устки қиррасида
жойлашган кесимта (incisura scapulaе) чеккалари оралиғида ligamentum
transversum scapulaе superius бор.
Елка бўғими (articulatio humeri) елка суягининг шарсимон боши билан
курак суягининг бўғим чуқури қўшилишидан ҳосил бўлади. Бўғим бошчаси
бўғим юзасига қараганда тахминан уч баравар катта. Шунинг учун бўғим
юзасининг қиррасидан бошланган лаб тоғайи (labrum glenoidale) бўғим
юзасини катталаштириб бўғим бошчасига мослаштиради. Елка бўғимида
иккита синовиал халтача бўлиб, бири дўмбоқлар оралиқ синовиал халтаси
(vagina synovialis intertubercularis)дир, у елканинг икки бошли мушаги узун
бошнинг пайини ўраб туради. Шу билан мушак пайининг ҳаракатини
осонлаштиради. Иккинчиси курак ости мушаги пайи халтаси (bursa
subtendinea m. subscapularis) бўлиб, у шу мушак пайини намлайди. Елка
бўғими шарсимон бўғимлар туркумига киради. Шу сабабли эркин ва ҳар
томонлама ҳаракат қилади. Фронтал ўқ бўйлаб елкани олдинга ва орқага,
сагиттал ўқ орқали танадан узоқлаштириш ва яқинлаштириш, вертикал ўқ
атрофида елкани ичкарига ва ташқарига буриш мумкин. Бундан ташқари,
елка бўғими атрофида айланма ҳаракат ҳам бўлади.
Тирсак бўғими (articulatio cubiti) елка суягининг пастки учи билан
билак ва тирсак суякларининг юқори учлари қўшилишидан ҳосил бўлади (70-
расм). Тирсак бўғими таркибида елка-билак, елка-тирсак ва билак билан
тирсак суяклари юқори учларининг бўғимлари тафовут этилади. Бу бўғимлар
битта капсулага ўралиб, пайлар билан туташиб турганлигидан тирсак бўғими
деб аталади. Улардан бири – елка-тирсак бўғими (articulatio humeroulnaris)
елка суягининг пастки учидаги ғалтаксимон қисмнинг бўғим юзаси билан
тирсак суягининг тепа учидаги ғалтак кемтиги қўшилишидан ҳосил бўлади.
Ғалтаксимон юзанинг ботиғи бир томонга сал қийшайганлигидан бўғим
винтсимон ҳаракатланиш имкониятига эга бўлади. Елка-билак бўғими –
articulatio humeroradialis елка суягининг пастки учидаги шарсимон бошча
билан билак суяк бошчаси устида fovea capitis radii нинг қўшилишидан ҳосил
бўлади. Бу бўғим ўзи алоҳида бўлмаганидан (билак суяги билан тирсак суяги
ўртасидаги бўғим халақит беради) ҳаракат фақат битта (кўндаланг) ўқ
атрофида бўлади. Articulatio radioulnaris proximalis – билак суяги бошчаси
атрофидаги айланма бўғим юзаси (circumferentia articularis radii), билак-
тирсак суягидаги билак кемтиги (incisura radialis ulnaе)нинг қўшилишидан
ҳосил бўлгани учун цилиндр шаклидаги бўғимлар гуруҳига киради. Тирсак
бўғимидаги ҳаракат, асосан, битта ўқ (кўндаланг ўқ) атрофида содир бўлади
(букилиш ва ёзилиш). Шунинг учун у бир ўқли бўғимлар гуруҳига киради.
Бундай ҳаракат вақтида икки бўғим, яъни articulatio humeroradialis билан
articulatio humeroulnaris қатнашади. Букилиш чегараланган бўлиб, тирсак
суягидаги тож ўсиғи (processus coronoideus) елка суягидаги шу номли
чуқурчага кириб тақалгач, букилиш тўхтайди. Худди шунингдек, ёзилиш ҳам
маълум чегарагача давом этади. Бунда тирсак суягининг катта ўсиғи
(olecranon) елка суягининг орқа томонидаги тирсак чуқури (fossa olecrani) га
кириб тақалади ва ёзилишга тўсқинлик қилади.
Қўл панжасидаги суякларнинг билак суяклари билан ўзаро
бирлашиши. Икки қатор жойлашган кафт усти суяклари (ossa carpus)
биринчи қатордаги учта суяк – қайиқсимон, яримойсимон ва уч қиррали
суякларнинг проксимал томондаги бўғим юзалари ҳамда билак суягининг
пастки учидаги кенг бўғим юзаси ўртасида ҳосил бўладиган бўғим – билак-
кафт бўғими – articulatio radiocarpea дан иборат. Кафт суякларининг биринчи
қатори билан иккинчи қатори ўртасидаги бўғимга эса ўрта кафт бўғими –
articulatio mediocarpea деб аталади. Ана шу иккита бирлашган панжа
бўғимига articulatio manus дейилади. Бундан ташқари, кафт суяклари ҳам
ўзаро бирлашади.
1.11. Оёқ суякларининг бирлашуви
Чаноқни ҳосил қилишда учта суяк (икки ён ва олд томондан чаноқ
суяклари, орқа томондан думғаза ва дум суяги) қатнашади. Бу суяклар ўзаро
бўғимлар ҳосил қилиб қўшилади ва бўғимларга алоқадор ёки алоқаси
бўлмаган бойламлар воситасида мустаҳкамланади. Думғаза ва чаноқ
суякларидаги қулоқсимон юзаларнинг бир-бири билан қўшилишидан
думғаза-ёнбош бўғими – articulatio sacroiliaca ҳосил бўлади. Қулоқсимон ясси
юзалар толали тоғай билан қопланган бўлиб, ҳар жиҳатдан бир-бирига
мосланган, шу сабабли бу бўғим ясси бўғимлар деб аталади. Бўғим халтаси
калта ва таранг тортилган, бўғим бўшлиғи эса жуда тор оралиқдан иборат.
Шунинг учун бўғим амфиартроз (чала бўғимлар) гуруҳига киради ва эркин
ҳаракат қила олмайди. Бундан ташқари, думғаза суяги билан ёнбош суяк
қулоқсимон юзаларининг орқасидан ғадир-будур қисмлари оралиғидаги
масофани суяклараро бойлам – lig. sacroiliaca interossea тўлдиради. Олд
томондан ҳам икки қов суяклари бир-бири билан қўшилиб, ярим (чала) бўғим
ҳосил қилади. Symphysis pubica деб аталадиган бу бирлашма қов
суякларининг бўғим юзалари – facies symphysialis ўртасида ҳосил бўлади. Бу
юзалар бир-бирига тақалмаганидан, ўртадаги оралиқни тоғай пластинка –
discus interpubicus тўлдириб туради. Демак, тоғай бу жойда иккала суякни
бирлаштирадиган восита ҳисобланади. Аёлларда қалинроқ, эркакларда
юпқароқ бўлган бу тоғай пластинка орасида торгина бўшлиқ бор. Бундан
ташқари, устки қов бойлами – lig. pubicum superius ва пастки қов равоғининг
бойлами – lig. arcuatum pubicus бўғимни мустаҳкамлайди. Қов суяги билан
қуймич суягининг устки ва остки шохлари ўртасидаги ёпилувчи тешик
(foramen obturatum)ни фиброз тўқимасидан тузилган парда – membrana
obturatoria беркитади, бу парда ёпилувчи тешикнинг орқа ва пастки
қирғоқларидан бошланади ва қов суягининг устки шохи қирғоғига келганда
икки вараққа ажралади ва шу жойда ёпилувчи эгат (sulcus obturatorius)нинг
икки четига ёпишади. Натижада шу номдаги канал (canalis obturatorius) ҳосил
бўлади.
Бешинчи бел умуртқасининг кўндаланг ўсиғидан бошланган lig.
iliolumbale ёнбош суяги қиррасининг орқа қисмига ёпишади. Қуйидаги
иккита катта ва пишиқ бойламлар бўғимлардан узоқда, чаноқ суяги билан
думғаза суяги ўртасида тортилган. Булардан бири ligamentum sacrotuberale
думғаза суяги ташқи четидан бошланиб, қуймич дўнгига ёпишади. Натижада
шу бойлам билан катта қуймич кемтиги ўртасида тешик – foramen
ischiadicum majus ҳосил бўлади. Иккинчи бойлам думғаза суягидан
бошланиб, чаноқ суягидаги қуймич қиррасига ёпишади ва йўл-йўлакай lig.
sacrotuberale билан кесишиб ўтади.
Чаноқ-сон бўғими чаноқ суягидаги қуймич косаси билан сон
суягининг боши бирлашишидан вужудга келади. Чақалоқларда бу бўғимда
тўртта суяк иштирок этади, жумладан чаноқ суягининг учта бўлаги (ёнбош,
қов ва қуймич суяклари) қуймич чуқурида туташиб туради, бироқ бир-бири
билан битишмаган бўлади. Қуймич косасининг атроф қирғоғидаги фиброз
тоғай ҳалқа (labrum acetabulare) бўғим томон бир оз торайган бўлгани учун
сон суяги бошини қисиб ушлаб туради. Бу ҳалқа қуймич косасининг пастки
четидаги кемтик (incisura acetabuli)ни тўлдиради ва қуймич косасининг
кўндаланг бойлами – lig. transversum acetabuli дейилади. Чаноқ-сон бўғими
ичида яна битта бойлам (lig. capitis femoris) қуймич косаси ўртасидаги
чуқурчадан бошланиб, сон суягининг бошидаги чуқурчага ёпишади. Бу
бойлам синовиал парда билан ўралган, унинг таркибида сон суягининг
бошига борувчи артерия жойлашган. Чаноқ-сон бўғимининг халтаси сон
суягининг олд томонидаги кўстлараро чизиқ (linea intertrochanterica) бўйлаб,
орқадан эса кўстлараро қирра (crista intertrochanterica) дан бошланиб, қуймич
косаси четининг ташқи айланасига ёпишади. Чаноқ-сон бўғими халтанинг
сиртидан тўртта бойлам воситасида мустаҳкамланади: 1) ёнбош-сон бойлами
– lig. iliofemorale бўғимнинг энг бақувват ва катта бойлами бўлиб, ёнбош
ўсиғи (spina iliaca anterior inferior)нинг пастки соҳаларидан бошланиб,
кўстлараро чизиққа (linea intertrochanterica) келиб ёпишади; 2) қуймич-сон
бойлами – lig. ischiofemorale орқа томондан қуймич суягининг бўғимга яқин
қисмидан бошланиб, юқори ва ён томонга кўтарилади-да, катта кўстга бориб
ёпишади; 3) қов-сон бойлами – lig. pubofemorale – бойламлар ичида
бирмунча кичикроқ бўлиб, қов суяги устки шохидан кичик кўстга тортилган;
4) юқорида айтилган учта бўғим бойламларининг тагида, сон суягининг
бўйнини ўраб олган zona orbicularis деб аталувчи яна бир бойлам бўлиб, у
пастки-олдинги ёнбош ўсиқдан пастки соҳага ёпишади. Бу бойлам толалари
учта бойлам толалари билан чатишиб кетганлигидан алоҳида ажратиб
бўлмайди. Бойламларнинг кўплиги ва сон суяги бўйнининг узунлиги эркин
ҳаракатга йўл бермайди.
Тизза бўғими. Сон суягининг пастки учидаги бўғим юзаси олд қисми
салгина ботиб, тизза юза қопқоғи билан бўғим ҳосил қилса, бўғим юзасининг
қолган қисми ички ва ташқи дўнглар бўйлаб орқа томонга давом этган ва
анчагина юмалоқланган. Шунинг учун ҳам сон суягидаги бу бўғим юзаси
катта болдир суягининг устки учидаги бўғим юзасига мос келмайди.
Бинобарин, икки суяк ўртасидаги бу етишмовчиликни толали тоғайдан
тузилган махсус ярим ой шаклли пластинкалар (менисклар) – menisci
тўлдириб туради. Бундай менисклар бўғимда иккита – meniscus medialis ва
lateralis бўлиб, қалин бўлади ва менисклар бўғим халтаси билан битишиб
кетади, юпқа ва ўткир қирғоқли ички четлари эса эркин туради. Уларнинг
учлари олд ва орқа томондан дўнглараро тепаликка калтагина бойламлар
билан
ёпишган.
Менисклар
ўртасидаги
кемтик
олд
томонидан
менискларнинг биридан иккинчисига тортилган кўндаланг тизза бойлами
(lig. transversum genus) орқали бирлашиб туради ва бу бойлам менискларини
ушлаб туради, менисклар эса бўғим бўшлиғини устки ва остки қаватларга
ажратади. Суякларнинг гиалин тоғай билан қопланган бўғим юзалари кенг
бўлгани учун ҳам бўғим халтаси кенг ва эркин тортилган. Катта болдир
суягида ва тизза қопқоғида у тоғай билан қопланган бўғим юзаларининг
чегарасида ёпишса, сон суягида бўғим юзаси чегарасидан бирмунча ўтиб
ёпишади. Халтанинг юпқалашган орқа қисмида қон томир ўтадиган
тешиклар бор. Бўғим халтаси тизза қопқоғининг тепасида жуда кенг
қўшимча халта (чўнтак) – bursa suprapatellaris ни ҳосил қилади. Бу бўшлиқ
сон суяги билан тўрт бошли мушак орасидан юқорига давом этади ва бўғим
бўшлиғи билан туташади. Тизза бўғими халтанинг ичида ва сиртида
жойлашган бир нечта кучли бойламлар воситасида мустаҳкамланади.
Халтанинг ичида юқорида айтилган кўндаланг бойламдан ташқари яна
иккита жуда пишиқ бойлам бор. Бўғим халтасининг ички (синовиал) қавати
ташқи фиброз қаватига нисбатан анчагина кенг бўлганидан бурмалар
вужудга келади. Бу бурмаларнинг қўшилишидан тоқ бурма – plica synovialis
infrapatellaris ҳосил бўлади. Lig. collaterale tibiaле тизза бўғимининг ички
томонида жойлашган сон суягининг ички дўнгидан катта болдир суягига
тортилган. Lig. collaterale fibulare эса сон суягининг ташқи дўнгидан кичик
болдир суягининг бошига тортилган. Бу бойламларнинг ички юзаси бўғим
халтаси билан чатишган. Ёнлама бойламлар суякларнинг икки ён томонга
сурилиши ёки букилишига йўл қўймайди. Бўғимнинг орқа томонида қийшиқ
тақим бойлами – lig. popliteum obliquum ва равоқсимон тақим бойлами – lig.
popliteum arcuatum бўғим халтаси билан чатишиб кетган. Уларни алоҳида
ажратиб бўлмайди. Patella нинг пастки четидан болдир суяги ғадир-будурига
йўғон ва мустаҳкам lig. patellaе бойлам тортилган. Бу бойлам соннинг тўрт
бошли мушак пайи бўлиб, кейинчалик пай ичида patella вужудга келади.
Мушак пайининг ана шу қисмига тизза қопқоғи бойлами дейилади. Тўрт
бошли мушак пайининг икки ён томондаги толалари эса тизза қопқоғини
бўғим ҳаракати вақтида бир меъёрда ушлаб туриш вазифасини бажаради.
Устки толалар сон суягининг ички ва ташқи дўнгларига, пасткилари эса катта
болдир суяги дўнгларига ёпишади. Бинобарин, уларнинг турган жойларига
қараб retinaculum laterale ва retinaculum mediale дейилади.
Dostları ilə paylaş: |