Таътил муддатини ҳисоблаш ва вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини тўлаш тартиби Таътилларнинг муддати олти кунлик иш ҳафтаси юзасидан тақвим бўйича иш кунлари билан ҳисоблаб чиқарилади.
Таътил даврига тўғри келиб қолган ва ишланмайдиган кунлар деб ҳисобланадиган байрам кунлари таътил муддатини белгилашда ҳисобга олинмайди.
Йиллик таътилнинг умумий муддатини ҳисоблаб чиқаришда қўшимча таътиллар йиллик асосий таътилга (шу жумладан узайтирилган таътилга ҳам) қўшиб жамланади.
Барча ҳолларда қонун ҳужжатлари билан белгиланган таътилларни жамлашда уларнинг умумий муддати қирқ саккиз иш кунидан ошиб кетиши мумкин эмас.
Ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқарилган таътил муддати, ҳар бир тўлиқ таътил миқдорини ўн иккига бўлиб, сўнг тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади. Бунда ўн беш тақвимий кунга тенг ва ундан кўп бўлган кунлар бир ой деб яхлитланади, ўн беш тақвимий кундан ками эса чиқариб ташланади.
Таътил вақтига ҳақ тўлаш суммасини ёки фойдаланилмаган таътил учун компенсация тўловларини олти кунлик иш ҳафтаси учун ҳисоблаганда, ойнинг ўртача давомийлиги 25,4 кун деб олинади.
Ходим меҳнат таътилида бўлганда тариф ставкалари, лавозим маошлари миқдорлари ошган ҳолларда меҳнатга ҳақ тўлашнинг янги шартларидаги корхонанинг ишлаган кунларига тўғри келган иш кунларининг амалдаги сони учун тўловлар қайта ҳисобланади.
Ўриндошлик асосида ишловчи ишчиларга меҳнат таътили асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтда, ўриндошлик асосида ишлаган иш вақтига мутаносиб равишда таътил вақтига ҳақ тўлаш билан берилади.
ЎзР МКнинг 285-моддаси, ходимларга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини қуйидаги ҳолларда тўлашни назарда тутади:
- касал бўлиш (жарохатланиш) туфайли меҳнат қобилиятини йўқотганда;
- санаторий-курортларда даволанганда;
- касалланган оила аъзосини парваришлаш зарур бўлганда;
- карантин эълон қилинганда;
- сил ёки касб касаллиги туфайли вақтинчалик бошқа ишга ўтказганда;
- протез-ортопедия корхонаси стационарига жойлаштирилган ҳолда протез қилинганда.
Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси меҳнатда майиб бўлган ва касб касаллигига чалинганда иш ҳақининг тўлиқ миқдорида, бошқа ҳолларда эса, ходимнинг давлат ижтимоий суғуртаси бадалларини тўлаган муддатига (умумий иш стажига), қарамоғидаги вояга етмаган болаларининг сони ва бошқа ҳолатларга қараб, иш ҳақининг олтмиш фоизидан юз фоизигача миқдорда тўланади.
Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасининг энг кам миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан оз бўлмаслиги ва нафақа ҳисоблаб чиқариладиган иш ҳақи миқдоридан ортиб кетмаслиги лозим.
2007 йил 1 январга қадар вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақалари, ўрнатилган тартибда берилган вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақаси (касаллик варақаси) асосида (йўқотилганда дубликат асосида) Пенсия жамғармаси маблағларидан тўланган.
2007 йил 1 январдан бошлаб вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаларини тўлаш билан боғлиқ харажатлар хўжалик юритувчи субъектлар томонидан - уларнинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаларини белгилаш ва тўлаш қуйидаги ҳолларда амалга оширилмайди:
- ишдан ёки бошқа вазифалардан бўйин товлаш мақсадида ўз саломатлигига атайлаб зиён етказган ёҳуд ўзини касалликка солган ходимларга. Уларга илгари тўланган нафақа суд қарори асосида ундириб олинади;
- гиёҳвандлик ёки мастлик билан боғлиқ ҳаракатлар оқибатида, шунингдек, спиртли ва гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш оқибатида бошланган касалликлар ёки жароҳатлар туфайли вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик;
- жиноят содир қилиш вақтида олинган жароҳатлар оқибатида бошланган ходимларнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизликда;
- суд қарори асосида мажбурий даволаш вақти учун (руҳий касалликлардан ташқари);
- ҳибсда бўлган давр учун ва суд-тиббиёт экспертизаси вақти учун.