Давлат ижтимоий суғурта ажратмаларининг бухгалтерия ҳисоби
Ягона ижтимоий тўловлар, мажбурий суғурта бадаллари ва давлат ижтимоий суғуртасига ажратмалар миқдори Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланади.
2004 йилдан бошлаб ЎзР ВМнинг 2003 йил 25 декабрдаги 567-сонли "Ўзбекистон Республикасининг 2004 йилги давлат бюджети параметрлари тўғрисида"ги Қарорига мувофиқ меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан Пенсия жамғармасига, Давлат бандликка кўмаклашиш фондига ва Касаба уюшмаси федерацияси Кенгашига ажратмалар ягона ижтимоий тўловга бирлаштирилди.
2004 йилда ягона ижтимоий тўлов ставкаси 33%, 2005 йилда ягона ижтимоий тўлов ставкаси 31%, 2006 йилда ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25%, 2007 йилда ягона ижтимоий тўлов ставкаси 24%гача туширилди.
Фуқароларнинг иш ҳақидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий суғурта бадаллари ставкаси 3,5 фоизни ташкил қилади.
Бадаллар суммаси тўловчилар томонидан мустақил равишда, ҳисобот ойи учун ҳисоблаб ёзилган меҳнатга ҳақ тўлаш фонди ва тасдиқланган ставкалардан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан ажратмалар ва фуқароларнинг мажбурий суғурта бадалларининг тўланиши тегишли давр учун банк бўлинмаларидан иш ҳақи учун нақд пул маблағларининг олиниши чоғида, бироқ ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмаган ҳолда амалга оширилади.
"Ягона ижтимоий тўловни ҳамда давлат ижтимоий суғуртасига мажбурий бадаллар ва ажратмаларни ҳисоблаш, тўлаш ва тақсимлаш тўғрисида"ги Низомга ва 21-сон БҲМСга мувофиқ ижтимоий суғурта бўйича ҳисоблашишлар ҳисоби қуйидаги ҳисобварақларда юритилади:
- ягона ижтимоий тўловлар ва фуқароларнинг мажбурий суғурта бадаллари 6520 - "Давлатнинг мақсадли жамғармаларига тўловлар" ҳисобварағида акс эттирилади;
- тегишли пенсиялар ва нафақаларнинг эълон қилинган суммалари 4890-“Бошқа дебиторларнинг қарзлари” ҳисобварағида акс эттирилади.
6520 - ҳисобварақнинг кредитида корхонанинг суғурта тўловлари ва давлатнинг мақсадли фондларига ажратмалар бўйича қарзлари ишлаб чиқариш харажатлари, давр харажатлари ёки суғурта тўловларининг бошқа манбалари ҳисоби юритиладиган ҳисобварақлар билан корреспонденцияда, дебетида эса мавжуд қарзларни тўлашлар, пул маблағлари ҳисоби ҳисобварақлари билан корреспонденцияда акс эттирилади.
Ходимларга пенсия ва нафақалар бериш 6710 - "Ходимлар билан иш ҳақи бўйича ҳисоб-китоблар" ҳисобварағининг дебетида пул маблағлари ҳисоби ҳисобварағи билан корреспонденцияда акс эттирилади.