Мавзу: Ҳаёт фаолияти хавфсизлигини таъминлаш асослари. Режа



Yüklə 106 Kb.
tarix25.02.2020
ölçüsü106 Kb.
#30536
Мавзу 1 Ҳаёт фаолияти хавфсизлигини(2)




Мавзу: 1. Ҳаёт фаолияти хавфсизлигини таъминлаш асослари.
Режа:

1. Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги ҳақида тушунча. Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги фанининг мақсади ва вазифалари.

2. Хавф-хатар тушунчаси ва уларнинг турлари.

3. Фаолият хавфсизлигини таъминлаш тамойиллари, услублари ва воситалари.

4.Фаолият хавфсизлигини таъминлашда эргономика асослари ва хавфсизлик психологияси.
Инсоннинг фаол ҳаракатлари йиғиндиси - фаолият тушунчасини билдиради. Айнан мана шу фаолият инсонларни бошқа тирик мавжудотлардан фарқлантиради. Демак, фаолият - инсоннинг бор бўлиб туриши учун зарурий кўрсаткич ҳисобланади. Меҳнат эса инсон фаолиятининг энг олий шаклидир. Шунинг учун фаолият ҳам, меҳнат ҳам бўлмаса, кишилик жамияти ҳам бўлмайди.

Ҳаётий фаолият - бу одамнинг кундалик фаолияти, дам олиши, турмуш тарзидир.

Хавфсизлик - бу фаолиятнинг ҳолати бўлиб, маълум эҳтимолликда хавфларнинг келиб чиқишини бартараф қилишдир.

Фаолият хавфсизлиги қадим замонлардан то ҳозирги кунимизга қадар инсониятни илмий ва амалий қизиқишларининг энг муҳим бир томонидир. Одамзот ҳар доим ўзининг хавфсизлигини таъминлашга интилади. Ишлаб чиқаришнинг ривожланиши билан бу масалалар махсус билимларни талаб қилади. Бизнинг давримизда хавфсизлик муаммолари янада кескинлашди. Маълумки бахтсиз ҳодисалар, ёнғинлар, авариялар ва талофатлардан катта миқдорда зарар кўрилади.

Шунинг учун хавфлардан ҳимояланиш масалаларида одамларни тарбиялаш муҳим аҳамиятга эга. Жамиятимизни барқарорлаштиришда бу фан муҳим ижтимоий рол ўйнайди ва халқ хўжалиги фаолиятининг хавфсизлиги даражасини оширишга улкан ҳисса қўшади.

Фаолият жараёнининг модели икки элементдан: инсон ва муҳитдан ташкил топган дейиш мумкин, чунки фаол фаолият билан фақат инсонлар шуғулланади ва улар ўзларини ўраб турган атроф муҳит билан яқин муносабатда бўладилар. Шунингдек, «Инсон - муҳит» тизимини ҳам икки мақсадли деб қараш мумкин: «биринчи мақсади - инсон ўзининг меҳнат фаолияти жараёнида муайян ютуқларга, самарадорликка эришишга ҳаракат қилса, иккинчи мақсади - меҳнати жараёнида юзага келадиган кўнгилсиз оқибатларни бартараф қилишдан иборат бўлади.

Ҳозирги даврда ишлаб чиқариш хавфларидан, табиий офатлардан, фалокат ва ҳалокатлардан инсонларнинг ҳаёт фаолиятини сақлаш энг долзарб муаммолардан ҳисобланади.

Турли фалокатлар, ҳалокатлар ва офатлардан инсонлар ҳаёт фаолиятини сақлаш «Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги» фанининг мақсадларидан биридир.

Айнан мана шу муаммолар ечимини «Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги» фани ўрганади.

Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги фанининг мақсади.

Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги фани - илмий методологик фанлар қаторига кириб, унинг асосий мақсади, инсон ҳаёт фаолиятида юзага келадиган хавфларнинг келиб чиқиш сабабларини, оқибатларини ва уларни йўқотиш услубларини, хавфсиз иш шароитларини яратиш, табиий, техноген ва экологик фавқулодда вазиятлардан фуқароларни муҳофаза қилиш, уларни ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан ҳимояланишга тайёрлаш ҳамда жароҳатланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш қоидаларини ўргатишдан иборат.

«Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги» фанининг марказий эътиборида “инсон- табиат-жамият” ривожланишининг мақсадлари ётади.

Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги фанининг асосий вазифалари :

1. Хавфларнинг идентификациясини ўрганиш. Бунда инсон фаолияти жараёнида юзага келадиган хавфларнинг келиб чиқиш сабабларини, унинг хусусиятларини ва кўнгилсиз оқибатларини ўрганиш.

2. Ишлаб чиқариш жараёнларида ва хизмат кўрсатиш соҳаларида хавфсиз меҳнат шароитларини яратишга қаратилган чора-тадбирларни ўрганиш.

3. Ишлаб чиқариш жараёнларида касб касалликларини камайтирадиган услубиятларни ишлаб чиқиш.

4. Фуқароларни турли хавфлардан, табиий офат, авария ва ҳалокатлардан ҳимояланиш усулларига ўргатиш.

5. Меҳнат жараёнларида бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш чора- тадбирларини ўрганиш.

6. Табиий, техноген ва экологик шикастланиш ўчоқларидаги фуқароларни қутқариш ва тиклаш ишларини ўтказиш.

7. Жароҳатланган инсонларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишни ўргатиш.


«Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги » фани тузилиш жиҳатдан 4 та бўлимдан ташкил топган.

  1. Ҳаёт фаолияти хавфсизлигининг назарий асослари.

  2. Фавқулодда вазиятларда Фуқаро муҳофазаси.

  3. Ёнғин хавфсизлиги.

  4. Фавқулодда вазиятларда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш.


Ҳаёт фаолияти хавфсизлигининг назарий асослари бўлимида фаннинг асосий тушунчалари, уларнинг мазмуни, хавфсизликни таъминлаш усул ва воситлари, инсон фаолиятининг турлари, ишлаб чиқариш санитарияси ва гигиенаси, уларга қўйиладиган талаблар ҳамда меҳнатни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари мавзулари муҳокама этилган.

Фуқаро муҳофазаси бўлимида: Фавқулодда вазиятлар, уларнинг сабабчи омиллари, хусусиятлари ва оқибатлари, фавқулодда вазиятлардан фуқароларни, моддий бойликларини, объектларни ҳимоя қилиш усуллари ва ҳимояловчи воситалардан фойдалана билиш қоидаларига ўргатиш, шикастланган ўчоқларда қутқарув ва биринчи тиклов ишларини ўтказиш ва бошқа муҳим вазифалар муҳокама этилган. Бу бўлимда келтирилган маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг фуқаро муҳофазасига оид қонунлар, Президент фармонлари, ҳукумат қарорлари ва фавқулодда вазиятлар вазирлигининг йўриқномалари асос қилиб олинган.

Ёнғин хавфсизлиги бўлимида, ёнғин, унинг сабабчи омиллари ва салбий оқибатлари, ёниш жараёни, унинг фазалари, ёнғин хавфига бардошли бино, иншоотлар ва қурилиш материалларининг турлари. ёнғинни сўндирувчи воситалар, уларнинг хусусиятлари, уларга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги масалалар муҳокама этилган. Бу бўлимда Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 30 сентябрда қабул қилинган «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисидаги» Қонуни асос қилиб олинган.

Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўлимида фуқароларни ишлаб чиқариш хавфларидан ҳамда ҳаётий фаолиятининг бошқа жабҳаларида юз берадиган табиий, техноген ва экологик тусдаги фавқулотда вазиятлардан оладиган жароҳатларида уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш қоида ва усулларини, ёрдам кўрсатишда фойдаланиладиган тиббиёт воситаларини ўргатади. Шу сабабдан ҳар бир фуқаро биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш муолажаларини билиши зарур ҳисобланади.
Хавф-хатар тушунчаси ва уларнинг турлари.
Хавф-хатар — одамлар ҳаёти ва соғлиғига, ҳаёт фаолиятига тахдид, моддий ва атроф-мухитга етказилиши мумкин бўлган зарар. Хавф-хатар фавқулодда вазият манбаи ҳисобланиб, муайян шароитда фавкулодда вазиятни келтириб чиқаради.

Хавф-хатар ҳаётий фаолият хавфсизлигининг марказий тушунчаси бўлиб, одам соғлиғига бевосита ёки бошқа йўллар билан зарар етказмайдиган, яъни кўнгилсиз ҳодисалар, оқибат яратувчилар тушунилади.

Ҳар қанақа хавф ўзида инсон ҳаёт фаолиятини издан чиқарувчи энергияга эга бўлиб, кимёвий ёки биологик фаол компонентларни ўзида сақлайди. Масалан: парфюмерия саноатида қўлланиладиган эритувчилар: эфир, спирт, хлороформ ва бошқаларнинг сурункали таъсир этиши инсонларда аллергик касалликлар юзага келишига сабаб бўлади.

Мутлоқ хавфсиз бўлган иш (фаолият) бўлиши мумкин эмас. Демак, ҳар қандай (фаолият) бўлмасин - унда яширин хавф бўлади. Бу аксиома ҲФХ да ғоят катта методологик аҳамиятга эга.


Хавфларнинг турлари қуйидагича тасниф қилинади:

  1. Келиб чиқиш табиатига кўра: табиий, техноген, антропоген (инсон билан боғлиқ) ва экологик.

  2. Таъсир хусусиятига кўра: физикавий, кимёвий, биологик, термик ва психофизиологик.

  3. Олиб келувчи оқибатига кўра: толиқиш, касалланиш, жароҳатланиш, ҳалокат, ёнғин, нурланиш, куйиш ва бошқалар.

  4. Келтирувчи зарарига кўра: ижтимоий, иқтисодий, техник, сиёсий.

  5. Келиб чиқиш соҳасига кўра: турмушда, спортда, йўл транспортида, ишлаб чиқаришда, уруш ёки табиий офат натижасида юзага келадиган хавфлар.

  6. Инсонга таъсир қилиш даражасига қараб: фаол (актив) ва суст (пассив).

  7. Таъсир доирасига кўра: локал, маҳаллий, миллий, глобал.

  8. Таъсир этиш тезлигига кўра: тасодифий, шиддатли, мўтадил ва равон.


Хавфларнинг таксономияси.

Таксономия - мураккаб ҳодисаларни, жараёнларни, тушунчаларни ёки обектларни бир системага солиш ҳақидаги фандир. Хавфлар таксономияси - хавфларни тартиб бўйича жойлаштиш деган маънони англатади. Хавфлар таксономиясини тузиш айнан инсон фаолияти хавфсизлигини таъминлашда муҳим рол ўйнайди. Хавфларнинг таксоманиясини тузишни, хавфларнинг табиатини чуқур ўрганиш орқалигина амалга ошириш мумкин.
Хавфларнинг номенклатураси

Номенклатура - муайян белги, хусусиятига кўра системага солинган ном ва сўзлар рўйхатидир. Масалан, тиббиётда қўлланиладиган дори-дармонлар номенклатураси бирмунча аниқ тузилган. Жумладан, антибиотикларга: тетрациклин, ампицилин, оксоцилин, биоцилин, сефозолин ва бошқалар киради.
Хавфлар квантификацияси.

Квантификация - мураккаб тушунча, (офат, талафот, ёнғин, нурланиш, шамол ва ҳоказо)ларнинг сифатини, оқибатини аниқлашда сонли тавсифларнинг жорий қилинишидир. Амалда квантификациянинг сонли, балли, даражали, тезланишли (м/с, м/соат) ва бошқа усуллари қўлланилади. Жумладан, ер силкинишининг квантификацияси - баллда ёки магнитудада, шамоллар - м/с, ер кўчкилари - м/соат ёки км/соатда, куйиш, нурланиш, бузилишлар - даражали усуллари қўлланилади. Хавфларни баҳолашда эса «таваккал» қўлланилади.
Хавфлар идентификацияси.

Идентификация - ўрганиш, исботлаш, тасдиқлаш маъноларини англатади. Масалан. доришуносликда бирорта дори-дармонни тўлиқ идентификация қилмасдан туриб, уни касалга тавсия этиб бўлмайди. Жумладан, ампицилин дориси - унинг таркиби, кимёвий тузилиши ва хусусиятлари исботланиши керак.
Хавфларни ўрганиш тартиби уч хил бўлади:

I босқич - хавфларни олдиндан таҳлил этиш.

II босқич - хавфли ҳолатларнинг кетма-кетлигини аниқлаш, ҳодиса ва хавфлар "дарахтини"(шажарасини) тузиш.

III босқич - оқибатларни таҳлил қилиш.

Бу усулда "Хавфлар дарахти" юқоридан пастга қараб қурилади ҳамда сабабларни ҳисобга олган тақдирда тамом бўлади.
Фаолият хавфсизлигини таъминлаш тамойиллари

Хавфсизликни таъминлаш тамойиллари (принциплари) уларни амалга ошириш белгиларига қараб шартли равишда 4 та синфга бўлинади:

1. Йўналтирувчи (тахминий) тамойил

2. Техник тамойил

3. Ташкилий тамойил

4. Бошқарув тамойили



Тахминий тамойиллар ўзида хавфсиз ечимларни топувчи йўналишни аниқловчи методологик ва маълумот базаси бўлиб, хизмат қилувчи, асос солувчи ғояларни тақдим этади. Бунга қуйидаги тамойиллар киради: операторнинг активлиги, фаолиятни гуманлаштириш, структурани ўзгартириш, операторни алмаштириш, синфлаштириш, хавфни бартараф қилиш ва камайтириш, тизимлилик ва бошқалар.

Техник тамойил хавфли омилларнинг таъсирини бевосита олдини олишга йўналтирилган. Техник тамойиллар физик қонунларни ишлатишга асосланган. Бунга қуйидагилар киради: масофадан ҳимоялаш, экранлаштириш, қаттиқлигини ошириш, блокировкалаш (яккалаш), вакуумлаштириш, ҳаво кирмайдиган қилиш, пассив звено киритиш, зичлаштириш, флегматизациялаш ва ета олмаслик тамойиллари.

Бошқарув тамойиллари деб, хавфсизликни таъминлаш жараёнининг алоҳида босқич ва этаплари орасида ўзаро боғланиш ва муносабатларни аниқловчи тамойилларга айтилади. Уларга режали, назоратли, бошқармали, мажбурийли, қайта алоқали, самарали, жавобгарлик, рағбатлантириш, иерархик, бир ма`ноли, адекватли тамойиллар киради.

Ташкилий тамойилларга хавфсизлик мақсадида меҳнатни илмий ташкил қилиш қоидаларини амалга оширувчи тамойиллар киради. Уларга вақт бўйича ҳимоялаш, маълумот бериш, резервлаштириш, нормаллаштириш, кадрларни танлаш, кетма-кетлик, эргономик. меҳнатни рационал ташкил қилиш ва зидлик тамойиллари киради.

Бир вақтда айрим тамойиллар бир нечта синфларга киради. Хавфсизликни таъминлаш тамойиллари тизимларни хосил қилади ва бир вақтнинг ўзида ҳар бир тамойил нисбатан мустақиллик кашф қилади.


Фаолият хавфсизлигини таъминлаш усуллари

Хавфсизлик - ҳаёт фаолияти хавфсизлигининг асосий ўзагини ташкил этади, у инсон фаолиятининг ҳолати ҳисобланади. Бу ҳолатда инсонлар маълум эҳтимолликда юзага келаётган хавфларни бартараф қилишга ҳаракат қилади.

Хавфсизлик усулларини ўрганишдан олдин, биз қуйидаги янги тушунчаларни киритамиз. Кўрилаётган фаолият жараёнида инсоннинг турган жойи гомосфера дейилади.

Ҳар доим ва даврий равишда содир бўлиб турадиган хавфли жой ноксосфера дейилади.

Бу сфераларни хавфсизлик нуқтаи назардан қўшиш мумкин эмас.



Хавфсизликни таъминлаш усуллари 3 хил турга бўлинади:

А - методи, гомосфера билан ноксосферани бир-биридан жой ёки вақт жиҳатидан ажратиш усули. Бу усул ишлаб чиқариш жараёнларини механизациялаштириш ва автоматлаштириш, жиҳозларни масофадан бошқариш, манипулятор ва роботларни қўллаш билан амалга оширилади.

Б - методи хавфсизлик принципларини қўллаб, хавфларни йўқ қилиш ва ноксосферани (ишлаб чиқариш муҳитини) нормаллаштириш, ҳамда ноксосфера тавсифларини инсон тавсифларига мослаштиришга асосланади. Бу усул инсонларни шовқин, чанг, газ, жароҳатланиш ва ҳоказо хавфли омиллардан ҳимоя қилишга қаратилган тадбирлар мажмуаси ҳамда қисман хавфсиз техникани яратиш билан амалга оширилади.

Агар А ва Б методларни қўллаш билан талаб қилинган хавфсизлик даражасига эришиш таъминланмаганда, В - метод қўлланилади.

В - методи тегишлича ҳимоя воситалари ёрдамида инсонларнинг ҳимояланиш хусусиятларини оширишга ҳамда инсонни ноксосферага мослаштиришга асосланган.

Бу усул касбий танлаш, ўқитиш, инструкциялар бериш, психологик таъсир қилиш ва шахсий ҳимоя воситаларини қўллаш билан амалга оширилади. В-методни амалга оширишда ноксосфера тавсифларини ўзгартириш учун ҳар хил воситалар қўлланилади.

Реал шароитларда юқорида келтирилган усулларнинг биттаси ёрдамида зарур хавфсизлик даражасини ҳар доим таъминлаш мумкин бўлмайди. Бундай ҳолатларда юқорида келтирилган усуллар мажмуасини қўллаш мақсадга мувофиқ бўлади.

Фаолият хавфсизлигини таъминлаш воситалари

Ишловчиларга зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омилларининг таъсирини камайтириш ёки олдини олиш учун ҳимоя воситалари қўлланилади.

Ишловчиларнинг ҳимоя воситалари инсон организмига энг маъқул шароитларни яратиш ва қуйидагиларни таъминлаши лозим:

- иш зонасидан хавфли ва зарарли моддалар миқдорини камайтириш, уларнинг таъсирини узоқлаштириш ёки ҳайдаш; зарарли омиллар миқдорини белгиланган даражадаги санитар нормагача камайтириш; ишловчиларни қабул қилинган технологиялар ва иш шароитларида хамроҳ бўлган зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омилларидан ҳимоя қилиш; технологик жараён бузилганда пайдо бўладиган салбий омиллардан ҳимоя қилиш.

Ҳимоя воситаларини танлаш ҳар бир алоҳида ҳолатларда меҳнат хавфсизлиги талабларига асосан амалга оширилади.Хавфсизликни таъминлаш принциплари ва усулларини гавдалантиришда ҳар хил ҳимоя воситалари қўлланилади.

Ҳимоя воситаларининг қўлланилиш характери бўйича коллектив ҳимоя воситалари (КҲВ) ва шахсий ҳимоя воситаларига (ШҲВ) бўлинади. Ҳар бири вазифасига кўра синфларга бўлинади.

КҲВ зарарли ва хавфли омилларга боғлиқ ҳолда шовқиндан, титрашдан, электростатик зарядлардан ҳимоялаш воситаларига синфланади.

ШҲВ асосан ҳимояланадиган инсон аъзоси ёки аъзолар гуруҳига қараб: нафас аъзоларини, қўл, бош, бет (юзни), кўзни ва эшитиш аъзоларини ҳимоя қилиш воситаларига бўлинади.

КҲВ техник тайёрланишига қараб қуйидаги гуруҳларга бўлинади: тўсиқлар, блокировкалар, тормозлар, сақловчи мосламалар, ёруғлик ва овоз сигналлари, хавфсизлик асбоблари, сигнал ранглари, хавфсизлик белгилари, автоматик назорат қурилмалари, масофадан бошқариш воситалари, электр жиҳозларини ерга улаш ва ноллаш қурилмалари, шамоллатиш (вентиляция), ёритиш, иситиш, совутиш (кондиционерлаш), изоляциялаш, герметизациялаш воситалари киради.

Шахсий ҳимоя воситаларига гидроизоляция костюмлари, скафандрлар, противогазлар, респираторлар, пневмошлемлар, пневмомаскалар, ҳар хил турдаги махсус кийим ва пойафзаллар, тутгичлар, қўлқоплар, каскалар, шлемлар, шапкалар, шляпалар, шовқинга қарши шлемлар, қулоққа қўйгичлар (вкладишлар), ҳимоя кўзойнаклари, сақлагувчи белбоғлар, ҳимояловчи дерматологик (кремлар) воситалар ва бошқалар киради.


Меҳнатни муҳофаза қилишда эргономиканинг аҳамияти.

Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги фанини ўрганишда ижтимоий, техник, гуманитар фанлар қаторида эргономика фанининг ҳам аҳамияти катта.

Эргономика атамаси грекча эргон – иш, номос-қонун деган маънони англатади ва бу сўз 1949 йида Англияда юритила бошланиб, кейинчалик кенг тарқалишига олиб келди.

Эргономика - бу меҳнат қуролининг ва меҳнат шароитининг инсон талабларига мослашуви ҳақидаги фандир. Бу фаннинг мақсади инсон меҳнат қилиш жараёнида қулай, хавфсиз шароитларни яратиш, меҳнат унумдорлигини оширишга булган имкониятларни ўрганишдан иборат. Бу вазифани бажаришда инсон ва муҳит тавсифномалари аниқ ёки маълум даражада мос тушиши ўрганилади ва хавфсизлик билан боғлиқ муҳим вазифалар ечилади.

Қадимдан инсон ўз меҳнат қуролларига ва меҳнат шароитига мослаша борган ва бу стихияли равишда бўлган. Айни вақтда инсонлардан ҳам аниқлик, ҳам тез реакция, ҳам бехато ҳаракат қилиш талаб этилади. Бу ҳаракатлар катта асабий ва психик зўриқиш билан боғлиқдир.

Оптимал иш шароитини таъминлаш машина ёки асбоб билан муомала қилишда кўпрок қулайлик яратиш учун олимлар, математиклар, биологлар, врачлар жалб этилади.

Эргономика доирасида беш хил мослик – маълумот–ахборот, биофизик, энергетик, фазовий–антропометрик ва техник-эстетик мосланиш мавжуд бўлиб, уларни таъминлаш ва амалга ошириш ишни, қўйилган вазифани муваффақиятли якунланишини кафолатлайди.

Бажарилаётган турли жараёнлар ва унга боғлиқ бўлган ускуна, қурилмалар доирасида ахборотни етказувчи – кўрсатувчи мослама – машина модели бўлса, оператор мураккаб тизимда бўлса ҳам бошқариш ишларини амалга оширади. Бу вазифани бажариш учун эргономика нуқтаи-назаридан шундай ахборот модели яратилиши керакки, бу модел ўз вақтида машинага тааллуқли таърифни бериши, натижада оператор толиқмасдан, фикрлаб ва эътибор билан ахборотни хатосиз қабул қилиб қайта ишлаши лозим.

Мураккаб ҳисобланган вазифани ечиш операторнинг хавфсизлигига, аниқ-сифатли ишлашига, меҳнат унумдорлигига, шунингдек инсоннинг психофизиологик имкониятларини ахборот моделига мос бўлишига боғлиқдир.

Биофизик мослик операторнинг иш қобилиятини, нормадаги физиологик ҳолатини таъминлайдиган атроф-муҳитнинг яратилишини ифодалайди. Бу вазифа меҳнат муҳофазаси талаблари билан боғланган. Атроф-муҳитнинг кўпгина омиллари, чегара миқдорлари қонуният билан белгиланган ва улар операторнинг иш вазифаси билан доимий боғланмаган бўлиши мумкин. Шунинг учун машиналарнинг яратилишида шовқин, тебраниш, ҳаво муҳити каби барча бирликларнинг махсус текширилиши талаб қилинади.

Инсоннинг кучи ва энергетик қобилияти маълум чегарага эга. Шунинг учун иш жараёнида бошқариш тизимида чарчаш мақсадга мувофиқ бўлмаган оқибатга олиб келиши мумкин. Шунингдек, иш тизимидаги аниқлик пасаяди. Бундай чекланиш ёки атроф-муҳитга боғлиқ бўлган вазият, омиллар эътиборга олиниши керак.

Энергетик мослик операторнинг оптимал имкониятлари асосида талаб қилинадиган куч, сарфланадиган қувват, ҳаракатнинг аниқлиги ва тезлиги билан машинани бошқарилишидаги келишувни ифодалайди.

Фазовий-антропометрик мослик инсон танаси ўлчами, ташқи фазонинг таъсирли имкониятлари, иш жараёнида операторнинг вазияти, гавданинг туриши ҳисобга олинишини ифодалайди. Вазифанинг тўғри ҳал қилинишида иш жойи ҳажми, оператор ҳаракатланадиган масофа, баландлик, бошқарув пультигача бўлган оралиқ ва бошқа кўрсаткичлар аниқланади.

Мосликни таъминлашда инсонларда антропометрик кўрсаткичларнинг ҳар хил бўлиши мураккаб ҳолатга олиб келади ва бу вазифани ечишда эргономика ёрдам беради.

Техникавий-эстетик мослик инсонни меҳнат жараёнида, машина билан бўладиган мулоқотида қониқарли шароит билан таъминлашни англатади. Кўп сонли ва фавқулодда мухим техник-эстетик масалаларни ҳал қилишда санъаткорлар, конструкторлар, рассомлар ва бошқалар жалб қилинади.

Хавфсизликни таъминлашда психологиянинг аҳамияти.

Меҳнатни муҳофаза қилишда психология ҳам муҳим ўринни эгаллайди. Замонавий ишлаб чиқаришда авариялар, шикастланишлар муаммоси фақат муҳандислик услублари билан ечилмайди. Тажрибалардан маълумки, авария ва шикастланишлар муҳандис-конструкторлик ишларидаги камчиликлар асосида юзага келади. Шунингдек ташкилий-психологик сабаблар, масалан касб бўйича хавфсизлик талабларига паст даражада тайёргарлик кўрилиши, етарли бўлмаган тарбия, мутахассисларнинг хавфсизлик чораларига эътиборсизлиги, хавфли ишларга етарли малакага эга бўлмаган шахсларни жалб қилиш, ишда одамларни толиққан ва психологик ҳолатда бўлиши ҳам сабаб бўлади. Булар мутахассиснинг фаолиятига ишончсизликни (хавфсизликни) пасайтиради. Халқаро тажриба, изланишларнинг кўрсатишича маиший ишлаб чиқаришдаги шикастланишларнинг 60-90 %и зарар кўрган кишиларнинг айби билан содир бўлади. Хавфсизлик психологияси фаолият хавфсизлигини таъминлашда психологик билимларни тадбиқ қилишни ифодалайди. Бу ерда меҳнат фаолияти жараёнида кўринадиган психологик ҳолатлар турлари тўлиқ текширилади, психологик жараёнлар, психик хусусиятлар кўриб чиқилади.

Инсоннинг психик фаолиятида учта асосий гуруҳ (қисм) – психик жараёнлар, хоссалар, ҳолатлар фарқланади.

Психик жараёнлар психик фаолиятнинг асосини ташкил қилади. Психик жараёнлар билиш – сезиш, ҳис-туйғу қабул қилиш, ирода, хотира ва бошқаларга фарқланади.

Психик хоссалар шахснинг ўзига хос хусусиятини, фазилатини (йўналиши, характери, темпераменти) ифодалайди. Шахснинг сифатлари (хоссалари) ичида зукколик, заковатлилик, ҳис-туйғу, ирода, одоб-ахлоқ, меҳнат ажралиб туради ва у ўзгармас ҳамда доимийдир.

Психик ҳолатлар хилма-хиллиги, вақтинча характери билан фарқланади ва психик фаолиятнинг хусусиятларини аниқлайди, психик жараёнларга фойдали ёки фойдасиз боғланиши мумкин.

Меҳнат психологияси вазифалари ва хавфсизлик муаммоларидан келиб чиқиб ҳолатларни ишлаб чиқариш ва махсус психик ҳолатларга ажратиш мақсадга мувофиқдир. Бу ишлаб чиқаришдаги шикастланиш, авариянинг олдини олиш чораларини ташкил этишда муҳим ўрин эгаллайди.

Инсоннинг қобилияти, самарали меҳнат фаолияти унинг психик (руҳий) кучланиши даражасига боғлиқ. Психик кучланиш инсоннинг меҳнатига маълум даража-чегарагача ижобий таъсир этади. Фаолликни критик нуқтадан юқорига кўтариш иш қобилиятини йўқотишгача олиб келиши мумкин.

Оператор учун нормал шароитдаги ҳис-туйғу ва меҳнат қилиши учун руҳий кучланиш даражаси 40-60%дан ошмаслиги кўзда тутилади, акс ҳолда бу унинг иш қобилиятининг пасайишига олиб келади.

Психик кучланишнинг чегарадан юқори шаклида инсоннинг шахсий хусусиятлари пасаяди, ҳаракат координати ўзгаради, хулқи самарасиз ҳолатга ўтади ёки ҳаёт фаолиятида бошқа салбий ўзгаришлар намоён бўлади.

Чегарадан юқори психик кучланишни хусусиятига қараб тормозловчи (тўхтатувчи), қўзғатувчи турларга ажратиш мумкин.

Тормозлаш тури инсон ҳаракатининг пасайишига ва чекланишига олиб келиши билан ифодаланади. Касб эгаси вазифани аввалгидек шижоат билан бажаришга қодир бўлмайди, жавоб бериш ҳусусияти ва тезлиги пасаяди. Хотиралаш, фикрлаш жараёни секинлашади, ёмонлашади ва шу каби бошқа салбий омиллар кузатилади.

Қўзғатувчи хилида эса инсонда фаолликнинг пасайиши, сергаплик, овознинг титраши кузатилади. Натижада, яъни психик кучланишнинг юқори шаклида одамларда – операторларда мураккаб шароитларда нотуғри ҳаракатланиш ва хатоларга йўл қўйиш, толиқиш содир бўлади. Юқоридагиларни ҳисобга олиб инсон психик ҳолатининг назоратига катта эътибор берилади.

Инсоннинг психик ҳолатига таъсир этадиган омиллар – умидсизланиш, кайфиятнинг бузилиши, қўполлик аломатлари, йиқилиб тушиш, толиқиш кабилар бўлмаслиги учун ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилади.

Шу жумладан, инсоннинг саломатлигига, иш ҳолатига, психологик фаолиятига ижобий таъсир этадиган психофармокологик воситалар ишлаб чиқилган ва улар тавсия этилган тақдирда қўлланилади.

Енгил стимуляторларни (чой, кофе) қўллаш инсоннинг иш қобилиятини қисқа вақтга оширади, уйқусини қочиради. Айниқса актив стимуляторларни (первитин, фенамин) истеъмол қилиш билан ҳаракатчанлик, сезиш қобилияти пасаяди.

Транквилизаторлар (седуксен, элениум ва ҳ.к.) ичилса инсон бироз тинчланади, лекин невроз касаллиги келиб чиқади, уйқу элитади, фаоллик, психик ҳолат пасаяди.

Инсоннинг иш қобилиятига, психик ҳолатига жиддий таъсир этадиган алкоголь ичимликларни истеъмол қилиш тавсия этилмайди.



Хуллас, маиший ва ишлаб чиқариш шароити асосида инсоннинг психик ҳолати барқарор бўлиши учун чора-тадбирлар кўриш, такомиллашган назорат усулини уюштириш асосий вазифалардан бири бўлиб ҳисобланади.
Yüklə 106 Kb.

Dostları ilə paylaş:




Verilənlər bazası müəlliflik hüququ ilə müdafiə olunur ©azkurs.org 2024
rəhbərliyinə müraciət

gir | qeydiyyatdan keç
    Ana səhifə


yükləyin