Aim.uz
Қонун устуворлиги – демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуришнинг асоси
Қонун устуворлиги тушунчаси ва унинг моҳияти.
Қонун устуворлигини таъминловчи асосий шартлар.
Жиноий жазоларни либераллаштириш-қонун устуворлигининг муҳим шарти.
Қонун устуворлиги тамойилининг Ўзбекистонда фуқаролик жамияти қурилишидаги аҳамияти.
Маълумки, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин ўзига хос бўлган тараққиёт йўлини - яъни бозор иқтисоди тамойилларига асосланган эркин, очиқ демократик давлат қуриш вазифасини асосий мақсад қилиб белгилаб олди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов таъкидлаб ўтганидек: «Биз шунчаки демократик жамият эмас, демократик одил жамият қурмоқчимиз… Адолат ва ҳақиқат ғояси ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларини қамраб олмоғи даркор. Адолат ва ҳақиқат ғояси қонунчилик фаолиятимизнинг замини, бош йўналиши бўлмоғи шарт1.
Дарҳақиқат, адолат тушунчаси билан қонун устуворлиги тушунчаси чамбарчас боғлиқдир. Юртбошимиз белгилаб берганларидек, қабул қилинаётган қонунларимизнинг замирида адолат ётиши лозим. Адолатга асосланган қонунларнинг ҳаётга татбиқ этилиши адолатнинг тантана қилишига олиб келади.
Демократик жамият қуриш учун мамлакатда қабул қилинаётган қонунлар адолатли бўлиши, ўзида халқ манфаатларини ифода этиши шарт. Бундай қонунларга оғишмай итоат этилсагина, жамиятда демократия қарор топади ва мустаҳкам бўлади. Чунки барча демократик институтлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонун воситасида жорий этилади.
Демократик жамиятнинг энг муҳим белгиларидан бири - жамият аъзоларининг қонун олдидаги тенглигини, Конституция ва қонунларнинг устунлигини таъминланганлигидир. Шу билан бирга Конституция ва қонунларнинг пировард мақсади инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдан иборат бўлмоғи лозим.
«Қонун устуворлигини таъминлаш, шахс, оила, жамият ва давлатнинг ҳуқуқ ва манфаатлари муҳофазасини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш, фуқароларни қонунга бўйсуниш ва ҳурмат руҳида тарбиялаш – бу ривожланган бозор иқтисодиётига асосланган чинакам демократик, ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамияти қуришнинг нафақат мақсади, балки унинг воситаси, энг муҳим шарти ҳисобланади»1.
Қонун устуворлигининг моҳияти Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қатор моддаларида белгилаб берилган. Конституциянинг III боби иккита 15 ва 16-моддаларидан иборат бўлиб, Конституция ва қонун устунлигига бағишланган.
Конституциянинг 15-моддасига мувофиқ «Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади.
Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар».
Ўз фаолиятини Конституция ва қонунларга мувофиқ амалга ошириш санаб ўтилган субъектларнинг конституциявий бурчи бўлиб ҳисобланади. Агарда давлат органлари, нодавлат ташкилотлар, мансабдор шахслар ёки фуқаролар ўзларининг бу бурчларини бажармасалар, уларга нисбатан тегишли жавобгарлик чоралари қўлланиши мумкин.
Конституция ва қонунларга риоя этмаган шахсларнинг жавобгарлиги Конституциянинг ўзида ёки тегишли қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган бўлади. Масалан, Конституция 93-моддасининг 12-бандига мувофиқ Конституцияни, қонунларни бузган туман ва шаҳар ҳокимларини Республика Президенти ўз қарори билан лавозимидан озод этишга ҳақли.
Бу борада шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, Конституциянинг нормаси бошқа қонунларнинг нормаларига нисбатан устунлик характерига эга. Чунки Конституция барча бошқа қонунлар учун пойдевордир.
Шунинг учун ҳам Конституция 16-моддасида мустаҳкамланган қоидага биноан «Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас». Агарда бирорта норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституцияга зид келадиган бўлса, у бекор қилиниши лозим.
Ўзбекистон Республикасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мослигини таъминлаш механизми ишлаб чиқилган ва амалда қўлланилади.
Хўш, Конституциянинг бу моддасига биноан қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Конституцияга мослигини қайси орган назорат қилади, деган саволнинг туғилиши табиийдир.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мослигини назорат қилишни унинг қайси босқичда амалга оширилишига қараб, қуйидаги икки турга бўлиш мумкин:
Биринчидан, дастлабки назорат. Бу назорат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳа вақтида уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш орқали амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги 2000 йил 14 декабрда қабул қилинган қонунининг 18-моддасига мувофиқ «Ҳуқуқий экспертиза норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаган органнинг ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қиладиган органнинг юридик хизмати, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилиши мумкин».
Иккинчидан, кейинги назорат. Бу назорат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин амалга оширилади. Кейинги назоратнинг ўзини ҳам икки турга бўлиш мумкин.
а) норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганидан кейин, аммо у ҳали кучга киришидан аввал амалга ошириладиган назорат. Бу назорат ҳам Адлия вазирлиги томонидан вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар қабул қилган умуммажбурий характерга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказишдан аввал амалга оширилади. Бу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейингина кучга киради.
Ўзбекистон Республикасида вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг умуммажбурий характердаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг Конституция ва қонунларга мослигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 1993 йил 17 июнда «Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг умумий-мажбурий тусдаги норматив ҳужжатларининг ҳуқуқий экспертизаси ва уларни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида» ва 1997 йил 9 октябрда «Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар меъёрий ҳужжатларининг қонунийлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорлар қабул қилди.
Бу қарорларнинг моҳияти шундаки, улар умуммажбурий характердаги идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилишининг мажбурийлигини таъминлаб берди. 1997 йил 9 октябрдаги қарорда белгиланишича, агар шундай ҳужжатлар давлат рўйхатидан ўтказилмаса, улар юридик кучга эга бўлмайди. Конституция ёки қонунга зид бўлганлари эса давлат рўйхатига олиниши мумкин эмас. Ана шундай йўл билан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга ва қонунларга мослиги таъминланмоқда.
б) кучга кирган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мослиги юзасидан назорат. Бундай назоратни барча давлат органлари амалга оширадилар.
Умуман олганда қонунларнинг ижро этилиши ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга ва қонунларга мос бўлишини назорат қилиш қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятини амалга оширувчи давлат органлари томонидан олиб борилади.
Қабул қилинган қонунларнинг ижро этилишини назорат қилиб бориш Олий Мажлис фаолиятида ўзига хос ўрин тутади. Олий Мажлис томонидан қонунларга риоя қилинишини назорат қилиш, уларнинг таъсирчанлигини ўрганиш, қонун ҳужжатларидаги камчиликларни, ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги нуқсонларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадини кўзлайди. Олий Мажлис қўмиталари ва комиссиялари ҳар йили қарийиб 50 та қонуннинг ижросини ўрганадилар. Қонун ҳужжатлари талаблари қандай бажарилаётганлиги деярли барча вазирликлар ва идораларда, вилоятларда текширилади.
Хуқуқий демократик давлат барпо этишда Омбудсман институти
Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш юзасидан парламент назоратини амалга оширишда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) институти муҳим рол ўйнайди1. Маълумки Ер юзида инсон борки, у доимо ўз ҳуқуқи ва эркинлигини ҳимоя қилиш учун имконият излаган ва Омбудсманнинг ташкил топиши эса, давлат билан фуқаро ўртасидаги муносабатларга янада аниқлик киритди. Омбудсман фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи муносабатларни назорат қилувчи вакилдир. Омбудсман (Hombutsmen) шведча сўз бўлиб, ҳукумат идоралари фаолиятини тафтиш, назорат қилувчи мансабдор шахс ёки вакил маъносини англатади2.
Ушбу фикр ҳозирги замон ҳуқуқий адабиётларида кенг тарқалгандир. Бироқ жамиятда қонун устуворлигини таъминлашда Омбудсман институтининг ўзига хос талқин ва тарихий илдизлари мавжуд. Шу нуқтаи назардан америкалик мутахассис Дин Готтерернинг билдирган фикрлари диққатга сазовордир. У шундай деб ёзади: Омбудсман институти илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақалади. Омбудсманнинг тарихий илдизларидан бири Қуръони Карим ва ислом мафкурасининг бир қисми сифатида одиллик тамойилларидан келиб чиқади3. Ўша пайт инсон ҳуқуқи ва эркинликларини ҳимоя қилиш, мулкий, оила ва никоҳга оид ҳуқуқларни тартибга солувчи ҳамда шикоятларни қабул қилиш ва низоларни ҳал қилиш учун мухтасиб мансаби дастлаб ҳалифа Умар томонидан ташкил этилган эди. Кейинчалик ана шундай мухтасиб мансаби Мовароуннаҳрдаги мавжуд хонликларда ҳам ташкил этилган бўлиб, улар асосан фуқароларнинг шикоятларини адолат нуқтаи назардан ҳал этишга интилганлар.
Шундай қилиб, Омбудсман институтининг илдизлари Дин Готтерер таъкидлаганидек, Шарқ мамлакатлари давлатчилигига бориб тақалади. Бироқ, Ер юзида расмий равишда эса, биринчи маротаба Омбудсман институти 1709 йил Швеция қироллиги ҳузурида ташкил топган. 1709 йили Швеция қироли Карл ХII Полтава жангларида мағлубиятга учраб, Туркия давлатига қочиб кетади. Қиролсиз қолган Швецияда тартибсизлик бошланади. Бундан хабар топган Карл ХII Туркияда туриб, 1713 йил Швеция қироллиги ҳузурида Омбудсман ташкил қилиш ҳақидаги қонунга низо чекади. Бугунги кунда деярли барча демократик мамлакатларда Омбудсман институти ташкил этилган. Омбудсманнинг муҳим хусусиятларидан бири унинг мустақиллигидир.
Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) демократик йўлдан бораётган жамиятимиздаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда фаол иштирок этмоқда. Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Омбудсман 1997 йил 24 апрелда қабул қилинган қонунда берилган ваколатларига мувофиқ фаолият кўрсатмоқда. Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишда алоҳида аҳамиятга эга бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунининг 26-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ «Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид келадиган қарори Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан бекор қилинади».
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 93-моддасининг 1-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти «фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Конституция ва қонунларга риоя этилишининг кафилидир».
Бу нормага кўра Президент биринчидан, қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилаётганлигини, иккинчидан эса, уларнинг Конституцияга мослигини назорат қилиб боради.
Конституцияга кўра қонунлар Республика Президенти томонидан имзоланади, бошқача қилиб айтганда, ўзининг расмий тасдиғини топади. Агар Президент қабул қилинган қонунда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилмаган ёки у Конституцияга зид деб ҳисобласа, Конституция 93-моддасининг 14-бандига мувофиқ қонунга ўз эътирозларини илова этиб, уни такроран муҳокама қилиш ва овозга қўйиш учун Олий Мажлисга қайтаришга ҳақли. Агарда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат, масалан, Вазирлар Маҳкамасининг қарори, вазирнинг буйруғи, ҳокимнинг қарори Конституцияга ёки қонунларга зид бўлса Республика Президенти шу модданинг 13-бандига мувофиқ уни тўхтатишга ёки бекор қилишга ҳақли.
«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 26-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ «Ҳокимларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ҳукумат ҳужжатларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг давлат манфаатларига зид келадиган ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тўхтатилади ва бекор қилинади».
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, қонун устуворлигини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қонунчилик ташаббуси асосида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар лойиҳаларининг киритилиши ҳам катта аҳамиятга эга.
Жиноий жазоларни либераллаштириш - қонун устуворлигининг муҳим шарти
Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан инсонпарварлик, адолатпарварлик ғояларига асосланган жиноят, жиноят-процессуал қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга, жиноий жазоларни либераллаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари Олий Мажлисга киритилди. Уларнинг қабул қилиниши мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида ўзининг самарасини бермоқда.
Масалан, Республикамиз Президенти томонидан лойиҳаси киритилиб, 2001 йил 29 августда Олий Мажлис томонидан қабул қилинган «Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақиқида»ги Қонун билан жиноятларни таснифлаш енгиллаштириш маъносида такомиллаштирилди, ярашув институти жорий этилди, Жиноят кодексидаги ўлим жазосини назарда тутувчи моддалар сони кескин камайтирилди, мол-мулкни мусодара қилиш жиноий жазо сифатида бекор қилинди ва шу каби инсон ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган қатор чора-тадбирлар қўлланилди.
Ўзбекистон Республикасининг «Прокуратура тўғрисида»ги 2001 йил 29 августда янги таҳрирда қабул қилинган Қонунининг 20-моддасига мувофиқ «Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг ҳарбий қисмлари, ҳарбий тузилмалари, ҳокимлар ва бошқа мансабдор шахслар томонидан қонунларнинг ижро этилиши, шунингдек, улар томонидан қабул қилинаётган ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига мувофиқлиги назорат предмети ҳисобланади».
Қонун устуворлигини таъминлаш - ҳуқуқий давлат барпо этишнинг асосий мезони
Ҳуқуқий давлат тушунчаси демократик давлат тушунчаси билан чамбарчас боғлиқдир. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, демократик, ҳуқуқий давлат куч, инқилоб билан эмас, балки табиий-тарихий эволюцион йўл билан барпо этилади. Албатта, ҳар қандай жамиятда ҳуқуқий давлат тушунчаси у ёки бу қонунларнинг мавжудлиги билан белгиланмайди. Негаки, қонунлар ҳуқуқ сифатида ҳар бир давлатда мавжуд ва ҳар қандай ҳокимият улардан фойдаланади. Ҳамма гап ўша қонунларнинг қандайлигида ва уларнинг қандай бажарилишидадир.
Мамлакатимиз Президенти И.А.Каримов Иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг биринчи сессиясидаги маърузаларида «Ҳуқуқий давлатнинг мазмун-моҳиятини белгилайдиган амалдаги кодекслар, қонунлар, меъёрий ҳужжатларни танқидий баҳолаган ҳолда ҳуқуқий давлатни шакллантириш борасида биринчи галда қабул қилишимиз зарур бўлган янги қонун ва меъёрий ҳужжатларни аниқлаб олишимиз керак» деб таъкидлаб ўтдилар1.
Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашда юртбошимизнинг 1996 йил 31 октябрдаги «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази»ни тузиш тўғрисидаги фармони алоҳида аҳамиятга эга бўлмоқда. Бугунги кунда Миллий марказ мамлакатимиз ва бутун жаҳондаги инсон ҳуқуқлари, эркинликларини жаҳон халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳимоя этишнинг таъсирли воситаси сифатида фаолияти ҳам ибратли бўлмоқда. Бироқ бу борада демократик тамойилларнинг ҳаётга тўлиқ жорий этилишида жиддий айрим муаммолар ҳам мавжуд. Улардан бири том маънодаги суд мустақиллигига эришишдан иборатдир. Президентимиз И.А.Каримов таъкидлаганидек, «Судлар том маънодаги мустақил бўлган ҳолдагина қонунларнинг қатъий ижроси, уларнинг ҳақиқий устуворлиги сўзсиз таъминланади. Қаерда суд мустақил бўлмас экан, шу ерда қонун талаблари ва адолат бузилиши муқаррар»2. Дарҳақиқат қонун устуворлигини, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминламасдан туриб, демократик ва фуқаролик жамиятини қуриш ҳақида сўз юритишга ҳеч қандай асос қолмайди.
Суд хокимиятининг мустақиллиги қонун устуворлигининг асосий белгиси
Судлар томонидан давлат органлари ҳуқуқий ҳужжатларининг Конституцияга ва қонунларга мослигини назорат қилиниши - суд органларининг ваколатларидан бири бўлиб ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 12-моддаси «Давлат органинииг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш», деб номланган бўлиб, унинг биринчи қисмига мувофиқ «Давлат органларининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқароларнинг ёки юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин».
Суд ҳуқуқий ҳужжатни ҳақиқий эмас, деб қарор чиқарган тақдирда, бу қарор ҳамма давлат органлари ва бошқалар учун ҳам мажбурийдир. Чунки Конституциянинг 114-моддасида «Суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир», деб мустаҳкамлаб қўйилган.
Суд қарорига кўра ҳақиқий эмас деб эълон қилинган ҳуқуқий ҳужжат - юридик кучга эга эмас.
Агарда бирон-бир ҳужжатнинг қонунийлиги тўғрисида суд қарори мавжуд бўлса, ўша ҳужжат юзасидан фуқаролар ёки ташкилотлар судга яна шикоят қилишлари мумкин эмас.
р Қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар томонидан чиқарилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг конституциявийлигини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий судига юклатилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қонунларнинг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қабул қилган бошқа ҳужжатларнинг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонларининг, Ҳукумат қарорларининг, давлат ҳокимияти маҳаллий органлари қарорларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мослигини аниқлайди.
Конституциянинг ушбу моддасида кўрсатилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга ёки қонунларга мослигини умумий юрисдикция ёки хўжалик судлари назорат қилишга ҳақли эмаслар. Уларнинг Конституцияга мослигини аниқлаш Конституциявий суднинг мутлақ ваколатига киради.
Шу ерда яна бир савол туғилади. Конституциявий суд фақатгина норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мослигини назорат қиладими ёки норматив бўлмаган индивидуал ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳам Конституцияга мослигини назорат қиладими? Бу тўғрида Конституцияда ҳам, бошқа қонун ҳужжатларида ҳам аниқ кўрсатилмаган. Аммо, Ўзбекистон Республикасининг «Прокуратура тўғрисида»ги Қонунининг 13-моддасининг охирги қисмига мувофиқ «Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруқлари ва бошқа ҳужжатлари (индивидуал хусусиятга эга бўлган ҳужжатлар бундан мустасно) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига зид бўлса, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг қарори асосида бекор қилинади» деган норма мустаҳкамланган.
Агар шу норма асос қилиб олинадиган бўлса, фикримизга кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди республика Президентининг индивидуал характерга эга бўлган фармонларининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг индивидуал характерга эга бўлган қарорларининг Конституцияга мослигини ҳам назорат қилмаслиги лозим.
Прокурор қабул қилган қарорлар устидан, шунингдек, республика Бош прокурори қабул қилган индивидуал характерга эга бўлган буйруқлар ва бошқа ҳужжатлар устидан амалдаги қонун ҳужжатларга кўрa, судга шикоят қилиш мумкин эмас. Чунончи, «Прокуратура тўғрисида»ги қонуннннг 7-моддасида прокурор қабул қилган «қарор устидан юқори турувчи пpoкypopгa шикоят қилиниши мумкин» деган қоида мустаҳкамлаб қўйилган.
Фикримизча, бу норманинг ўзи Конституцияга мос эмас. Конституциянинг 44-моддасида «Ҳар бир шaxcгa ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайри-қонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади», деб кўрсатилган.
Агарда умумий юрисдикция судларида ёки хўжалик судларида Конституциянинг 109-моддасида санаб ўтилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мослигига шубҳа бўлса ёки бу масалада фуқароларнинг шикоятлари бўлса, Олий суднинг раиси, Олий хўжалик судининг раиси ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Конституцияга мослигини аниқлаб беришни cўpaб. Конституциявий судга мурожаат қилиши мумкин.
Бундай ҳолда улар Конституциявий судга мурожаат қилишлари шартми ёки бу уларнинг ҳуқуқларими, деган ўринли савол туғилади. «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги қонуниинг 19-моддасига мувофиқ бу уларнинг ҳуқуқларидир. Демак, улар хоҳласалар Конституциявий судга кўриб чиқиш учун масалa киритадилар, хоҳламасалар масала киритмайдилар.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Конституцияга мослигини назорат қилишда кўрсатиб ўтилган органларнинг, жумладан, Конституциявий суднинг ваколатлари муҳим аҳамият касб этади ва мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг кейинги босқичларида яна ҳам такомиллашиб боради.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қонун устуворлиги қуйидаги учала ҳолат бўлгандагина, ўзининг тўлиқ ифодасини топади.
Биринчидан, қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳужжатлар адолатга, инсон ҳуқуқи ва манфаатларига асосланган бўлиши шарт.
Иккинчидан, Конституция, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар барча давлат органлари, мансабдор шахслар, нодавлат ташкилотлар ва фуқаролар томонидан аниқ бажарилиши зарур.
Учинчидан, барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция ва қонунларга мос бўлиши – қонун устуворлигини таъминлашнинг асосий механизмларини ташкил этади. Демократик жамиятнинг муҳим тамойили бўлган қонун устуворлиги мамлакатимизда барпо этилаётган фуқаролик жамияти қуришнинг асосидир. Албатта, демократик жамият қуриш фақат қонун устуворлиги билан чекланиб қолмайди, балки халқимизнинг миллий-маънавий негизларига таянишни тақозо этади ва зарурий шарти қилиб қўяди.
Dostları ilə paylaş: |