Мавзу: Eumetazoa (Ҳақиқий кўп ҳужайралилар). Тип Cnidaria (Бўшлиқичлилар)
Режа:
Бўшлиқичлиларнинг умумий тузилиши.
Гидрозойлар синфининг умумий тузилиши ва муҳим вакиллари.
Сцифоид медузаларнинг умумий тузилиши ва муҳим вакиллари.
Коралл полипларнинг умумий тузилиши ва аҳамияти.
Бу типга 10000 дан ортиқ турни ўз ичига олган содда тузилган кўп ҳужайралилар киради. Кўпчилик бўшлиқичлилар денгиз ва океанларда, фақат айрим турлари чучук сувларда ҳаёт кечиради. Улар орасида якка яшовчи, колония ҳосил қилувчи ҳамда ўтроқ ва эркин яшовчи турлари бор.
Бўшлиқичлилар типига кирувчи ҳайвонларнинг танаси шуъласимон, яъни радиал симметрияли бўлади. Танаси икки қават бўлиб жойлашган ҳужайралардан иборат. Ташқи қавати эктодерма, ички қавати эндодерма дейилади. Эктодерма ва эндодерма ҳар хил тузилишга эга бўлган ҳужайралардан иборат. Бу иккала қаватни ҳужайрасиз парда мезоглея ажратиб туради. Эктодерма ва эндодерма тана бўшлиғини ўраб туради. Тана бўшлиғи ичак вазифасини ҳам бажаради. Бу бўшлиқ ташқи муҳит билан фақат оғиз тешиги орқали боғланган. Нерв ҳужайралари кўпинча танада тарқоқ жойлашган. Ҳамма бўшлиқичлилар эктодермасида отувчи ҳужайралар бўлади.
Бўшлиқичлилар типи гидроид полиплар (Hydrоzоа), сцифомедузалар (Scyphоzоа) ва коралл полиплар (Аnthоzоа) синфларига бўлинади.
Гидроид полиплар (Hydrоzоа) синфи
Гидрополиплар денгиз ва океанларда колония бўлиб яшайди. Айрим вакиллари чучук сувларда якка ҳолда ҳаёт кечиради. Гидроид полиплар синфига 4000 га яқин тур киради. Гидра (Gydra sp.) бу синфнинг характерли вакили ҳисобланади.
Яшаш муҳити ва ташқи тузилиши. Гидра тиниқ сувли кўл ва ҳовузларда ҳамда дарёларнинг тинч оқадиган қисмида сув ўтларига ёки бошқа нарсаларга ёпишиб ҳаёт кечирувчи полип ҳисобланади. Биздаги сув ҳавзаларида гидрани баҳор, ёз ва эрта кузда учратиш мумкин.
Гидранинг танаси цилиндрсимон бўлиб, узунлиги 5-7 мм келади. Танасининг остки томони товон деб аталади. Гидра товони билан сувдаги нарсаларга ёпишиб олади. Гидрага ўхшаш кам ҳаракат, ўтроқ ҳаёт кечирадиган бўшлиқичлилар полип дейилади ("полип" сўзи "кўпоёқ" деган маънони англатади). Танасининг юқори учида оғиз тешиги жойлашган. Оғиз тешиги атрофида 5-12 та узун ингичка пайпаслагичлари бўлади.
Гидра шуълали ёки радиал симметрияга эга. Унинг танаси орқали хаёлан битта ўқ чизиқ ўтказилса, унинг пайпаслагичлари ана шу ўқ атрофида худди битта ёруғлик манбаидан тарқаладиган шуъла сингари ҳар томонга таралиб жойлашади. Шуълали симметрия бирмунча мўътадил сув муҳитида ўтроқ яшайдиган Бўшлиқичлилар ва игнатерилилар учун хосдир.
Ички бўшлиғи ва тана девори. Гидранинг танаси ичи бўш халтачага ўхшайди. Тана бўшлиғи гастрал бўшлиқ бўлиб, ичак вазифасини ҳам бажаради. Шунинг учун бу типга кирувчи ҳайвонлар бўшлиқичлилар деб аталади. Бўшлиқ пайпаслагичларнинг ичида ҳам давом этади. Бўшлиқ девори икки қават бўлиб жойлашган ҳужайралардан иборат. Ташқи қавати эктодерма, ички қавати эндодерма дейилади. Бу икки қават ҳужайрасиз юпқа мезоглея пардаси билан ажралиб туради.
Ташқи қават-эктодерма ҳужайралари. Гидра танасини бўйига кесиб, микроскопда текширилганда танасининг ташқи қавати ҳар хил ҳужайралардан ташкил топганини кўриш мумкин. Уларнинг кўп қисмини тери-мускул ҳужайралари ташкил этади. Тери-мускул ҳужайраларнинг кенгайган асосий қисмида қисқарувчи мускул толалари жойлашган. Улар ёрдамида гидра пайпаслагичларини тортиб олади ёки чўзади ва одимлаб ёки умбалоқ ошиб ҳаракат қилади.
Ташқи қавати ҳужайралари орасида отувчи ҳужайралар ҳам бор. Бундай ҳужайралар айниқса, пайпаслагичларда жуда кўп бўлади. Отувчи ҳужайраларнинг сиртида ингичка сезгир тукчалар бўлади. Ҳужайранинг ичида эса отувчи капсуласи (пуфакчаси) бўлади. Капсула куйдирувчи суюқликка тўла бўлиб, суюқликда ингичка ва узун найчага ўхшаш отилувчи ипча спиралга ўхшабўралиб ётади.
Сувда сузиб юрган майда жониворлар (майда қисқичбақасимонлар, балиқ чавоқлари) сезгир тукчаларга тегиб кетганда капсула ичидан отилувчи ипчанинг учи отилиб чиқиб, ҳайвон танасига санчилади. Тутилган ўлжани гидра пайпаслагичлари ёрдамида оғзига тортади ва ютиб юборади. Отувчи ҳужайралар гидрани душманлардан ҳимоя ҳам қилади. Сувда яшовчи ҳайвонлар (балиқлар, ҳашаротлар) гидрага тегмайди. Отувчи ҳужайралар капсуласи ичидаги суюқлик ҳайвонлар танасини куйдириш хусусиятига эга. Капсула суюқлиги ҳайвонларга қичитқи ўт заҳарига ўхшаш таъсир кўрсатади.
Ички қават-эндодерма ҳужайралари. Гидра танасининг ички қавати безли ва хивчинли ҳужайралардан иборат. Безли ҳужайралар тана бўшлиғига ҳазм шираси ишлаб чиқаради. Шира таъсирида тана бўшлиғидаги озиқ қисман ҳазм бўлади. Хивчинли ҳужайраларнинг биттадан учтагача хивчини бўлади. Хивчинли ҳужайралар сохта оёқлар ҳосил қилиш хусусиятига ҳам эга. Хивчинларнинг тебраниши тана бўшлиғида сув оқимини ҳосил қилади. Бу оқим озиқ заррачалари сохта оёқларга яқин келишига ёрдам беради. Сохта оёқлар томонидан қамраб олинган озиқ ситоплазмага ўтиб, бир ҳужайралилардаги сингари ҳазм вакуолалар ичида ҳазм бўлади. Озиқнинг ҳазм бўлмаган қолдиғи эса дастлаб тана бўшлиғига, ундан оғиз орқали ташқарига чиқариб ташланади.
Гидранинг махсус нафас олиш ва айириш системаси бўлмайди. Сувда эриган кислород гидранинг бутун тана юзаси орқали унинг ҳужайраларига ўтади. Моддалар алмашинуви маҳсулотлари ҳам ҳужайралардаги қисқарувчи вакуолалар орқали ташқи муҳитга чиқарилади. Шундай қилиб, гидранинг ҳазм қилиш, нафас олиш ва ажратиш хусусиятлари бир ҳужайрали ҳайвонларникига жуда ўхшаш бўлади.
Регенерацияси.Ташқи қават ҳужайралари орасида майда юмалоқ, лекин йирик ядроли оралиқ ҳужайралар жойлашган. Бу ҳужайралар бўлиниб кўпайиши натижасида гидра танасини ташкил этувчи ҳужайралар ҳосил бўлади. Ана шу ҳужайраларнинг тез ўсиб, ихтисослашуви туфайли гидра танасининг жароҳатланган жойи битиб кетади. Тирик организмлар тансининг жароҳатланган ёки йўқотилган қисмининг тикланиши регенератсия дейилади.
Кўпайиши. Илиқ баҳор ва ёз мавсумида гидра куртакланиш йўли билан кўпаяди. Бунда гидра танаси сиртида дастлаб бўртиқлар ҳосил бўлади. Бўртиқлар ўсиб куртакчаларга айланади. Куртакчаларнинг учида пайпаслагичлар ва оғиз тешиги пайдо бўлиб, ёш гидралар етишади. Улар она организмидан ажралиб чиқиб, мустақил яшай бошлайди. Куртакланиш илгари танишиб ўтилган бўлиниш йўли билан кўпайиш сингари жинссиз кўпайиш усулларига киради.
Жинсий кўпайиш организмларда тухум ва уруғ ҳужайралар ҳосил бўлиши ва уларнинг қўшилиши (уруғланиши)дан иборат. Гидранинг тухум ҳужайралари йирик, амёбага ўхшаш бўлади. Уруғ ҳужайралари - сперматозоидлар эса жуда майда, хивчинли ҳаракатчан ҳужайралардан иборат. Сперматозоидлар гидра танасини ташлаб чиқади ва сув орқали тухум ҳужайраларни топиб, уларни уруғлантиради. Уруғланган тухум ҳужайра ўз атрофига қалин пўст чиқариб, систага айланади. Қишда гидра нобуд бўлади. Баҳорда эса зиготадан ёш гидрача ривожланади.
Сцифоид медузалар (Scyphоzоа) ва Коралл полиплар (Аnthоzоа) синфлари
Сцифомедузалар (сцифос-грекча "косача")нинг танаси дилдироқ тиниқ моддадан иборат бўлиб, шакли тўнкариб қўйилган косача ёки соябонга ўхшайди. Медузалар барча денгиз ва океанларда кенг тарқалган, айрим вакиллари чучук сувларда ҳам учрайди. Медузалар сувда эркин қалқиб юрувчи бўшлиқичлилардир. Типик вакили - аурелия, яъни денгиз ликопчаси (Аurеliа аuritа) кенг тарқалган.
Тузилиши. Денгиз ликопчасининг оғиз тешиги соябон остки томонининг ўртасида жойлашган. Оғзи атрофи тўртта йирик пайпаслагичлар, соябон четларида эса жуда кўп ингичка ва калта пайпаслагичлар осилиб туради. Тана девори барча бўшлиқичлиларники сингари икки қават бўлиб жойлашган ҳужайралардан иборат, лекин эктодерма билан эндодермани ажратиб турувчи ҳужайрасиз қават - мезоглея жуда кучли ривожланган.
Медузалар соябон деворидаги мускулларнинг қисқариши туфайли ҳаракатланади. Соябон кенгайганда унинг ости сувга тўлади, қисқарганида эса сув унинг остидан куч билан сиқиб чиқарилиши натижасида реактив ҳаракат пайдо бўлиб, медуза соябонининг қавариқ томони билан олдинга сузади.
Озиқланиши. Медузалар гидрага нисбатан анча мураккаб тузилган ҳайвонлардир. Уларнинг ички бўшлиғи бирмунча ихтисослашган қисқа ҳалқум, тўрт камерали ошқозон ва тармоқланган узун радиал найчалар системасидан иборат. Медузалар йиртқич ҳайвонлар. Улар турли қисқичбақасимонлар, чувалчанглар, балиқ човоқлари ва бошқалар билан озиқланади. Ўз ўлжасини отилувчи ипчалар ёрдамида фалажлайди ва оғзи атрофидаги йирик пайпаслагичлари ёрдамида оғзига олиб келади. Ошқозонда ҳазм суюқлиги ишлаб чиқарувчи безлар жойлашган. Безларнинг суюқлиги таъсирида озиқ парчаланиб ҳазм бўлади ва найчалар системаси орқали танасининг ҳамма қисмига тарқалади.
Сезиши. Медузаларнинг нерв ҳужайралари соябон четида тўпланиб, нерв тугунларини ҳосил қилади. Уларда ёруғлик сезиш, ҳид билиш каби хусусиятлар мавжуд. Улар айниқса, босимнинг ўзгаришига сезгир бўлади. Медузаларнинг довул кўтарилишини олдиндан пайқаш хусусиятидан фойдаланиб, довул тўғрисида олдинроқ хабар қилувчи "Медуза қулоғи" асбоби ихтиро этилган.
Кўпайиши. Сцифо медузаларнинг ҳаёт циклида жинсий ва жинссиз кўпайиши галланиб туради. Улар медуза даврида жинсий кўпаяди. Жинсий ҳужайралари соябоннинг остки томонида ҳосил бўлади. Етилган уруғ ҳужайра оғзи орқали ташқарига чиқарилади ва урғочи медуза оғзидан ичкарига киргач, тухум ҳужайра билан қўшилиб уруғланади. Уруғланган тухум ҳужайрадан ҳосил бўлган планула личинкаси киприкларини ташлайди ва сув остига чўкиб, жуда майда полипча ҳосил қилади. Полипча кўндалангига бир неча марта бўлиниб, ясси куртакчалар ҳосил қилади. Куртакчалардан эса медузалар ўсиб етишади. Шундай қилиб, медуза сцифо медузаларнинг жинсий кўпаядиган авлоди, полиплар эса жинссиз авлоди ҳисобланади. Лекин полип даври жуда қисқа давом этади.
Сцифоид медузаларнинг хилма-хиллиги. Медузалар жуда хилма-хил бўлиб, танасининг диаметри бир неча сантиметрдан икки м гача етади, айрим медузалар отувчи ҳужайраларининг заҳари йирик ҳайвонлар ва ҳатто, одам учун ҳам хавфли ҳисобланади. Тропик денгизларда кенг тарқалган физалиянинг сув юзасида турувчи чиройли елкани бўлади. Юқоридан пастга қараб осилиб турган пайпаслагичлари 30 м га етади. Унинг куйдирувчи ҳужайраларидан заҳарланган одамнинг кўнгли айнийди ва ҳарорати кўтарилади. Денгиз ариси номини олган хиропсалмус медузаси Австралия қирғоқларида учрайди. Унинг заҳари одамни фалаж қилиш хусусиятига эга. Узоқ Шарқдаги Курил ороллари яқинида ва Амур дарёсининг қуйилиш жойида учрайдиган бутли медуза заҳари одам учун жуда хавфли ҳисобланади. Сцифо медузалар синфига 200 дан ортиқ тур киради.
Коралл полиплар синфига 6000 дан ортиқ турдаги, асосан колония бўлиб яшовчи бўшлиқичлилар киради. Айрим вакиллари якка яшайди. Кўпчилик вакиллари илиқ сувли тропик денгизларда тарқалган. Уларга актиниялар ва коралл полиплар киради.
Актиниялар. Актиниялар (Аctiniа sp.) якка ҳолда яшовчи коралл полипларга киради. Уларнинг танаси цилиндрсимон бўлиб, диаметри бир неча миллиметрдан 0,5 м гача етади. Танасининг юқори учида оғиз тешиги жойлашган. Оғиз тешиги атрофида кўп миқдордаги пайпаслагичлари бир неча қатор бўлиб жойлашган. Оғиз тешиги тор найсимон ҳалқум орқали ичак бўшлиғи билан туташган. Ичак бўшлиғикўндаланг ёки тик тўсиқлар ёрдамида бир неча қисмга бўлинади.
Актиниялар - ўтроқ яшовчи, камҳаракат йиртқич ҳайвонлар. Улар товони билан жуда секин ҳаракатланиши мумкин. Актиниялар пайпаслагичлари ёрдамида ҳар хил денгиз ҳайвонларини, шу жумладан, қисқичбақасимонлар ва майда балиқларни тутиб ейди. Пайпаслагичларда жуда кўп отувчи ҳужайралар бўлади. Шунинг учун бошқа ҳайвонлар актинияларга тегмайди. Зоҳид қисқичбақалар душманлардан ўзини ҳимоя қилиши учун чиғаноғи устига битта ёки бир нечта актинияни ўтқазиб олиб юради. Зоҳид қисқичбақа актиния ёрдамида ўзини ҳимоя қилиш билан бирга ўзи тутган озиқни актиния билан баҳам кўради. Иккита жониворнинг бундай ўзаро ҳамкорликда ҳаёт кечириши симбиоз дейилади.
Dostları ilə paylaş: |