Солиқ солишда ҳисобга олинмайдиган даромадлар қуйидагиларни ташкил этади: 1) устав фондига (устав капиталига) қўшилган ҳисса тарзида олинган маблағлар;
2) акцияларни (улушларни) жойлаштириш нархининг уларнинг номинал қийматидан (дастлабки миқдоридан) ортиқча суммаси;
3) иштирокчилар таркибидан чиқиш (чиқиб кетиш) чоғида устав фондига (устав капиталига) қўшилган ҳисса доирасида олинган ёки иштирокчининг улуши миқдорини камайтириш, шунингдек тугатилаётган юридик шахснинг мол-мулкини иштирокчилар ўртасида тақсимлаш чоғида олинган маблағлар;
4) оддий ширкат шартномаси бўйича биргаликдаги фаолиятни амалга ошириш учун бирлаштириладиган маблағлар;
5) оддий ширкат шартномаси бўйича шерикнинг (иштирокчининг) шартнома шериклари (иштирокчилари) умумий мулкидаги улуши қайтарилган ёки бундай мол-мулк бўлинган тақдирда, ушбу шерик (иштирокчи томонидан) қўшилган ҳисса миқдорида олинган маблағлар;
6) реализация қилинадиган товарлар (хизматлар) учун олдиндан тўлов (бўнак) тарзида бошқа шахслардан олинган маблағлар;
7) қонун ҳужжатларига мувофиқ ушбу мажбуриятларнинг таъминоти сифатида гаров ёки закалат тарзида олинган маблағлар, уларга бўлган мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган пайтга қадар;
8) Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ текинга олинган мол-мулк ва хизматлар;
9) Солиқ Кодексида (48-моддасида) назарда тутилган талаблар бажарилиши шарти билан олинган грантлар, инсонпарварлик ёрдами ва мақсадли тушумлар;
10) суғурта шартномалари бўйича суғурта товони (суғурта суммаси) тарзида олинган маблағлар;
11) воситачига ёки бошқа ишончли вакилга воситачилик, топшириқ шартномаси ёки воситачилик хизматлари кўрсатишга доир бошқа шартнома бўйича мажбуриятларни бажариши муносабати билан, шунингдек воситачи ёки бошқа ишончли вакил томонидан комитент ёхуд бошқа ишонч билдирувчи учун амалга оширилган харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан келиб тушган мол-мулк (пул мукофоти бундан мустасно). Бундай харажатлар, агар тузилган шартномалар шартларида бу харажатларнинг ўрнини қоплаш назарда тутилган бўлса, воситачидан ёки ишончли вакилдан чегириб ташланмайди;
12) молиявий ижара (лизинг) объектининг қиймати ўрнини ижарага берувчи (лизинг берувчи) томонидан олинган ижара (лизинг) тўловининг қисми тарзида қоплаш;
13) мол-мулк ижарасига доир шартнома бўйича олинган мол-мулк, бундан молиявий ижара (лизинг) мустасно;
14) телекоммуникация тармоқларидаги тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг текин олинган техник воситалари, шунингдек улардан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича хизматлар;
15) инвестор ва давлат мулкини бошқариш бўйича ваколатли давлат органи ўртасида тузилган шартномага биноан инвестиция мажбуриятлари сифатида киритиладиган мол-мулк;
16) кредит ёки қарз шартномалари бўйича маблағлар ёки бошқа мол-мулк (маблағ жалб қилишни расмийлаштириш усулидан қатъи назар, бошқа шундай маблағлар ёки бошқа мол-мулк, шу жумладан қарз қимматли қоғозлар), шунингдек бундай жалб қилинган маблағларни тўлаш ҳисобидан маблағлар ёки бошқа мол-мулк;
17) концессия битими бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ олинган мол-мулк;
18) давлат муассасалари томонидан барча даражалардаги ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорига кўра олинган мол-мулк;
19) Ўзбекистон Республикасининг давлат облигациялари ва давлатнинг бошқа қимматли қоғозлари бўйича олинган даромадлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси томонидан ва Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари томонидан чиқарилган халқаро облигациялар бўйича даромадлар;
20) солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисобдан чиқарилган пеняларнинг ва жарималарнинг суммаси.
Юридик шахсларнинг солиқ базасини аниқлашда ушбу шахсларнинг жами даромадидан даромад олиш билан боғлиқ барча харажатлар чегириб ташланади, бундан чегириб ташланмайдиган харажатлар мустасно.
Солиқ тўловчи томонидан Ўзбекистон Республикасида ҳам, унинг ҳудудидан ташқарида ҳам ҳисобот (солиқ) даври давомида амалга оширилган (кўрилган), асосланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган чиқимлари харажатлар деб эътироф этилади.
Ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатлар деганда қуйидаги ҳужжатлар билан тасдиқланган чиқимлар тушунилади:
1) Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирилган ҳужжатлар;
2) тегишли харажатлар амалга оширилган чет давлат ҳудудида қўлланиладиган тартибга мувофиқ расмийлаштирилган ҳужжатлар;
3) бошқа шаклда расмийлаштирилган, шу жумладан хизмат сафари тўғрисидаги буйруқ, йўл ҳужжатлари, шартномага мувофиқ кўрсатилган хизмат ҳақидаги ҳисобот билан расмийлаштирилган ҳужжатлар.
Амортизация қилинадиган активларни сотиб олиш ва ҳисобга олинадиган қўшилган қиймат солиғининг суммаси, шу харажат сифатида эътироф этилмайди.
Солиқ тўловчининг қиймати чет эл валютасида ифодаланган харажатлари миллий валютада ҳисобга олинади.
Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ активлар ва (ёки) мажбуриятларнинг қиймати ўзгарганлиги муносабати билан бухгалтерия ҳисобида акс эттирилган чиқимларга харажатлар сифатида қаралмайди, бундан ҳақиқатда тўланган харажатлар мустасно.
Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ тўловчи томонидан ҳисобга олинадиган асосий воситалар ва номоддий активлар амортизация қилинадиган активлар деб эътироф этилади.
Қуйидагилар амортизация қилинадиган активлар деб эътироф этилмайди ва амортизация қилинмайди:
1) ер участкалари ва табиатдан фойдаланишга доир бошқа объектлар (сув, ер ости бойликлари ва бошқа табиий ресурслар);
2) маҳсулдор чорва моллари;
3) ахборот-кутубхона фонди;
4) музей ашёлари;
5) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда консервация қилинган асосий воситалар;
6) моддий маданий мерос объектлари;
7) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, йўлкалар, сайилгоҳлар, хиёбонлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасарруфида бўлган ободонлаштириш иншоотлари;
8) қиймати илгари тўлиқ харажатлар жумласига киритилган мол-мулк;
9) асосий воситалар ва номоддий активлар таркибига ўтказилмаган капитал қўйилмалар;
10) сотиб олинган ҳамда нотижорат фаолиятини амалга ошириш учун фойдаланиладиган мол-мулки,
11) Солик Кодекси 304-моддаси 8, 9, 14, 15 ва 17-кичик бандларига мувофиқ келиб тушган маблағлар ҳисобидан олинган ёки сотиб олинган (барпо этилган) мол-мулк.
Амортизация қилинадиган активнинг қиймати солиқ Кодексида назарда тутилган амортизация ажратмалари ва (ёки) инвестициявий чегирмалар орқали харажатлар жумласига киритилади.
Номоддий активларнинг қиймати солиқ Кодекснинг 307-моддасида назарда тутилган тартибда харажатлар жумласига киритилади.
Амортизация қилинадиган активлар (бундан номоддий активлар мустасно) солиқ солиш мақсадларида гуруҳлар бўйича тақсимланади ва уларни сотиб олишга (яратишга) доир чиқимлар амортизация ажратмалари орқали амортизациянинг quyidagi чекланган нормалари бўйича харажатлар жумласига киритилади.