Фойда солиғи ставкаси, солиқни хисоблаш ва тўлаш тартиблари.
Фойда солиғи иқтисодий мохиятига кўра бевосита солиқлар таркибига киради. Чунки бу солиқ тури солиқ тўловчи юридик шахсларнинг фойдасидан ундирилади ва тўғридан тўғри даромадни бир қисмини бюджетга олиш воситаси сифатида намоён бўлиб, айнан солиқ тўловчиларнинг даромади еки фойдасини камайтиради.
Маълумки, солиқ тизими иқтисодий мохиятига кўра бевосита солиқлар ва билвосита солиқлар гуруҳига бўлинади.
Бевосита солиқлар – даромад, мол-мулк, фойдаланган ресурсларга белгиланиб, солиқ тўловчининг даромадидан ёки фойдасидан бевосита бюджетга ўтказиладиган мажбурий тўловлардир.
Билвосита солиқлар – ишлаб чиқарилган иоварлар, кўрсатилган хизматлар, бажарилган ишлар, импорт ва экспорт қилинган махсулотлар қийматига устама тарзда белгиланиб, айланмалар амалга оширилганда ушбу айланмалар таркибидаги устама қиймат сифатида билвосита бюджетга ундириладиган мажбурий тўловдир.
Фойда солиғини амал қилишининг хуқуқий асослари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 30.12.202 йилда тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасининг солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-599-сонли қонунинга асосан қабул қилинган янги таҳрирдаги солиқ кодексининг 12-бўлими 42-51 боблари 294-363 моддаларида мужассамлашган.
Солиқ Кодексининг 294-моддасига кўра Фойда солиғининг солиқ тўловчилари қуйидагилар эътироф этилади:
1) Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари бўлган юридик шахслар;
2) Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган юридик шахслар;
3) Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассасалар орқали амалга оширадиган, юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги чет эл тузилмалари;
4) Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан даромадлар олувчи Ўзбекистон Республикаси норезидентлари бўлган юридик шахслар;
5) солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчилари бўлган юридик шахслар;
6) солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олган даромадлари бир миллиард сўмдан ортиқ бўлган ёки ўз ихтиёри билан фойда солиғини тўлашга ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар;
7) оддий ширкат шартномаси (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома) доирасида амалга ошириладиган фаолият бўйича оддий ширкатнинг ишончли шахси.
Солиқ Кодексининг 295-моддасига биноан Фойда солиғи бўйича солиқ солиш объекти – солиқ тўлаш мажбуриятидаги солиқ тўловчиларнинг олган фойдасидир.
Фойда деб қуйидагилар эътироф этилади:
- юридик шахс учун — Солиқ Кодексида назарда тутилган жами даромад ва харажатлар ўртасидаги фарқ;
-фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширувчи норезидент учун —доимий муассасанинг фаолияти билан боғлиқ бўлган жами даромад ва харажатлар ўртасидаги фарқ;
-норезидент учун — Солиқ Кодексига қайд этилган хусусиятлар инобатга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинган даромадлар;
-якка тартибдаги тадбиркор учун — Солиқ Кодексида белгиланган ўзига хос хусусиятлар инобатга олинган ҳолда жами даромад ва харажатлар ўртасидаги фарқ;
- зиммасига оддий ширкат ишларини юритиш юклатилган шахс учун — биргаликда ишлаб чиқарилган товарни (хизматни) реализация қилишдан олинган даромад ва биргаликда ишлаб чиқарилиб реализация қилинган товарга (хизматга) тўғри келадиган биргаликдаги фаолиятга киритилган маблағлар суммаси ўртасидаги фарқ.
Солиқ Кодексининг 296-моддасига асосан Фойда солиғининг солиқ базаси – солиқ тўловчиларнинг фойда суммаси ҳисобланади.
Солиқ тўловчи солиқ солиш базасини тўғри аниқлаш мақсадида даромадларнинг ва харажатларнинг хисобини, шу жумладан алоҳида-алоҳида ҳисобини юритади.
Солиқ базаси солиқ даври бошланганидан эътиборан ортиб борувчи якун билан аниқланади. Солиқ тўловчи томонидан ҳисобот (солиқ) даврида кўрилган зарарлар солиқ солиш мақсадларида солиқ базасини Солиқ Кодексида белгиланган тартибда ва шартларда камайтиради.
Солиқ базасига ушбу Солиқ Кодексида белгиланган ҳолларда ва тартибда тузатишлар киритилади.
Натура шаклидаги даромадлар ва харажатлар, агар ушбу қисмда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчи томонидан битимнинг ҳақиқий нархидан келиб чиққан ҳолда инобатга олинади. Агар бундай битимдаги товарларнинг (хизматларнинг) нархи уларнинг бозор нархидан фарқ қилса ва бундай фарқланиш солиқ тўловчининг солиқ базаси камайишига ёки зарари кўпайишига олиб келса, солиқ базаси солиқ Кодексига мувофиқ белгиланадиган бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Фойда солиғи бўйича солиқ солиш базасини аниқлаш мақсадида жами даромадлар хисоби юритилади. Жами даромад юридик шахс томонидан Ўзбекистон Республикасидаги ва унинг ҳудудидан ташқаридаги манбалардан ҳисобот (солиқ) даври мобайнида қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи чегирилган ҳолда олинган даромадлардан иборатдир.
Солиқ солиш мақсадида аниқланадиган жами даромадга қуйидаги даромадлар киради:
1) товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромад;
2) кредит (қарз, микрокредит ва бошқа молиявий операциялар) бўйича мукофот тарзидаги даромад;
3) суғурта, қайта суғурта ташкилотининг суғурта, қайта суғурта қилиш шартномалари бўйича даромади;
4) РЕПО операциялари бўйича даромад;
5) қимматли қоғозлар ва (ёки) муддатли битимларнинг молиявий воситаларига доир операциялар бўйича олинган даромад;
6) асосий воситаларнинг ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинган даромад;
7) молиявий ижара (лизинг) шартномасига биноан мол-мулкни бериш бўйича пул мукофоти тарзидаги даромад;
8) мол-мулкни мулк ижарасига (ижарага) беришдан олинган даромад, бундан молиявий ижара (лизинг) мустасно;
9) роялти;
10) текин олинган мол-мулк (олинган хизматлар);
11) инвентаризация натижасида аниқланган ортиқча товар-моддий захираларнинг ва бошқа мол-мулкнинг қиймати тарзидаги даромад;
12) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришдан олинган даромад;
13) талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича олинган даромад;
14) илгари чегириб ташланган харажатлар ёки зарарларнинг ўрнини қоплаш тарзидаги даромад;
15) хизмат кўрсатувчи хўжаликлардан олинадиган даромад;
16) биргаликдаги фаолиятда иштирок этишдан олинган даромад;
17) қарздор томонидан эътироф этилган ёхуд қарздор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳужжати асосида шартнома мажбуриятларини бузганлик учун тўланиши лозим бўлган жарималар, пенялар ва бошқа санкциялар, шунингдек зарарларнинг (зиённинг) ўрнини қоплаш суммалари;
18) курсдаги ижобий фарқ;
19) дивидендлар ва фоизлар;
20) ишончли бошқарув муассиси томонидан мол-мулкни ишончли бошқаришдан олинган даромад;
21) харажатлар таркибига қабул қилинган, қайта тикланган захиралар суммалари;
22) акциядор, иштирокчи юридик шахс фойдасига ўз улушининг (улуши бир қисмининг) қийматини олишдан воз кечган тақдирда, мазкур юридик шахснинг устав фонди (устав капитали) камайиши муносабати билан олган даромад;
23) корхонани мол-мулк мажмуи сифатида сотишдан олинган даромад;
24) нархларга тузатишлар киритиш туфайли олинган даромад;
25) назорат қилинадиган чет эл компаниясининг фойда тарзидаги даромади;
26) алоҳида ҳисоби мавжуд бўлмаган ва (ёки) улардан мақсадли фойдаланилмаган мақсадли маблағлар тарзидаги даромад;
27) бошқа даромадлар.
Даромадлар солиқ тўловчи томонидан олинган даромадларни тасдиқловчи бирламчи ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар, шу жумладан электрон ҳужжатлар, шунингдек солиқни ҳисобга олишга доир ҳужжатлар асосида аниқланади. Жами даромад пул, натура шаклида ва (ёки) бошқа шаклларда келиб тушган барча тушумлардан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Солиқ тўловчи томонидан олинган, қиймати чет эл валютасида ифодаланган даромадлар қиймати миллий валютада ифодаланган даромадлар билан биргаликда ҳисобга олинади.
Асосий воситаларнинг ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинадиган даромад деб бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган асосий воситаларнинг ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинадиган фойда эътироф этилади.
Солиқ тўловчи томонидан текин олинган мол-мулк ва (ёки) хизматлар солиқ тўловчининг даромади деб эътироф этилади. Мол-мулкни (хизматларни) текин асосда олиш чоғида олувчи шахснинг даромадлари, ушбу мол-мулкнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Қарз берувчига фоизли даромад тўлаш мажбуриятисиз қарз (қайтариш шарти билан молиявий ёрдам) олиш чоғида қарз олувчининг даромади қарз (қайтариш шарти билан молиявий ёрдам) олиш санасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечишдан олинган даромад талаб қилиш ҳуқуқидан воз кечиш амалга оширилган ҳисобот (солиқ) даврида эътироф этилади.
Илгари чегириб ташланган харажатларнинг ёки зарарларнинг ўрнини қоплаш тарзидаги даромадлар жумласига қуйидагилар киради:
1) жорий солиқ даврида ўрни қопланган, шу жумладан бундай талабларга бўлган ҳуқуқлардан ўзганинг фойдасига қайта воз кечиш йўли билан ўрни қопланган, олдин харажатлар жумласига киритилган, умидсиз (таваккал қилинган) деб эътироф этилган талабларнинг суммалари;
2) чиқимларнинг (харажатларнинг) ўрнини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетидан олинган маблағларнинг суммалари;
3) суғурта ташкилоти ёки зарар етказган шахс томонидан тўланган зарарни компенсация қилиш суммалари, бундан суғурта тўловлари мустасно;
4) илгари чегирмалар жумласига киритилган чиқимларнинг ўрнини қоплашдан олинган бошқа компенсациялар.
Олинган компенсация у қайси ҳисобот (солиқ) даврида олинган бўлса, ўша ҳисобот (солиқ) даврининг даромади бўлади.
Хизмат кўрсатувчи хўжаликлардан олинган даромадлар хизмат кўрсатувчи хўжаликлар томонидан товарларни ва хизматларни реализация қилишдан олинган маблағларнинг суммаси билан хизмат кўрсатувчи хўжаликларнинг умумий фаолиятига боғлиқ харажатларнинг суммаси ўртасидаги ижобий фарқ сифатида аниқланади.
Чегириб ташланиши лозим бўлган харажатлар хизмат кўрсатувчи хўжаликларнинг фаолияти билан боғлиқ харажатлар деб эътироф этилади. Чегириб ташланадиган харажатларнинг даромадлардан ортиб кетиши хизмат кўрсатувчи хўжаликлардан кўрилган зарар деб эътироф этилади.