MAVZU: Мустақиллик даври ўзбек лексикографияси тараққиёти Бугунги глобаллашув даврида Ўзбекистонда давлат тилининг ижтимоий аҳамиятини ошириш, уни доимий ривожлантириб бориш, фуқароларнинг ўзбек тилидан ҳам она тили, ҳам давлат тили сифатида фойдаланиш доираларини кенгайтиришдек муаммолар кундан-кун долзарблашмоқда. Айни лисоний долзарбликларни қондиришда миллий луғатчилигимизнинг ривожи муҳим ва луғатчилик тилшуносликнинг амалий аҳамияти катта тармоғи сифатида ўзида муайян миллатнинг муайян даврдаги маданиятини бор бўйу басти билан жам қилади. Ўзбек тилшунослигининг 30 йиллик тараққиёт даврида миллий лексикографиямиз ҳам сон ва сифат жиҳатидан баркамоллашди. Бундай такомиллашувнинг дастлабки натижаси сифатида ЎзР ВМнинг “Давлат тили ҳақида”ги қонунни амалга оширишга қаратилган давлат дастури талаблари асосида ЎзР ФА Тил ва адабиёт институтида тузилган ва 2006-2008 йилларда чоп этилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ни кўрсатиш жоиз. Ўзбек тилининг улкан ифода имкониятларини ўзида жамлаган мазкур луғатнинг юзага келиши катта воқеа бўлгани бор гап. 5 жилддан иборат мазкур луғатда икки жилдли изоҳли луғат материалларидан фойдаланилган бўлса ҳам, аммо шу луғатнинг тўлдирилган ёки қандайдир ўзгартиришлар киритилган нашри эмас, балки лексикография ютуқларини ҳисобга олиб тузилган янги луғатдир. Унда ўзбек тили лексикасида юз берган ўзгаришлар, маъновий силжишлар эътиборга олинган. Давр мафкураси сабаб сўзларга, уларнинг маъноларига сунъий сингдирилиган таъсирлар олиб ташланган ҳамда ҳақиқий изоҳини олган. Луғат муаллифлари тўғри қайд этганларидек, аввалги нашрда “эскирган”, “диний” каби белгилар остида берилган ёки умуман берилмаган тарихий, этнографик, диний терминларга шу сўзларнинг семантикасидан келиб чиқиб ёндашилган, мустақиллик шарофати билан қайта фаоллашган сўзлар фаол жалб қилинган. Хуллас, мазкур лексикографик иш “ҳозирги ўзбек адабий тилининг сўз бойлигини тўплаш ва тавсифлаш билан бирга, унинг меъёрларини белгилаш ва барқарорлаштириш”112дек вазифаларни бажарган.
Маълумки, имло нафақат тўғри ёзиш қонун-қоидаларини белгилайди, шунингдек, миллатни, халқни бирлаштиришдек ижтимоий-сиёсий вазифани ҳам бажаради. Шу сабабли саводхонлик масаласини ошириш ва имло борасидаги ишларни мунтазам такомиллаштирилиб бориш мақсадида бир неча ҳукумат ҳужжатларида ўзбек тилининг товушлар тизими ва уни ҳисобга олган ҳолда нутқ товушларининг ёзувда акс этиши, жорий имло қоидаларини такомиллаштиришга қаратилган ҳамда илмий асосланган таклифларни тайёрлаш, ишлаб чиқиш лозимлиги белгиланган. Истиқлол йилларида шу мақсадга йўналтирилган имло луғатлари Ш.Раҳматуллаев, А.Ҳожиев, Т.Тоғаевлар томонидан тузилди. Ушбу луғатлар лотин ёзувини ўрганишда, ёшидан қатъи назар, барчанинг имло саводхонлигини оширишда муҳим роль ўйнади. Аммо дастлабки имло луғатлари сўзлигининг чекланганлиги нашр-матбаа ишларида, таълимнинг юқори босқичларида бир қатор муаммоларни, масалан, зикр этилган луғатларга кирмаган ва ўзбек тилига кейинроқ кириб келган сўзларнинг қандай ёзилишига оид иккиланишларни, имло қоидаларида очилмай қолган қоидалар билан боғлиқ зўриқишларни келтириб чиқарди.
Ана шундай амалий эҳтиёжларни қондириш маққсадида Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида луғатчилигимиздаги энг катта (85 000 дан ортиқ сўз ва сўз шакллари) имло луғати тузилиб, лотин ва кирилл ёзувларида нашр этилди. Ушбу луғат “ўзбек тилининг ҳозирда мавжуд имло луғатларидан: а) сўзлигининг бойлиги; б) имлоси қийин ва мунозарали бўлган, ҳозирга қадар имло луғатларига киритилмай келаётган сўзларни ҳам қамраб олганлиги; д) нашр этилган ва этилаётган бошқа тип луғатлар (изоҳли, энциклопедик, терминологик ва б.)нинг ижобий имловий тажрибаларини ҳисобга олганлиги; э) кейинги ўттиз йил давомида ўзбек тили имлоси амалиётида юз берган, кўпчилик томонидан маъқул деб топилаётган ижобий имловий ўзгаришларга эътибор берганлиги; ф) ниҳоят, мустақиллик даврида ўзбек тилига кириб келган янги сўз ва терминлар ёзилиш шаклининг илмий-имловий баҳоланган ҳолда луғат таркибига киритилганлиги билан фарқланади”113. Айни имло луғатидаги яна бир муҳим жиҳат шуки, “луғатда рус тили орқали кириб келган ва таркибида ё, ю, я ҳарфлари бўлган русча ва байналмилал сўзларни янги имлода барча ўринларда бир хил, яъни yo, yu, ya ҳарфлари билан ёзишни кўзда тутган”114 ва шу орқали бундай сўзларни ёзишдаги ҳархиллик бартараф этилган.
Этимология тилшуносликнинг энг мураккаб, энг диққатталаб соҳаси экани филолог-мутахассисларнинг ҳеч бирига сир эмас. Этимология сўзининг луғавий маъноси ҳам сўзнинг “чин, асл моҳият”115ини ўрганишдир. Тил синхрониясидан тил диахрониясига экскурсдан иборат айни соҳадаги изланишларнинг нақд натижаси, албаттаки, этимологик луғатларда акс этади. Бу жиҳатдан инглиз116, немис117, рус118 каби тилларнинг этимологик луғатларининг тузилганига анча бўлган. Туркий тилларнинг умумий лексик фондига оид этимологик луғат ҳам ўтган асрнинг 70-йилларида туркологлар томонидан тузилган119. Шу маънода Ш.Раҳматуллаевнинг ўзбек луғатчилигида дастлабки тажриба сифатида тузилган уч жилдли “Ўзбек тилининг этимологик луғати”да тилимизнинг турли даврларига оид туркий, форсий ва арабий сўзларнинг келиб чиқиш тарихи изоҳланган. Ш.Раҳматуллаев ва ҳаммуаллифларининг дастлабки этимологик кузатишлари бундан аввалроқ, яъни 1997 – 1999 йилларда “Ўзбек тилининг қисқа этимологик луғати” номи билан 4 китобча шаклида чоп қилинган эди. Муаллифнинг самимий қайдича, шу тўрт китобни яхлит ҳолатга келтириш мобайнида манбалар синчиклаб ўрганилган, қисқача этимологик луғатда йўл қўйилган хатолар бартараф қилинган, умуман, луғат мақолалари қайта ишланган ва уч китоб ҳолига келтирилган. Мазкур тадқиқот этимологик талқинларнинг оммабоп йўсинда берилганлиги, кенг китобхонлар аудиториясига мўлжалланганлиги билан ажралиб туради ва келгусида яратиладиган этимологик луғатларга муҳим манба сифатида хизмат қилади.
Мустақиллик даврида аҳамияти жиҳатидан этимологик луғатларга яқин турадиган алоҳида ижодкор асарлари тилига бағишланган луғатларни тузиш ишлари давом эттирилди. Ҳозиргача Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Муҳаммадризо Огаҳий ва бошқа мумтоз шоирларнинг асарлари тилига бағишланган луғатлар мавжуд. Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида Бердак Юсуфов томонидан тузилган ва дастлабки жилди чоп қилинган “Навоий тили луғати” муалифининг узоқ йиллик илмий изланишлари натижаси бўлиб, муаллиф бунгача ҳам мактаб Адабиёт дарсларида ўрганиладиган классик асарлар тилига бағишланган “Мумтоз адабий асарлар луғати”ни (Тошкент, 2010) тузган эди. “Навоий тили луғати” аввалги Навоий асарлари луғатларидан сўзлигининг кўплиги, лексикографик изоҳларининг аниқлиги, транскрипцияси берилганлиги билан фарқланади. “Навоий тили луғати” тўла нашр этилганидан сўнг ундан нафақат Навоий ижоди, балки эски ўзбек тилида ижод қилган бошқа ижодкорларнинг асарлари тилини ўрганишда ҳам фойдаланиш мумкин бўлади.
Бу давр филологиясида Бобур ижодини ўрганишга, шоир асарларининг луғатини тузишга астойдил киришилди. Чунки Бобур ўзининг сермазмун, айни пайтда, мураккаб ҳаёти ва фаолиятида беқиёс тарихий ва ижодий мерос қолдирган шахсдир. Шу жиҳатдан Фатҳиддин Исҳоқовнинг “Бобурнома” учун қисқача луғат”и (Андижон, 2008), муаллифлар жамоасининг “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси” (Тошкент, 2014) Бобур шахсияти ва ижодиётини англаш йўлидаги энг яхши юмушлардандир.
Ўзбек тили уч лаҳжадан куч олиб ривожланадиган тил сифатида бой ифода имкониятларига эга. Табиийки, мазкур лаҳжа ва шевалардаги сўзларни тўплаш билан бой луғавий захира жамланади, эрта-индин унутилиши мумкин бўлган сўзларни китобларда сақлаб қолишга эришилади. Ўз навбатида, шевалар фонди этимологик луғатлар учун муҳим манба ҳисобланади, этимологик луғатларнинг мукаммалашувини таъминлайди, чунки тил тарихига оид фактлар давр ўтиши билан адабий лексикадан ўчса ҳам, шева сўзларида сақланиб қолади. Мустақиллик йилларида алоҳида диссертацияларга шевалар сўзликлари илова қилиш алоҳида ҳодиса бўлди ва бунинг натижасида салмоқли миқдордаги сўзлар йиғилди. Шунингдек, Тўра Нафасовнинг “Қашқадарё ўзбек халқ сўзлари” (Тошкент, 2011), Босим Тўйчибоев ва Қозоқбой Қашқирлининг “Зоминнинг тил қомуси” луғатларида ҳам қамров объектига оид катта материал қамраб олинган. Уларда адабий тилда муқобили бўлмаган сўзлар ўзига хос орфоэпик либосда намоён бўлган, уларни ўқиб, “халқимиз шунчаки гапирганда ҳам қанчалик образли гапиришига қойил қоласиз...”120. келгусида эса айни манбалар асосида бир неча жилдли ўзбек шевалари луғати тузилиши зарур.
Мустақиллик даври ўзбек лексикографиясида луғатчиликнинг янги тажрибаларига қўл урилди, луғатларнинг янги турлари юзага келди. Бунда Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ва олий таълим ташкилотлари тилшунослари томонидан бир қанча луғатлар пайдо бўлди. Даставвал Э.Бегматовнинг “Ўзбек исмлари изоҳи” (Тошкент, 2016) китобини эсга олмоқ ўринли. Ҳозирга қадар уч марта нашр этилган ва ёшу қарига беминнат хизмат қилиб келаётган мазкур луғатда 14600 га яқин ўзбек исмларининг маънолари изоҳланган. Луғатдаги исмлар маъноси билан танишар экансиз, ўзбек этнографияси, турмуш тарзи, диний эътиқоди ҳақида муҳим маълумотларга эга бўласиз. Марҳум тилшунос Эрнст Бегматов ўзбек исмларининг барчасини бир жойга жамлаб, маъноларини изоҳлаб, кейинги наслларга катта маънавий мерос қолдирди.
Мустақиллик даври лексикографиясининг тараққиёти миллий тилшунослигимизнинг салмоқли ютуқларидан сув ичгани рост. Негаки бу давр тил илмида тилга фақат алоқа воситаси деб қарашдан воз кечилди, тилни белгилар системаси сифатидагина тушунишнинг тўғри эмаслиги англаб етилди. Эндиликда тил катта миллий-маданий феномен тарзида талқин қилинадиган бўлди. Лисоний моҳиятга муносабатнинг бундай ўзгариши, табиийки, янги лингвистик хулосаларни пайдо қилди ва натижада тил, аввало, олам ва одамни англаш тарзи сифатида баҳолана бошлади. Шу маънода Н.Маҳмудов ва Д.Худойберганованинг “Ўзбек тили ўхшатишларининг изоҳли луғати” (Тошкент, 2013), Н.Маҳмудов ва Ё.Одиловнинг “Ўзбек тили энантиосемик сўзларининг изоҳли луғати” (Тошкент, 2014), Д.Худойберганова ва Д.Анданиёзованинг “Ўзбек тили поэтонимларининг изоҳли луғати” (Тошкент, 2016), Д.Лутфуллаева, Р.Давлатова ва Б.Тожибоевларнинг “Ўзбек тили ассоциатив луғати” (Тошкент, 2019) кабилар янгиланган лингвистик дунёқараш намуналаридир.
Истиқлол йилларида таълимий ёки ўқув луғатлари ҳам яратилди. Масалан, “Ўзбек тилининг маънодош сўзлар ўқув луғати”, “Ўзбек тили ибораларининг ўқув-изоҳли луғати”, “Ўзбек тилининг сўз таркиби ўқув луғати”, “Ўзбек тилининг ўзлашма сўзлар ўқув изоҳли луғати”, “Сўз вариантларининг имло луғати” кабилар. Бундай луғатлар қанча кўп бўлса шунча яхши, чунки улар ўқувчиларнинг тил сезгисини оширади, таълим олувчиларга филологик тарбия беради. Н.Маҳмудовнинг 2016, 2020 йилларда чоп этилган “Сўз сандиқчаси: ўзбек тилининг изоҳли луғатчаси” ҳам она тили таълими ривожига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди. Бошланғич синф ўқувчиларига мўлжалланган изоҳли луғатнинг бу илк намунаси болалар нутқида кўп қўлланадиган 700 атрофидаги сўзни жамлаган. Унда муаллиф сўз изоҳларини мураккаблаштирмай, болаларбоп тарзда, лўнда, ихчам тушунтирган, луғат аудиториясини ҳисобга олган ҳолда сўз маъноларини далилловчи мисолларни ҳам болалар нашрларидан олган. Муаллифнинг ўзи ҳам қайд этганидек, айни “сўз сандиқчаси” болалар тилини бурролаштириш, зеҳнини ўткирлаштириш, фикрини тиниқлаштишда ёрдам беради.
Мустақиллик даври лексикографиясида лингвистик характердаги бир неча луғатлар тузилди. Бундай луғатлар сирасида Азим Ҳожиевнинг “Тилшунослик терминларининг изоҳли луғати” (Тошкент, 2002) жуда муҳим. Унда ўзбек тилшунослигида қўлланадиган 1700 яқин терминнинг маъноси тушунтирилган. Кейинроқ бу луғат Н.Маҳкамов ва И.Эрматовларнинг “Тилшунослик терминларининг изоҳли луғати” (Тошкент, 2013)нинг юзага келишига замин ҳозирлади ва шу тарзда мутахасислар учун ҳам, мактаб ўқувчилари учун ҳам муҳим манба пайдо бўлди.
Вақт тўхтаб турмаганидек, фан ҳам бир жойда қотиб қолмайди. Фаннинг ривожи янги-янги луғатларни тузишни тақозо қилади. Шу жиҳатдан Д.Худойберганованинг “Лингвокультурологик терминларнинг қисқача изоҳли луғати” (Тошкент, 2015), А.Мадвалиев ва ҳаммуаллифларининг “Халқаро терминэлементларнинг изоҳли-иллюстратив луғати” (Тошкент, 2020), Р.Шукуровнинг сўз вариантларига бағишланган “Ўқув луғати” (Тошкент, 2020), Нафиса Садинованинг “Иш юритиш терминларининг қисқача изоҳли луғати” (Тошкент, 2020), Н.Маҳмудов, Ш.Кўчимов ва Н.Шариповаларнинг “Юридик терминларнинг русча-ўзбекча луғати” (Тошкент, 2021)ни соҳавий лексикографиянинг жиддий ютуғи сифатида баҳоласа бўлади.
Миллатлар, халқлар бири иккинчиси билан доимий ҳамкорликда бўлганидек тиллар ҳам ана шундай ҳамкорликни бошдан кечиради. Ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий ва бошқа соҳалардаги халқаро муносабатларни яхшилашда, шубҳасиз, ҳамкор миллат тилини, маданиятини ўрганиш, ўргатиш муҳим. Таржима луғатлар ана шу жараёнларнинг лисоний ҳаракатлантирувчиларидир. Истиқлол даври луғатчилигининг айни жабҳасида ўзбек тилини инглиз, рус, испан, немис, француз, хитой, араб каби тиллар билан қиёсланган салмоқли луғатлар тузилди ва бугун ҳам бу жараён давом этмоқда. Бу жараёнда олий таълим ҳамда Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг Н.Иброҳимов, Н.Маҳмудов, А.Мадвалиев, Б.Юсуфов сингари тилшунослари ҳамкорликда ўзбекча-арабча, ўзбекча-русча, ўзбекча-туркча луғатларни туздилар. Хусусан, 1993 йилда Б.Юсуфовнинг 14 мингни сўзли “Туркча-ўзбекча ва ўзбекча-туркча луғат”и, шу йили Н.Маҳмудов ва Эртуғрул Йаманнинг 13 минг сўзли “Туркча-ўзбекча ва ўзбекча-туркча луғат”и нашр қилинди. Шунингдек, Б.Юсуфов 1994 йилда “Турк тилининг терс луғати”ни, 2009 йилда “Туркча-ўзбекча “алдоқчи сўзлар” луғати” чоп эттирди. Мазкур луғатлардан бугун ўзбек тилини турк тили билан қиёсий ўрганишда фойдаланилмоқда.
Бугун ҳам ўзбек лексикографияси олдида бир қатор долзарб масалалар турибди. Масалан, мавжуд синонимлар, омонимлар, антонимлар луғатларини тўлдириш, ўқувчилар учун алоҳида филологик луғатлар яратиш, тилшунослик терминларининг энциклопедик луғатини тайёрлаш миллий лексикографиямизнинг галдаги вазифаларидандир, чунки ўзбек тилининг давлат тили сифатида амалиётга тўла татбиқ қилинишида айни луғатларнинг хизмати жуда жиддий. Шу жиҳатдан луғатларнинг янги авлодларини яратиш давлатнинг тил билан боғлиқ тадқиқотларни ривожлантириш сиёсатида алоҳида ўрин тутади. Кейинги икки йилда эълон қилинган Президент фармонлари ва ҳукумат қарорида изоҳли, имло, терминологик ва таржима луғатларни яратиш муҳим вазифалар сифатида кўрсатилган.
ЎзФАнинг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти тилшунослари бугун ўзбек тилини кенг тарғиб қилиш, таълим тизими ва иш юритишда ўзбек тили имкониятларидан тўла фойдаланишга хизмат қиладиган луғатларни, ўқув-амалий тадқиқотларни яратиш устида иш олиб бормоқдалар. Масалан, 2020-2021 йилларда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” 2-нашри, “Давлат тилида иш юритиш” амалий қўлланмаси (кирилл ва лотин ёзувларида), “Ўзбек тили меъёрлари. Пунктуация”, “Ижтимоий-сиёсий терминларнинг изоҳли-иллюстратив луғати”, “Юридик терминларнинг русча-ўзбекча изоҳли луғати” тузилди ва улар Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти молиявий кўмаги билан чоп этилди.
Саводхонлик таълимнинг бош масалаларидан биридир. Бугун таълимнинг турли босқичларида ўқиётган ўқувчи-талабаларнинг саводхонлиги талаб даражасида эмаслиги она тили таъимининг асосий муаммоси сифатида тилга олинмоқда. Албатта, саводхонлик масаласини кўтаришда дарслик ва ўқув қўлланмалар билан бирга, луғатларнинг ҳам ўрни муҳим. Чунки таълим олувчи сўзларнинг имло қоидаларига мувофиқ, хатосиз ёзилишини имло луғатлари ёрдамида ўрганади. Тилдаги сўзларнинг маъноларини эса изоҳли луғатлар орқали билиб олади. Ана шу ҳаётий зарурат ва таълимий эҳтиёжни англаган ҳолда А.Мадвалиев ва Ё.Одилов томонидан мактаб ўқувчилари ва талабалар учун “Ўзбек тилининг ўқув имло луғати” нашрга тайёрланди. 25000дан ортиқ сўзнинг тўғри ёзилишини кўрсатишга мўлжалланган мазкур луғатда кундалик ҳаётда фаол қўлланадиган, таълим жараёнида ишлатиладиган сўзлар қамраб олинди. Имловий саводхонлик борасидаги ишларни умуммиллий миқёсда яхшилаш мақсадида институт тилшунослари томонидан “Ўзбек тилининг катта имло луғати” қайта нашрга тайёрланди ва унда ўзбек тилидаги 90000 га яқин сўзнинг имло қоидаларига мувофиқ шакллари берилган. Ушбу имло луғати 2013 йилда кирилл ва лотин ёзувида чоп қилинган луғатнинг тўлдирилган, такомиллаштирилган варианти бўлиб, унда ўзбек тилининг ўз сўзлари ҳам, тилимизга янги кириб келган ва ўрнашган сўзлар ҳам қамраб олинган, луғатда ўтган 25 йиллик муддат давомида ўзбек-лотин ёзуви бўйича тўпланган тажрибалардан фойдаланилган.
Ҳозирги кунда институт тилшунослари “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ни ўзбек-лотин ёзувида такомиллаштиришдек катта лойиҳа устида меҳнат қилмоқда. Табиийки, ушбу луғат аввалги нашрларни такрорламайди. Хўш, изоҳли луғатнинг ўзбек-лотин алифбосидаги нашрида нималарга эътибор берилмоқда?
Биринчидан, луғат сўзлиги кенгайтирилмоқда. Яъни аввалги нашрларга кирмай қолган сўзлар, иборалар аниқланиб, уларнинг маънолари изоҳланмоқда. Шунингдек, кейинги йилларда тилимизга кириб келган янги ўзлашма сўзлар лингвистик экспертизадан ўтказилиб, лексикографик изоҳ берилмоқда. Луғат сўзлигини кенгайтиришда шева материалларидан, этнографизм ва фольклоризмлардан ҳам фойдаланилмоқда. Албаттаки, шева сўзларини изоҳли луғатга жалб қилишда мавжуд лексикографик тартибларга риоя қилинади. Хусусан, изоҳли луғатга қабул қилинаётган шева сўзи бир- икки ҳудуд шеваси бўлмаслиги, жуда тор доирада қўлланмаслиги, аксинча, бир неча шеваларда мавжуд бўлиши ҳамда ёзма манбаларда учраши керак.
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га киритилаётган сўзларни иккига ажратиш мумкин: 1) тилимизда аввал ҳам бор бўлган, бироқ луғатга кирмай қолган сўз ва иборалар; 2) тилимизда янги пайдо бўлган сўз ва иборалар.
Тилимизда аввалдан бўлгани ҳолда луғатга кирмай қолган сўзлар сифатида ҳилол сўзини келтириш мумкин. Луғатда ҳилол сўзи “янги чиққан ой” маъносини ифодалайдиган сўз сифатидагина изоҳланган. Ҳозирги ўзбек тилида шундай номдаги қуш ва ўсимлик бор. Диққат қилинса, ҳилол шаклли 3 та сўз юзага келмоқда. Шуни ҳисобга олиб, ушбу сўзлар омонимлар сифатида қуйидагича изоҳланди: HILOL I 1Yangi chiqqan oy. 2 Hilol (erkaklar va xotin-qizlar ismi) HILOL II Tog‘da yashab, tunda sayraydigan, chipor rangli qush. HILOL III Hiloldoshlar oilasiga mansub ildizpoyali, ko‘p yillik o‘simlik; salomalaykum.
Шунингдек, биргина ҳ ҳарфи бўйича hakaklamoq, haramza, hakaltayoq, hakarkovush, hallozilik, hamdo‘zi, hamguzar, hamishalik, hap-hap, haptakach, haptakach, hasayni, hilmlik, hisobvaraq, hisobraqam, hiq-hiq, hindu, horiqulodda, hoyu havas, hozir-u nozir, hovli-haram, hovli-tuz, hovar, hoqon, hojirayhon, hojiya, hududiy, hurparvar, hunarpesha каби сўзлар қўшилди, уларга лексикографик изоҳлар берилди ва иллюстратив мисоллар билан маънолари далилланди.
Такомиллаштирилаётган луғатдан халқ тилида аввалдан қўлланиб келган, аммо қайсидир сабаб билан ёки иллюстратив мисол топилмаганлиги туфайли кирмай қолган ёки киритилмаган турғун бирикмалар ҳам жой олмоқда. Бундай турғун бирикмаларга мисол қилиб havoyi jahon, haq bermoq, hayotdan orqada qolmoq, hisob kuni, paytini topmoq, xol tortmoq, xol tashlamoq кабиларни келтиришимиз мумкин. Масалан, havoyi jahon бирикмаси луғатда шундай изоҳланди: Havoyi jahon. ayn. Havo, ob-havo. Yо tavba, shuncha bulut qayerda turganakan-u havoyi jahon qachon aynib ulgura qoldi?! M.Mansur, Judolik diyori.
Маълумки, синоним сўз ва иборалар ҳар бир тилнинг кучини, ифода имкониятларини кўрсатади, қолаверса, тилнинг яшаш шакллари бўлган расмий, илмий, публицистик ва бадиий услубларнинг ривожланганлиги, исталган фикрни исталган услубда ифодалаш мумкинлиги ҳам тилнинг синонимик фондининг бойлиги, адабий меъёрларнинг шаклланганлиги билан белгиланади. Институтда навбатдаги лойиҳа - “Ўзбек тили синонимларининг катта изоҳли луғати” ҳамда “Ўзбек тили синонимларининг изоҳли луғати”ни тузиш ана шу мақсад-муддао билан бошланган. Синонимлар тавсифига бағишланган ҳар икки луғат маънодош сўзларнинг қамровига кўра аввалги синонимлар луғатидан фарқ қилади. Унда тилимизда юзага келган янги синонимик қаторлар аниқланади ва изоҳланади. Шунингдек, аввалги синонимлар луғатида ўша давр мафкураси талаби билан бош сўз сифатида изоҳланган, аммо аслида ундай бўлмаган сўзларнинг бош сўзлик мақоми ўзгартирилади. Сўзларнинг услубий фарқланишига кўра маъно нозикликларига жиддий эътибор қаратилади, янги иллюстратив мисоллар билан бойитилади.
Умуман, институтда бажарилаётган ишлардан кўзланган пировард мақсад она тилимизни бойитиш, унинг давлат тили сифатидаги ролини ошириш ва шу орқали давлатнинг миллий тил сиёсатига кўмаклашишдир.