РЕЖА:
15.1. Ирода ҳақида тушунча
15.2. Ирода ҳақидаги назариялар. Иродавий акт ва унинг тузилиши
15.3. Иродавий ҳаракатлар ва уни бошқариш. Шахснинг иродавий сифатлари.
15.4. Ироданинг индивидуал хусусиятлари, иродани тарбиялашнинг психологик асоси ҳақида қисқача хулоса. Амалий тавсиялар
Таянч сўз ва иборалар:
Ирода, эҳтиёж, иродавий ҳаракатлар, ихтиёрий ҳаракат, ихтиёрсиз ҳаракат, қарорга келиш, қарорни ижро этиш, иродавий зўр бериш, ирода кучи, иродавий сифатлар, ташаббускорлик, дадиллик, қатъиятлилик, ўзини тута билиш
15.1. Ирода ҳақида тушунча
Маълумки, инсоннинг эҳтиёжлари ижтимоий тўзум шакллари тараққиётига қараб ўзгаради. Шу боис ўз эҳтиёжларини қондириш учун инсон ҳаракат қилади. Шахс ўз ҳаракатлари ёрдами билан муҳитга мослашади ва ундан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланади. Лекин шу билан бирга одам муҳитни ўз эҳтиёжларига мувофиқлаштириб ўзгартиради, қайта қуради ва ўзига мослаштиради.
Одамнинг шахс сифатидаги фаоллик хусусияти шундан иборатки, ўз эҳтиёжларини қондиришга ёрдам берадиган ҳаракатлари инстинктив ҳаракатлар эмас, балки асосан оқилона, онгли ҳаракатлардир. Бу онглилик шундан иборатки, одам олдиндан бирон-бир мақсадни кўзлаб ҳаракат қилади, шу мақсадга етишиш учун ёрдам бера оладиган воситали йўл ва усулларни олдиндан қидириб топади, тўсқинлик ва қийинчиликларни енгиш учун онгли равишда куч-ғайратини ишлата олади.
Одам фақат ўзига хос маданий-ижтимоий эҳтиёжларини қондиришдагина эмас, балки, табиий-биологик эҳтиёжларини қондиришда ҳам онгли ва оқилона равишда иш тутади.
Одам теварак - атрофдаги нарсаларни ўзгартириб ўзига мослаштирар экан, янгилик яратади, ижод қилади, шу янгиликни теварак-атрофдаги воқеликка қўшади, воқеликни ўзгартиради ва тўлдиради. Умуман одам ҳар доим ҳаракат қилмасдан тура олмайди. Ана шу жиҳатдан олганда одамнинг барча ҳаракатларини икки туркумга бўлиш мумкин. Улардан биринчиси ихтиёрсиз ҳаракатлар бўлса, иккинчиси ихтиёрий ҳаракатлардир.
Одамнинг ихтиёрсиз ҳаракатлари қатъий бир мақсадсиз, кўпинча импулъсив тарзда, яъни рефлектор тарзда юзага келади. Масалан, йўталиш, акс уриш, кўз қовоғини очиб юмилиши ва шу кабилар. Бу ҳаракатларни одам олдиндан ўйлаб режалаштирмайди. Ихтиёрсиз ҳаракатлар ҳар қандай шароитда юз бериши мумкин. Ихтиёрсиз ҳаракатлар баъзан, одамнинг ақлий фаолиятлари билан ҳам боғлиқ бўлади. Чунончи, ихтиёрсиз идрок, ихтиёрсиз диққат, ихтиёрсиз эсда олиб қолиш, ихтиёрсиз эсга тушириш ҳолатлари ҳам бўлади. Бундай ҳолларда одамнинг ихтиёрсиз ҳаракатлари идрок қилинаётган нарсанинг бошқа нарсалардан кескин фарқ қилиши ёки одамнинг қизиқишлари, эҳтиёжлари билан бевосита боғлиқ бўлади.
Ихтиёрий ҳаракатлар ирода билан боғлиқ бўлган ҳаракатлардир. Ихтиёрий ҳаракатлар олдиндан белгиланган мақсад асосида тўла онгли равишда амалга ошириладиган ҳаракатлардир. Лекин ихтиёрий ҳаракат деганда, фақат жисмоний ҳаракатлар эмас, балки, ақлий ҳаракатлар ҳам тушунилади. Шундай қилиб, ирода тушунчасига нисбатан адабиётларда турлича таърифлар учрайди. Жумладан, А.В.Петровский дарслигида ирода – бу кишининг ўз олдига қўйган мақсадларига эришишида қийинчиликларни енгиб ўтишга қаратилган фаолияти ва хулқ-атворини онгли равишда ташкил қилиши ва ўз-ўзини бошқариши демакдир, деб таърифланади. Қ.Турғунов муаллифлигидаги луғатда таърифланишича, ирода – шахснинг онгли ҳаракатларида, ўз-ўзини билишида ифодаланадиган, айниқса мақсадга эришиш йўлида учрайдиган жисмоний ва руҳий қийинчиликларни енгиб чиқишда намоён бўладиган ихтиёрий фаоллигидир. М.Воҳидов фикрича, ирода деганда биз олдиндан белгилаган, қатъий бир мақсад асосида амалга ошириладиган ва айрим қийинчиликларни, тўсиқларни енгиш билан боғлиқ бўлган ҳаракатларни тушунамиз.
Ирода - бу ташқи ва ички қийинчиликларни енгишни талаб қиладиган қилиқларни ва ҳаракатларни инсон томонидан онгли бошқарилишидир. Умуман олганда ирода шахс фаоллигининг кўриниши ҳисобланади. Шу боис унинг юзага келиши бир қатор ҳаракатларни амалга оширилиши билан изоҳланади. Иродаий ҳаракат босқичлари мақсад ва унга эришишига интилиш, мақсадга эришиш имкониятларини топиш, мотивларнинг пайдо бўлиши ва имкониятларни мустаҳкамлаш, мотивлар кураши ва танлаш, бир фикрни қабул қилиш, қабул қилинган қарорни амалга ошириш орқали шакллантирилади.
Иродавий ҳаракатларда ҳар доим мақсад аниқ бўлади. Одам ўз олдига қўйган мақсадидан келиб чиқадиган натижаларни ҳам олдиндан тасаввур эта олади. Ана шунинг учун ҳар қандай қийинчиликларни енгиб бўлса ҳам мақсадини амалга оширишга интила боради. Масалан, одам бирор иморат солаётган пайтда охирги натижа қандай бўлиб чиқишини жуда яхши тасаввур этади ва шунинг учун қандай қийинчиликлар бўлса ҳам енгиб ишни давом эттира беради. Ёки талаба университетнинг биринчи курсига кирганда қандай мутахассис бўлиб чиқишини яхши билади ва шунинг учун барча қийинчиликларга чидаб ўқишни давом эттира беради.
Умумий иродавий фаолиятни ёки алоҳида актни амалга оширишнинг муҳим ҳусусиятларидан бири амалга оширилаётган ҳаракатларнинг эркин эканлигини англашдан иборатдир.
Одамнинг иродавий ҳаракати тўла-тўкис детерминизмга, яъни сабабий боғланиш қонунига бўйсунади. Шу билан бирга иродавий фаолиятнинг бевосита сабаблари шароитида иродавий ҳаракатларни белгилаб берадиган турли-туман ҳаётий шароитлар бўлиши мумкин.
Одамнинг иродавий фаолияти объектив жиҳатдан боғлангандир. Иродавий фаолиятнинг муҳим хусусиятларидан бири, иродавий ҳаракатларни одам ҳамма вақт шахс сифатида амалга оширади. Худди мана шунинг билан боғлиқ равишда иродавий харакатлар одам тўла равишда жавоб берадиган иш сифатида бошдан кечирилади. Иродавий фаолият туфайли шахс кўп жиҳатдан ўзини маълум шароитда англайди, ўз ҳаёт йўли ва тақдирини ўзи белгилаши мумкин.
Ироданинг энг муҳим хусусияти унда фаолиятни амалга оширишнинг пухта ўйлаб чиқилган режанинг мавжудлигидир. Аввалдан режалаштирилмаган хатти-ҳаракатларни иродавий ҳаракат деб бўлмайди. Шу билан бирга ирода аввалдан мавжуд бўлмаган, лекин фаолиятни натижасига эришишдан сўнг ҳосил бўлиши мумкин бўлган қониқишга бутун эътиборини қаратишдан иборатдир.
Кўп ҳолларда ирода вазият ёки қийинчилик устидан ғалаба қозониш эмас, балки ўз-ўзини енгиш ҳамдир. Бу айниқса, мувозанатсиз, ҳиссий, қўзғалувчан, суст кишиларга хос бўлиб, ўзларининг табиий характерологик хусусиятлари билан курашишга тўғри келади.
Ҳеч бир муаммо ироданинг иштирокисиз ҳал этилмайди. Инсон кучли иродасиз катта муваффақиятга эриша олмайди. Одамзод бошқа тирик мавжудотлардан ўзининг онги ва ақли билангина эмас, балки иродасининг мавжудлиги билан ҳам ажралиб туради.
15.2. Ирода ҳақидаги назариялар. Иродавий акт ва унинг тўзилиши
Иродавий яъни ихтиёрий ҳаракатларнинг нерв – физиологик асосида бош мия катта ярим шарлари пўстлоғининг шартли рефлекслар ҳосил қилишдан иборат бўлган мураккаб фаолияти ётади. Иродавий ҳаракатлар ҳар доим тўла онгли ҳаракатлар бўлгани учун бош мия пўстлоғида юзага келадиган оптимал қўзғалиш манбалари билан ҳам боғлиқ бўлади. Бу ҳақда академик И.П.Павлов шундай деб ёзган эди: “Менинг тасаввуримча, онг айни шу чоғда худди шу шароитнинг ўзида маълум даражада оптимал (ҳар ҳолда ўртача бўлса керак) қўзғалишга эга бўлган бош мия катта ярим шарларининг айрим жойларидаги нерв фаолиятидан иборат “.
Бундан ташқари иродавий ҳаракатлар онгли ҳаракатлар сифатида иккинчи сигналлар тизимининг фаолияти билан боғлиқдир. Маълумки, одам айрим ножўя ҳаракатлардан ўзини сўзлари орқали (яъни ўзига-ўзи панд- насиҳатлар қилиш ёки тарбия бериш орқали ) ушлаб қолади. Шунинг учун иродавий, ихтиёрий ҳаракатларни амалга оширишда иккинчи сигналлар тизимининг роли жуда каттадир. Ана шу сабабдан бўлса керак академик И.П.Павлов иккинчи сигналлар тизимига баҳо бериб, бу сигналлар тизими инсонлар ҳулқ-атвори ва ихтиёрий ҳаракатларининг юксак бошқарувчисидир-” деган эди. Шуни ҳам айтиш керакки, ирода иккинчи сигналлар тизими биринчи сигналлар тизимига асосланган ҳолда ишлайди. Агар иккинчи сигналлар тизими ўз фаолиятида биринчи сигналлар тизимига асосланмаса, одамнинг акс эттириш жараёни маълум бир тизимли, маъноли бўлмайди. Иккинчи сигналлар тизими биринчи сигналлар тизимига асосланиши билан бирга унинг фаолиятини бошқариб, назорат қилиб туради. Демак, иродавий, ихтиёрий ҳаракатларда иккинчи сигналлар тизими билан бирга биринчи сигналлар тизими ҳам иштирок этади.
Иродавий ихтиёрий ҳаракатларни амалга оширишда нерв тизимининг умумий нормал ҳолати ҳам жуда катта аҳамиятга эгадир. Масалан, ўзоқ давом этадиган қаттиқ касалликдан сўнг нерв тизими ниҳоятда мадорсизланиб, одамнинг иродаси бўшашиб кетади. Одам бирор ишдан қаттиқ чарчаган пайтда ҳам нерв тизими заифлашиб, иродаси бўшашиб кетади. Ана шунинг учун ироданинг мустаҳкамлигини таъминлаш мақсадида одам вақти – вақти билан дам олиб туриши керак.
Иродавий акт ва унинг тўзилиши
Ихтиёрий ҳаракатнинг дастлабки бошланғич нуқтаси ҳаракат мақсадининг вужудга келиши ва шу мақсаднинг ўртага қўйилишидир.
Мақсад-кишининг шу пайтда маъқул ёки зарур деб топган иш ҳаракатини тасаввур этиш демакдир. Масалан, инсон педагогика университетига кириб ўқишни зарур деб топди ёки вилоятга иш билан бориб келиш зарурлигини тушунди, дейлик. Буларнинг ҳаммасида кишининг мақсади ўз- ўзидан зоҳир бўлаётганга ўхшайди, баъзан эса бу мақсад бир қадар фикр юритиш натижасида юзага келади.
Мақсадни тасаввур қилиш одатда шу мақсадга эришиш истагини ва зарур ишни амалга ошириш билан боғлиқ бўлиб, у қуйидагича ифодаланиши мумкин.
Хатти-ҳаракатдан кутилган мақсад турлича равшанликда тасаввур этилиши мумкин. Мақсад қанча равшан бўлса, унга етишиш йўлидаги интилиш ҳам шунча муайян бўлади.
Мақсад кўзлаш кишининг аввало шахсий (биологик ва маданий руҳий) эҳтиёжларига боғлиқ. Кўпинча кишининг мақсад кўзлаши ва бирон-бир нарсага интилиши теварак-атрофдаги табиий вазиятга, ёки худди шу пайтда киши яшаётган жамиятга боғлиқ бўлади. Масалан, киши қийин аҳволга тушиб қолса, шу аҳволидан бир амаллаб қутилишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Киши шу вазиятни маълум даражада ўзгартириш, бир нимага барҳам бериш, бир нима қилиш, бир нима кўриш ва шу каби мақсадни ўз олдига қўя олади. Киши жамоат тартибини биров бўзаётганлигига бевосита гувоҳ бўлиши ва тартиб бўзувчиларга қарши кураш учун шу онда қандайдир чоралар кўришни мақсад қилиб қўйиши мумкин.
Кишида келиб чиқадиган эҳтиёжлар дарров яққол тасаввур қилинадиган мақсад тарзида ҳосил бўла қолмайди. Кўнгилдан кечаётган эҳтиёж ва интилишлар турли даражада англаниши ва турлича тасаввур қилиниши мумкин. Масалан, келиб чиқадиган эҳтиёж ва интилишлар баъзан истак тарзида кўнгилдан кечади-киши ҳозирги аҳволдан норозилигини ҳис қилиб туради-ю, лекин қандай мақсадга етишилаётганини, бинобарин, шу мақсадга эришишга доир йўл-йўриқларни аниқ билмайди. Истак шундай ҳолатки, бунда одам ўзига алланима кераклигини ҳис қилиб туради-ю, бу нарсани нима эканлигини аниқлаб ололмайди, яъни уни тасаввур қилолмайди, фаҳмига етмайди. Бундай одамнинг ўзи баъзан “менга бир нарса керак, бир нарса етишмаяпти, аммо бу нарсанинг нима эканлигини ўзим ҳам билмайман” деган гапни кўнгилдан ўтказади. Бошқа кишилар тўғрисида ҳам: “нима истаётганини ўзи билмайди” деймиз.
Истак пайтида киши қандай мақсадга интилаётганини бу мақсадга эришишнинг йўл-йўриқларини англаб етмас экан, демак, истакни бевосита амалга ошириш ҳам мумкин эмас.
Эҳтиёж кўнгилдан кечиб, мудом кучайган шу эҳтиёжни қондиришга интилиш мақсади ҳам англанила бошлайди. Бундай англанилган эҳтиёжлар тилак-ҳаваслар деб аталади. Аммо одам ўз интилишларининг мақсадини тасаввур қилганда ҳам шу мақсадга етишиш йўллари ва воситаларини ҳали тасаввур қила олмаслиги мумкин. Бундай тўла англанилмаган интилишлар (тилак, ҳавас) баъзан зўр хаёл суриш билан, баъзан эса чексиз орзу билан боғлиқ бўлади. Баъзан (хаёлпараст инсонларда) бундай тилак ҳаваслар кўнгилдан кечириш орқали орзу (фантазия) доирасида қолиб кетаверади. Хилма-хил тилак ҳаваслари тўлиб-тошган кишилар ҳам мавжуд. Бу кишилар доимо хўрсинадилар, армон қиладилар, ўзларини ҳам теварак-атрофдаги кишиларни ҳам танқид қиладилар. Бу кишилар кўпинча яхши орзулар қилишади-ю, амалда кам фаолият кўрсатишади ёки бутунлай фаолият кўрсатишмайди.
Ҳаракат йўллари, усуллари топилиб одам уларни тасаввур қилаётган экан, демак эҳтиёжни қондиришга интилиш тамомила англанинилади, одамнинг тилак-ҳаваси эса бир нарса бўлиб қолади. Бундай интилиш ҳолати баъзан ҳохиш деб аталади. Киши бирор ишни қилмоқчиман, фалон ишни бажармоқчиман, ўқишга кирмоқчиман ва ҳоказо деб гапирар экан бунинг маъноси шуки, мазкур киши ўз интилишларининг мақсадини ва шу мақсадга етиш воситаларини англаш, тасаввур қилиш ва билиш билангина чекланиб қолмай, мақсадга етиш мумкинлигини, маълум бир йўлдан иш кўришга тайёрлигини ва қилинадиган ҳаракатларининг оқибатини кам англайди.
Шундай кишилар борки, уларда муайян тилак-ҳаваслар тарзида тамомила англанилган интилишлар доимо катта ўрин тутади. Бундай кишилар ўзларига нималар кераклигини, нимани ҳохлаётганликларини, нима иш қилмоқчиликларини ва уни қандай бажариш кераклигини ҳамиша биладилар. Бундай кишилар ўз олдиларига ҳамиша аниқ мақсад қўядилар ва шу мақсадга яраша иш кўрадилар. Бундай кишиларни маълум мақсадни кўзлайдиган кишилар дейилади. Маълум мақсадни кўзлаш кишининг ижобий сифатидир. Бу сифатни тараққий эттириш, иродани тарбиялаш ва ўз–ўзини тарбиялашнинг вазифаларидан биридир.
Ҳар бир кишининг англаб, билиб, кўнгилдан кечирадиган эҳтиёжлари кўп, унинг вазифалари ва интилишлари ҳам кам эмас. Шунинг учун кишида хилма-хил мақсадларда доимо зохир бўлиб туради ва бу мақсадларни рўёбга чиқариш истаги туғилади. Ҳар бир кишида амалий ва назарий вазифалар вужудга келиб туради ва ана шу вазифаларни ҳал этиш керак бўлади. Баровар амалга ошириб бўлмайдиган бир неча мақсад келиб чиққанда, қандай бўлмасин фақат биттасини танлаб олиб бошқа мақсадларни қўйиб туришга тўғри келади. Қайси мақсадни олдинроқ, бошқасини эса кейинроқ амалга ошириш масаласини ҳал қилишга тўғри келади. Баъзи мақсадларни эса қўйиб туришга тўғри келади.
Баъзан шундай ҳам бўладики, киши олдида бир-бирига зид келадиган бир нечта мақсад кўндаланг туради ва шу мақсадлардан бирини танлаб олиш шарт бўлади. Масалан, йигит ёки қиз мактабни тугатиб, олий ўқув юртига кириб ўқисам, деган масалани ҳал этаётганда турли мақсадлар ва уларга етиш йўллари деган мақсадлар ўртасида ички қарама-қаршилик, ички “кураш” рўй бериши мумкин.
Мақсад қўйиш билан бир вақтда ёки ундан кейин шу мақсадга қайси йўл, усул ва воситалар билан енгиш масаласи келиб чиқади.
Кундалик турмушимизда ёки фаолиятимизда мақсад қўйиш билан бирга уни амалга ошириш усуллари дарров англанади. Шунинг учун бу ерда мақсад қўйиш билан тўппа-тўғри ҳаракат бошланиб кетиши мумкин. Масалан, киши қўлига қалам олишни ҳохласа, уни бемалол олиши мумкин, ухлагиси келса ётади ва ҳоказо. Оддий ихтиёрий ҳаракатлар шу билан таърифланади. Аммо янги мақсадларни қўйишда ўша мақсад усулларини қидириб топиш, тасаввур қилиш ва ўйлаб кўришга тўғри келади. Бу ерда мақсад битта бўлгани ҳолда унга бир неча йўл ва усул билан етишиш мумкин. Қандай бўлмасин энг яхши йўл ва усулни танлаб олишга тўғри келади. Айрим ихтиёрий ҳаракатларнинг мураккаблиги шулар жумласидан келиб чиқади.
Бир неча мақсад кўнгилга келиб, шулардан бирига турли йўл ва усуллар билан эришиш мумкин бўлса, киши муайян бир мақсадни танлаб олиши ва шу мақсадга етиш учун муайян энг мувофиқ йўлни танлаб олиши керак. Шунга кўра, ижтимоий меҳнат фаолиятда ҳам, касб-корда ҳам, шахсий ишларда ҳам, бошқа кишиларга бўлган муносабатда ҳам киши ўз интилишларини ва ихтиёрий ҳаракатларини олдиндан режалаштиради.
Режалаштириш мураккаб ақлий фаолият бўлиб, аниқ, муайян ва равшан мақсадни белгилаш, шунингдек шу мақсадга етиш учун энг тўғри усул ва воситаларни қидириб топишдан иборат. Режалаштириш жараёнида мумкин ва зарур бўлган ҳамма ҳаракатлар, мумкин бўлган қийинчиликлар ва тўсиқлар ҳисобга олинади, иш-ҳаракат натижаларига дастлабки баҳо берилади. Одам асосий режага эга бўлган бир қарорга келиши, мақсадига етишиши мумкин.
15.3. Иродавий ҳаракатлар ва уни бошқариш. Шахснинг иродавий сифатлари.
Ирода-аввало кишининг ўзини қўлга ола билиши, ўз интилишлари, ҳиссиётлари ва эҳтиросларини боса билиши демакдир. Ирода кишининг ўз- ўзини идора қила олиши, ўз хулқи ва фаолиятини англаб, билиб тартибга солиш ва бошқара олиш қобилияти демакдир.
Кишининг ички тўсиқларни енга олиш, ўзини бошқариш ва ўз устидан ҳукмронлик қила олиш қобилияти одатда ички ирода деб юритилади. Киши иродавий зўр бериш йўли билан теварак-атрофдаги воқеликда учрайдиган ташқи тўсиқларни енгиши зарур бўлади. Киши ўз олдига қўйилган мақсадни амалга оширишга қаршилик қилаётган тўсқинликларни енгиб ўтади, воқеликни ўз мақсадига мувофиқ равишда ўзгартиради ва уни ўз эҳтиёжларига мослаштиради. Инсоннинг тўсиқларни, ташқи қийинчиликларини енга олиш қобилияти ташқи ирода деб аталади.
Аммо иродани фақат шартли равишда ички ва ташқи деб иккига бўлиш мумкин. Инсон иродаси битта, лекин у ташқи оламдаги ўзгартириш ва бошқаришга қаратилиши билан бирга шахсий, субъектив ҳолатларни ва жараёнларни бошқаришга қаратилиши ҳам мумкин. Модомики, шундай экан, ташқи тўсқинликларни енгиш ички тўсқинликларни енгиш билан чамбарчас боғлиқдир.
Инсон ташқи оламга таъсир этар экан, ташқи олам ҳодисаларини бошқариш билан бир вақтда ўзини, ўз организмини, қўл-оёқ мускулларини ҳам бошқаради, уларнинг таранглигини кучайтиради ёки сусайтиради; уларнинг ҳаракатларини уйғунлаштиради, бутун организмнинг мослашиш вазиятини вужудга келтиради ва зарур пайтда бу вазиятни ўзгартиради ва ҳакозо. Шу билан бирга ихтиёрий ҳаракатлар, асосан меҳнат фаолиятида одамнинг ихтиёрий фаоллик кўринишларини тўхтатиб ва босиб туришга тўғри келади. Шунинг учун одамнинг иродавий зўр бериши ва ихтиёрий ҳаракатлари ташқи тўсқинликларни енгишга қаратилиши билан бир вақтда организмнинг ички аҳволини ҳам ўзгартиради. Инсон теварак-атрофдаги воқеликни ўзгартирар экан, ўзини-ўз вужудини ҳам ўзгартиради.
Иродавий ҳаракатлар бажарилгандан кейин уларга баҳо берилади. Қарор ижро этилгандан кейин, баъзан эса қарорни бажариш жараёнида ҳам кўпинча ҳаракатларга баҳо бериш, қарорни қандай ижро этилганлигига баҳо бериш керак бўлади. Қарорни ижро этиш юзасидан қилинган баҳо бериш қабул қилинган қарорни ҳамда қилинадиган ишни маъқуллаш, оқлаш ёки қоралашдан иборат бўлади. Бу баҳо қабул қилинган қарор ёки бажарилган ҳаракатлардан мамнун бўлиш ёки мамнун бўлмаслик туфайли келиб чиққан махсус ҳиссий кечинмаларда ифодаланади. Салбий баҳо кўпинча қилинган ишларга пушаймон бўлиш, ачиниш, уялиш ва афсусланиш каби ҳислар туғилишига сабаб бўлади. Қилинаётган ёки қилинадиган ишларга бериладиган баҳо қабул қилинган қарорни ёки бажарилган ҳаракатларни маъқулловчи, оқловчи ёки қораловчи махсус ҳукмларда ифодаланади.
Кишининг характерини таърифлаганимизда фалон киши дадиллик қилди, рост гапирди демасдан, балки бу одам дадил, ростгўй, тўғрисўз деб атаймиз. Бунинг маъноси шуки дадиллик ва ростгўйлик, тўғрисўзлик шу одамнинг хусусиятларидир, характер хислатларидир, тегишли шароитда бу киши дадиллик, ростгўйлик, тўғрисўзлик хислатларига эга эканлигини намоён қилди деб айтамиз. Киши характерини, хислатларини билиб олгач, унинг бирон иш-ҳаракатда қандай йўл тутишини анча аниқ билиб оламиз, олдиндан айтиб бера оламиз.
Ирода кучи ва характер қатъияти. Ирода маълум куч билан юзага чиқади: баъзи ҳолларда кишининг иродаси кучли суръатда намоён бўлса, бошқа ҳолларда кучсиз намоён бўлади.
Ирода кучи ироданинг муҳим сифатидир. Ирода кучининг турли даражаси иродавий жараённинг ҳамма босқичларида кўринади. Ирода кучи аввало эҳтиёжларни ҳис қилишда ва интилишда кўринади, биз кучли ҳамда кучсиз интилишларни, кучли ҳамда кучсиз ҳохишларни фарқ қиламиз.
Ирода кучи равшан ва аниқ мақсад қўйишда, шунингдек мазкур мақсадга етишишга ёрдам берадиган йўл, восита ва усулларни очиқ тасаввур қилишда намоён бўлади. Бу очиқ равшанлик даражаси эса кишининг турмуш тажрибасига, билимига ва умумий савиясига боғлиқ. Аниқ мақсад қўйишда инсон тафаккури ва айниқса реал хаёллар (фантазия) нинг тараққий этиши хусусиятлари катта ролъ ўйнайди.
Ирода кучи тезлик билан қарорга кела олишда ва қарорни мустаҳкамлигида, саботлиликда кўринади. Юксак ғоявий тамойилларга асосланган оқилона қатъиятлик ва саботлик кучли ирода белгиларидандир. Қатъиятсизлик иккиланиш, қабул қилинган қарорнинг бажарилишига шубҳа билан қараш ва саботсизлик кучсиз ирода белгиларидандир.
Ирода кучи жасорат деб аталадиган дадилликда айниқса равшан кўринади. Жасорат кишининг шундай ҳолатики, бунда киши тез қарорга келади ва уни бажаришга аҳд қилади. Ҳатто саломатлигини ва ҳаётини хавф остида қолдириши мумкинлиги ҳаёлига ҳам келмайди. Жасорат кишининг бошқа кишиларга эмас, балки ўзига берган амридир. Киши аҳлоқий бурчининг талабига кўра, буюк мақсадга эришиш учун бир зумда ҳаёт билан ўлимдан бирини танлаб олса, бундай жасорат ирода кучи эканлигини кўрсатади.
Жасорат шундай қарорки, у гўё иш-ҳаракатга айланади. Бу иш-ҳаракат эса кучли зўр беришни талаб қилади. Характер хислати бўлган дадилликда одамнинг қанчалик пухта ўйлаб иш кўришига қараб, бу дадиллик махсус тусга киради.
Пухта ўйлаб иш кўришни ўзи юксак ғоявийликка ва кишининг ахлоқий тамойилларига асосланган тақдирда ижобий хислат ҳисобланади. Ўйлаб, шошмасдан бир қарорга келадиган кишиларни мулоҳазакор кишилар деб атаймиз.
Одатда ўзгарувчан айрим ҳислар кайфиятлар таъсирида тез бир қарорга келадиган характерли, дадил кишилар ҳам мавжуд. Булар ҳиссиётга бериладиган тасодифий кайфиятли кишилардир. Бундай кишилар одатда саботсизлиги, шошма-шошарлиги ва калта ўйлаши билан ажралиб турадилар.
Киши унча иккиланмасдан ўйлаб, эътибор билан тўғри бир қарорга келса ва шу қарорни дадил амалга ошира билса, дадиллик характернинг ижобий хислати бўлади.
Бир неча имкониятдан бирини танлаб олишга тўғри келадиган иш – ҳаракат бир қадар хавф-хатар билан боғланган бир мураккаб вазиятда дадиллик айниқса яққол кўринади. Қатъиятсизлик характернинг салбий хислатидир, қатъиятсизликда киши сустлик билан бир қарорга келади, қабул қилган қарорини кўпинча ўз вақтида бажармайди. Бундай одам қабул қилган қарори тўғрилигига шубҳаланади, турли имкониятлардан бирини танлаб олишда иккиланади, айниқса қиладиган иш-ҳаракатлари хавф-хатар билан боғланган бўлса, шундай аҳволга тушади. Шу сабабли қатъиятсиз кишилар кўпинча кам фаолликлари билан ажралиб турадилар ёки умуман пассив бўлиб, ялқов, танбал деган таассурот туғдирадилар.
Саботлилик дадилликка чамбарчас боғлиқ бўлиб, характернинг ижобий хислати ҳисобланади. Характернинг бу хислатига эга бўлган кишилар қабул қилган қарорларини одатда ўзгартирмайдилар, бекор қилмайдилар ва бу қарорларини бажармасдан қўймайдилар. Бу кишилар ваъдаларининг устидан чиқадилар, айтган сўзларини албатта қиладилар, уларнинг гапи билан иши бир бўлади. Уларга ишонса бўладиган субутли инсонлардир.
Қабул қилинган қарорларини кўпинча бекор қиладиган, берган ваъдаларини устидан чиқмайдиган, айтган сўзидан тонадиган кишилар субутсиз ҳисобланади.
Киши иродасининг кучи ва қатъияти характернинг иродага боғлиқ бўлган қайси хислатларида ифодаланган бўлса ўша хислатлар энг ёрқин хислатлардан ҳисобланади. Бу хислатлар ҳар бир кишининг характерида бир қадар намоён бўлади. Аммо ҳамма кишиларни ва ҳар қандай одамни иродаси кучли, характери кучли деб бўлмайди. Балки шу сифатлари билан бошқа кишилардан ажралиб турган одамларгина иродаси кучли, характери қатъий деб аталади. Ирода кучи ва қатъияти одамнинг ўзини тута билишида, жасурлигида, матонатида ва чидамлилигида намоён бўлади.
Ирода кучи қабул қилинган қарорни ўз вақтида бажаришда кўринади. Шунинг учун қарорни бажармаслик ёки унинг бажариш муддатини доимо пайсалга солиш, галдан- галга қолдиравериш, бошлаган ишини охирига етказа билмаслик ироданинг кучсизлиги аломатидир.
Лекин қабул қилинган қарорни бажариш ҳар қандай қилинган иш-ҳаракатнинг, ироданинг кучли эканлигидан дарак беравермайди. Ирода кучи асосан иродавий ҳаракатлар ёрдами билан қандай тўсиқлар енгилганига ва шу йўл билан қандай натижаларга эришилганлигига қараб аниқланади. Иродавий зўр бериш воситасида бартараф қилинадиган қаршилик ва қийинчиликлар даражаси ва характери ирода кучининг объектив кўрсатгичи бўлиб хизмат қилади.
Киши катта тўсқинликларни, қийинчиликларни, қаршиликларни иродавий зўр бериш ва иродавий ҳаракатлар ёрдами билан бартараф қилиб, зўр мувафаққиятларга эришса, бу киши иродаси кучли эканлигини кўрсатади.
Космоновтлар мислсиз ирода кучини бутун жаҳонга намойиш қилишади. Бу қаҳрамонлар космик парвозларга тайёрланиш даврида ҳам, парвоз пайтида ҳам ўз иродаларининг юксак сифатларини намойиш этадилар. Бу қаҳрамонлар кучли ирода ва унинг хилма-хил кўринишлари ўз характерининг асосий хислати бўлган кишиларнинг ёрқин мисолидир.
Киши иродасининг кучсизлиги унинг жуда арзимас тўсқинликларни ҳам бартараф қила олмаслигида кўринади. Масалан, баъзан киши бирон керакли хатни ёзишга ёки бирор зарур ишни бошлашга ўзини мажбур эта олмайди.
Ироданинг кучсизлиги одатда иродасизлик деб аталади. Қарорни бажариш жараёнидаги ихтиёрий иш-ҳаракатлардаги ирода кучи ўзини тута билишда, жасурлик, сабот ва матонат, чидам ва тоқатда намоён бўлади.
Ўзини тута билиш номидан ҳам билиниб турибдики, кишининг ўзини идора қила билиши ва ўзини қўлга ола билиши демакдир. Ўзини тута билиш кишининг олдига қўйган мақсадларига етишувида тўсқинлик қилувчи, иродасини бўшаштирувчи ички ҳолатларни енгишда кўринадиган кучли иродадир. Бундай ҳолатларга масалан, қўрқиш, ўз кучларига ишонмаслик, зерикиш, қайғуриш ҳисси киради. Бундай ҳолатлар кишини фаолият кўрсатмасликка рағбатлантиради ёки қўйилган мақсадларга қарама-қарши бўлган ғайри ихтиёрий ҳаракатларда ўз ифодасини топади. Бундай ҳолатлар ҳар кимда бўлади. Аммо одамнинг шахс сифатидаги хусусияти шундан иборатки, у ўзидан ана шу салбий ва кераксиз ҳолатларни ирода кучи билан ўзгартира олди ёки бартараф қила олади. Бу борада К.Д.Ушинский қуйидаги сўзларни келтириб ўтади: “Қўрқувни ҳис қилмасдан хавф-хатарга ўзини урадиган киши мард эмас, балки энг кучли қўрқувни ҳам боса оладиган ва қўрқув таъсирига берилмаган, хавф-хатарни ўйламайдиган киши марддир”.
Ўзини тута билиш киши характерининг хислати бўлиб, асосан ички ироданинг намоён бўлишидан иборат. Бу хислат кишининг ўз хулқ-атворини назорат қила билишда ўзини, ўз ҳаракатларини, нутқини қўлга ола билишида, шу шароитда кераксиз ёки зарарли деб қараладиган ҳаракатлардан ўзини тия билишида ифодаланади. Характер шу хислатига эга бўлган кишилар ўзларини қўлга ола биладилар. Улар ўзларини тута биладилар, улар уюшқоқ кишилардир.
Ўзини тута билмаслик ироданинг кучсизлигини яққол кўрсатувчи белгидир. Одам ўзини қўлга ола билмаганда ўз майлларини, ихтиёрсиз ҳаракатларини назорат қила олмаганда ғайри ихтиёрий фаоллик кўринишлари рефлекслар, инстинктлар, тасодифан кўнгилдан кечадиган ҳислар, қўрқув, ҳадик-шубҳа, гумон, ҳазаб, рашк, ичиқоралик, аффектив ҳолатлар ва шу кабилар киши иродасини бўғиб қўяди. Бундай ҳолларда одам ўзини тия олмай қолади.
Ўзини тия олмасликнинг энг ёмон кўриниши бўзуқликдир. Бўзуқлик бутунлай инстинктлар ва салбий эмоциялар таъсирида бўлиш демакдир.
Жасурлик кишининг омонлиги ва ҳаёти учун ҳавфли бўлган тўсқинликларни бартараф қилишда кўринадиган ирода кучидир. Масалан, парашютчи ҳар гал ўзини самолётдан ташлаганда жасурлик қилади. Жасурлик ўзини тута билишга чамбарчас боғлиқ. Жасурлик бор жойда ўзини тута билишлик мавжуд. Киши ўзини тута билса жасурлик қила олади. Бирон мақсадга етишиш йўлида мутассил жасурлик кўрсатиш, довюраклик жасорат дейилади.
Ўзининг ҳаёти учун хатарли тўсқинликларни енгишга доимо тайёр турган ва шундай тўсқинликларни енга оладиган кишиларни жасур кишилар деб атаймиз. Булар хавф-хатардан чўчимайдиган, характери кучли, довюрак, ботир кишилардир.
Жасурликнинг йўқлиги ироданинг кучсизлигини кўрсатади. Буни қўрқоқлик, номардлик деб атаймиз. Иродаси кучсиз бўлган бундай кишилар одатда қўрқоқ, юраксиз кишилар деб аталади. Сабот, матонат маълум мақсадга етишда кўпинча ўзоқ вақт давомида иродамизга таъсир этиб турувчи катта тўсқинлик ва қийинчиликларни бартараф қилишга тўғри келади. Ироданинг бундай кўриниши шахснинг энг муҳим сифати бўлиб, ирода кучининг яққоллигини кўрсатади.
Сабот, матонат – қандайдир бир аниқ мақсадни кўзлаб, мунтазам равишда иродавий зўр бериш демакдир.
Аммо кишиларнинг ҳаёти ва фаолиятида баъзан шундай ҳоллар ҳам бўладики, киши ўз олдига қўйган қандайдир зарур мақсадларни бажаришда етиб бўлмайдиган ёки кишига шундай бўлиб туюладиган тўсқинликларга учраб қолади. Бундай ҳолларда киши баъзан қабул қилган қарорни ўзгартиради, бекор қилади, у қийинчиликлардан қўрқиши ва ўз олдига қўйган мақсадидан воз кечиши мумкин. Баъзан шундай бўладики, талаба тўсатдан ўқишни ташлайди. Илгари танлаган эҳтиёжидан воз кечади, бошлаган ишини охирига етказмай, ўлда – жўлда қолдириб кетади.
Кутилган мақсадга етишда катта қийинчиликлар ва енгиб бўлмайдиган тўсиқлар бўлса, киши шу мақсадга етиши учун зарур йўл, восита ва усулларни ўзгартириб, янги усулларни қидириб топиши мумкин. Катта тўсқинликларни бартараф қилиб, ўзоқ қунт қилиб, мақсадга етишда кўринадиган бундай ирода кучи сабот - матонат деб аталади. Шундай ирода сифатига эга бўлган киши эса сабот-матонатли, кучли иродали, қатъий характерли киши деб аталади.
Ҳар қандай фаолиятнинг, жумладан ўқиб, ўрганишнинг муваффақияти сабот-матонатга боғлиқ. Билимли бўлмоқ учун сабот-матонат керак. Ҳар бир соҳада-техника, санъат, мўзика, спорт ва шу каби соҳаларда билим ва малака ортирмоқ учун сабот-матонат керак.
Сабот-матонат характернинг энг қимматли хислатидир. Бу хислат кишининг мақсадга етиш йўлида қандай қийинчилик ва тўсқинликлар бўлишидан қатъий назар шу мақсадга эришишида ўз ифодасини топади.
Характер хислати бўлган сабот-матонат баъзи кишилар фаолиятининг ҳамма соҳаларида намоён бўлади бошқа кишиларда эса бу хислат уларнинг манфаатлари билан боғланган, ва айрим фаолият соҳаларида кўринади.
Сабот-матонатли кишилар бошлаган ишларини ҳамиша охирига етказа биладилар. Улар ўзларига нисбатан ҳам бошқа кишиларга нисбатан ҳам талабчан бўладилар.
Сабот-матонатли кишилар муваффақиятсизликка учраганда руҳини туширмайди, балки аксинча, мақсадга эришиш учун ишга янада қатъийроқ киришади, шу мақсадга эришишнинг янги йўл ва воситаларини излаб топади.
Сабот-матонатли кишилар ўзига ва бошқа кишиларга нисбатан талабчанлиги билан ажралиб турадилар. Улар белгиланган йўлдан юришлари-га тўсқинлик қила оладиган ҳамма нарсага қарши тура оладиган, бу тўсқинликларни енга оладиган матонатли кишилардир.
Сабот-матонат ироданинг чидам ва тоқат деган сифати билан ҳам чамбарчас боғлиқ.
Мақсадга етишда бартараф қилинадиган тўсқинлик ва қийинчиликлар кишидан куч ва вақт сарф қилишни талаб этибгина қолмай, балки кўпинча жисмоний ва руҳий азоб беради ҳам.
Кишининг ўз фаолиятида баъзан совуқ ва иссиқдан, ёмғир ва қордан, қаттиқ толиқиш, оч қолишдан, ҳамма турли касалликлардан азоб чекадиган киши ўз олдига қўйган мақсадига содиқ бўлиб шу мақсадга етишга интилаверса, бундай интилишларда кўринадиган ирода чидам ва тоқат деб аталади. Одамнинг организмидаги емирилиш жараёнларини енгишда ифодаланадиган ажойиб ирода ўзини тута билиш ва матонатни кўрсатадиган мисоллар талайгина бўлиб, у қуйидаги мисоллардан бирида келтириб ўтилади.
Собиқ совет учувчиси Алиевнинг бир ўзи ҳаво жангида душманнинг еттита самолётига қарши мардонавор курашди ва ҳаммасини уриб туширди. Кучлар тенг бўлмаган бу жангда Алиевнинг самолётини душман ўқлари тешиб юборган эди. Алиев ўзи бир неча бор яраланди. Аммо у ўзини йўқотиб қўймай, самолёти билан ўз аэродромига бориб қўнди. Аэродромига етиб боргунча душман эгаллаб олган ерлардан учиб ўтиши керак эди. Душманнинг зенит тўплари Алиевнинг самолётини қаттиқ ўққа тутди ва самолётининг бир неча жойини снаряд парчалари тешиб юборди. Учувчи яна бир неча марта яраланди. Лекин Алиев бу сафар ҳам саросимага тушмай самолётини бошқариб бораверди ва уни ўз аэродромига эсон-омон қўндирди. Самолёт кабинаси очилганда учувчи ўлган эди. У икки қўлидан, оёғидан, курагидан, елкасидан, орқасидан, жағидан ва бошидан яраланган эди. Врачнинг аниқлашишича, оғир ярадор бўлган Алиевнинг бу ҳолда уча олиши сира мумкин эмас эди. Аммо Алиев самолётини бошқариб, аэродромга тўғри қўна олган. Учувчининг иродаси ва ўзини тута билиши туфайли ўқнинг емирувчи кучларидан ғолиб келиб, умрининг сўнгги дақиқаларини чўзишга эриша олди.
Сабот-матонатли чидамли ва тоқатли кишилар мақсадга етишишда ва қийинчиликларга қарши кураш жисмоний ва руҳий азобларга ҳамда бошқа машаққатларга чидай оладилар. Улар ҳар қандай вазиятда ўзларини тута оладилар, жасурлик, мардлик, ботирлик, қатъият кўрсата оладилар .
Бундай характерли кишиларга оптималлик кайфияти, ҳаётга қувноқлик билан қараш, порлоқ келажакка доим ишонч билан боқиш, бошқа кишиларга ўз кучлари ва меҳнат имкониятларига етишиш каби хислатлар хосдир.
15.4.Ироданинг индивидуал хусусиятлари, иродани тарбиялашпсихологик асоси ҳақида қисқача хулоса. Амалий тавсиялар
Ўзини тута билиш жасурлик сабот-матонат, чидам ва тоқатда кўринадиган кучли ирода мардлик деб аталади. Шу сифатлар билан фарқ қиладиган кишилар эса мард кишилар деб аталади.
Кишиларнинг ҳаёти ва фаолиятида шундай ҳоллар кўп бўладики, бунда одам зарур пайтида ўзини тута олмай қолади, жасурлик, сабот-матонат, интизомлилик кўрсата олмайди. Характер хислати иродасиз кишилар мавжуд, бундай кишилар иродаси кучсиз ёки иродасиз кишилар дейилади. Бундай кишилар иродаси кучсиз ёки чидамсиз кишилар дейилади. Булар хатто арзимас қийинчилик ва тўсқинликларни ҳам бартараф қила олмайдиган кишилардир. Булар салгина муваффақиятсизлик ёки қийинчилик келиб чиққанда ҳам ўз олдига қўйган мақсаддан воз кечиб иш ҳаракатини тўхтатадиган, ўз қарорини бекор қиладиган юраксиз, қўрқоқ кишилардир. Улар вазият талаб қилганда зарур жасурлик сабот-матонат, чидам, тоқат, қатъият кўрсатмайдилар. Булар чўчима, ялқов жони пахта кишилардир. Бундай кишиларнинг хатти- ҳаракатлари одатда уларнинг ўзидан кўра ташқи шароитга боғлиқ бўлади.
Бундай характер хислатларга эга бўлган кишилар пессимистик кайфиятда бўлиб, дунёга ва ҳаётга умидсизлик билан қарайдилар. Улар доимо барча кишиларнинг салбий, ёмон томонларини кўрадилар, бу кишиларнинг фикрича, ўзларининг барча камчиликлари ва муваффақиятсизликларининг сабабчиси бошқа кишилардир. Бу хилдаги баъзи кишилар пассив бепарво кайфиятда бўладилар.
Ироданинг мустақиллиги. Кишиларинг иродавий ҳаракатларига уларнинг мустақиллик даражасига қараб ҳам баҳо берилади. Иродавий ҳаракатларнинг мустақиллиги кишининг аввало ташаббускорлигида кўрилади. Ташаббускорлик бирор бир ишни шахсан бошлаб юбориш демакдир. Ташаббускорлик одатда теварак-атрофдаги шароит ҳамда ижтимоий ҳаёт талабларини эпчиллик, моҳирлик билан ҳисобга олиш ва кўпинча келажакни, янгиликни олдиндан кўра билиш қобилияти билан бир вақтда намоён бўлади.
Ташаббускор киши шахсий ҳаётида ҳам, ижтимоий фаолиятида ҳам вазият ва турмуш талабларини ҳисобга ола билади, шу билан бир вақтда вазифаларни илгари суради, қўйилган вазифаларни амалга ошириш учун йўл ва воситалари танлайди ва бу вазифаларни ҳал этишда фаол иштирок этади.
Айрим кишиларнинг ирода мустақиллиги баъзан қайсарлик каби махсус ҳолатда кўринади. Бу ҳолат шундан иборатки, одам бошқа кишиларнинг айтган ҳамма гапларига, маслаҳат, илтимосларига қаршилик кўрсатади. Қайсарлик қилаётган одам ё буюрилган ишни қилмасдан, ўз билганини қилаверади ёки буюрилган ишни тескарисини қилади.
Интизомлилик – характер хислати бўлиб, жамият талабларига онгли равишда ўз ихтиёри билан бўйсина билишда кўринади. Интизомлилик, жумладан, белгиланган тартибга аниқ риоя қилишда, олинган ваъдани виждонан бажаришда, ўз бурчига онгли равишда бўйсинишда ўз ифодасини топади.
Интизомли киши мустақил ташаббускор бўлиб, айни вақтда қабул қилинган қарорларни сўзсиз ижро этади, жамият манфаатларига ва ахлоқ тамойилларига итоат қила билади.
Мустақиллик айни вақтда ироданинг кучли эканлигини ҳам кўрсатади. Ирода кучи катта тўсқинликларни бартараф қила олиш қобилияти билангина ифодаланмай, ташаббускорлик кўрсатиш, мустақиллик, дадиллик кўрсатиш ва қабул қилинган қарорлар учун, ўз хатти-ҳаракатлари учун масъулият сезиш билан ҳам таърифланади.
Ироданинг ахлоқийлиги ҳаёт ва фаолиятда ирода кучи, унинг мустақиллигига ижобий ёки салбий баҳо берганда қандай тўсқинлик ва қийинчиликлар бартараф қилинганлигини назарда тутиш билангина чекланиб қолмай, асосан кишининг ахлоқий қиёфаси иродавий ҳаракатларда қанчалик ифодаланиши, бирон одамнинг иродаси нақадар ахлоқий эканлиги ҳам назарда тутилади.
Ироданинг аҳлоқийлиги деганда одатда киши ўз олдига қандай мақсадлар қўйилиши, бу мақсадларга қандай воситалар билан эришиши, иродавий интилишлар (хоҳишлар) қандай майллар туфайли келиб чиқиши ва маълум бир қарорга келишида қандай тамойилларга амал қилишни назарда тутамиз.
Иродавий ҳаракатларда кишининг ахлоқий хислатлари намоён бўлса, ирода кучи ижобий аҳамиятга эга деб ҳисоблаймиз. Иккинчидан, кишиларнинг ахлоқий ҳисларлари ҳақида фикр юритилганда айтилган сўзларни эмас, балки уларнинг маънавий қиёфасини кўрсатадиган иродавий ҳаракатларни назарда тутамиз. Шунинг учун кучли ироданинг мардлик, ўзини тута билиш, сабот-матонат, чидам ва жасурлик каби хусусиятлари ахлоқий сифатлари ироданинг деб ҳисоблаймиз.
Киши бирор қарорга келишда ўз қарори ва ҳаракатлари учун ахлоқий масъулият сезса, унинг иродаси ахлоқий ҳисобланади.
Кишининг чинакам ахлоқийлиги маънавий қиёфаси, сўзида ва муҳокамаларида эмас, балки фаолиятида, ишида ва асосан меҳнатда, яъни меҳнатга ва ишнинг ўзига меҳр қўйишида намоён бўлади.
Ўзининг интилиш (майлларида), қарор ва ҳаракатларида ҳар доим аҳлоқ тамойилларига амал қиладиган кишиларни ахлоқли кишилар деб атаймиз.
Мустақил ишлаш учун тавсия этилаётган мавзулар:
1. Ирода ҳақида тушунча.
2. Иродавий фаолиятнинг умумий хусусиятлари.
3. Ирода назариялари.
4. Иродавий акт ва унинг тўзилиши.
5. Шахснинг иродавий сифатлари.
6. Иродани тарбиялаш.
7. Ироданинг индивидуал хусусиятлари.
Назорат саволлари:
1. Ирода тушунчасининг мазмунини изоҳланг?
2. Иродавий фаолиятнинг умумий хусусиятлари нималарда кўринади?
3. Ирода назарияларининг моҳияти нималарда кўринади?
4. Иродавий акт ва унинг тўзилишини мазмунини кўрсатинг?
5. Шахснинг иродавий сифатларига нималар киради?
6. Ироданинг индивидуал хусусиятларининг мазмунини изоҳланг?
Dostları ilə paylaş: |