33-модда. Таълим бериш тили Таълим ташкилотларида ўқитиш тилидан фойдаланиш тартиби «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солинади.
34-модда. Давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талаблари Давлат таълим стандартлари умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ҳамда олий таълим мазмуни ва сифатига оид талабларни белгилайди.
Давлат таълим талаблари:
мактабдан ташқари таълим, олий таълимдан кейинги таълим, шунингдек кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мазмунини;
таълим тузилмасини ва таълимни амалга ошириш шартларини;
таълим олувчиларнинг жисмоний, шахсий, интеллектуал, илмий ва касбга оид сифатлари тўғрисидаги нормаларни белгилайди.
Мактабгача таълим ташкилотларида мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандарти қўлланилади.
Давлат таълим стандартларини ва (ёки) давлат таълим талабларини бажариш барча таълим ташкилотлари учун мажбурийдир, бундан ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Нодавлат таълим ташкилотлари мустақил ишлаб чиқилган ва лицензияда кўрсатилган ўқув дастурлари асосида таълим фаолиятини амалга оширишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги давлат таълим стандартлари, малака талаблари, олий таълим, ўрта махсус таълим ҳамда профессионал таълимнинг ўқув режалари ва ўқув дастурлари ишлаб чиқилишини таъминлайди. Ушбу мақсадлар учун Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги таянч давлат олий таълим ва профессионал таълим муассасаларини белгилайди.
Таянч давлат олий таълим ва профессионал таълим муассасалари кадрларнинг талабгорлари иштирокида давлат таълим стандартларини, малака талабларини, ўқув режалари ва ўқув дастурларини тайёрлашни амалга оширади. Давлат таълим стандартлари касбий стандартлар асосида ишлаб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари ишлаб чиқилишини таъминлайди.
Олий, профессионал, ўрта махсус ва умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режалари ва ўқув дастурлари тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги томонидан тасдиқланади. Тегишли ваколатлар берилган бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар давлат таълим стандартларини Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди.
Давлат таълим талаблари таълим соҳасидаги тегишли ваколатли давлат бошқаруви органлари томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
Жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган шахсларни ўқитиш махсус ўқув дастурлари асосида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги давлат олий таълим муассасаларига мустақил ишлаб чиқилган ва тасдиқланган ўқув дастурлари, малака талаблари ҳамда ўқув режалари асосида таълим хизматлари кўрсатиш бўйича ваколатларни бериши мумкин.