2021 йил якунлари бўйича ЯИМ ҳажми 734,6 трлн сўмни ёки 69 млрд долларни ташкил этди. Жон бошига ЯИМ 21 млн сўмни ёки 1983 доллардан иборат бўлди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида кўрсатиб ўтилган.
Таъкидлаш керакки, жон бошига 1983 долларлик ЯИМ мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Номиналда ЯИМ қарийб 22 фоизга ўсган, ЯИМнинг реал ўсиши 7,4 фоиздан иборат бўлган.
2021 йилда ЯИМнинг 7,4 фоизлик ўсишига энг катта улушни Хизматлар (3,3 фоиз) ва Саноат (2,2 фоиз) қўшган.
Иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров расмий инфляция ва ЯИМ дефляторидаги тафовутга эътибор қаратган.
“Қизиқ тарафи, расмий инфляция 9,98%ни ташкил этган ҳолда ЯИМ дефлятори 13,6%дан иборат бўлган. 2020 йилда расмий инфляция 11,1% ташкил этган ҳолда ЯИМ дефлятори 11,6% атрофида бўлган (Инфляция ва ЯИМ дефлятори, қоида тариқасида, маълум бир лаг билан бир-бирига яқинроқ даражаларда акс этади)”, дейди иқтисодчи.
Қайд этилишича, энг юқори дефлятор индекси қурилишда кузатилган - 14,2% (6-9 ойлик фарқ билан бу уй-жойлар ва бизнес мулклар нархида акс этади). Энг паст индекс Ташиш ва сақлаш, ахборот ва алоқа соҳасида - 6,5%.
2022 йилдаги ялпи ички маҳсулот ҳажми 839 трлн 989,5 млрд сўмни ёки 74,2 млрд долларни, унинг аҳоли жон бошига миқдори 23,8 млн сўмни ёки 2,1 минг долларни ташкил этиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ҳисоб палатасининг “2022 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ва 2022 йил учун бюджетнома бўйича берган хулосасида қайд этилган.
2022 йилда ЯИМнинг реал ўсиш суръати 5,9 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда.
Прогноз қилинаётган ялпи ички маҳсулот ҳажмининг таркибида қўшилган қиймат миқдори 778 трлн 153,6 млрд сўмни (ЯИМнинг 92,6 фоизи) ҳамда маҳсулотлар ва экспорт-импорт операциялари ҳисобидан олинган соф солиқлар тушуми 61 трлн 865,9 млрд сўмни (7,4 фоиз) ташкил этмоқда.
Тармоқлар кесимида қўшилган қийматнинг энг катта улуши (35,8 фоиз) хизматлар кўрсатиш соҳасига тўғри келиб, ушбу тармоқ бўйича яратилган қўшилган қиймат ҳажми 300 трлн 351,0 млрд сўмни ташкил этиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, ушбу кўрсаткич саноат бўйича 217 трлн 683,5 млрд сўм (25,9 фоиз), қурилиш бўйича 52 трлн 516,3 млрд сўм (6,3 фоиз) ва қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги бўйича 207 трлн 602,8 млрд сўм (24,7 фоиз) миқдорида бўлиши кутилмоқда.
Кутилаётган реал ўсиш миқдори қурилиш бўйича 8,1 фоизни, саноат бўйича 7,0 фоизни, хизматлар бўйича 6,5 фоизни, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги бўйича 3,1 фоизни ҳамда маҳсулотлар ва экспорт-импорт операциялари ҳисобидан олинган соф солиқлар 7,4 фоизни ташкил этмоқда.