II. Макроиқтисодий барқарорлик ва ривожланишни таъминлашда пул-кредит сиёсатининг ўрни
Мамлакатда ички нархлар барқарорлиги таъминланиши макроиқтисодий ва ижтимоий барқарорликнинг кафолати бўлиб, иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш ва ривожлантириш дастурларини муваффақиятли амалга оширишда зарурий шароит ҳисобланади. Бунда инфляциянинг паст ва барқарор кўрсаткичлари мувозанатли иқтисодий ўсишни таъминлаш, ишлаб чиқариш рақобатбардошлиги ва аҳолини яшаш даражасини оширишнинг муҳим омили саналади. Шу нуқтаи назардан, нархлар ўсиш суръатларининг пасайиши ва барқарорлашиши давлат иқтисодий сиёсатининг асосий мақсадларидан бири бўлиши керак. Ривожланган ва ривожланаётган давлатларнинг марказий банклари тажрибалари ҳамда халқаро молия институтлари изланишлари натижалари пул-кредит сиёсатини амалга оширишда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадининг шак-шубҳасиз устуворлигини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, пул-кредит сиёсатини амалга ошириш тартиби ва кетма-кетлиги турли мамлакатларда иқтисодиётнинг хусусиятлари ҳамда таркибий тузилишига қараб фарқланади.
Амалдаги Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунига кўра, Марказий банкнинг бош мақсади миллий валюта барқарорлигини таъминлаш ҳисобланади. Бунда “миллий валюта барқарорлиги” тушунчасини икки хил, яъни алмашув курсининг хорижий валюталарга нисбатан барқарорлиги ёки унинг ички харид қобилияти барқарорлиги деб талқин қилиш мумкин.
Алмашув курсининг эркин шаклланиши шароитида миллий валютанинг барқарорлиги унинг ички ҳарид қобилиятини сақлаш орқали эришилади. Бунда, эркин сузиб юрувчи алмашув курси иқтисодиётни ички барқарорлаштирувчи функциясини бажаради. Бошқача қилиб айтганда, тўлов баланси билан боғлиқ ташқи шок ва қийинчиликлар кузатилганда алмашув курсининг мос равишда ўзгариши экпортёрлар ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналарни рағбатлантиришга хизмат қилади.
Айни пайтда Марказий банк пул-кредит сиёсатининг асосий мақсадини икки хил тушунилишини олдини олиш ва унинг фаолияти асосий йўналишини аниқ белгилаб олиш мақсадида қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилиши кўзда тутилган.