3. Янги адабиёт янги қаҳрамонлар ва ғоялар билан бошланади. Ўзбек адабиётининг новаторлик хусусиятлари Фитрат, Чўлпон ва Абдулла Қодирий асарларида кўзга ташланади.
Бу ҳақда Н.Каримов ёзади: “Чўлпон 1933 йили рус ёзувчиси В.Ян билан қилган суҳбатида Фитратни ўзбек шеър тузилишининг ислоҳотчиси деб айтган. Ва ислоҳотчи деганда, унинг арабий форсий шакл ҳамда қолиплардан воз кечиб, жонли халқ тили билан халқ шеърияти вазнларида ёза бошлаганлигини назарда тутган. Унинг ўзи Фитрат бошлаган ана шу ислоҳотни муваффақият билан давом эттириб ва якунлаб, ўзбек шеърияти тараққиёти тарихида янги даврни бошлаб берган”.
Мактаб адабиёт дарсликларида Янги адабиётни даврлаштириш масаласи: Маърифатчилик адабиёти;
Жадид адабиёти;
Шўролар адабиёти;
Мустақиллик даври адабиёти.
Академик Н.Каримов таснифи:
1. Миллий уйғониш даври адабиёти
2. Ижтимоий силсилалар даври адабиёти.
3. Истиқлол даври адабиёти.
Бунда олим ҳар бир давр мазмуни, моҳиятидан келиб чиқиб иш кўрган.
Маърифатпарварлик адабиёти биз юқорида “Ўзбек мумтоз адабиёти” деб номлаган адабий даврнинг охирги босқичи, шунга кўра “Янги ўзбек адабиёти” даври ХХ аср тонгидан, жадид адабиёти билан бошланади. Маълумки, адабиёт тарихи – узлуксиз жараён, демакки, ҳар бир янги босқичга хос хусусиятлар ўзидан аввалги босқичда ниш урган ёки куртак ҳолида мавжуд бўлади. Яъни янги ўзбек адабиётига хос айрим жиҳатларнинг маърифатпарварлик адабиётида юз кўрсатгани ҳам табиий ва қонуний ҳолдир. Демак, бир адабий даврнинг охирги ва иккинчи адабий даврнинг илк босқичини “Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти” номи остида бирлаштириш илмий жиҳатдан асосли эмас. Боз устига, даврлаштириш масаласига бундай ёндашув чалкашликлар келтириб чиқарадики, буни бакалавриат босқичи адабиёт дастурлари мисолида кўриш мумкин.