Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги фарғона политехника институти



Yüklə 3,99 Mb.
səhifə2/19
tarix22.06.2020
ölçüsü3,99 Mb.
#31909
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   19
ўсимлик


Уруғ массасининг зичлиги. Каттиқ заррачалар ҳажмининг уруғ массасининг умумий ҳажмига нисбати уруғ массасининг зичлиги дейилади.

Сорбцион хусусиятлари. Тўкилувчан моддаларнинг сорбцион хусусиятлари уларнинг сорбцион сиғими билан белгиланади. Сорбцион ҳажм деб, уруғ массасининг атроф муҳитидан газ ёки буғ холидаги моддани қанча миқдорда сорбциялаш ва десорбциялаш қобилиятига айтилади. Бу туркумда мойли уруғлар учун сув буғларини атрофдан ютиб олиш ва чиқариб юбориш хусусияти (гигроскопичность) мухим аҳамиятга эга. Гигроскопиклик атроф муҳитдаги сув буғларининг парциал босимига боғлиқ бўлади. Аниқ бир шароитда мойли уруғлар атроф муҳитдан ютиб олган ва ўзидан чиқариб юбараётган сув миқдори тенглашиб, маҳсулотнинг намлиги мўътадил бўлиб қолади. Бу намлик мувозанат намлик (равновесная влажность) деб аталади.

Шу нарса характерлики, ҳавонинг нисбий намлиги 100 % ёки коэффициент жиҳатдан 1.0 га тенг бўлганда, мувозанат намлик энг юқори бўлади ва аксинча ҳавонинг нисбий намлиги 0 % (к = 0.0) бўлганда мувозанат намлик энг кам бўлади. Сорбция ва десорбция изотермалари мойли уруғлар учун бир-бирига мос келмайди ва бу фарқ сорбцион гистерезис деб номланади. Бундай фарқ уруғларнинг кўп компонентли маҳсулот эканлигидан юзага келади. Бир хил турдаги минерал ва органик моддалар учун сорбция ва десорбция чизиқлари бир-бирига мос келади. Сорбцион гистерезис туфайли мойли уруғлар, ҳаттоки бир ёки бир неча ой сақлангандан кейин ҳам, ўз намлигини барча заррачалар учун тенг қилолмайди, бу эса илгари айтилганидек, маҳсулотнинг ҳақиқий намлигини аниқлашда қийинчилик туғдиради. Намлик эса уруғнинг сақланиш давомида ҳавонинг нисбий намлигига қараб, ўзгариб туради ва шу билан биргаликда намлик ўта юқори бўлган қисмдан пастроқ намлик бўлган қисмга кўчиб ўтади. Буни намликнинг миграцияси, яъни силжиши дейилади. Бундан ташқари, бир тўплам маҳсулотнинг ўртача намлиги унинг ҳақиқий намлигини курсатмайди. Ўртача намликнинг ўзгармай туриши эса намликнинг қобиқ ва мағиздаги турлича миқдорига боғлиқдир. Масалан, чигит массасининг намлиги 10% бўладиган бўлса Вс=10%, мағизининг намлиги Вя=8-8,5%, қобиғининг намлиги Во=12-12,5% бўлиши мумкин. Бу фарқ уруғ қобиғида асосан сувга ўч моддалар клетчатка, целлюлоза бўлганлигидан, мағизида эса сувни қайтарувчи мойли моддалар кўплигидандир. Шунинг учун мувозанат намлик ва хақиқий намлик уруғларни қанақа шароитларда сақланишини олдиндан белгилаб беради, яъни аниқланган намлик миқдорига қараб сақланаётган уруғ ўзи-ўзидан секин аста қурийдими ёки юкори намлик таъсирида ўзи-ўзидан кизиб кетадими, шу аниқланилади. Уруғ массасидаги ҳарорат даражаси ҳам унинг сақланишида ўзига яраша таъсир кўрсатади, яъни ҳарорат юқорироқ бўлган жойдан, иссиқлик таъсирида, намлик ҳарорат камроқ бўлган тамонга силжийди. Юкорида изоҳ қилинган ўзгаришлар уруғни сақлаш жараёнида намлик асосий роль уйнашини кўрамиз. Шу туфайли уруғлар учун критик намлик тушунчаси ҳам киритилган, бу намлик шундай даражага эгаки, агарда маҳсулотнинг намлиги киритик намлигига тенг ёки ундан ошса хом ашё таркибида сезиларли даражада интенсив оксидланиш жараёнлари, хом ашёнинг интенсив нафас олиши, баъзи холларда ўз-ўзидан қизиш ходисаси рўй беради. Бу акс ўзгариш хом ашё таркибидаги асосий ёғли моддаларни парчаланишига ва келажакда олинадиган маҳсулотни камайишига, сифатини пасайишига олиб келади.



Критик намлик деб, шартли равишда, ҳавонинг нисбий намлиги 75% бўлгандаги мувозанат намликка тенг бўлган миқдор олинади. Хулоса қилиб айтганда, уруғ узоқ сақланиши учун унинг ҳақиқий намлиги критик намлигидан қанчалик кичик бўлса, шунчалик яхши. Чунки намлик паст бўлса барча акс таъсир этувчи жараёнлар секинлашади ёки тартиб жихатдан тухтайди. Мойли уруғларнинг критик намлигини куйидаги тенглама билан аниқлаш мумкин.

Вкр=14,5(100-М)/100, %

бу ерда: 14,5 — мойли уруғлар гель қисмининг критик намлиги (мойини ҳисобга олмаганда); М — уруғ мойлилиги, % ҳисобида.

Уруғ мойлилиги юқори бўлса унинг критик намлиги кичик бўлади.



Иссиқлик ва ҳарорат ўтказувчанлик. Мойли уруғлар массаси қатлами ғоваклиги туфайли, кўп миқдорда ҳаво қатлами бўлгани учун уларнинг иссиқлик ва ҳарорат ўтказувчанлиги ниҳоятда пастдир. Бир тамондан бу жуда ҳам яхши, чунки бир марта совутилган ёки қуритилган хом ашёни сақлашда иссиқлик ва ҳарорат ўтказувчанлиги паст бўлганлиги туфайли хом ашё узоқ муддат ўз ҳароратини ва намлигини бирдай ушлаб туради. Иккинчи тамондан, бу ёмон, чунки, маҳсулот таркибининг бир қисмида юқори намлик туфайли ўз-ўзидан қизиб кетиш ходисаси юз берса бу жараённи сезиш қийин. Қизиётган қисмдан иссиқлик ёки юқори ҳарорат атрофга нихоятда секин тарқалади ва натижада хом ашёнинг ўз-ўзидан қизиб кетиш ходисаси авж олиб кетади. Ўз-ўзидан қизиб кетиш ходисасининг олдини олиш учун хом ашёнинг ҳаммасини омборхонанинг бир бўлагидан бошқа қисмига транспорт воситалари ёрдамида шопириб кўчирилади ёки омборхона махсус актив вентиляция мосламаси ёрдамида ҳаво оқими билан совитилади.

Мойли уруғларнинг ҳаётийлиги. Барча мойли уруғлар ўзларининг ҳолатлари буйича ҳаётийлик ва ҳаётийсизлик хусусиятларига эга. Ушбу ҳолатларни хаётийлик – биоз ва ҳаётийсизлик — анабиоз дейилади. Ёғлар технологияси нуқтаи назаридан биоз ҳолати ўрганилмайди, чунки бу ҳолатда уруғ етарли даражада намликка, яъни критик намликдан юқорироқ бўлган намликка эга бўлиб, ундаги ҳамма хаётий ривожланиш ҳолатлари яққол намоён бўлиб туради. Бундай уруғларни умуман сақлаш мумкин эмас, аксинча, улар ўсиш ва қайтадан ҳосил бериш учун тайёр ҳолатда бўлади. Анабиоз ҳолати эса технологик нуқтаи назаридан аҳамиятли, чунки бу ҳолатда уруғнинг намлиги ниҳоятда паст ва уруғни қуйи ҳароратда сақлаганда у жуда узоқ муддат ўзгаришсиз сақланади. Саноат миқёсида тўлиқ анабиоз ҳолатини ҳосил қилиш жуда қийин. Уруғларнинг тўлиқ анабиоз ҳолати баъзан табиатда учраб туради. Бунга бир неча асрлар давомида сақланиб қолган донли уруғларнинг топилиши мисол бўла олади. Саноатда сақланаётган мойли уруғлар кўп холларда ярим анабиоз ҳолда сақланади. Бу ҳолатда уруғнинг оксидланиш даражаси ва нафас олиши, намлиги нисбатан паст бўлгани учун, жуда суст бўлади ёки бутун сақлаш даврида керакли бўлган ёғли моддалар сифат ва миқдор жиҳатдан кам ўзгаради. Анабиоз ва биоз ҳолатлар ўртасидаги ўртача ҳолат мезабиоз дейилади. Бу ҳолатда бўлган уруғлар тезлик билан бир галда ишланиши лозим, чунки бу ҳолатда уруғнинг намлиги критик намликка якин ёки тенг бўлганлиги туфайли хом ашё таркибида оксидланиш-парчаланиш, нафас олиш, микроорганизмлар таъсирида бузилиш ёки чириш авж олади. Мезабиоз ҳолатидан ярим анабиоз ҳолатига ўтиш учун хом ашёни тезликда қуритиш ва ҳар хил аралашмалар ва микроорганизмлардан тозалаш керак. Бу ҳолда иссиқ ҳаво ёрдамида актив вентиляция усули ҳам фойда беради.

Мойли уруғларнинг нафас олиши. Маълумки мойли уруғлар тирик организмлар қаторига кириб, сақлаш пайтида ҳам уларда турли биокимёвий жараёнлар давом этиб туради. Шулардан бири уруғларнинг нафас олишидир. Агарда ўсимликлар ўз вегетацион даврида атроф мухитдан СО2 ни ютиб, О2 чиқарса, омборхоналарда сақланаётган уруғлар ўзидан СО2 ажратиб чиқаради. Уруғлардаги бу ҳолатдаги газ алмашинуви аэроб нафас олиш дейилади. Агарда сақланаётган муҳитда ҳаво бўлмаса, ёки ҳаводаги О2 миқдори уруғлар тамонидан ютилиб тугалланган бўлса, бу ҳолда ҳам уруғларнинг нафас олиши давом этади. Фақат бу ҳолатда нафас олиш хом ашёнинг ички ресурсларидан фойдаланиш йули билан ҳосил бўлади, яъни намлик ва муҳит ҳароратининг таъсири остида уруғ ядроси ичида парчаланиш жараёнлари кетиши мумкин ва бу жараёнда ажралиб чикаётган газлар хом ашёнинг ўзи билан ютилади, бошқачарок килиб айтганда кислородсиз нафас олиш содир бўлади, бу эса анаэроб нафас олиш дейилади.

Технология нуқтаи назаридан аэроб нафас олиш хом ашё таркибидаги керакли ёғли моддаларни оксидланишига ва бунинг натижасида турли моддаларнинг парчаланишига ва аксинча, керакли моддаларнинг миқдорини камайишига олиб келади. Бундан шундай хулоса чиқадики, имконият бўлса, мойли уруғлар ҳавосиз жойда сақланиши лозим. Анаэроб нафас олиш ҳолида аэроб нафас олишга қарганда маҳсулотнинг бузилиши ёки оксидланиши бир мунча кам бўлади. Демак, бу ҳол учун омборхоналар герметик ясалган бўлиб, хом ашё омборхонага тўлдирилгандан сўнг ичкаридаги ҳаво сўриб олинган бўлиши керак. Куриниб турибдики, иккала ҳолда ҳам герметик омборхоналар қурилиши лозим бўлса, бундай муҳитни яратиш иқтисодий жиҳатдан жуда қимматга тушади. Шунинг учун энг яхши йул, сақланаётган хом ашёнинг намлигини имконият борича паст ушламок керак.



Уруғларнинг етилиш даври. Ёғ-мой саноатига етказиб келинаётган хом ашё ўсимликнинг ҳосил терим муддати келганда йиғилади. Йиғим-терим вақти уруғнинг физиологик етилган давридан анчагина олдин келади. Чунки, ўсимлик ҳосилини йиғиб олиш муддати келган бўлса ҳам, йиғиб олинган ҳосил – мойли уруғлардан мўлжалланган миқдорда пресслаш йўли ёки экстракциялаш усули билан сифатли мой олиш мумкин эмас. Бу нарса уруғ таркибидаги моддалар, шу жумладан, липидларнинг ферментлар системаси актив ҳолатдан тўлиқ тинчланиш ҳолатига келмаганлигидан деб тушинилади, яъни липидлар таркибидаги ферментлар системаси актив ҳолида триглицеридларни таркибидан ажратиб олиш анча қийинчиликлар туғдиради. Фермент системаси ҳамда триглицеридларнинг ўзаро қайта этерификациялаш жараёнлари, хом ашё яхши муҳитда сақланганда, бир ярим-икки ой давом этади. Бу давр ичида мойли уруғлар физиологик етилиш даврини ўтайди ва бундай хом ашёдан пресслаш ёки экстракциялаш усули билан мой олиш анча енгиллашади. Физиологик етилиш даврини қисқартириш учун келтирилган хом ашёни ифлосликлардан тозалаш ва илиқ ҳаво ёрдамида қуритиш (актив винтиляция) лозим. Мойли уруғларнинг етилиш даврида униш ва ўсиш энергияси ортади; уруғлар физиологик етилганда намлик пасаяди ва мувозанатлашади, ҳаётийлик жараёнларнинг активлиги камаяди, нафас олиш интенсивлиги пасаяди.

Уруғлардаги микрофлоранинг ҳаёти, фаолияти ва уларнинг сақлаш жараёнига таъсири. Сақланаётган мойли уруғларнинг сифатига хом ашё билан келиб қолган микроорганизмларнинг таъсири бўлади. Хом ашё таркибидаги микроорганизмлар булар турли бактериялар ва замбуруғлардир. Буларнинг хом ашёга таъсири айниқса юқори намликда катта бўлиб, сиртдан караганда сезилмайди, аслида эса бактерия ва замбуруғлар уруғнинг қобиғидан ички мағизига ўтиб тезлик билан мағиздаги оқсил ва ёғли моддаларни бузиб ташлайди. Бузилиш асосан моғорлаш кўринишида намоён бўлади. Бактерия ва замбуруғлар билан зарарланган хом ашёни ниҳоятда тезлик билан қуритишга йуналтириш лозим, акс холда кўп миқдорда ва аксарият ҳолларда бутунлай липидлар парчаланиб кетиши мумкин. Бактериялар билан зарарланган хом ашёнинг биринчи белгиси, хом ашё доналарининг устки ялтирок қисми ва силлиқлиги йуқолиши билан белгиланади. Агар зарарланиш давом этса, хом ашё доначаларининг шакли сақланиб қолган ҳолда уларнинг механиқ қаттиклиги йўқолиб, озгина куч таъсирида эзилиб, уқаланиб кетади. Тўлиқ зарарланган хом ашё эса, унга тегиш билан кулсимон моддага айланади. Микроорганизмлар билан биргаликда хом ашёга акс таъсир этувчи, майда кемирувчи жониворлар ҳам бўлади.

Мойли уруғлар микроорганизмлар учун яхши озуқавий муҳит ҳисобланади. Намлиги юқори, ифлос аралашмалари кўп бўлган хом ашёда микроорганизмлар ва майда зараркунандалар тез ривожланади ҳамда кўпаяди. Айниқса моғор забруғлари катта хавф туғдиради. Моғор замбруғлари уруғ қобиғидаги клечаткани гидролизлаб, уруғ қобиғини бузади ва бошқа микроорганизмлар, зараркунандалар учун мағизга ўтишга йўл очиб беради. Уруғларни сақлаш учун омборхоналарга жойлаштиришдан олдин микрофлоралар билан зарарланган уруғлар албатта тозаланиши ва лозим топилган пайтда, қуритилиши керак.



Уруғларда ўз-ўзидан қизиш жараёнинг пайдо бўлиши ва ривожланишига турли омилларнинг таъсири. Мойли уруғлар сақланаётган пайтда физиологик ва биокимёвий жараёнларнинг интенсификацияланиши натижасида уруғ массасида ўз-ўзидан қизиш содир бўлиши мумкин. Барча тирик компонентлар: асосий уруғ массаси, ёввойи бегона ўсимликлар уруғлари, микроорганизмлар, зараркунандалар нафас олганда иссиқлик ва намлик чиқаради. Уруғ массасининг ёмон иссиқлик ўтказувчанлиги туфайли иссиқлик ва намлик бир жойда йиғила бошлайди. Айниқса моғор замбуруғларнинг роли катта, вахоланки бошқа зараркунандаларнинг кенг ривожланилиши ҳам ўз-ўзидан қизиб кетиш ҳодисасига олиб келади.

Ўз-ўзидан қизиб кетиш уяли, юзали, остки, вертикал-пластли бўлади. Одатда, ўз-ўзидан қизиш кичик участкада бошланиб, бу ерда кандайдир сабабларга кўра намлик ошган ёки ифлос аралашмалар миқдори кўп бўлган бўлади. Агар чора кўрилмаса, кичик жойдагидан ўз-ўзидан қизиш кенгайиб кетади.

Уруғларнинг ўз-ўзидан қизиши шартли равишда тўрт босқичга бўлинади. Аввал уруғларнинг ҳарорати ортади, уларнинг ранги ўзгара бошлайди, сунг сочилувчанлик йўқолиб, моғорсимон ёки ачимсиқ хид пайда бўлади, кейин мойнинг кислота сони ошиб кетади. Ўз-ўзидан қизишнинг охирида ҳарорат кескин кўтарилиб, 65-750С дан ошиб кетади ва қизиш ҳатто чигит массасининг куйиб кетишига олиб келади.

Мойли уруғларнинг ўз-ўзидан қизиб кетиши йўл қўйиб бўлмайдиган ҳодисадир. Ўз-ўзидан қизиб кетиш ҳодисасининг олдини олиш учун мойли уруғлар тозаланган ва намлиги критик намлигидан кам бўлган ҳолда омборхлналарга жойлаштирилиши лозим. Лекин ўз-ўзидан қизиш ҳодисаси қуруқ ва тозаланган уруғларда ҳам рўй бериб қолиши мумкин. Бу ҳол ташқи ҳаво таъсир остида сақланаётган уруғларнинг намлиги ва ҳарорати ошиши ҳисобига рўй беради. Шунинг учун сақланаётган уруғларнинг ҳарорати ва намлиги системали равишда назоратда бўлиши керак. Фавқулодда ўз-ўзидан қизиш жараёни бошланиб қолгудай бўлса, тезлик билан чора-тадбир қабул қилиш керак. Амалда бундай чора-тадбирлар корхоналарнинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда уруғларни омборхонанинг бир бўлимидан бошқасига кўчириш, актив вентиляциялаш, уруғларни тозалаш машиналаридан ўтказиш ёки қуритиш операцияларни қўллаш билан бажарилади. Барча технологик операциялар уруғлар ҳарорати ва намлигини камайтиришга, ифлослигини тушуришга йўналтирилган бўлиши керак.



Мойли уруғларни сақлашнинг асосий йўллари. Асосан куйидаги сақлаш тадбирлари ишлатилади:

1) қуруқ холда сақлаш;

2) совитилган холда сақлаш;

3) ҳавосиз жойда сақлаш.

Сақлашнинг ёрдамчи тадбирларига куйидагилар киради:

а) аралашма ва ифлосликлардан тозалаш;

б) актив вентилляциялаш;

в) кимёвий консервациялаш ва бошқалар.



Қуруқ ҳолда сақлаш. Мойли уруғларни бу ҳолда сақлаш жуда кенг тарқалган бўлиб энг арзон ва осон усулдир. Маълумки, қуруқ холда сақланаётган хом ашё намлиги критик намликдан имконият борича паст бўлиши лозим. Паст намлик билан сақланаётган хом ашё таркибида оксидланиш жараёни суст, нафас олиш ниҳоятда секин, микроорганизмларнинг таъсири жуда кам бўлади, чунки паст намликда сақланаётган хом ашё ярим анабиоз ҳолида бўлади.

Совитилган ҳолатда сақлаш. Мойли уруғларнинг кам иссиқлик ва ҳарорат ўтказувчанлигини ҳисобга олиб, уларни сақлашдан олдин бир маротаба совитиб олинса, бу ҳолат ўзоқ муддат сақланиб туриши мумкин. Албатта, совитилган хом ашё таркибида барча акс таъсир этувчи жараёнлар суст кетади, лекин бу усулда сақлаш учун омборхоналар деярлик герметик бўлиши ва махсус совутиш мосламалари билан жиҳозланган бўлиши лозим. Бу эса албатта жуда қиммат туради.

Ҳавосиз жойда сақлаш. Юқорида ўрганилган маълумотлардан маълумки хом ашё ҳавосиз жойда сақланса унда фақатгина анаэроб нафас олиш жараёни бўлади. Бу эса ўз йўлида хом ашёни нисбатан ўзоқроқ вақт сақлаш имконини беради. Лекин ҳавосиз жойда сақлаш учун омборхона нихоят герметик бўлиши шарт. Бундай омборхоналар қуриш ниҳоятда катта маблағ талаб қилади.

Актив вентилациялаш. Харакатсиз уруғ массаси орқали мажбурий ҳаво оқимини ўтказиш (аэрациялаш) актив вентиляциялаш дейилади.

Турли мойли уруғларни сақлаш шароитлари. Барча турдаги мойли уруғлар учун ишлатилаётган омборхоналар қуруқ бўлиши керак, пол ер ости сувларидан изоляцияланган бўлиши, деворлар оқланган ёки бўялган бўлиши лозим. Том ёмғир ва қор сувларини ўтказмаслиги, эшиклар зич ёпилиши керак. Омборхона уруғ ташланишидан олдин барча чиқиндилардан, хар хил кемирувчилардан тозаланиши ва мумкин бўлган перепаратлар билан дезинфекция қилиниши керак. Асосий талаб шундан иборатки, омборхона тоза, қуруқ ва яхши вентиляцияланадиган бўлиши лозим. Сақлашнинг асосий усуллари йирик ўлчамли уруғлар учун тўкиб сақлаш, майда ўлчамли уруғлар учун эса қопларда, махсус контейнерларда ёки силосларда бажарилади.

  1. Канакунжут (келещевина) уруғининг сақланиши. Бу уруғнинг намлиги 6% гача бўлганда омборхонага тўкилиб, уруғнинг қалинлиги 5м гача бўлган қалинликда сақланиши мумкин. Агар намлиги 6% дан юқори бўлса, унда сақланаётган уруғнинг қалинлиги 3м гача камайтирилиши керак. Мобода, канакунжут уруғи қоп ёки контейнерларда сақланса, уларни тўкиладиган уруғ билан аралаштирмаслик керак.

  2. Коноп, индов - бу уруғлар ўлчамлари майда бўлишига қарамасдан намлиги 8% гача бўлганда тўкиш йўли билан сақлаш мумкин. Намлиги юқори бўлганда узоқ сақламасдан қайта ишлаш лозим.

  3. Хантал (горчица) уруғи – бу уруғ сақланишидан олдин имкон борича тўла тозаланиши лозим, акс холда тез бузилади. Сақланаётган горчица уруғининг намлиги 8% дан ошмаслиги керак.

  4. Соя уруғи - таркибида 50% гача оқсил модда бўлганлиги сабабли у ниҳоятда гигроскопик ҳусусиятга эга. Шунинг учун соя уруғи сақлаш жараёнида тез бузилади. Ўзоқ муддат сақланаётган уруғ намлиги 11% дан ошмаслиги керак.

  5. Кунгабоқар уруғи - мойлилиги юқори бўлганлиги сабабли критик намлиги анча паст, шунинг учун узоқ муддатга мўлжаллаб сақланаётган кунгабоқар уруғи намлиги 6-7 %дан ошмаслиги керак. Кунгабоқар ва соя уруғлари силос типидаги омборхоналарида сақланиши лозим.

  6. Пахта чигити (ўрта толали нави) - устида 4,5% дан ошиқ бўлган линт қоплами бўлганлиги туфайли бу уруғнинг оқувчанлиги жуда паст, шунинг учун пахта чигити поли текис ёки қия бўлган усти ёпиқ механизацияланган омборларда сақланади. Узоқ муддатга (2-ойдан ошиқ) мўлжаллаб сақланаётган чигит намлиги 1-3 навлар учун 9% дан кўп бўлмаслиги керак. Намлиги 9% дан катта бўлган ва 4-нав чигитлари биринчи галда сақланмасдан қайта ишланиши лозим. Омборхоналарнинг ҳажми етишмаган ҳолларда ўрта толали пахта чигити очиқ майдончаларда ҳам пирамида шаклида сақланиши мумкин.

Ингичка толали пахта чигити устидаги линт қавати 4,5% дан кам бўлиб, асосан тепаси ёпиқ, поли қия бўлган омборхоналарда сақланади.

«Таянч» сўз ва иборалар
Омбор. Хом ашё. Тўкилувчанлик. Ғоваклик. Зичлик. Ҳарорат ўтказувчанлик. Биоз, мезабиоз, анабиоз. Критик намлик. Механизациялашган омбор.

Такрорлаш учун саволлар

  1. Мойли уруғларни қабул қилиш қандай бажарилади?

  2. Мойли уруғларни сақлашда нималарга эътибор бериш керак?

  3. Мойли уруғларнинг физик хусусиятлари нималардан иборат?

  4. Мойли уруғларнинг ҳаётийлик хусусиятлари қандай ҳолатлар билан белгиланади?.

  5. Мойли уруғларнинг нафас олиши қандай бўлади?

  6. Мойли уруғларнинг етилиш даври нима?

  7. Мойли уруғларни сақлашда микрофлора ва микроорганизмларнинг таъсири.

  8. Мойли уруғларни сақлаш тартиби.

  9. Омборхоналарнинг турлари.



3-МАВЗУ

ЎСИМЛИК МОЙИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ КОРХОНАЛАРИ УСКУНАЛАРИ

Омборхоналарнинг турлари. Катта миқдордаги уруғларни қайта ишлашгача минимал йўқотишлар билан сақлаш мураккаб ва масъулиятли иш ҳисобланади. Мойли уруғларни қайта ишловчи корхоналар тўхтамасдан ишлаш учун хомашё заҳирасига эга бўлиши керак. Заҳира миқдори корхонани ишлаб чиқариш қувватига боғлиқ бўлиб, кунгабоқар учун 90 кунга, соя учун эса 30-50 кунга, пахта чигити учун 40 кунга етадиган бўлиши лозим. Корхонани бир маромда сифатли хом ашё билан таъминлаб туриш ва унинг катта миқдорини сақлаш учун ёғ-мой заводларида катта ҳажмга эга бўлган омборлар мавжуд.

Мойли уруғлар омборлари тушириш – юклаш операцияларини механизациялашгани даражаларига қараб бир неча турга бўлинади: силосли омборлар ёки элеваторлар, қия ёки горизонтал полли чайла типидаги механизациялашган омборлар, бунтли майдонлар ва қаватли омборлар. Уруғларнинг хусусиятларига қараб, катта қатламда сақлай оладиган омборларга силосли ёки элеваторли омборхоналар киради.



Элеватор типли омбори тузилиши думалоқ ёки квадрат шаклидаги вертикал темир бетонли ёки металл 2-силослар (ячейкалар)дан иборат. Силосли омборхоналарнинг ичида уруғлар сақланиб, уларнинг тор биқин томонига қуритиш – тозалаш 1-минораси бириктирилган (2.1-расм). Силосларнинг тепа қисмида мойли уруғларни тўкиш учун бир неча қатор 3-транспортёр ленталари ўрнатилган.

Металлдан ясалган элеваторлар деворидан иссиқлик яхши ва тез ўтиши уларнинг камчиликларидан бири ҳисобланади. Бундай силослар ичидаги ҳароратнинг кескин ўзгариши натижасида деворлар атрофидаги намлик конденсацияланади ва ён қатламдаги уруғларнинг намлиги ортиб кетади. Бундан ташқари металлдан ясалган силос деворлари коррозияга учрайди. Темир бетондан ясалган элеваторлар кенг тарқалган. Монолит темир бетондан иборат силос корпусининг ячейкаси думалоқ шаклда бўлиб, диаметри 6 ва баландлиги 30м ни ташкил этади. Ячейка диаметри 12м ва ундан катта бўлган силослар қурилиши ва эксплуатациси иқтисодий жиҳатдан тежамлидир. Тўртта думалоқ силос ячейкалари оралиғидаги бўшлиқ (юлдузчалар) ҳам уруғларни сақлаш учун ишлатилади.



Элеваторли омбор таркибига уруғларни қабул қилиш ва узатиш ускуналари, тозалаш, қуритиш бўлимлари ва силос корпуси киради. Элеваторли уруғ сақлаш омбори кучли транспорт воситалари билан жиҳозланган бўлиб, улар уруғларни қабул қилиш ишларида силосларни тўлдириш, силослар ичидаги уруғларни аралаштириш ва ишлаб чиқариш учун беришга хизмат қилади. Одатда, бу операциялар бир бирига боғлиқ бўлмаган ҳолда бажарилади.

2.1-расм. Тозалаш-қуритиш минорали элеватор


Силосли ячейкалар устида жойлашган 3-лентали транспортёрлар системаси ёрдамида уруғларни сифатига қараб хоҳлаган силос ячейкасига берилади. Ячейкалар тагида жойлашган 4-лентали транспортёрлар уруғларни бўшатиш учун хизмат қилади. Уруғларни вертикал кўтаришга 5-нориялар хизмат қилади. Ячейкалар ичидан уруғлар ўз оғирлиги ҳисобига бўшатилади.

Мойли уруғларни элеваторда умумий ҳаракатланиш схемаси 2.2-расмда кўрсатилган. Расмда кўриниб турганидек корхонага автотранспорт орқали келтирилган уруғлар автомобиль тортиш тарозида тортилади. Юкни тушириш 12-автомобил бўшатгич ускунаси орқали унинг остида жойлашган ўрага бўшатилади. У ердан юк 13-, 14-транспортёрлар ва 3-, 4-нориялар (3, 4) орқали уруғлар тарозиси устидаги 5-бункерга келиб тушади.

Уруғлар 6-тарозида тортилиб, 7-айланувчи-тақсимловчи нов ва воронка орқали 9-сепаратор устидаги 8-бункерга оқизилади. Тозаланган уруғлар 10-бункер ёки 11-қуритгичдан ўтказилиб, корхонада қайта ишлаш учун берилади.

Уруғлар тортилгандан сўнг тозаланган ва зарур бўлган пайтда қуритилган хом ашё силос устидаги 20-, 21-, 22-транспортёрларга, у ердан 23-элеваторларга берилади. Агар нам ва ифлосланган уруғлар кўп миқдорда келтирилган бўлса силосларга қисқа муддатга сақлаш учун берилиши мумкин. Силосларда узоқ вақт сақлаб туриш учун тозаланган ва оптимал намликкача қуритилган уруғлар берилади. Уруғлардан ажратилган аралашмалар 9-сепаратордан 15-шнек орқали 16-бункерга узатилади, сўнгра автомашина ёрдамида корхонадан чиқариб юборилади.



Корхонага 19-темир йўл вагонлари орқали келган уруғлар вагон тарозиларида тортилиб, 17-қабул қилиш ўрасига бўшатилади. У ердан уруғлар 18-транспортёрга тушади, кейин эса 1- ёки 2-нория орқали 6-тарозилар устидаги 5-бункерларга берилади.


2.2-расм. Элеваторда мойли уруғлар ҳаракатининг умумий схемаси


Уруғлар 6-тарозида тортилгандан сўнг, худди автомобил транспорти ёрдамида келтирилган уруғлар каби, тозаланади ва ички транспорт воситалари ёрдамида сақлаш учун силосларга берилади. Қуритилган уруғлар ҳам нориялар орқали силос устидаги транспортёрларга, у ердан силосларга узатилади.

Элеватордан уруғлар силослар тагидаги 24-, 25-транспортёрлар ёрдамида 1-, 2-, 3-, 4-норияларга, улардан уруғлар қайтадан тозалаш ва қуритиш учун ёки ишлаб чиқариш учун узатилади. Зарур бўлган пайтларда силос устидаги транспортёрларга қайтарилиб, уруғларни шамоллаштириш мақсадида бир силосдан иккинчи силосга ўтказиш учун берилади.

Бундай элеватор туридаги омборхоналарнинг технологик схемаси катта уддабуронлик ва усталик талаб этилган ҳолда бошқарилади. Элеватор туридаги омборлар қурилиши нисбатан арзон, қулай, ёнғинга чидамли, экаплуатация қилишда хавфсиз эканлиги, ҳамда ортиш ва тушириш ишлари механизациялаштирилган ва омборда барча ишларни масофали бошқариш имконияти мавжудлиги уларнинг афзалликларидан далолат беради.

Камчиликлари, унда ёмон сочилувчан уруғларни (масалан пахта чигитини) сақлаш имконини йўқлиги, ҳамда силосларга юклаш ва бўшатишда ёки сақлаш даврида юқори қатлам босимини пастки қатламга таъсири натижасида синиб кетиши мумкин бўлган мўрт ёки юмшоқ қобиқли уруғларни сақлаш имконининг йўқлигидир.



Механизациялашган омборлар. Бу типдаги омборлар поли қия қурилган бўлиб, уруғнинг пастки галареядаги транспорт воситасига узатиш учун қулайлик яратади. Механизациялашган омборлар (2.3-расм) бир қаватли бино бўлиб, унда қуйи ва юқори галареялар ичида 1-, 2-, 3- ва 4-лентали транспортёр қурилмалари мавжуд. Улар ёрдамида уруғларни горизонтал йўналишда омборхонанинг исталган нуқтасига ва кераклича ишлаб чиқаришга узатиш мумкин. Бундай омборларнинг поллари қия бўлиб, бу нарса уруғларни қайта ишлаш учун ёки омборхонанинг бошқа бўлимига узатиш учун лентали транспортёрга сирғалиб тушишига имкон яратади. Уруғлар 5- ва 6-вентиляторлар ёрдамида фаол шамоллатиб турилади. Бундай омборхоналарнинг эни 8-32 метр, баландлиги 15 м гача, узунлиги турлича бўлади.

2.3-расм. Механизациялашган омбор
Механизациялашган омборларнинг афзаллиги шуки, уларда юклаш ва бўшатиш ишлари тўлиқ механизациялашган ва элеватор типидаги омборлар каби баланд эмас. Камчилиги эса, катта майдон эгаллайди, зичлашиб қоладиган уруғларни масалан, пахта чигитини сақлаш имкони бўлмайди.

Yüklə 3,99 Mb.

Dostları ilə paylaş:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   19




Verilənlər bazası müəlliflik hüququ ilə müdafiə olunur ©azkurs.org 2024
rəhbərliyinə müraciət

gir | qeydiyyatdan keç
    Ana səhifə


yükləyin