Форпресс цехининг технологик схемаси (7.8-расм). Янчиш учун келаётган мағиз 1-шнек, 2-нория ва 3-магнитли тозалагичдан ўтиб, 4-тақсимловчи шнекка берилади. Сўнгра мағиз 5-янчиш ускунаси ВС-5 ларга тақсимлаб берилади ва янчилади. Ҳосил бўлган янчилма 6-шнек, 7-нория ёрдамида 8-тақсимловчи шнекка келиб тушади. У ердан янчилма намлик билан ишлов бериш учун 9-намловчи – буғловчи шнекларга тақсимланади. Намланган ва буғланган маҳсулот 10-қовуриш қозонларига киритилади ва қовурилади. Мойни сиқиб олиш учун ҳосил бўлган қовурма 11-форпрессларга тушади ва пресслаш жараёни бажарилади. Ажратилаётган кунжара 12-шнек орқали экстракция цехига узатилади. Форпрессларда сиқиб олинган мой эса 13-йиғувчи шнек ва 14-нория ёрдамида 15-чўкма тутқичга берилади. Чўкма тутқичда ажратилган қуйқа 16-шнек ёрдамида 10-қовуриш қозонига қайтарилади. Қуйқадан тозаланган мой 17-совитгичда совитилиб 18-идишда йиғилади. У ердан 21-насос билан 19-фильтр – прессга узатилади. Фильтрлаш натижасида ҳосил бўлган чўкма 20-шнек ва бошқа транспорт воситалари ёрдамида қовуриш қозонига қайтарилади. Фильтрланган мой эса 22-идишга берилади ва 23-насос ёрдамида тозалашнинг кейинги мукаммал босқичи – рафинацияга узатилади.
Мойли уруғларни икки марта пресслаб қайта ишлашнинг намунавий схемаси (7.9-расм). Икки марта пресслаш схемаси бўйича кашнич чиқиндисидан ташқари ҳар қандай мойли хом ашёни қайта ишлаш мумкин. Бунинг учун 1-тебранма элакли электромагнит сепараторидан ўтиб келаётган янчилма 2-инактиваторга келиб тушади, бу ерда тўйинган буғ, конденсат, сув ёки буғ-сув аралашмаси билан намланади ва қиздирилади. Янчилмага бериладиган кейинги иссиқлик ишлови 3-қасқонли қозонларда амалга оширилади.
Тайёр қовурма 4-форпрессларга тушади. Форпрессларда сиқиб олинган мой 6-йиғувчи шнек ёрдамида 8-механик қуйқа туткичга юборилади, кейин эса бирламчи тозалашга берилади. Зеер қуйқалари ва фильтрпресс шлами 15-шнек ва 7-нориялар ёрдамида иккинчи марта қайта ишлаш учун 3-қозоннинг биринчи қасқонига берилади. Форпресс кунжараси шнек-пресс валига ўрнатилган пичоқлар ёрдамида ва 5-синдирувчи шнекда дағал майдаланади, кейин 9-нория билан 10-электромагнит сепараторига берилади. Кейинги майдалаш 11-болғали ёки дискли дробилкалар ва 12-беш валли станокларда олиб борилади.
Янчилган форпресс кунжараси (кунжара янчилмаси) 14-шнек, 13-нория ва 16-тақсимловчи шнеклар ёрдамида тугал пресслаш экспеллерларининг 17-қозонларига берилади. Схемада ФП форпресслари ва ЕП экспеллерлари тасвирланган. Экспеллер мойи 19-йиғувчи шнек ёрдамида 20-механик қўйқа тутқичга юборилади ва форпресс мойи билан биргаликда бирламчи тозалашга берилади.
Экспеллер кунжараси 18-шнек ёрдамида майдалаш, намлаш, совутиш ва тортишга юборилади, ундан кейин уни кунжара омборига жўнатилади.
Таянч» сўз ва иборалар
Пресслаш – мойли маҳсулотдан сикиб ёғ олиш. Тозаланмаган мой – прессда сиқиб чиқарилган мой. Кунжара – мойи сиқиб олинган қовурма қолдиғи. Зеер камераси – пресслаш машинасининг асосий қисми. Қолдиқ мой – қовурмадан мой сиқиб олингандан сўнг кунжарада қолган мой миқдори.
Такрорлаш учун саволлар
1. Пресслаб мой олиш, унинг афзаллик ва камчиликлари.
2. Пресслашга келаётган маҳсулотга қўйиладиган талаблар.
3. Зеер камерасида босим ҳосил қилиш омиллари.
4. Прессдан чиққан мойнинг кўрсаткичлари.
5. Қовурмадаги шелуханинг пресслашдаги роли.
6. Пресс унумдорлиги ва мойнинг чиқишига таъсир этувчи омиллар.
7. Мойли маҳсулотни форпресслаш технологик схемасини тушинтиринг.
8. Икки марта пресслаш билан мой ишлаб чиқариш схемасини тушунтиринг.
14-МАВЗУ
ЎСИМЛИК МОЙЛАРИНИ ЭКСТРАКЦИЯ УСУЛИ БИЛАН ОЛИШ
Режа:
Экстракция жараёнининг моҳияти ва эритувчилар сифатига қўйилган умумий талаблар.
Ўсимлик мойларининг органик эритувчиларда эрувчанлиги ва эритмаларнинг табиати.
Ўсимлик мойларини экстракция қилиш учун ишлатиладиган саноат эритувчилари ва уларнинг синфланиши.
Алифатик углеводородлар.
Ароматик углеводородлар.
Эритувчиларни сақлаш ва уларни экстракция жараёнига тайёрлаш.
Экстракция жараёнининг моҳияти ва эритувчилар сифатига қўйилган умумий талаблар. Экстракция усули билан ёғ олишнинг қисқча тарихи
Ферментлар, баъзи бир эритувчилар ёрдамида ёғли уруғлардан максимал равишда ёғ олиш муаммоси олимлар диққатини кўпдан буён ўзига жалб қилиб келган.
Биринчи марта мухандислардан Грамм ва Коллоглар майда янчилган ёнғоқ мағизидан сув ёрдамида ёғ олишни таклиф қилди.
Шу усулнинг бир оз ўзгартирилган нусхасини Скипин хам амалга оширди.
Лекин сув билан иш олиб борилганда кунжарада кўп ёғ қолиши сабабли баъзи поляр бўлмаган эритувчиларни ишлатиш йўллари қидирила бошланди. Швитцернинг айтишича, ўсимлик уруғларидан эритувчилар ёрдамида ёғ экстракция қилиш тажрибалари 1843 йилдан бошланиб, 1856 йилда Францияда биринчи марта саноатда қўлланган. Бу заводда зайтун уруғининг кунжарасидан углерод сульфид (сульфиникум корбаникум) ёрдамида ёғ экстракция қилинган. Бундан кейинги қурилган заводларда бензин билан ишлайдиган экстракторлар ўрнатила бошланди.
Фоль, сўнгра (1879 йил) Адамсон, ундан кейинги йилларда Сельтсаем, Рихтер ва Мерулар яратган аппаратларни яхши ишланган биринчи экстракцион агрегатлар деб хисоблаш мумкин. Мерунинг аппарати ўз-ўзидан (сифон принципида) ёғни автоматик равишда аппаратдан хайдаб туриши ва бошқа бир қанча афзалликлари туфайли саноатда кўп тарқалган эди.
Ўтган асрнинг охирида батареялик экстрактор ихтиро қилиниб, Гейль системасида ишланган агрегатлар қўллана бошлади.
Минтақамизда биринчи экстракцион завод 1926 йилда Кропоткин шахрида қурилган. Бу заводда Кебер системасида ишланган батареяли экстрактор ўрнатилган эди.
Экстракцион усул ривожланиб бориб, узлукли ишловчи экстракторлар узлуксиз ишлайдиган нусхалари (Больман, Гиль-дебрандт) билан алмаштирилди. Гильдебрандтнинг шнек шаклида ишланган вертикал экстрактори ўзининг қулайлиги, ишлатишда ўнғайлиги сабабли кенг тарқалди.
Биринчи узлуксиз ишловчи экстрактор 1947 йилда Украинада кунгабоқар хом ашёсини ишлаш учун ишга туширилди. Кейинги йилларда Ўрта Осиёдаги кўпгина заводларнинг пресс агрегатлари узлуксиз ишловчи экстракторлар билан алмаштирилди.
Экстракцион усул хом ашёдан максимал равишда ёғ олиш имкониятини беради. Лекин бензин ёки бошқа хил ўтга хавфли бўлган эритувчилар ишлатилгани учун ёнғинга, портлашга ва захарлашга қарши тадбирий чоралар кўриш алохида диққатни талаб қилади.
Экстракция усули билан мойли маҳсулотдан максимал равишда мой олиш имкониятини беради. Лекин экстракция бензини ва бошқа хил эритувчилар ишлатилганда ёнғинга, портлашга ва заҳарланишга қарши тадбирий чоралар кўриш алоҳида диққатни талаб қилади.
Ўсимлик мойларини экстракция усули билан олишда ишлатиладиган эритувчилар экстракция жараёнининг техника ва технологияси талабларига жавоб бериши керак. Булар, экстракция билан тўлиқ миқдорда ёғ олиш, сифатли ёғ ва шрот олиш, эритувчини одам организмига зарарли таъсир қилмаслигини таъминлаш ва ишлаганда хавфсизликни камайтириш мақсадида қўйилган талаблардир.
Маълумки, ўсимлик мойлари органиқ моддалардан ташкил топган бўлиб, кўпчилик органиқ эритувчиларда яхши эрийди, саноатда ишлатиладиган эритувчилар қуйидаги асосий талабларга жавоб беришлари лозим:
фақат мойни яхши ва тез эритиб, у билан аралашиб юрадиган ҳамрох моддаларни ва бошқа компонентларни эритмаслиги керак;
кимёвий жихатдан соф, юқори бўлмаган қайнаш ҳароратига, паст иссиқлик сиғимига ва юқори бўлмаган нисбий буғланиш иссиқлигига эга бўлиши керак;
сақланаётган пайтда ва экстракция жараёнининг турли босқичларида ўзининг кимёвий таркибини ва хусусиятларини ўзгартирмаслиги керак;
сув билан аралашмаслиги ва у билан азеотроп бирикмалар бермаслиги керак;
мой ва шротдан имконияти борича паст ҳароратда тўлиқ ҳайдалиши, уларга бегон хид ва таъми бермаслиги ва организм учун зарарли маҳсулотлар пайдо қилмаслиги керак;
тоза ҳолда, сув ва сув буғлари билан аралаш ҳолда ишлатилаётган аппаратурага емирувчи сифатида таъсир қилмаслиги керак;
суюқ, буғ ва сув буғлари билан аралаш ҳолда хизмат кўрсатиш ходимларининг соғлиғига зарар келтирмаслиги лозим;
ёнғин ва портлашга нисбатан хавфсиз бўлиши даркор;
ишлаб чиқаришда катта масштабларда фойдаланилиши учун бемалол топиладиган , яъни арзон ва нотанқис бўлмоғи керак.
Хозирги даврда ушбу талабларга жавоб берувчи биронта ҳам эритувчи топилмайди. Шунга қарамасдан саноат миқёсида нефтнинг енгил фракцияларидан бўлган, енгил учувчи бензин фракцияси экстракция саноатида кенг ишлатилади. Экстракция бензинлар асосан иккита талабга тўлиқ жавоб бермайди: 1) ёнғин ва портлаш нисбатан ўта хавфли; 2) оз бўлсада, бензин буғлари нерв-паралитик заҳар ҳисобланади. Агарда қўйилаётган талабларнинг барчасига жавоб берувчи эритувчи топилагнда, у идеал эритувчи ҳисобланард эди. Шунинг учун саноат эритувчиларини танлашда уларни хоссаларини идеал эритувчи хоссалари билан таққослаб, фарқи энг кам бўлган эритувчи олинади.
Ўсимлик мойларининг органик эритувчиларда эрувчанлиги ва эритмаларнинг табиати. Ўсимлик мойларининг органиқ эритувчиларда эрувчанлиги уларнинг баъзи бир хусусиятлари яқинлигидан намоён бўлади. Аввало бу хусусият ўхшашлиги эритувчиларнинг ва ўсимлик мойларининг электрик ўтказувчанлиги ёки уларнинг поляр ёки нополярлигида аксланади. Бу хусусият ўсимлик мойларининг диэлектрик доимийлик коэффициенти билан белгиланади ва солиштириш учун қуйлай ҳисобланади. Оддий шароитда барча ўсимлик мойларининг диэлектрик доимийлик коэффициенти 3,0-3,2 атрофида бўлади. Фақат канакунжут уруғидан олинган мойнинг таркибида рицинол кислотаси бўлганлиги учун, бу мойнинг диэлектрик доимийлиги 4,6-4,7 га тенг. Органиқ эритувчиларга келсак, кўпчилик алифатик углеводородлар ўзларининг диэлектрик доимийлиги билан ўсимлик мойларига ёндош келади ва бу қиймат 3-16 атрофида бўлади ўзгариши мумкин.
Бошқароқ қилиб айтганда эритувчи ва ўсимлик мойларининг электр ўтказувчанлиги нихоятда паст бўлиб, улар орасида ўзаро молекуляр тортиш кучлари Вандер-Вальс назарияси асосида нихоятда бир-бирига яқинлигидан деб хисобланади. Шунинг учун ўзун углеводород радикали эритмаларда, яъни алифатик тўйинган улар водородлар гомолог қаторида яхши эрийди. Деярли барча тўйинган углеводородлар нополяр эритувчи туркумига киради.
Поляр эритувчиларга келсак, масалан, спиртлар, кетонлар ва бошқаларнинг диэлектрик доимийлиги юқори бўлганлиги учун ўсимлик мойларини ёмон эритади ёки юқори температурагина лозим бўлган эритувчанликка эга бўлиши мумкин. Масалан, кетонлар туркумига кирувчи ацетон (диэлектрик доимийлиги ε=21,5га тенг) фақат, қуруқ ҳолатда ўсимлик мойларини эритади, лекин озгина намланиши билан эритувчанлик қобилияти сусайиб кетади, чунки сувнинг диэлектрик доимийлиги юқори бўлиб, 81 га тенг. Шу сабабли мойларнинг сувда эрувчанлиги арзимас бўлиб, амалий жиҳатдан аҳамиятсиздир.
Хлорли углеводородларни оладиган бўлсак улар ҳам поляр эритмаларга хос бўлиб, мойларни ёмон эритиш лозим эди, лекин эритувчида галоген элементи борлиги сабабли диэлектрик доимийлиги катта бўлишидан қатъий назар ўсимлик мойларини яхши эритади. Бундан келиб чиқадики, бир-бирига яқинлаштирилган триглицерид ва эритувчи молекулалари ўртасида ўзаро молекулалар тортиш кучлари нисбатан тенглашиш керак ва шу ҳолдагина турли қовушқоқликка эга бўлган суюқликлар бир-бирида чексиз аралашиши ёки эриши мумкин.
Метил, этил ва изопропил спиртлар хона ҳароратида ўсимлик мойларини қисман эритади, иситилганда мойнинг эриши ортади. Кастор мойининг эриши бошқа ёғлардан фарқ қилади. Хона хароратида бу мой бензин ва гександа ёмон эрийди, агар қиздирилса эриш тезлашади. Хона ҳароратида кастор мойи тоза этанолда ва метанолда яхши эрийди, бу мой таркибидаги рицинол кислотасининг спиртдаги ОН– гуруҳи билан боғ ҳосил қилиши билан тушунилади.
Ўсимлик мойлари кичик қутблиликка эга. Шунинг учун «қутбсиз» эритувчиларда (бензин, гексан, дихлорэтан ва бошқа у.в.лар) яхши эрийди. Қутбсиз эритувчиларда мой ҳар қандай нисбатда аралашади.
Эритувчиларнинг қутбланганлигига боғлиқ ҳолда уларда мойларнинг ва сувнинг эрувчанлиги 9.1-расмда иллюстрация қилинган.
Dostları ilə paylaş: |