Мой экстракция ишлаб чиқаришида эритувчи йўқолиши
Шрот ва мисцелладан буғлатиб олинган эритувчини регенерациялаш ва рекуперациялаш жараёнларида унинг асосий қисми ишлаб чиқаришга қайтарилади ва ёғни экстракциялаш учун кўп маротаба ишлатилади. Бироқ айланма бензинни тўлиқ регенерациялаш имкони йўқ ва унинг бир қисми йўқотилади. Бу йўқотиш қайта ишланаётган хом ашё массасига нисбатан 1 т хом ашё учун 0,3дан 1,5% (3-15кг)гача миқдорни ташкил этади ва бу умумий ёки қайтмайдиган йўқотиш деб аталади. Унинг миқдори қайта ишланаётган мойли хом ашё турига, экстракциялаш усули билан ёғ ажратиб олишнинг техника ва технологиясига боғлиқ. Унумдорлиги пахта чигити бўйича 400-600 т/кун бўлган замонавий экстракциялаш заводларида энг яхши шароитда ишланганда ҳам кунига 2 дан 4 т гача эритувчи йўқотилади. Бу эса тайёр маҳсулот таннархига таъсир этади ва экстракциялаш цехининг меҳнат шароитини ёмонлаштиради.
Эритувчи йўқолишининг асосий манбаларига қуйидагилар киради:
экстракция цехидаги айрим аппаратларни зич ёпилмаслиги туфайли эритувчини суюқ ёки буғ ҳолида чиқиб кетиши;
шрот, ёғ ва оқава сувлар билан йўқотиш;
рекуперация қурилмаларида эритувчи буғларини тўлиқ конденсатланмаслиги ва уни атмосферага чиқариб юбориш натижасидаги йўқотиш.
Экстракция цехидаги зич ёпилмаган аппаратлар орқали суюқ эритувчини чиқиб кетиши аслида мавжуд эмас, чунки герметик аппаратларнинг царг ва фланец билан бириктирилган жойлари ҳар куни ва режали таъмирлаш кунлари пухта назорат қилинади. Бироқ айланувчи қисмларга эга бўлган аппаратларда (экстракторни шнекли валлари, шрот буғлаткич, бензин ва мисцелла насосларининг валлари) бу йўқотишлар албатта бўлади. Подшипниклардаги вал бўйинлари сальникли зичлагичларга жойлашади ва бу сальниклар яхшилаб уриб киргизилганда ундан ўтиб кетадиган эритувчи миқдори бироз камаяди, лекин бу йўқотиш тўлиқ тугатилмайди. Масалан, сальниклар яхши киритилмаса 600С ҳароратли янги экстракцияланадиган кунжара (баргсимон ёки донадор ҳолида) берилганда бу ердан (вални экстрактор ташқарисига чиқадиган жойида) ҳавога чиқиб кетадиган эритувчи буғларининг миқдори 2,0 мг/л га етади, барча чоралар кўрилганда эса, 0,2 мг/л гача камаяди.
Бензин ва мисцелла насосларидаги сальникларда ҳам герметиклик бузилса йўқотиш юзага келади. Сальниклар яхшилаб киритилганда бевосита насосдан ҳавога чиқиб кетадиган эритувчи буғларининг миқдори 0,5 мг/л гача камайиши мумкин. Бу эса экстракция цехидаги ҳавода эритувчи буғлари миқдорини санитар норма (0,3 мг/л)дан деярли икки баробар ошиб кетишига олиб келади.
Сув ажратгич ёки шламбуғлатгичдан чиқаётган сув билан бензинни йўқотилиши уни сувда эрувчанлиги, ҳамда сув билан эмульсияланиб эмульсион қатламга илашиб кетиши туфайли юзага келади. Умуман айтганда, бензинни сувда эрувчанлиги жуда кичик бўлиб, ҳарорат ва кимёвий таркибига қараб масса бўйича 0,0007%дан 0,0015%гача бўлади. Бироқ, бир хил гомологик қаторда молекуляр масса ошиши билан углеводородларнинг сувда эрувчанлиги ошиб боради. Шунинг учун таркибида 55%гача нормал гексан бўлган, ТУ – 38 № 101303-72 бўйича А маркали бензиннинг сувда эрувчанлиги бошқа бензин турларига қараганда анча юқори бўлади. Ҳарорат ошганда углеводородларнинг айниқса бензиннинг сувда эрувчанлиги сезиларли даражада ортади. Масалан, н-гептанни сувда эрувчанлиги ҳарорат 100Сдан 250Сгача ошганда икки баравар ортади. Шунинг учун буғлаткич ва дистиляторларнинг вертикал конденсаторларидан кейин конденсат, конденсат совиткич деб аталувчи трубали иссиқлик алмашгичда совитилади. Натижада сув ажратгичлардаги эмульсион қатламнинг ҳосил бўлиши ҳам анча камаяди. Сув ҳалқали насосларнинг роторларида ҳам эмульсия ҳосил бўлади. Сувда ҳам эриган, ҳам эмульсияланган бензин миқдори сув ажратгичдан чиқаётган сувда 0,18-0,28%ни ташкил қилади. Бундай сувни канализацияга чиқиб кетишидан олдин албатта шламбуғлаткичларда қайта ишлаш лозим.
Эритувчи йўқолишининг кейинги манбаларига дефлегматор ёки адсорбцион қурилмаларидан атмосферага чиқиб кетаётган ҳаво киради.
Дефлегматорга келаётган ҳаво-буғ аралашмасидаги бензин буғлари миқдори жуда юқори бўлиб, қуйидаги оралиқларда бўлади (22-240С ҳароратда):
буғлаткич ва дистиляторларга уланган вакуум насосларни ҳайдайдиган, ҳамда атмосфера босими остида ишлайдиган дистиляторлардан чиқиш линиясида 300 дан 410 мг/л гача;
ичидаги суюқлик миқдорининг сатҳи унчалик ўзгармайдиган турли сиғимлар, яъни айланма бензин резервуари, мисцеллайиғгичлар ва сув ажратгичлардан чиқиш линиясида 60 дан 70 мг/л гача. Аппаратлардан чиқаётган ҳаво оқимининг тезлиги анча кичик бўлади.
Эритувчининг кўп миқдори буғлаткичларнинг технологик иш режими бузилганда шрот билан бирга йўқотилади. Бензиннинг шротдаги миқдори 0,05-0,2%ни ташкил этсада, чиқаётган шрот миқдори кўп бўлгани учун, шрот эритувчини йўқотишнинг асосий манбаиларидан бири ҳисобланади.
Ниҳоят, охирги йўқолиш манбаи экстракцион ёғ бўлиб, ундаги эритувчининг қолдиқ миқдори 0,01%дан ошмаслиги лозим.
Яхши ташкиллаштирилган, НД-1250 линияси билан жиҳозланган экстракциялаш цехларидаги иш тажрибаларига кўра, 1т қайта ишланаётган уруғга 3,5-4,0 кг бензин йўқотилади. Шу сабабли йирик заводлар йилига 1000т дан ортиқ бензин йўқотади.
ВНИИЖ тақдим этган баланс бўйича эритувчининг қайтмас йўқотилиши (% да) қуйидагича тақсимланади:
Вентиляцияланаётган ҳаво билан 41,0
Канализацияга чиқиб кетаётган сув билан 6,0
Дефлегматорлардан чиқиб кетаётган ҳаво билан 10,0
Буғлаткичдан кейин шрот билан 22,0
Экстракция ёғи билан 1,0
Ҳисобга олинмаган йўқотишлар 20,0
Шундай қилиб, эритувчини йўқотилиши мойли уруғларни қайта ишловчи корхоналарда катта суммани ташкил этади. Бу йўқотишларни максимал даражада қисқартириш учун технологик қурилмаларни эксплуатация қоидаларига қатъий риоя этиш ва технологик йўриқномада белгиланган иш режимига риоя қилиш лозим.
«Таянч» сўз ва иборалар
Регенерация. Рекуперация. Эритувчи буғларини конденсациялаш. Абсорбент. Адсорбент. Сув ажратгич. Конденсатор. Дефлегматор. Мой-абсорбция қурилмаси. Абсорбер. Десорбер. Рашиг ҳалқалари.
Такрорлаш учун саволлар
Эритувч буғларини регенерация ва рекуперация қилишдан мақсад нима?
Эритувчи буғларини регенерация қилишнинг технологик шартлари.
Эритувчи ва сув буғларининг аралашмасини конденсациялаш.
Эритувчи буғларининг рекуперацияси қандай қурилмаларда бажарилади?
Ҳаво – буғ аралашмасидаги эритувчи буғлари қандай абсорбент ёрдамида рекуперация қилинади ва унинг технологик баёни.
Эритувчи ва сувнинг аралаш конденсати қандай ажратилади?
24-МАВЗУ
ЭКСТРАКЦИЯЛАШ ТЕХНОЛОГИК СХЕМАЛАРИНИНГ БАЁНИ
Режа:
НД-1250М линиясининг технологик схемаси ва унинг баёни.
“КУШО” экстракция тизимининг технологик схемаси баёни.
НД-1250М линияси технологик схемасининг баёни (18.1-расм). Экстракция қилинаётган материал йирик, майда ёки баргсимон ҳолатда конвейр (4) орқали экстрактор (1) нинг қабул қилиш калоннасига берилади. Экстрактор (1) га маҳсулот оқиб тушувчи трубага электромагнит (2) жойлаштирилган. Экстракция қилинаётган материал унга қарама-қарши харакат қилаётган эритувчи (бензин, гексан) билан ёғсизлантирилади. Экстракторга эритувчи цех ташқарисидаги резеруварлардан сув чўктиргич (3) иситгич (5) лар орқали берилади. Экстрактор (1) шрот таркибида 25-40% эритувчи ва сув билан чиқиб шлюзли затвор орқали ўзи оқиб қасқонли буқлатгич (8) (тостер) га берилади. Шротни қасқондан қасқонга ўтиши клапонлар ёрдамида автоматик равишда бажарилади. Хар бир қасқонда шрот иссиқлик ва буғ билан ишланади. Ёпиқ ва очиқ буғлар тъсирида қасқонда маҳсулотни аралаштириш натижасида шрот таркибидаги эритувчи буғлантирилади. (0,1-0,5%). Ёғсизлантирилган шрот совутилиб шнеклар орқали омборга жўнатилади.
Экстрактор (1) дан чиққан тозаланмаган мисцелла насос (25) орқали дискли филтр (11) ларга берилади. Тозаланган мисцелла ўз оқими билан мисцелла йиғгич (13) да йғилади. Тозаланган мисцелла насос билан иситгич (14) орқали 1-босқичли дистелятор (27) га берилади. Иситгич (14) биринчи босқич дистелятордан буғланган эритувчи буғлари ёрдамида иситилади. Эритувчи буғлари иситгич (14) орқали конденсатор (6) га берилади. Қизиган мисцелла насос (25) билан 2-босқичли дистелятор (26) га берилади. Ажраб чиққан буғлар конденсатор (6) да йиғилади. Мисцелла эса насос (25) билан иситгич (21) орқали тугалловчи дистелятор (22) га берилади. Бу ерда мисцелла фарсункалар ёрдамида солиб берилади. Бу эса юқори унумли дисцелляция жараёнини ҳосил қилади. Тугаллвчи дистелятор вакуум остида ишлайди. Вакуум буғ электори (33) орқали ҳосил қилинади. 1- ва 2-босқичли дистеляторлар атмосфера босимида амалга оширилади. Тугалловчи дитиллятордан чиққан ёғ чақнаш температурасини аниқловчи асбоб (32) да чақнаш температурасини аниқлаб, совутгич (24) да совутилиб ёғ йиғгичда йиғилади. Қасқонли буғлатгич (8) (тостер) дан буғланиб чиқиб эритувчи буғлари хўл шрот тутгич (7) орқали конденсатор (6) да йиғилади. Буғнинг конденсатор (6) га келишида вакуум буғ эжектори (33) роли катта бўлади. Конденсатор (6) дан эритувчи конденсатор совутгичи (9) орқали сув ажратгич (31) га ўзатилади. Бу ерда ўз навбатида дистиллятордан буғланган эритувчи буғлари ҳам конденсатор совутгилари (28,29) дан ўтиб йиғилади. Сув ажратгич (31) да эритувчи сувдан ажратилиб экстрактор (1) га юборилади. Ифлос сув эса насос (25) орқали буғлатгич (30) га ўзатилиб қолган эритувчи буғлатилади. Ошиқча сув эса цех ташқарисидаги резеруарга йиғилади.
18.1- расм. НД-1250М экстракция линиясининг технологик схемаси
1-экстрактор; 2- элекромагнит; 3-сув тиндиргич; 4-редлер; 5-бензин иситкич; 6- конденсаторлар; 7-циклонли хўл шрот ушлагич; 8-тостер; 9-конденсат совуткич; 10- ; 11-мисцелла фильтрлари; 12, 13-мисцелла сиғимлари; 14-экономайзер; 15-совуткич; 16-абсорбер; 17, 18, 19-иссиқлик алмаштиргичлар; 20-десорбер; 21-мисцелла қиздиргич; 22-тугал дистиллятор; 23-мой сиғими; 24-мой совуткич; 25-насослар; 26-иккинчи босқич дистиллятори; 27-биринчи босқич дистиллятори; 28, 29-конденсат совуткич; 30-шлам буғлаткич; 31-сув ажраткич ; 32-мойнинг чақнаш ҳароратини аниқловчи асбоб ; 33-буғ эжекторлари.
“КУШО” экстракция тизимининг технологик схемаси баёни
Экстракцияланувчи маҳсулот ҳаракати. Мойли маҳсулот – кунжара, тегишли тайёрлов жараёнларидан ўтгандан сўнг, транспорт воситалари ёрдамида “Кушо” 24-экстракторининг корзинкаларига юкланади. Экстракция жараёнининг биринчи босқичида янги маҳсулот мазкур муҳитда концентрацияси энг юқори бўлган мисцелла ва босқичма-босқич концентрацияси камайиб бораётган мисцелла билан суғорилади. Аста –секин мойсизланиб бораётган мойли маҳсулот экстракция жараёнининг охирги босқичида тоза бензин билан ювилиб, силқитиш зонасидан ўтади ва бўшатиш бўлимида корзинканинг остки қопқоғи очилиб, мойсизланган кунжара – шрот экстракторнинг бўшатиш зонасидан ташқарига чиқарилади. Шрот таркибида 25-40% атрофида эритувчи бўлганлиги учун қайта ишловга йўналтирилади. Экстрактордан чиққан бензинли шрот 31-“ғоз бўйинли” редлер ёрдамида 32-қасқонли буғлатгич – тостерга берилади. Бу ускунунада шротдан бензин технологик буғ ёрдамида учирилади. Бензиндан халос бўлган шрот тостернинг остки қасқонидан чиқиб, навбатдаги “ғоз бўйинли” редлер ва транспорт воситалари ёрдамида омборхонага юборилади. Тостерда шротдан учирилаётган бензин буғларининг ҳажми ниҳоятда катта бўлганлиги сабабли, ўзлари билан шротнинг майда заррачаларини учириб олиб чиқади. Шунинг учун чангли бензин буғлари тостернинг тепасига ўрнатилган ҳол шрот тутқич орқали ўтказилиб, шрот чанглари тутқичнинг юқорисидан форсункалар орқали пуркаб берилаётган иссиқ бензин билан ҳўллаб, тутиб қолинади. Шрот чанглари ва бензин аралашмасидан ҳосил бўлган аталасимон суюқлик – шлам тутқичнинг остки қисмидан, ўз оқими билан тостернинг тепа кенгайтирилган қасқонига оқизиб туширилади. Шрот чангларидан тозаланган бензин буғлари дистилляция тизимининг биринчи босқичи ҳисобланган экономайзерга йўналтирилиб, бу ерда бензин буғлари ўз иссиқлигини мисцеллага узатиши натижасида ишлатилаётган технологик буғнинг тежалиши юз беради.
Эритувчи, мисцелла ва мой ҳаракати. Экстрактор ичидаги маҳсулот ҳаракат схемасида эритувчи ва мисцеллани босқичма-босқич пуркаб бериш принципи ишлатилган бўлиб, мисцелланинг рециркуляцияси экстракцияланувчи маҳсулотнинг ҳаракатига нисбатан қарама-қарши йўналишда берилади. Бу пайтда энг мойсизлантирилган маҳсулот тоза эритувчи билан пуркаб суғорилади. Эритувчи ҳарорати 550С, миқдори 6м3/соат атрофида бўлиши керак.
Экстракторга кириб келаётган янги кунжара энг юқори концентрацияли мисцелла билан 21-герметик шнекнинг йўлкасида, экстрактор корзинасига тушмасдан олдин тўқнашади.Эритувчи ҳаракати системасининг хусусияти бу тизимда шундан иборатки, айланма эритувчи 6-сув ажратичдан цех ташқарисидаги бензин бакларига эмас,тўғри 13-бензин иситкич орқали экстракторнинг ўзига ҳайдалади. Бундай шароитда қайтмас эритувчи сарфини крмпенсациялаб туриш учун эритувчи оқимига ер ости резервуарларидан бензин 5-насос ёрдамида сўрилиб, 6-эритувчи танкига қуйиб турилади. Бу ердан эритувчи 101-насос ёрдамида сарф ўлчагич ва 13-эритувчи иситкич орқали ўтказилиб, 15-экстракторнинг охирги босқичига таъминловчи трубалар ила берилади.
Экстрактор корзинасидаги маҳсулот қаватидан ўтаётган эритувчи қолдиқ мойни эритиб олиб, кичик концентрацияли мисцелла ҳосил қилади ва бу мисцелла корзиналар остида жойлашган бешта а, б, в, г, д мисцелла йиғгичларнинг бирида, а мисцелла йиғгичда йиғила бошлайди. Мисцелла йиғгичларнинг туби экстракторнинг марказидан сиртига томон қия бўлиб, улар бир-бирларидан тўсиқ деворлар билан ажратилган. Тўлган мисцелла йиғгичдан мисцелла қўшни йиғгичга шу тўсиқлар устидан ошиб ўтади. Ҳар бир мисцелла йиғгич хусусий 107, 108, 109, ва 110-мисцелла насослари билан таъминланган. Ҳар бир насос мисцеллани корзиналар юқорисида ўрнатилган бир жуфт пуркагичларга узатиб беради. Экстракция жараёни давомида мисцелла йиғгичларда турли концентрацияли мисцелла йиғилиб, насослар ёрдамида рециркуляцияланиб туради.
Экстракция жараёнининг охирги босқичида тоза эритувчи тўхтовсиз берилиб турганлиги учун ҳосил бўлаётган паст концентрацияли мисцелла шу босқичдаги мисцелла йиғгичда тўплпнади ва йиғгич тўлаётганда мисцелла йиғгичлар орасига ўрнатилган майда тўрли тўсиқлар орқали қўшни мисцелла йиғгичга ўтиб, бу мисцелла йиғгични ҳам тўлдиради. Шу билан биргаликда, ҳар бир мисцелла йиғгичга шу зонада маҳсулот орсидан ўтиб, концентрацияси бирмунча ошиб бораётган мисцелла ҳам қуйилиб туради. Натижада экстракцияланаётган маҳсулот мойлилиги камайиб бораётган йўналишига нисбатан, қарама-қарши йўналишда, концентрацияси ошиб бораётган мисцелла тегишли мисцелла йиғгичларда тўплпниб боради. Шундай қилиб, босқичма-босқич концентрацияси ортиб бораётганмисцелла охирги мисцелла йиғгичдан 25-30% концентрация ва 55-600С ҳарорат билан 14-мисцелла йиғгич (Мисcелла Танк)ка оқиб тушади. Бу ердан мисцелла 102-насос билан 19-гидроциклон (Ҳйдро cйcлон)га берилиб, шлам ажратиб олинади. Гидроциклон остидаги вентиль вақти-вақти билан очилиб, шлам экстракторга туширилади. Гидроциклонда тозаланган мисцелла дистилляция жараёнининг биринчи босқичини бажарувчи 3-экономайзер (Еcономисер) – сепараторга узатилади. Бу ерда дистилляция жараёни тостердан чиқаётган бензин буғларининг ҳарорати таъсири остида бажарилади. Дистилляциянинг биринчи босқичида мисцелладан бензин интенсив равишда ҳайдалади ва концентрацияси сезиларли даражада ошган мисцелла 103-насос ёрдамида 7-мисцелла иситкич (Мисcелла Ҳеатер) орқали дистилляциянинг иккинчи босқичига, 4-буғлатгич – сепаратор (Евапоратор)га ҳайдалади. Тугал дистилляторда қайта қиздирилган сув буғи очиқ ва ёпиқ ҳолда ишлатилиб, мисцелладан бензин вакуум шароитида тўлиқ ҳайдалади. Тугал дистилляторда олинаётган экстракция мойининг ҳарорати 100-1100С, чақнаш ҳарорати 2250С, қуйқа миқдори ва намлиги 0,3% гача бўлган қийматларда олиниши керак. Мой 105-насос билан 23-мой бакига (Оил Танк)ка йиғилади. Ностандарт мой 14-мисцелла йиғгичга қайтарилиши лозим. Стандарт мой эса, 23-бакдан 116-насос ёрдамида бак хўжалигига ёки рафинация цехига юборилиши керак.
Дистилляция системасида сийраклаштирилган ҳаво муҳити ЭЖ-1 ва ЭЖ-2 буғ эжекторлари ёрдамида ҳосил қилинади. Биринчи ва иккинчи босқич дистилляция системасида вакуум 160-230 мм симоб устунига, учинчи босқичда эса, 280-300 мм симоб устунига тенг бўлиши лозим.
Эритувчи буғлари ва сувнинг ҳаракати. Шрот чанги билан ифлосланган эритувчи буғлари ва қисман сув буғлари 18-қасқонли буғлаткич – тостердан чиқиб, 28-ҳўл шрот ушлагич (Сcруббер)га киради. Бу ерда буғлар оқими форсункалардан пуркаб берилаётган, ҳарорати 45-500С бўлган бензин билан пуркаб ювилади.Бензин шрот ушлагичга 6-сув ажраткичдан 101-насос ёрдамида, сарф ўлчагич орқали ҳайдалади. Скрубберда пуркаб берилаётган бензин ёрдамида ушлаб қолинган шротнинг чанги ва майда заррачалари – шлам тостерга қайтариб туширилади. Ювилган эритувчи буғлари3-экономайзер – сепараторга юборилиб,бу буғларнинг ҳарорати бу ерда мисцелланимисцеллани қиздириш, яъни дистилляция жараёнини олиб бориш учун ишлатилади. Натижада дистилляция учун ишлатиладиган технологик буғ тежалади. Сўнгра эритувчи буғлари 1-вакуум кенгайтиргич (Вакуум Жет)га, ундан кейин эсаасосий 11-конденсаторга, ҳамда навбатдаги назорат 9-, 25-конденсаторларига йўналтирилади. Юқоридаги конденсаторларда конденсатланмай қолган бензин буғлари ва бошқа газлар 17-абсорбердан ўтказилиб, бензин буғлари мумкин қадар ушлаб қолинади ва ниҳоят, абсорбцияланмаган газла ва қисман бензин буғлари 302-вакуум ветилятори (Фан-2) орқали атмосферага чиқариб юборилади.
Биринчи босқич 3-дистиллятор (экономайзер-сепаратор)дан ва иккинчи босқич 4-дистиллятор (буғлаткич-сепаратор)дан сув буғларисиз эритувчи буғлари ЭЖ-2 эжектор ёрдамида ҳосилқилинаётган вакуум остида ишлаётган2-конденсаторга кириб келади ва конденсатланади. Конденсатланмаган эритувчи буғлари ва эжекторларда ишлатилган технологик буғ 24-сувли буғлаткич (Wатер Стреепер)га юборилади.
Учинчи босқич 10-тугал дистиллятордан чиқаётган эритувчи буғлари ва очиқ сув буғлари ЭЖ-1 буғ эжектори ёрдамида 7-мисцелла иситкич (Мисcелла Ҳеатер) орқали 1-экономайзер – вакуум кенгайтиргичга, сўнгра 11-конденсатор – кенгайтиргичга, ундан 9-, 25-назорат конденсаторларига ва бу ердан 17-абсорберга сўрилади. Абсорберда эритувчи буғлари минерал мой билан ютилади, ютилмаган эритувчи буғлари ва бошқа газлар 302-вакуум вентилятор (Фан-2) ёрдамида сўрилиб атмосферага чиқариб юборилади.
Барча конденсаторларда ҳосил бўлаётган эритувчи конденсатининг сув билан аралашмаси ўз оқими билан 6-сув ажратгич (Сепоратор Танк)ка йиғилади. Эритувчи ва сув зичликларининг фарқига қараб сув қатламининг устида йиғилаётган эритувчи сув ажраткич тўсиғи устидан ошиб, ишчи бакка оқиб тушади. Бензин бу ердан технологик зарурат бўйича 101-насос ёрдамида қайта ишлатиш учун экстракторга ҳайдалади. Эритувчидан ажратилган сувда бензин қолдиқлари бўлганлиги учун сув ажраткичнинг остки қисмидан бензинли сув сиқиб чиқарилиб 24-сувли буғлаткичда буғлатилади. Эритувчи буғлариконденсаторга, қолган сув аввал бензин тутқичга, кейин канализацияга тўкилади.
Конденсаторларда, экстракторда ва барча сиғимларда сийраклаштирилган ҳаво муҳити 302-вакуум вентилятори (Фан-2) ёрдамида ҳосил қилинади.
Ҳаво-газ аралашмасидан эритувчи буғларини рекуперациялаш. Экстракция цехида ҳаво-газ аралашмасининг оқимини тўғриташкил қилиш учун мой экстракция қурилмаларининг барча ускуналари маълум даражада вакуум остида ишлайди. Экстрактордан, сув ажраткичдан, мисцелла йиғгичдан, 11-вакуум кенгайтигич конденсаторидан ажралиб чиқаётган ҳаво-буғ аралашмаси 1, 2-назорат конденсаторлари (поз. 9, 25) орқали 17-абсорбернинг остки қисмига сўрилади. Абсорберда вакуум вентилятор ёрдамида 15-20 мм сув устунига тенг сийраклашган ҳаво муҳити ҳосил қилиб турилади. Ҳаво-газ аралашмаси абсорберда пастдан юқорига қараб ҳаракатланганда тепадан оқиб тушаётган минерал мой (парафин) билан тўқнашади. Натижада ҳаво-газ аралашмасидаги бензин буғлари минерал мойда абсорбцияланади. Ютилмай қолган бензин буғлари ҳаво-газ аралашмаси билан атмосферага чиқариб юборилади. Вакуум вентилятор (Фан-2) ишламай қолган пайтда, абсорбердан чиқаётган ҳаво-газ аралашмаси атмосферага байпас линия орқали чиқариб юборилади.
Бензин буғлари билан тўйинган минерал мой 35-370С ҳароратда абсорбердан 114-насос ёрдамида 27-иситкичга, сўнгра 8-парафин қиздиргичга берилиб, 94-1000С гача иситилади ва форсункалар ёрдамида 16-десорбернинг ичига пуркаб берилади. Буғлатиш юзасининг катталиги ва минерал мой қиздириб берилгани учун абсорбентдан бензин интенсив равишда ҳайдалади. Десорбердан чиқаётган бензин буғлари 1-вакуум кенгайтиргич (Вакуум Жет) орқали 11-конденсатор кенгайтиргичга йўналтирилади. Бензиндан қутилган минерал мой десорбердан 115-насос билан, сарф ўлчагич орқали, 27-иссиқлик алмаштиргич, сўнгра 20-мой совитгич орқали 17-абсорберга қайтарилади.
Экстракция цехининг сув таъминоти. Конденсаторларни совитиш учун экстракция тизими насослар ёрдамида ишловчи айланма сув циркуляциялаш системаси билан таъминланган.
Сув циркуляцияси қуйидаги схема бўйича амалга оширилади: градирня-совитилган сув сиғими-насослар-конденсаторлар-градирня. Циркуляция-ланаётган сувни совитиш мавжуд уч секцияли градирня ёрдамида бажарилади. Градирня тепасида бутилкасимон соплоли сув пуркаш системаси (плпстмассали панжара), сув йиғувчи бассейн ва “ВГ – 25” вентилятори ўрнатилган.
Технологик буғ ва конденсатнинг ҳаракати. Экстракция цехида иссиқлик манбаи сифатида, босими 8-10 кгк/см2 (0,8-1,0 Мпа), ҳарорати 180-2000С бўлган, қайта қиздирилган (перегретий) технологик буғ ишлатилади. Буғ эстакададан йиғгичга берилади, буғдан ажралаётган конденсат чиқариб юборилади, қуруқ буғ технологик мақсадларда фойдаланиш учун экстракция цехи ускуналарига тақсимланади:
№ 1 коллектордан - тостерга (поз.18);
- буғ эжекторига (поз. ЭЖ-1);
- мисцелла йиғгичга (поз.7);
- бензин иситкичга (поз.17);
- десорбер иситкичига (поз.16);
- экстракторни буғлатишга.
№ 2 коллектордан - тугал дистилляторга (поз.10);
- буғ қуриткичга;
- буғ эжекторига (поз. ЭЖ-2);
- парафин иситкичга (поз.8);
- сувли буғлаткичга (поз.24).
Иссиқлик аппаратларидан чиқаётган сув буғининг конденсати конденсат ажраткичлар орқали ўтиб, конденсат йиғгичда тўплпнади ва ундан 112-насос ёрдамида цехнинг конденсат бакига, сўнгра қозонхонага ҳайдалади.
Совитилган, 22-250С ҳароратли сув, диаметри 300 ва 250мм трубопроводлар орқали, градирнянинг сув йиғгич бассейнидан ҳажми 25м3 бўлган, қабул қилиш сиғимига тўпланади ва бу ердан айланма сув “Д-320 – 50” ва “Д-320 – 50а” (биттаси резервда) маркали марказдан қочма насослар билан қуйидаги ускуналарга берилади:
- конденсаторларга (поз.1,5,9,11,25);
- парафин совиткичга (поз.20);
- сув ажраткичга (поз.6), сув билан тўлдириш учун;
- экстракторга (поз.26), гидрозатворни таъминлаб туриш учун;
- вакуум кенгайтиргичга (поз.1), совитиш учун.
Конденсаторлардан ва совиткичлардан чиқаётган 35-400С айланма сув диаметри 250мм бўлган трубопровод орқали градирняга қайтарилади.
Йиғувчи бассейнни юмшатилган сув билан қўшимча таъминлаш қозонхона билан туташтирилган, диаметри 50мм бўлган трубопровод орқали амалга оширилади.
Т1-МЭМ экстракция линиясининг технологик схемаси
Т1-МЭМ экстракциялаш тизими МЭ3 қурилмасининг модернизацияланган варианти ҳисобланади. Бу қурилманинг асосий аппарати горизонтал лентали экстрактор бўлиб, у экстракцияланадиган мойли маҳсулотни эритувчи билан нисбий қарама-қарши оқимда кўп марта пуркаш усули бўйича ишлайди. Т1-МЭМ қурилмаси ВНИИЖ ва Ростов озиқ-овқат машинасозлиги СКБ томонидан ишлаб чиқилган ва Болохов машинасозлик заводида тайёрланган. МЭ3 қурилмаси билан солиштирилганда, Т1-МЭМ экстракция линиясида қуйидаги янги технологик ва конструктив ечимлар амалга оширилган:
- мисцелла экстракторни ўзида, экстракцияланаётган ва бирламчи ювилган мойли маҳсулот қатлами орқали ўтиб, қайта фильтрланади;
- мисцелла дистилляциясининг иккинчи босқичини, мисцеллага иссиқлик ишлови бериш даврини камайтирадиган бир йўлли аппаратда олиб борилади;
- ҳаво-буғ аралашмасидаги бензин буғларини рекуперациялаш системасида кальций хлор эритмасини белгиланган концентрацияда ушлаб турувчи автоматик мослама ўрнатилган;
- чиқаётган ҳаво билан бензин йўқолишини камайтириш мақсадида, экономайзердан чиқаётган конденсатни совитиш учун махсус қурилма киритилган;
- шротдаги бензин миқдорини камайтириш мақсадида экстракциялаб бўлинган маҳсулотдан бензинни ҳайдаш ўн қасқонли буғлаткич (тостер)да олиб борилиши жорий этилган; шротни намлаш ва ҳарорат бўйича кондициялаш махсус қасқонли кондиционерда олиб борилиши назарда тутилган;
Т1-МЭМ экстракция линияси технологик схемасининг баёни (19.1-расм). Экстракция қилинаётган мойли маҳсулот (кунжара) ва шротнинг ҳаракати:
Экстракция қилинаётган мойли маҳсулот лепесток ёки гранула ҳолида электромагнитдан ўтиб, 1-шлюзли тўсиқ орқали 2-юкловчи бункерга берилади. Бункердан маҳсулот 3-экстракторнинг секин ҳаракатланаётган лентасига тушади ва узлуксиз равишда аппаратнинг экстракциялаш зонасига йўналтирилади. Лента устидаги мойли маҳсулот 1 м қалинликда ушлаб турилади. Маҳсулот қалинлиги бошқарувчи шибер ёрдамида 0,8-1,4 м оралиғида ўзгартирилиши мумкин. Экстракторда ҳаракатланаётган маҳсулот нисбий қарама-қарши йўналишда берилаётган эритувчи ва мисцелла билан босқичма-босқич мойсизлантирилади. Маҳсулотнинг устки юзаси икки қатор жойлаштирилган юмшатгичлар ёрдамида яхшилаб аралаштирилиб турилади. Экстракторда материалга дастлабки босқичларда мисцелла ва охирги босқичда эса тоза эритувчи берилади. Мойсизлантирилган материал (шрот) лентани охирида титқич ёрдамида туширувчи 4-бункерга ташланади.
Шрот 4-бункердан куракчали шнек ёрдамида бир меъёрда 5-шлюзли тўсқич орқали ўн қасқонли 6-буғлатгич – тостерга берилади. Тостерда шротдан очиқ ва ёпиқ буғ бериш орқали эритувчи ҳайдалади. Эритувчиси ҳайдалган шрот тостердан 61-шнек ва 62-элеватор ёрдамида 7-шрот кондиционерига берилади. Бу ерда шрот совитилиб, намланиб омборга жўнатилади.
Тостерда шротдан ажралиб чиққан эритувчи ва сув буғлари аралашмаси 40-ҳўл шрот тутгичга берилади. Ҳўл шрот тутқичда буғлар аралашмасига форсункалар ёрдамида иссиқ сув пуркалади. Иссиқ сув ҳўл шрот тутқичга 37-шлам буғлатгичдан 39-насос орқали берилади. Ювилган ва шрот чангларидан тозаланган эритувчи буғлари иссиқлигидан мисцеллани дистилляция қилиш учун фойдаланилади. Экстрактор, қасқонли буғлатгич системасида кичик вакуум ушлаб турилади. Вакуум 17-экономайзер, 20, 20а, 24, 25, 38, 42, 43-конденсаторлар ва 44, 45, 46, 47-дефлегматорлар орқали 23-буғэжекторларда ҳосил қилинади.
Эритувчи, мисцелла ва мойнинг ҳаракати. Схемада 3-экстрактор ичидаги эритувчи ва мисцелланинг ҳаракати босқичма-босқич, маҳсулот ҳаракатига нисбатан қарама-қарши томондан тўйинтириш принципига асосланган (экстракция жараёнининг ҳар бир босқичда мисцелла рециркуляцияси кузатилади). Бунда ёғсизланиб бораётган маҳсулот жараённинг охирги босқичида тоза эритувчи билан суғорилади (экстракцияланади). Дастлаб берилаётган материал эса концентрацияси энг юқори бўлган мисцелла билан ювилади. Бу схеманинг чўктириш усули билан ишлайдиган бошқа линиялардан фарқи шундаки, бунда концентрацияси камайиб бораётган мисцелла, тоза эритувчи бериладиган зонагача, қайта-қайта берилади. Бу усулда йўқотилган эритувчининг ҳажмини тўлдириш, 55-ер ости резервуаридан вақти - вақти билан 11-насос орқали юбориб туриб, амалга оширилади.
Эритувчи 11-насос билан 8-ишчи бакдан 9-сув чўктиргич ва 10-иситгич орқали 3-экстракторга, экстракциянинг охирги босқичида перфорацияланган трубка орқали берилади. У лентада ҳаракат қилаётган материалга сингиб, аста-секин маҳсулотдаги қолдиқ мойни эрита бошлайди. Шу усулда олинган мисцелла бирин-кетин экстрактор лентасининг юқори ва пастки шахобчалари орасида жойлашган конуссимон мисцелла йиғгичларда тўплана бошлайди. Бу йиғгичлардан мисцелла бир секциядан кейинги секцияга тўрт камерали 60-блок насослар ва иситгич орқали экстракциянинг навбатдаги босқичига берилади.
Маҳсулотдан босқичма-босқич ўтган мисцелла ҳар бир блок насосда циркуляцияни вужудга келтириб ҳаракатланади. Шу йўл билан мисцелланинг концентрацияси охирги босқичга боргунча ошиб бораверади. Охирги босқичда мисцелла экстракторнинг алоҳида мисцелла йиғгичида йиғилади ва штуцер орқали 34-мисцелла насоси билан 14-фильтр орқали 12-мисцелла ювгичга берилади.
Мисцелла 12-ювгичда барботёр орқали ош тузининг эритмаси орасидан ўтказилиб, ҳар хил аралашмалардан ва унда эриган қандлардан тозаланади. Туз эритмаси ҳар доим аппаратнинг остки қисмида бўлади, мисцелла эса туз эритмасидан қалқиб чиқади. Тозаланган мисцелла мисцелла ювгичдан шарнирли труба орқали 15-насос билан 16-сепараторга ва 17-эконамайзерга берилади. Бу ерда мисцелла 6-тостердан чиқаётган эритувчи буғлари ҳисобига иситилиб, дистилляцияга берилади. Мисцелладан эритувчини ажратишни тезлаштириш мақсадида, системада мисцеллани айланишини амалга ошириш учун 41-насос ўрнатилган. Бу 41-насос мисцеллани 17-экономайзер ва 16-сепаратор системасида айланма ҳаракатини таъминлайди ва мисцеллани иккинчи босқич учун ажратиб беради. Сепараторда мисцелланинг миқдори қалқиб турувчи сатҳ ўлчагич ва автоматик кранн ёрдамида бир хил сатҳда ушлаб турилади. Мисцелла 16-сепаратордан узлуксиз ҳолда 19-дистилляторга 41-насос ва автоматик кран орқали берилиб турилади. Бу ерда ҳам қалқовичли сатҳ ўлчагич ва кран ёрдамида автоматик равишда мисцелланинг сатҳи бир хилда ушлаб турилади. Иккинчи босқич 19-дистилляторнинг 18-сепараторида мисцелланинг сатҳ баландлиги бир метр атрофида ушлаб турилади. Дистилляция жараёнининг бу иккинчи босқичида ҳам мисцелланинг циркуляцияси дистиллятор ва сепаратор ўртасида амалга оширилади, бу эса эритувчини бир мунча яхши ҳайдалишини таъминлайди.
Дистилляциянинг биринчи ва иккинчи босқичи кичик вакуум остида, учинчи босқичи – тугал дистилляция чуқур вакуум муҳитида олиб борилади. Умуман, дистилляция тизимида вакуум 23-эжекторлар ёрдамида ҳосил қилинади. Концентрланган мисцелла вакуум ёрдамида 21-иситгич орқали ўтиб 28-насос билан дистилляциянинг учинчи, охирги босқичига узатилади. Бу ерда мисцелла форсунка ёрдамида 22-дистилляторнинг тепа қисмидан пластинкалар устига пуркаб берилади. Шу тариқа концентрланган мисцелладан эритувчининг қолган қисми ҳайдалади. Тугал дистилляторнинг тубида бир оз мой (250мм) ушлаб турилади, бу эса мисцелладан эритувчи буғларини бутунлай ҳайдаш имконини беради. Тугал дистилляторга, қўшимча равишда, пастки қисмидан барботёр орқали қиздирилган очиқ буғ бериб турилади. Тайёр бўлган мой узлуксиз равишда аппаратдан 27-насос ёрдамида мой учун 29-йиғувчи бакка берилади. Мойнинг чақнаш ҳарорати аниқлангандан сўнг мой 31-совитгичдан 30-насос ёрдамида ўтиб, мой учун ажратилган 32-идишга тушади. У ердан мой 33-насос орқали рафинацияга узатилади. Нокондицион мой мисцелла ювгичга юборилади ёки мисцелла иситгичга берилиб, дистилляторга қайтарилади.
Эритувчи ва сув буғлари ҳаракати. Тостерда шротдан ажралиб чиққан эритувчи ва сув буғлари 40-ҳўл шрот тутқичдан ўтиб, 17-экономайзер орқали 42-конденсаторларга берилади. Конденсатга айланган эритувчи буғлари 13-сув ажратгичга тушади, конденсатланмаган буғлар 43-конденсаторлар орқали дефлегмация системасига сўрилади.
Эритувчи буғлари 16, 18-сепараторлардан ва иккинчи босқич 19- дистиллятордан 20, 20а-конденсаторга берилади. Конденсаторлар сийрак вакуум остида ишлайди. Вакуум эса 23-эжектор ёрдамида ҳосил қилинади.
Барча конденсаторлардан конденсат 13-сув ажратгичга тушади. Конденсаторда 23-эжектор сўриб олаётган эритувчи ва сув буғлари, ҳамда эжекторга берилаётган технологик буғ ҳам конденсацияланади. Учинчи босқич 22-дистиллятордан ва 21-мисцелла иситгичдан чиққан эритувчи ва сув буғлари 23-эжектор ҳосил қилган вакуум ёрдамида тортиб олиниб 24-конденсаторга берилади. Конденсацияланган буғлар 13-сув ажратгичга юборилади. Конденсатга айланмаган буғлар эса 23-эжектор ёрдамида яна навбатдаги 25-конденсаторга берилади. Дистилляция жараёнлари 23-эжекторлар ҳосил қилган паст босим остида боради.
Сув ажратгичда сувдан ажратилган эритувчи 55-бакка узатилади ва бу ердан яна технологик линияга юборилади. Сув ажратгичда ҳосил бўлган эритувчи буғлари рекуперацияга берилади. Рекуператорда қайта ишланган суюқлик, яъни сув ва шлам 56-бензин тутгичга ва ундан оқова сувларни тозалаш системасига узатилади.
Эритувчининг рекуперацияси. Турли системалардан келган эритувчи ва ҳаво буғлари аралашмаси 42, 43-назорат конденсаторларидан ўтиб, 45-совитгичда қарама-қарши томондан совуқ сув берилиб, тузли сув билан совутувчи 46-конденсаторга боради. Конденсацияланмаган эритувчи буғлари 46-конденсатордан 47-дефлегматорга ўтади. Бу дефлегматор вертикал жойлаштирилган зангламайдиган пўлатдан ясалган пластинкалардан ташкил топган. Дефлегматорда эритувчи буғлари форсункалар ёрдамида қарама-қарши томонидан берилган совутилган тузли сув билан аралаштирилади. Тузли сув 52-аммиак буғлатгичининг трубаси орқали 51-насос ёрдамида 48-йиғгичдан берилади.
Тузли сув сифатида кальций хлор эритмаси ишлатилади. Конденсатга айланган эритувчи буғлари сув билан аралашган ҳолда совутгич ва конденсатор орқали 13-сув ажратгичга берилади. Конденсатга айланган эритувчи буғлари ва тузли сув аралашмаси 47-дефлегматордан 48-тузли сув йиғгичга тушади. Тузли сув йиғгичда ажратилган эритувчи 13-сув ажратгичга тушади. Тузли сувнинг бир қисми 47-дефлегматорда сув билан аралашиб, тузли сувнинг концентрацияси камайиб кетади. Бу эса 48-тузли сув йиғгичда эритмани кўпайишига олиб келади. Бунда сув ажратгичга эритувчи билан бирга тузли сув эритмаси ҳам қўшилиб кетади ва бу қўшимча сув оқова сувларни тозалаш системасига тушириб юборилади.
Тузли сувнинг йўқотилишини камайтириш мақсадида системага, яъни дефлегматор системасига тузли сув концентраторини ўрнатиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бунда эритувчи ва тузли сув аралашмаси 48-тузли сув йиғгичдан 49-тузли сув концентраторига берилади. Бу ерда эритувчи ва бир оз сув буғ ҳолида ҳайдалади ва конденсаторга берилади. Конденсат, яъни эритувчи ва сув аралашмаси сув ажратгичга берилади.
Ажратилган тузли сув тузли сув концентраторидан тузли сув тайёрлайдиган 50-сиғимга берилади ва у ердан насос билан яна системага қайтарилади.
Эритувчидан ҳоли бўлган ҳаво атмосферага чиқариб юборилади. Дефлегмацион ускуна ҳавони чиқариб юбориш учун вакуум системасига уланади. Вакуум, эжектор ёрдамида ҳосил қилинади.
Дефлегматордаги эритувчи буғларини совитиш учун аммиакли совутгич ускунаси (53-аммиакли компрессор, 49-конденсатор, 52-аммиак буғлатгич, 48-тузли сув йиғгич ва 51-насосдан ташкил топган) системаси ишлатилади. Кальций хлор эритмаси туби тўрли ва буғ барботёри бўлган 50-идишда тайёрланади.
19.1-расм. Т1-МЭМ линиясининг технологик схемаси
Dostları ilə paylaş: |