Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги фарғона политехника институти


Уруғларни аралашмалардан комбинацион тозалаш



Yüklə 3,99 Mb.
səhifə4/19
tarix22.06.2020
ölçüsü3,99 Mb.
#31909
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   19
ўсимлик

Уруғларни аралашмалардан комбинацион тозалаш. Ҳозирги вақтда мойли уруғларни тозалаш жараёни кўплаб замонавий машиналарда икки ва ундан ортиқ тозалаш усулларни умумлаштириб олиб боришни талаб этмоқда. Бундай машиналар катта технологик самара беради, чунки улар ишлаб чиқариш биноларида катта юзани эгалламайди. Тозаловчи машиналардан кенг тарқалганлари ҳаво-элакли дон сепараторлари бўлиб, улар аралашмаларни икки ёки уч усул билан тозалайди. Кунгабоқар, зиғир, каноп уруғи, соя, канакунжут, рапс ва бошқа мойли уруғларни тозалашда бундай машиналар кенг қўлланилади. Уруғ ва ифлосликлар аралашмасини сепараторда ажратиш уларнинг ўлчамлари фарқига асосланиб, элаш усули билан ва бир вақтнинг ўзида аэродинамик хусусиятлари фарқига қараб ҳаво билан ҳайдаш йўли орқали олиб борилади. Бундан ташқари замонавий сепараторларда доимий магнит ёрдамида уруғдаги ферромагнит аралашмалар ҳам ушлаб қолинади.

Сепараторларнинг тозалаш эффекти қуйидаги омилларга боғлиқ:

Мойли уруғларни сепараторларга бераётганда бир хил қалинликда, бир текисда бериш керак. Уруғ қалинлиги элак устида 12-15 мм атрофида бўлиш керак. Агар бу қалинлик ортиб кетса, сепараторнинг тозалаш қобилияти пасайиб кетади.

Элак тешикларининг ўлчами: Сепаратордаги элаклар уруғнинг тури, ўлчами ва шаклига қараб танланади.

Чигит учун бурат ва МХС да 3-4 мм, 16-18 мм бўлади.

Пневматда элак тешиклари узунчоқ бўлиб эни 2,0 – 2,5мм, узунлиги 8,0 – 10,0мм.

ОХС агрегатида қабул қилиш мосламаси элагининг тешиклари ўлчамлари 2.0 – 2,5 мм бўлади. Қуйида кунгабоқар, соя, индов ва канакунжут уруғлари учун элакларнинг ўртача ўлчамлари берилган:


Мойли уруғлар

Элак тешигининг диаметри, мм

қабул қилувчи

ажратувчи


хилларга ажратувчи

остки

Кунгабоқар

15 – 16

12 – 10 – 8

6 – 5 – 5

3 – 3 – 3

Соя

14 – 15

10 – 9 – 8

6 – 5 – 5

4 – 3 – 3

Индов (Рапс)

7 – 8

4 – 3, 5 – 3

2,5 – 2 – 2

1 – 0,7 – 0,7

Канакунжут

15 – 18

12 – 12 – 10

8 – 7 – 6,5

5 – 5 – 4

3. ЗСМ туридаги сепараторлар элакларининг қиялиги: қабул қилувчи – 60; ажратувчи –110; остки – 11-140.

-пневмат учун – 120;

-ОХС элаги учун – 80.

4. Элаклар юза қисмининг ҳолати. Элаклар таранг тортилган бўлиши, паст-баланд жойи бўлмаслиги керак. Агар элак юзаси солқи бўлса тўғрилаш керак, чунки солқи ерда чиқиндилар ушланиб қолади.

5. Уруғларнинг ифлослик даражаси ва намлиги: уруғлар қанчалик ифлос бўлса, тозалаш шунчалик паст эффект билан бажарилади. Уруғларнинг намлиги 10-11 % дан кўп бўлса, тозалаш унуми пасайиб кетади.

6. Ҳаво оқимининг сепараторлардаги тезлиги шундай танланиши керакки, ҳаво оқими енгил чиқиндиларни учириб, мойли уруғни ўз оқими билан олиб чиқиб кетмаслиги керак.

Таянч” сўз ва иборалар

Намлик – уруғлар таркибидаги сув миқдори.

Қуритиш – уруғлар таркибидаги намликни бирон усул билан камайтириш.

Намлаш – қуруқ уруғларни керакли миқдоргача намлигини ошириш.

Тозалаш – уруғларни ёт жинслардан тозалаш.

Тозалаш – мойли уруғларни ёт жинслардан ажратиб олиш.

Ифлос аралашмалар – минерал ва органиқ аралашмалар.

Мойли аралашма – мазкур мойли хом ашё уруғидан ташқари барча турдаги ёввойи ва маданий ўсимликларнинг уруғлари.

Металл аралашма – магнитга ёпишиш хусусиятига эга бўлган аралашмалар.

Критик тезлик – ҳаво йўналтиргичда заррачани муаллақ ҳолатда ушлаб турувчи ҳаво оқимининг тезлиги.
Такрорлаш учун саволлар

Проф. Ребиндернинг класификацияси бўйича қаттиқ органиқ моддалар таркибида сувнинг боғланиши.

Мойли уруғларни қуритишнинг асосий йўллари ва усуллари.

Пахта чигитини намлаш.

4. Пахта чигитини УСМ ва ОХС агрегатларида тозалаш.

5. Сепараторларнинг тозалаш эффекти қандай бўлиши керак?

6.Мойли уруғларни тозалашнинг зарурлиги.

7. Мойли уруғларни тозалаш усуллари.

8.Уруғларни тозалашда ишлатиладиган элаклар шакли ва ўлчамлари.

9.Мойли уруғларни тозалашда ишлатиладиган ускуналар.



10.Металл аралашмаларни тозаловчи сепараторлар.
6-МАВЗУ

МОЙЛИ уруғларни чақиш ва мағизни ПЎСТЛОҚдан ажратиш

Режа:

  1. Кўпчилик мойли ўсимликлар уруғларини қайта ишлашда пўстлоқни мағиздан ажратиш зарурияти.

  2. Мойли уруғларни чақишнинг асосий усуллари.

  3. Пахта чигитини чақиш учун ишлатиладиган дискли ва пичоқли чақиш машиналари.

  4. Чақилмани элашни амалга ошириш.

  5. Чигитни қайта ишлашда чақиш ва элаш технологик схемалари.

  6. Ноанъанавий мойли уруғларни чақиш ва чақилмани сепаратлаш масалалари.


Мағиздан қобиқни ажратиш зарурлиги. Технологик нуқтаи назардан ёғли уруғлар икки қисмдан: мағиз ва қобиқдан иборат. Баъзи ёғли уруғлар масалан, пахта чигити, каноп, канакунжут ва шунга ўхшашларда уруғ устида фақат қобиқ бўлади, баъзи бир мойли уруғлар масалан, писта, ер ёнғоқ, соя ва шу каби уруғлар устида қобиқдан ташқари мағиз ва қобиқ орасида юпқа мағиз пардаси ҳам бўлади. Қайси турдаги уруғлар бўлишидан қатъий назар, барча мойли уруғларнинг устки қобиғи лузга деб аталади, фақат пахта чигитнинг қобиғи эса шулха деб номланади. Қобиқ ва мағиздаги таркибий моддалар миқдори турличадир. Уруғлар қобиғида асосан клетчатка ёки целлюлоза кўп бўлиб, улар билан бир қаторда, аммо камроқ миқдорда юқори молекулали углеводородлар, мумсимон моддалар, янада озроқ миқдорда оқсил ва сув бўлади. Мағизда эса асосий керак бўлган моддалар – ёғлар, оқсиллар, фосфатидлар, витаминлар ва мой билан эргашиб юрувчи кўпчилик бошқа моддалар мавжуд. Қобиқда мойнинг миқдори жуда кам бўлиб, бу мой “ботаник мойлилик” дейилади. Масалан, пахта чигити қобиғининг ботаниқ мойлилиги 0.5-0.6 %, писта уруғиниг ботаниқ мойлилиги 2-3 % атрофида бўлади. Вахоланки, юқорида кўрсатилган уруғларнинг мағизлари мойлилиги пахта чигити мағизи учун 34-38%, писта уруғи мағзи учун 60-65% ни ташкил қилади. Бу рақамлардан кўриниб турубдики ҳар қандай мойли уруғнинг мойи асосан мағизда бўлиб, қобиғда эса ниҳоятда кам. Агарда мойли уруғлар қобиғи ажратилмай қайта ишланса, бу ҳолда олинаётган ўсимлик мойи таркибида қобиқ таркибида бўлган юқори молекулали углеводлар, мумсимон моддалар кўпаяди. Бу ҳол олинаётган ўсимлик мойининг сифатини бузилишига ва айниқса кислота сонининг ошишига, рангининг юқорилаб кетишига ҳамда мойнинг лойқаланишига олиб келади. Улардан ташқари қобиқ ажратилмаган ҳолда уруғ қайта ишланса, технологик жараёнда қўлланилаётган машиналарнинг бир қисм маҳсулдорлиги мойи ниҳоятда кам бўлган қобиқни янчиш, пресслаш, экстракция қилиш ва бошқа жараёнлар учун сарфланади. Умуман олганда бутун бир цехнинг маҳсулдорлиги сусаяди. Юқорида изоҳланган фикрларни назарда тутиб, имконият борича максимал равишда қобиқни мағиздан ажратиш кераклиги эътиборга сазовордир. Лекин баъзи бир мойли уруғларнинг қобиғини ажратиш анча мушкул ёки технологик нуқтаи назардан мумкин эмас. Буларга индов (рапс), каноп уруғи, кунжут, кўнори ва кўпчилик ўсимлик уруғлари киради. Аммо кунгабоқар, пахта, ер ёнғоқ, канакунжут ва шунга ўхшаш мойли уруғлар қайта ишланганда жараён албатта, қобиқни мағизидан ажратиш йўли билан олиб борилади. Мой олиш технологиясида бу жараён уруғларни чақиш ёки кесиш йўли билан бажарилади. Ҳосил бўлган маҳсулот тўла чақилган ёки кесилган бўлса чақилма (рушанка) деб аталади. Тўлиқ чақилмаган мойли уруғларни эса ярим ёки чала чақилма (недорушка) деб аталади. Бу икки турдаги оралиқ маҳсулотнинг бир биридан фарқи уларнинг таркибидаги чақилмай қолган бутун уруғлар миқдори билан белгиланади. Кунгабоқар уруғи учун тўлиқ чақилган маҳсулотга қуйидагича талаб бўйича чақилмаган уруғлар миқдори 25% дан ошиб кетмаслиги лозим. Оқишоқ миқдори 15% дан кўп эмас ва ниҳоятда майдаланган мағиз миқдори мойли чанг деб аталиб, унинг миқдори 15% дан ошмаслиги керак.

Пахта чигитидан олинган чақилган маҳсулотлар таркибида биринчи чақишдан сўнг бутун чигитлар сони 30% дан ошиқ бўлмаслиги, иккинчи чақилишдан сўнг эса 0.8% дан ошмаслиги керак. Ингичка толали пахта чигити қайта ишланганда бир марта чақилади ва ҳосил бўлган маҳсулотда чақилмай қолган бутун чигитларнинг миқдори 20-25 % миқдорида бўлиши мумкин.



Мойли уруғларнинг хусусиятлари ва уларни чақиш усуллари. Мойли уруғларнинг хусусиятлари уларнинг механиқ қаттиқлиги, эластиклиги ва пластиклиги билан белгиланади. Уруғларнинг механиқ қаттиқлиги деб, шундай кучга айтиладики қайсики, бу куч таъсирида ёғли уруғ чақилиши ёки синиши лозим. Уруғларнинг эластиклиги ёки пластиклиги эса қобиқнинг биологик ва морфологик тузилишига боғлиқ. Масалан, кунгабоқар уруғининг қобиқ толачалари уруғнинг узунлиги бўйича йўналган бўлиб, қобиққа ўта эластик хусусият беради. Чигитни оладиган бўлсак, унинг қобиқ толачалари бетартиб ва чамбарчас боғланганлиги учун қобиқ ўзига хос эластикликка эга ва унинг механиқ қаттиқлиги ниҳоятда юқоридир. Уруғнинг эластик ва пластиклиги унинг намлигига ҳам бир миқдорда боғлиқдир. Нам ошиши билан уруғ қобиғининг эластиклиги камайиб, пластиклик хусусияти ортади. Шунинг учун мойли уруғнинг ҳусусиятини ҳисобга олиб, уларни чақишда турли усуллар қўлланилади. Кунгабоқар уруғи ўта мўрт бўлгани учун бу турдаги уруғлар уриш усули билан чақилади. Махсус чақувчи аппарат (бичерушка) ёрдамида чақилганда чақилаётган уруғларга бетартиб равишда бир неча марта машина куракчалари урилиб, шу йўл билан кунгабоқар чақилади. Марказдан қочма куч асосида ишлайдиган бошқа турдаги чақувчи машина ёрдамида уруққа фақат бир марта катта тезликда уриш йўли билин чақилади. Пахта чигитига келсак, унинг қобиғи жуда қаттиқ бўлганлиги учун уруш усули қўл келмайди. Бу ҳолда кесиш ёки қисман эзиш йўли билан чигит чақилади. Мевали ўсимликлар данаклари, маълумки, ниҳоятда қаттиқ. Улар катта босим остида сиқиш ёки тўқмоқли чақувчи машиналар ёрдамида уриш усули билан чақилади. Ўрта толали пахта чигити учун асосан дискли чақиш машинаси, ингичка толали учун эса валикли ёки пичоқли чақиш машиналари ишлатилади. Уруғларнинг эластиклигига намлик таъсир кўрсатганлиги туфайли чақилаётган уруғларнинг намлиги чақиш жараёни учун оптимал бўлиши лозим. Оптимал намлик кунгабоқар уруғи учун 6-8 % ни, пахта чигити учун эса 9-11% ни ташкил қилади. Агарда чигит учун намликни ядро бўйича олинса 1-3 навлар учун 8,5 – 9.5 %, 4-нав учун 9,5 – 10.5 % бўлиши керак. Агарда пахта чигитининг намлиги кўрсатилган миқдордан кам бўлса, эластиклик ошиши хисобига чақилиш осонлашади, лекин чақилган маҳсулот таркибида мойли чангнинг миқдори ошиб кетиб, ажратиб олинаётган шулха билан мўлжалдагидан ошиқроқ мой йўқотилади. Агарда намлик юқори бўлса, чигитнинг платиклиги ошиб, чақиш жараёни ёмон кетади ва чақилмай эзилиб қолган чигит эса шелуха таркибига ўтиб, унинг мойлилигини ошириб юборади. Демак, бу ҳолда ҳам бир қисм мой йўқолади.

7-МАВЗУ

МОЙЛИ УРУҒЛАРНИ ЧАҚИШ ВА ЧАҚИЛМАНИ СЕПАРАТЛАШ УСКУНАЛАРИ

Чақилган маҳсулотни сепаратлаш. Маълумки чақилган маҳсулот таркибида озгина бутун уруғлар, йирик ва майда қобиқ ёки шулха, бутун ва оқшоқ мағиз ҳамда ниҳоятда майдаланиб кетган мағиз – мойли чанг бор.

Шартли равишда мойли чанг деб, 1 мм элакдан ўтган мағизнинг майда фракцияси тушинилади. Демак, чақилган маҳсулот бир неча турдаги кампонентлардан иборат бўлганлиги сабабли, энди асосий мақсад маҳсулотдан тўлиқ равишда мағизни ажратиб олишдир. Бу мақсадда қуйидаги принциплардан фойдаланилади: 1) маҳсулот компонентларининг ўлчамлари турлича бўлганлиги сабабли уларни мос келадиган катталикдаги элакларда элаш усули; 2) маҳсулот компонентларининг аэродинамик хусусиятларига асосланиб, уларни ҳаво сепараторларида ажратиш усули. Пахта чигитидан ташқари деярли барча мойли уруғлар учун бу иккала принцип комбинацион ҳолда ишлатилади ва бу машиналарнинг номи аспирацион вейка (ҳаво оқимида ишлайдиган машина) М1С-50, М2С-50, Р1-МСТ деб белгиланган.



Пахта чигитига келсак, бу уруғ чақилмаси асосан элакли машиналар ёрдамида мағиз ва қобиққа ажратилади. Булар икки элакли тебранувчи машина ва биттер-сепараторлардир. Бу ускуналар пахта чигити учун қулай ҳисобланади. Ингичка толали пахта чигити учун эса, мағиздан қобиқни ажратиш учун қисман аэродинамик шароитда ишловчи машина – пурифайер ишлатилади.

Ўрта толали пахта чигитини чақиш ва сепарация қилишнинг технологик схемаси (4.1-расм). Чақиш учун келаётган чигит 1-тақсимловчи шнек орқали бирламчи 2-дискли чақиш машинасига берилади. Ҳосил бўлган чақилма, мағиз ва ярим чақилмага ажратиш мақсадида 3-икки элакли тебратгич машинасига берилади. Ажралган мағиз 12-шнекга узатилади. Ярим чақилма эса тақсимловчи шнек орқали бирламчи 4-биттер сепараторга берилади. Бу ерда ҳам мағиз ажратилади ва мағиз 12-шнекга берилади. Ҳосил бўлган ярим чақилма эса 5-шнек орқали 6-нория ёрдамида 7-тақсимлаш шнегига узатилади. Бу шнекдан чигит иккиламчи 8-дискли чақиш машинасига берилади. Чақилмани 9-икки элакли тебратгич машинада мағзи ажратилади. Мағиз 12-шнекка берилади. Чақилма эса 7-тақсимловчи шнек орқали иккиламчи 10-биттер сепараторига берилади. Бу ерда мағиз шулхадан тўлиқ ажратилади. Ажратилган мағиз, мағиз учун шнекка тушади ва кейинги босқич учун узатилади. Шулха эса 11-шнек орқали ишлаб чиқаришдан чиқариб юборилади.


4.1-расм. Ўрта толали пахта чигитини чақиш ва сепаратлаш цехининг технологик схемаси

Шартли белгилар: ------1´------- Чигит ------2´------- Чақилма

------3´------- Мағиз ------ 4´----- Шулха ------5´------ Ярим чақилма


Ингичка толали пахта чигитини чақиш ва сепарациялашнинг технологик схемаси. Ингичка толали пахта чигити 4,5%гача тукдорлик билан бир марта чақиш, чақилмани мағиз ва шулхага ажратиш пурифайер ва биттер–сепараторларни қўллаш билан амалга оширилади (4.2-расм). Тозаланган, намланган ингичка толали пахта чигити дастлаб 1-шнек ёрдамида 2-пичоқли чақиш машинасига берилади. Чақиш жараёни меъёрида бориши учун ингичка толали пахта чигити мағзининг оптимал намлиги, ўрта толали пахта чигити намлиги билан бир хил бўлади. Чақиш – ажратишдан сўнг чақилма таркибидаги бутун чигитлар миқдори 15-20%дан ошмаслиги керак. Чақилма чақиш машинасидан ўз оқими билан ажратиш учун 3-пурифайерга келиб тушади. Юқоридаги элакдан тушувчи бутун чигит, йирик мағиз ва шулха вентилятор таъсирига учрайди. Вентилятор ёрдамида ҳосил қилинган ҳаво оқими шулхани илиб олиб 5-циклон–коллекторга узатади, бу ерда ушлаб олинган мағизли шулха 6-биттер–сепараторга келади ва шулха ва мағиз фракцияларига ажратилади. Шулха 7-шнек ёрдамида чиқариб юборилади. Ажратилган мағиз эса 8-шнекка туширилади. Пурифайернинг остки элагида сараланган мағиз ҳам шу 8-шнекда йиғилади. Бутун ва тўлиқ чақилмаган чигитлар юқори элкнинг устидан 4-шнекка узатилади, ундан сўнг 9-нория орқали қайта чақиш учун 2-чақувчи машинага берилади.

Мағиз ва майда шулха 3-пурифайернинг пастки элагига тушиб, қуйидагидек ажратилади: мағиз элакдан ўтиб 8-шнекга тушади, шулха эса ҳаво оқимига учрайди. Шулханинг асосий қисми вентилятор билан сўриб олиниб, 5-циклон – коллекторга йўналтирилади, қолган майда шулха пастдаги элакдан ўтиб мағиз билан аралашиб 8-шнекка тушади. Мағиз таркибида шулха миқдори 10-12%дан ошмаслиги керак.



4.2-расм. Ингичка толали пахта чигитини чақиш-сепаратлаш

цехининг технологик схемаси
Биттер – сепараторларда мағиз ва шулха қўшимча ажратилади. Мағиз 8-шнек орқали янчишга йўналтирилади. Биттер – сепаратордан чиқаётган шулха таркибида бутун чигитлар 1%дан ошмаслиги керак.
«Таянч» сўз ва иборалар


  1. Чақиш – уруғнинг қобиғини синдириш, кесиш.

Қобиқ – уруғнинг қаттиқ устки ҳимоя қисми.

Механик қаттиқлиқ – уруғ қобиғини синдириш учун зарур куч миқдори билан белгиланадиган қиймат.

Чақилма – чақиш жараёни маҳсулоти (қобиқ ва мағиз аралашмаси).

Сепаратлаш – қобиқ ва мағизни бир-биридан ажратиш жараёни.


Такрорлаш учун саволлар

Мойли уруғларни чақишдан мақсад нима?

Чақиш жараёнида уруғ намлигининг роли.

Мойли уруғларни чақиш усуллари.

Чақилмани сепаратлаш нима учун керак ва у қандай бажарилади?

Пахта чигитини чақиш ва сепаратлашнинг технологик схемаси.

Мойли уруғларни чақиш учун зарур бўлган технологик параметрлар.


8-МАВЗУ

МОЙЛИ УРУҒЛАРНИ ва мағизни янчиш

Режа:


  1. Мойли уруғларни ва мағизни майдалашнинг мақсад ва вазифалари.

  2. Хужайра таркибида липидларнинг локализацияси.

  3. Майдалашнинг аҳамияти.

  4. Мойли уруғ ва мағизни майдалаш жараёнининг назарий асослари.

  5. Мойли махсулот ички структурасининг бузилиш даражасига баъзи бир омилларнинг таъсири.

  6. Мойли уруғларни ва уларнинг мағизини майдалашнинг технологияси ва техникаси.

Профессор Голдовский назарияси бўйича (1930-1960) мойли маҳсулот таркибидаги мой ниҳоятда кичик ультрамикроскопик капилярлар ичида жойлашган деб ҳисоблаган. Капиляр қобиғининг пишшиқлиги маҳсулотнинг механиқ мустаҳкамлигидан бир неча марта устун келади. Кейинчалик, 1960-1970 йиллар мабойнида бу назарияга қарши Леонтьевский назарияси пайдо бўлиб, мойли маҳсулотларнинг тузилишини электрон микроскоп ёрдамида текшириш натижасида мой ультрамикроскопик капилярларда эмас, балки шар шаклидаги глобула ёки сферасомаларда йиғилиши таъкидланган. Глобула ёки сферасомаларни қобиқлари ҳам ўта мустаҳкам бўлиб, оддий механиқ куч таъсири ёрдамида уларни бузиб ташлаш ёки узиш ниҳоятда қийинлиги аниқланган. Кейинчалик, 1970 йилларнинг ўрталаридан бошлаб проф. Щербаков ва ўқувчилари тамонидан мойли маҳсулотларнинг ички тузилиши янада мукаммалроқ ўрганилган ва электрон микроскоп ёрдамида ҳужайра 20 – 40 минг марта катталаштирилиб кўрилганда ҳақиқатдан ҳам мойли уруғлар таркибидаги мой шар шаклидаги сферосомаларда ҳужайра ичида йиғилиши тасдиқланган. Шу билан биргаликда сферосома ва глобулалар атрофида, ҳужайра деворлари бўйлаб, ниҳоятда кўп миқдорда ёриқчалар борлиги аниқланган. Бунга сабаб, мойли ўсимликлар етилаётган, йиғиб олинаётган, ёки сақланаётган пайтда намлик миқдорининг ўзгариб туриши туфайли, сув буғларининг учиши таъсирида ушбу тирқичлар пайдо бўлди деган фикрга келинди. Умуман олганда, Голдовский ва Леонтьевский назариялари бир-бирига қарши бўлмай, аксинча, бири иккинчисини тўлдиришга хизмат қилганлигини Щербаков аниқ экспериментал далиллар асосида тушинтириб берган. Шунинг учун мойли маҳсулотлардан пресслаш ёки экстракция йўли билан мойни ажратиб олишдан аввал мойли маҳсулот албатта янчилиши лозимлиги зарурий технологик жараёнлардан бири деб ҳисобланди. Чунки мойли маҳсулотни янчмасдан тўғридан-тўғри қозонларда қовуриш ёки пишириш билан мойини сиқиб олиш ниҳоятда катта куч талаб этади. Ваҳоланки замонавий пресслаш машиналари анча юқори босим билан ишласада, глобулалар ёки капилярлар қобиғини тўла-тўкис узишга кучи етмайди. Шунинг учун мойли уруғларни ва уларнинг мағизини янчишдан мақсад мой йиғилган ҳажмлар қобиқларини узиб ташлаш, ёинки маҳсулотнинг ички структурасини бузишдан иборат. Фақат шундай ҳолатдагина маҳсулотда тўлароқ ва кўп миқдорда мойни сиқиб ёки экстракция қилиб олиш мумкин. Мойли уруғларнинг қобиғини ажратиш мумкин мумкин бўлган ҳолларда уларнинг мағзи янчилади, акс ҳолда қобиғи ажралмайдиган мойли уруғлар эса тўғридан тўғри янчилаверади.

Саноатда янчиш учн асосан эзиш ва кесиш усулларидан фойдаланилади. Бу усулларни қўллаш кенг миқёсда тарқалган икки, тўрт ва беш валикли янчиш машиналари ва энг охирги пайтларда янчиш-яссилаш станоклари ёрдамида бажарилади. Агарда янчиш машиналари валикларининг айланиш тезлиги бир хил бўлса, у вақда маҳсулотга фақат эзувчи кучлар таъсир қилади. Агар тезлик бир хил бўлиб, валикларнинг сиртларида ингичка ариқчалар бўлса, бир вақтнинг ўзида маҳсулотга эзувчи ҳамда кесувчи кучлар таъсир қилади. Агар шу шароитда валикларнинг айланиш тезлиги турлича бўлса, бу вақтда маҳсулотга бир вақтнинг ўзида эзувчи, кесувчи ва ишқаланувчи кучлар таъсир қилади.

Янчиш машиналаридан олинаётган маҳсулотнинг номини эзилган маҳсулот (мятка) ёки янчилма дейилади. Мойли маҳсулот ички стуктурасининг бузилганлик даражасини элаш усули билан аниқланилади. Элаш усулига биноан, ҳосил бўлган толқондан 50 ёки 100 гр олиниб 10 минут давомида 1 мм лаборатория элагида янчилма эланади. Янчилманинг элакдан ўткан қисми олинган намунага нисбатан % ҳисобида аниқланади.

Кўпчилик мойли уруғлар учун, жумладан пахта мағизи учун ҳам, янчилманинг элакдан ўткан қисми 60% дан кам бўлмаслиги керак. Агарда янчиш машинасидан сўнг баргсимон маҳсулот (лепесток) ҳосил бўлса, ички структуранинг бузилиш даражаси баргчанинг қалинлиги билан белгиланади ва унинг қалинлиги 0,3 – 0.6мм атрофида бўлиши керак. Пахта маҳсулотига келсак, чигит мағизидан олинган толқоннинг таркибида технологик талабларга кўра шулха 1-3 сорт чигитлар учун 10% дан, 4-сорт учун 15% дан ошиқ бўлмаслиги лозим, чунки мағиз таркибида шулха қанча кўп бўлса, янчилиш эффекти шунча паст бўлади. Лекин янчилгандан сўнг, маҳсулотни пиширишдан олдин, пахта мағизи янчилмасига, бир оз миқдорда, қўшимча шулха қўшилади ва унинг миқдори 1-3 навлар учун 15% гача, 4-навлар учун 17-18% га етказилади. Янчилган мағиз таркибида бунча миқдор шулха бўлиши маҳсулотга ғоваклик бериб, пишириш жараёнида сув ва буғнинг маҳсулотда бир текисда тарқалишига ва унинг нормал пишишига ёрдам беради.

Мойли уруғ, мағиз ва уларнинг қайта ишлаш маҳсулотларини янчиш

Ўсимлик мойлари ишлаб чиқаришда майдалаш – янчиш жараёни муҳим аҳамиятга эга, шу билан бирга асосий ускуналар унумдорлигига ҳамда сифатли мой чиқишига таъсир қилади. Майдалашга уруғни ўзи (зиғир, каноп, индов) ёки уруғ мағизи (пахта чигити, кунгабоқар, канакунжут) берилади. Олинган маҳсулот янчилма дейилади. Янчилмадан мой олишга мойли уруғдан олишга қараганда кам энергия сарфланади. Форпресслаб олинган кунжара ҳам экстракцияга беришдан олдин майдаланади. Янчишнинг алоҳида тури яссилаш бўлиб, ундан баргсимон янчилма олишда фойдаланилади. Мағиз ёки уруғни янчишдан асосий мақсад, пресслаш ёки экстракциялаш жараёнларида кўпроқ мой олиш учун, мойли хом ашё ҳужайралари структурасини иложи борича максимал даражада бузишдан иборатдир.

Мойли маҳсулотларда диффузия ва иссиқлик ўтказувчанликнинг тезлиги заррача ўлчамига тескари пропорционал бўлади. Шунинг учун янчишнинг муҳим мақсади янчилмани ўлчами бир хил ва оптимал бўлишига эришиш ҳисобланади. Агар заррачалар ўлчамларида бир хиллик бўлмаса, маълум вақт оралиғида айрим заррачаларда жараёнлар тугаши ва айримларида эса охирига етмаслиги мумкин. Бундай ҳоллар ишлаб чиқариш шароитида технологик жараённи стабиллашувига йўл қўймайди. Янчилма заррачаларининг бир хил бўлмаслиги сабабларини, шартли равишда, икки гуруҳга ажратиш мумкин:


  1. Қаттиқ жинсни янчишга хос, шунингдек майдаловчи машинада ташқи кучларни таъсир қилиш усуллари билан боғлиқ умумий сабаблар. Қаттиқ жинснинг майдаланиши бир текисда бўлмайди, чунки жисмни қаттиқлиги уни ҳамма қисмида бир хил эмас, бузилиш қаршилик энг кам бўлган жойда содир бўлади; бундан ташқари таъсир қилаётган ташқи кучлар майдаланувчи жинснинг юзаси бўйлаб бир хилда тақсимланмайди.

  2. Майдаланаётган мойли уруғлар ўзига хос ва уни анатомик тузилиши билан боғлиқ бўлган сабаблар. Уруғнинг ташқи кучлар таъсирига қаршилиги турли жойларда бир хил эмаслиги, таркибий қисмлар тузилиши ҳар хил бўлганлиги сабабли турли ўлчамдаги заррачалар ҳосил бўлишига олиб келади. Бундан ташқари, ҳужайра бузилганда унинг ичидаги таркибий қисмлар тўлиқ ёки қисман бузилади ва ҳосил бўлган заррачаларнинг ўлчамлари ҳужайра ўлчамларидан кичик бўлади.

Майдаланган қуруқ материалнинг майинлиги ортиши билан унинг таркибидаги унсимон фракция миқдори кўпайиб боради, бу материалнинг босилиб зич бўлиб қолишига, қовуришда янчилмани намлаш шароитининг ёмонлашишига ва экстракциялаш шароитини ҳам ёмонлашишига олиб келади. Сермой уруғ янчилмасида унсимон фракция заррачалари йирикларига ёпишиб қолиши натижада оптимал структура бузилиши мумкин. Шунинг учун янчилманинг ўлчамлари оптимал бўлиши керак. Майдаланган материал бир хил бўлиш билан бирга ғоваклилик, ўтказувчанлик ва пишиқлик (баргсимон янчилма учун) каби хусусиятларга етарли даражада эга бўлиши лозим.

Майдалаш натижасида материалнинг структураси бузилиб, ички юза ташқи юзага айланади, ҳужайралар орасидаги тўсиқлар очилади, бу умумий юзани кўпайишига олиб келади.

Майдалаш жараёнида структуранинг бузилиши билан биргаликда мойнинг жойлашиши ҳам ўзгаради. Ҳужайра деворлари парчаланиб, мой тутувчи қисмдан ажралиб чиққан ёғ заррача юзасини юпқа парда ҳолида қоплайди. Бу ҳолат кейинги ёғ олиш операцияларига ижобий таъсир қилади.

Майдалашда мойнинг бир қисми бузилмаган ҳужайра ичида қолиши мумкин. Лекин у майдалаш даврида босим таъсирига учраб, қисман ажралган ҳолда бўлади. мойнинг бир қисми эса элеоплазма бўлакчаларида қолади. Умуман олганда цитоплазма гелининг нафис структураси бузилиши билан катта миқдорда мой “эркин мой” ҳолатида янчилган заррачалар устига ажралиб чиқади. Аммо, бу мой кенг ривожланган юза билан боғланганлиги сабабли, янчилмадан оқиб чиқмайди.

Етилиб пишган мойли уруғлар ҳужайраларида ёғнинг жойлашиш ҳолати тадқиқотчиларни қизиқтириб келган. А.М. Голдовский фикрича (1958) мой ёғли маҳсулот таркибида ультрамикроскопик капиллярларни тўлдирган ҳолда жойлашган.

Вақт ўтиши билан ёғнинг ҳужайраларда жойлашиши ҳақида бошқа фикрлар пайдо бўла бошлади. К.Е Леонтьевский (1963) электрон- микроскопик тадқиқотлар асосида мой ҳужайрада алоҳида-алоҳида томчилар ҳолида жойлашган деган фикрга келди.

1971 йилда В.Г. Шербаков ва Л.В. Силантьевлар электрон-микроскопик фотографиялар асосида физиологик етилган кунгабоқар уруғида мой шарсимон шаклга эга бўлган гранула ёки сферосомаларда жойлашган деган хулосага келишди. Бу гранулалар ҳужайрадаги алейрон доначалари ва бошқа органоидлар орасидаги бўшлиқларни тўлдириб туради. Гранулалар бир-бирига жуда яқин туради, лекин қовушиб кетмайди ва улар орасида ҳар доим юпқа чегара бўлиб, бу ҳар бир липидли гранула-сферосома алоҳида ҳажмга эга эканлигидан дарак беради.

Бу маълумотлар олимлар томонидан кунгабоқарни етилиш даврида липидларни ҳужайрада йиғилиш жараёнини тадқиқ қилишда олинган. Шунингдек мойли уруғларнинг етилиб қуришида ҳужайра тузилишида ўзгаришлар рўй бериши ҳам кўрсатилган. Қуришдаги юқори ҳароратда липидли гранулалар сферик шаклини йўқотади ва юзаси кўплаб ковакчалар билан қопланиб қолади, қобиқнинг ўтказувчанлиги ортади. Уруғларнинг ўз-ўзидан қизиши натижасида липидли доначаларининг йириклашиши содир бўлади ва улар орасидаги ажратиш юзаси кичраяди.

Мойли уруғларни қайта ишлашдан олдин, липидлар жойлашишини ўзгартирадиган бир қатор технологик операцияларга (қуритиш, совитиш ва бошқ.) дуч келади. Шунинг учун қайта ишланадиган уруғларнинг ҳужайра тузилиши дала шароитида етилган уруғларникидан фарқ қилади. Бу фарқ, уруғларга ташқи омиллар – ҳарорат, намлик ва бошқаларнинг таъсири қанча кўп бўлса, шунча катта бўлади.

Мойли уруғ ва мағизни янчиш жараёнининг назарий асослари. Ўсимлик мойлари ишлаб чиқаришда уруғ ёки мағизни янчишда ташқи кучларнинг таъсир қилишини барча асосий усуллари эзиш, кесиш, ёриш, уришдан фойдаланилади. Айрим машиналарда турли усуллар биргаликда қўшиб олиб борилади.

Ҳозирги вақтда мағиз, мойли уруғ ёки кунжарани майдалаш учун бир жуфтли, икки жуфтли ва беш валли ускуналардан фойдаланилади. Кунжарани майдалаш учун дискли ва болғачали майдалагичлар ишлатилади.

Майдаланадиган материал бўлаклари ускунанинг таъминловчи воронкасидан валлар орасига тушади. Материални валлар юзаси билан биринчи тўқнашиши бўлгандаёқ улар орасида ишқаланиш содир бўлади ва унинг таъсирида материал валлар орасига киради. Валлар юзасининг ҳолати (силлиқ ёки рифелланган) ва айланиш тезлигининг нисбатига қараб, материални деформацияси ва майдаланиши содир бўлади. Валлар айланиш тезлиги бир хил бўлса, силлиқ валлар орасида материал эзилади ва баргсимон янчилма ҳосил бўлади. Агар тезлик ҳар хил бўлса, у ҳолда эзишдан ташқари ишқаланиш ва узилиш бўлади.

Вал юзасида тарам-тарам ариқчалар (рифеллар) қилинган бўлса, рифелларнинг материалга таъсири билан боғлиқ майдаланиш механизми қўшимча таъсирлар эвазига анчагина мураккаблашади. Рифеллар пичоққа ўхшаш ҳаракат қилади, бунда майдаланаётган материал уриш ва кесиш кучлари таъсирига учрайди.



Материал заррачалари валга тегиши билан уларга янчиш зонасидан ташқарига итариб чиқаришга интиладиган реакция кучи таъсир қилади. Бунга қарама-қарши вал юзаси билан заррача орасида янчиш зонасига интилувчи куч таъсир қилади. Заррача янчиш зонасига тортилиши учун ишқаланиш кучи итариб чиқариш кучидан катта бўлиши керак. Заррачани илинтириб олиш учун илинтириш бурчаги α ишқаланиш бурчагидан кичик бўлиши лозим.Валлар ўқларини бирлаштирувчи чизиқ билан заррачанинг вал юзасига тўқнашган нуқтани вал марказига туташтирувчи чизиқ орасидаги бурчак α – илинтириш бурчаги деб аталади (5.1-расм).

Шундай қилиб, ишқаланиш коэффициенти яъни ишқаланиш бурчаги қанча катта бўлса заррачани янчиш зонасига тортилиши шунча яхши бўлади. Валлар диаметри қанча катта бўлса, янчишга келаётган заррачанинг ўлчами қанча кичик бўлса, заррачани илинтириш бурчаги шунча кичик бўлади.

Қўлланилаётган валиклар диаметри етарли даражада катта, шунинг учун заррачани илинтиришга зарур бўлган шартлар тўлиқ бажарилади. Амалда материални илинтириб олиш мураккаброқ бўлади, чунки бир вақтни ичида заррачалар гуруҳини илинтиришга тўғри келади. Бир вақтни ичида қанча кўп заррачани илинтириш керак бўлса, илинтириш бурчаги шунча катта бўлади ва илинтириш шунча ёмон кечади.

Бундан ташқари, материалдан ажралиб чиққан мой вални мойлаши ва вал юзасига заррачани ишқаланиш бурчагини кичрайтириши натижасида материални илинтириб олиш қийинлашади. Ажралиб чиққан мойни таъсири нам материални янчиганда кучлироқ бўлади, чунки нам материални пластиклиги катта ва ундан ёғ қуруқ материалга қараганда кўпроқ ажралиб чиқади.

Материални яхши илинтириш учун амалиётда турли чоралар кўрилади. Масалан, соя уруғи дастлаб заррача ўлчамини кичрайтириш учун майдалагичда майдаланади; валлар материални яхши илинтириб олиши ва янчилманинг сифати яхши бўлиши учун материал намлиги оптимал ҳолга келтирилади.

Мағиз ёки уруғни янчиганда уруғни турли тўқималарини бузилиши бир хил бўлмайди. Кунгабоқар мағизини майдалашда эпидермис, уни яқин атрофидаги ва муртак тўқималари уруғнинг бошқа қисмларига қараганда камроқ бузилади. Пахта чигити мағизини майдалашда муртак тўқимаси энг чидамли ҳисобланади. Уруғ қобиғини чидамлилиги мағиз чидамлилигидан юқори бўлади.

Уруғ ёки мағизни майдалаганда ҳужайралар деворлари эзиш, ишқалаш кучлари таъсирида бузилади. Ҳужайра ичидаги модда қобиқни бузилиш даражасига қараб, ташқарига чиқади ёки очилган хужайрада ушланиб қолади. Бузилмаган ҳужайралардаги моддаларда валлар орасидан ўтаётганда катта босим таъсир этганлиги сабабли айрим ўзгаришлар бўлиши мумкин. Янчишда элеоплазманинг бир қисмини бузилиши ва уни ичидаги алейрон доначаларини тушиши, ҳамда бир мунча алейрон доначаларини бузилиши содир бўлади. Бузилган ҳужайралар миқдори янчиш усулига ва уруғни физик хоссаларига боғлиқ бўлади.

Электрон – микроскопик тадқиқотлардан маълум бўлишича, кунгабоқар мағизи беш валли янчиш машинасида валлар орасидан биринчи марта ўтганда ҳужайра структураси қисман бузилади; иккинчи марта ўтганда ҳужайра структурасини бузилиши давом этиб, алейрон доначалари ва липидли гранулларни қисман бузилиши бошланади; учинчи марта ўтгандан сўнг ҳужайра деворлари тўлиқ бузилади, аммо қобиқ билан ўралган деформацияланган лекин бузилмаган липидли грануллар қолади.

Янчишда мойли уруғлар бузувчи кучларга, ҳужайра ичидаги моддалар ва ҳужайра склетининг гелли структураси билан боғлиқ ҳолда ўзига хос қаршилик кўрсатади. Уруғларни ташқи кучларга қаршилигини миқдори ва ҳарактери, гелларга хос равишда уруғ намлигига қараб ўзгаради. Намлик қанча кам бўлса, уруғ шунча мўрт бўлади; намлик қанча кўп бўлса, уруғни пластиклиги шунча юқори бўлади. Қуруқ уруғлар қисилганда кукун бўлиб майдаланади. Беш валли янчиш машинасида олинган янчилма осон ёйиладиган майда пластинкалардан иборат бўлади. Нам уруғдан олинган янчилма пишиқроқ пластинкалар, намлиги юқори бўлган уруғдан олинган янчилма эса пластик тасма ёки ажралиб чиққан мой билан бир-бирига ёпишиб қолган бўлаклар ҳолида бўлади.

Кам ва ўртача мойли уруғларни яхшилаб майдалаш ва янчилма жуда майда бўлмаслиги, ҳамда ғовак структурани таъминловчи юпқа пластинкалар кўринишида бўлиши, шунингдек кейинги технологик операциялар айниқса нам иссиқлик ишлов беришни яхши бориши учун мағиз бироз пластикликка эга бўлиши лозим.

Сермой уруғларни янчишда сезиларли даражада ёғ ажралиши ва майда заррачаларни бир бирига ёпишиб қолиши туфайли уларда чангсимон янчилма ҳосил бўлиши хавфи мавжуд эмас.

Соя уруғи доначаларини ҳамда кунгабоқар, зиғир, канакунжут ва бошқа турдаги уруғларнинг донадор форпресс кунжараларини янчиб, баргсимон ҳолатда экстракцияга тайёрлашда уларни имкон қадар юпқа пластинка ҳолида янчиш лозим, бунда олинган маҳсулотни ўта майдаланиб кетишига руҳсат этилмайди. Бунинг учун материални намлик ва ҳарорат бўйича кондициялаб, унинг пластиклигини оптималлаштирилади.

Уруғни янчилишга қаршилигини катталиги ва ҳарактери ҳароратга қараб ўзгаради, чунки ҳарорат уруғнинг гель структураси хоссаларига бевосита таъсир этади. Ҳарорат қанчалик паст бўлса, материал мўртлиги шунчалик юқори ва пластиклиги шунчалик кичик бўлади. Ҳарорат ошиши билан унинг пластиклиги ҳам ортиб боради.

Уруғни ташқи куч таъсирига қаршилигининг катталиги ва ҳарактерини ҳарорат ва намликка боғлиқлиги янчиш жараёнини бошқаришга имкон беради. Янчилма сифати яхши бўлиши учун уруғ ёки мағизнинг намлиги ва ҳарорати оптимал бўлиши, яъни майдаланадиган материални зарур бўлган пластиклигини таъминлайдиган даражада бўлиши керак.

Уруғнинг оптимал намлигига уни қайта ишлашга тайёрлаш операцияларидан олдин ёки мағизни валли янчиш ускуналарига беришдан олдин намлиги бўйича кондициялаш йўли билан эришилади. Агар мағизнинг оптимал намлиги уруғ пўстлоғини ажратишга ва янчишга мос келса, биринчи усул қўлланилади. Бу усул кўпинча мойли уруғлар (кунгабоқар, пахта чигити, канакунжут ва бошқалар)га мос келади.

Мойли уруғларни янчиш вақтида уларнинг таркибида биокимёвий ўзгаришлар содир бўлади. Механик таъсирлар – ишқаланиш ва босим таъсири остида, ҳамда янчиш жараёнида ҳосил бўладиган иссиқлик таъсирида янчилмадаги оқсиллар денатурацияга учрайди.

Айни вақтда, мойли уруғларни янчишда оқсилларни денатурацияланиши янчилмада эримайдиган оқсил моддалар тўпланишига йўл қўймайди. Буни бир вақтнинг ўзида кечадиган иккита жараён билан тушунтирилади: биринчиси – оқсил молекулаларининг иссиқлик таъсирида денатурацияланиши ва натижада оқсиллар эрувчанлигининг пасайиши, иккинчиси – рақобатлашувчи жараён, яъни механик ишлов бериш натижасида оқсиллардаги дисульфид кўприклар ва пептид боғларининг оксидланиши ва узилиши. Бунинг таъсирида оқсилни ҳосил қилувчи заррачалар парчаланади.
9-МАВЗУ

УРУҒ ВА МАҒИЗНИ ЯНЧИШ УСКУНАЛАРИ
Кунгабоқар уруғининг мағизи беш валли станокларда тўрт марта ўтиш орқали янчилади. Мағизни янчилиш сифатига асосан намлик катта таъсир кўрсатади. Мағиздаги хужайра структурасининг максимал даражада бузилиши 5,5-6,0% намликда содир бўлади; намликни ушбу кўрсатилган қийматдан ошиши янчилма сифатини ёмонлашишига олиб келади.

Янчилма сифатининг ёмонлашуви яна мағиз пўчоқдорлигининг ошишига ҳам боғлиқ. Пўчоқ мағизга нисбатан анча қаттиқ бўлгани учун валлар орасидаги оралиқ янчиш масофасини кенгайтириб юборади ва янчилма майдалигини ёмонлаштиради. Янчишга берилаётган мағизнинг пўчоқдорлиги 3,0-8,0% оралиғида бўлиши лозим. Кунгабоқар мағизидан олинган янчилманинг сифати элаш усули билан назорат қилинади. Янчилма тешиклари 1мм бўлган элакдан ўтказилганда, ўтувчи фракция миқдори 60% дан кам бўлмаслиги керак.

Ўрта ва ингичка толали пахта чигити мағизи янчиш учун берилаётганда, И – ИИИ нав уруғлардан олинган мағизининг намлиги 8,5-9,5%, ИВ нав уруғ мағизи учун 9,5-10,5% бўлиши ва мағиз таркибидаги шулха миқдори И – ИИИ навлар учун 10%дан, ИВ нав учун 15%дан ошмаслиги лозим. Бу мағизлар ҳам беш валли станокларда валлар орасидан тўрт марта ўтказиш орқали янчилади. Янчилган мағиз максимал даражада бир жинсли бўлиши ва тешиклар ўлчами 1мм бўлган элакдан ўтказилганда, ўтувчи фракция И – ИИИ навлар учун 60%дан, ИВ нав учун 50%дан кам бўлмаслиги керак.

Янчиб бўлинган мағизга, қовуриш жараёнидан олдин шулха қўшиб, янчилма таркибидаги мавжуд шулха миқдорини И–ИИИ навлар учун 15%гача ва ИВ нав учун 17%гача етказиш тавсия этилади.



Yüklə 3,99 Mb.

Dostları ilə paylaş:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   19




Verilənlər bazası müəlliflik hüququ ilə müdafiə olunur ©azkurs.org 2024
rəhbərliyinə müraciət

gir | qeydiyyatdan keç
    Ana səhifə


yükləyin