Мавзу: Янги ўзбек адабиётининг асосий хусусиятлари. Янги ўзбек адабиёти тараққиётининг асосий босқичлари Режа



Yüklə 469,72 Kb.
səhifə11/55
tarix12.06.2023
ölçüsü469,72 Kb.
#129098
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   ...   55
Мавзу Янги ўзбек адабиётининг асосий хусусиятлари. Янги ўзбек а

Социалистик реализм методи атамаси ва назарияси эса 1932 йилдан кейин расмийлашган.
Социалистик реализмнинг илк босқичида энг гўзал гулларидан маҳрум этилган янги ўзбек адабиётининг куни бармоқ билан санарли даражада камайиб кетган чинакам ёзувчилар билан бир қаторда ўртамиёна адиблар-у истеъдодсиз қаламкашларга қолади. Натижада сотсиалистик реализмнинг асосий вазифасини, яъни бадиий адабиётни ҳукмрон сиёсатнинг хизматкорига айлантиришдек бурчини бажариши учун ниҳоятда қулай шароит вужудга келади. Ўша шароитни кузатилган мақсадларга янада мувофиқлаштириш учун ўртамиёначилик ва истеъдодсизлик юқоридан, яъни ҳукмрон доиралар томонидан рағбатлантирилиб ҳамда қўллаб-қувватлаб турилади.
Конфликтсизлик "назария"сининг моҳияти ҳаётдаги даҳшатли иллатларни четлаб ўтиб, ундаги қарама - қаршиликларни осонгина ижобий қутб фойдасига ҳал қилишдан, "аъло"нинг "яхши" устидан ғалабасини мадҳ этишдан ва пировардда воқеликни имкон борича ялтиратиб, гўзаллаштириб акс эттиришдан иборат бўлган. Баъзи адабиётшуносларнинг кузатишларидан маълум бўлишича собиқ шўро адабиётида конфликтсизлик “назария”сининг таъсири урушдан илгариёқ сезила бошлаган. Агар танқидчи М. Қўшжонов исботлаганидек, Абдулла Қаҳҳорнинг “Қўшчинор чироқлари” романи конфликтсизлик “назария”сининг бир ёдномаси сифатида сақланиб қолганлигини эсласак, юқоридаги адабиётшуносларнинг қараши ҳақиқатдан йироқ эмаслиги яққол аён бўлади, чунки бу асарнинг “айрилганни бўри ер” деб аталган бир боби урушдан аввал, аниқроғи, 1939 йилда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” журналида босилиб чиққан эди.
— Урушдан кейинги йилларда бу сохта "назария" ғалаба нашидасини сураётган бутун шўро мамлакатида кузатилгани каби ўзбек адабиётига ҳам катта зарар етказди, яъни тиканни гул, қарқуноқни булбул, ёвғонни палов, кулни олов, жезни тилла, ажириқни пилла қилиб кўрсатувчи асарлар тўлиб -тошиб кетишига сабабчи бўлди. Хусусан, ўша давр ўзбек адабиётида тўғридан - тўғри конфликтсизлик “назария"сининг таъсирида ёзилган асарлар сифатида Абдулла Қаҳҳорнинг "Шоҳи сўзана" комедиясини, "Картина", "Ҳамқишлоқлар" ҳикояларини, Ойбекнинг "Қизлар" достонини ва "Олтин водийдан шабадалар" романини, Саид Аҳмаднинг "Қадрдон далалар", О.Ёқубовнинг "Тенгдошлар" повестларини, Уйғуннинг "Олтин кўл" мусиқали драмасини ҳамда яна кўплаб асарларни кўрсатиш мумкин.
— “Қизлар ” достони бевосита конфликтсизлик "назария"сига амал қилиб ёзилганлигини англамоқ учун унда фақат урушдан кейинги хароб қишлоқ хўжалигидагина эмас, балки ҳозирги кунларда ҳам қўл етмас бўлиб сақланиб келаётган воқеа тасвирланганлигини эслаш кифоя. Достонда урушнинг сўнгги йили бешта ўзбек қизи колхоз раисидан беш гектар ер олиб, чигит экадилар. Улар ўша пайтдаги дабдабабозликка, юқоридан берилган кўрсатмага амал қилиб, ҳар гектар ердан юз сентнердан "оқ олтин" топшириш мажбуриятини олиб, деярли йил бўйи машаққат-у заҳматга тўлиқ меҳнат қиладилар. Албатта, достонни ёзаётган пайтда, яъни 1947 йилда Ойбек дунёнинг ҳеч жойида бир гектар ердан юз центнердан пахта ҳосили олинмаганлигини билмаган бўлиши мумкин эмас. Демак, шоир конфликтсизлик "назария"сининг ҳаётни бўяб-безаб, ялтиратиб акс эттиришдек талабига бўйсунгани учунгина йўқни бор қилиб, ошириб достонини қизларнинг ҳар гектар ердан юз центнердан пахта ҳосили, ғалаба байрамини ёруғ юз билан кутиб олганликлари ҳақидаги кўтаринки манзара тасвири билан якунлаган. Агар фан-техника инқилоби ниҳоятда авж олган ва ҳайротомуз натижалар бераётган ҳозирги пайтда ҳам жаҳоннинг ҳеч жойида ҳеч ким бир гектар ердан юз центнер пахта ҳосили топширолмаётгани эсланса, достондаги манзара қип-қизил ёлғондан, уйдирмадан ўзга нарса эмаслиги яққол аён бўлади.
Урушдан кейинги адабиётнинг сифати ниҳоятда пасайиб, ўта номукаммал асарлар қўзиқориндек болалаб кетишига 1948 - 1954 йилларда ижобий қаҳрамон муаммоси атрофида қизиб кетган мунозаралар ҳам сабаб бўлган эди. Унда қатнашганларнинг деярли барчаси фақат битта масала, яъни “совет адабиётининг қаҳрамони қандай бўлиши керак?”-­ деган савол устида бош қотирар, ҳар хил жавоблар таклиф қилар эди. Жумладан, таклифлар орасида “кичкина нуқсонли қаҳрамон”, “самимий қаҳрамон”, “жозибадор қаҳрамон”, “фаол қаҳрамон”, “курашчан қаҳрамон”, “мураккаб қаҳрамон”, “интеллектуал қаҳрамон” образларини адабиётда етакчи ўринга чиқаришга даъватлар янграган эди. Маъқул туюлган таклифлар дарҳол хизматга тайёр ёзувчилар томонидан қабул қилиниб, унга мувофиқ келадиган “асар”лар ёзилар эди. Бироқ таклиф киритганларнинг ҳам, уни амалиётга тадбиқ этганларнинг ҳам ҳеч бири бундай қилиш самарасизлиги, яъни чинакам бадиий образлар тайёр қолиплар асосида яратилмаслигини, ўйлаб чиқарилган кўрсатмаларга бўйсуниб ёзиш натижасида ижод эркинлиги бўғилишини рўй - рост исботлаб беришга жасорат топа олмас эди. Мунозаралар давомида жуда кўп тилга олинган ва шошилинч равишда амалиётга тадбиқ этилган таклифлар орасида “идеал қаҳрамон” образини яратишга чақириқлар адабий жараёнга ғоятда катта зарар етказган эди. “Идеал қаҳрамон” дейилганда, биронта ҳам нуқсонга эга бўлмаган, ҳаммадан ақлли, доно ва бақувватроқ ҳисобланиб, барчага йўл кўрсатадиган, сира янглишмайдиган, атрофидагиларни улуғвор ишларга бошлайдиган, юксак қадриятлар йўлида ўлимга тайёр турадиган, бир сўз билан айтганда, маънавий ҳамда жисмоний мукаммаллик тимсоли саналувчи инсон образи тушунилар эди. Худди шундай “идеал қаҳрамон”га яқин қилиб яратилган образларнинг намунаси сифатида урушдан кейинги йиллар ўзбек адабиётида Ойбекнинг “Олтин водийдан шабадалар” романидаги Ўктам ва Комила, Абдулла Қаҳҳорнинг “Шоҳи сўзана” комедиясидаги Деҳқонбой ва Ҳафиза, О. Ёқубовнинг “Биринчи муҳаббат” драмасидаги Муқаддас ва Олимжон тимсоллари майдонга келган эди. Хаётда буткул нуқсонсиз одамлар бўлмаслиги барчага кундек равшанлиги сабабли юқоридаги “идеал қаҳрамон”лар образи фақат турмушни сунъий равишда ялтиратиш, аслидан яхшироқ қилиб кўрсатиш натижасида яратилганлиги яққол сезилиб турар ва деярли ҳеч кимни ишонтирмас эди. Демак, “идеал қаҳрамон” образи ҳам ҳаётни сунъий равишда кўтариб, ялтиратиб акс эттириш билан сотсиализмни мадҳ этувчи воситалардан яна бири сифатида ўйлаб чиқарилган эди. Англашиладики, сотсиалистик реализмнинг илк босқичида бу метод адабиётни ҳукмрон ижтимоий тузум, мафкура ва сиёсатнинг оддий тарғиботчисига, маддоҳига айлантирувчи сунъий тасвир воситалари, тайёр қолиплар, схемалар ҳамда ўйлаб чиқарилган қоидалар йиғиндисига ўхшаб борганлиги сабабли ижод эркинлигининг очиқдан - очиқ чекланишига, услубий ранг - барангликнинг торайишига, оқибатда гениал бадиий кашфиётларнинг ниҳоятда камайиб кетишига йўл очган эди.

Yüklə 469,72 Kb.

Dostları ilə paylaş:
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   ...   55




Verilənlər bazası müəlliflik hüququ ilə müdafiə olunur ©azkurs.org 2024
rəhbərliyinə müraciət

gir | qeydiyyatdan keç
    Ana səhifə


yükləyin