Ижтимоий ҳодисалар (турли касб фаолияти ва уларга ҳақ тўлаш тафовутлари, инсонлар ўртасидаги ижтимоий тенгсизлик, ижтимоий ҳимояга муҳтож ходимларнинг мавжудлиги.
Рағбатлантириш функцияси:
Ижро ҳаракатлари меъёрда ўтишини таъминлашдан иборат бўлиб, моддий ва маънавий рағбатлантириш воситаларини ўз ичига олади. Бошқарув мақсади ва вазифалари бошқарув муносабатларини келтириб чиқаради ва Бошқарув психологияси айнан шу муносабатлар таркибини ўрганади.
Шахснинг бошлиқ функциялари ҳақидаги тасаввурлари қанчалик хилма-хил бўлмасин, бошлиқ реал шароитларда одамлар гуруҳини аниқ мақсад асосида фаолиятга йўллаш, уларга бош бўлиш, турли тадбирларни амалга ошириш, обрўга эга бўлиш, ҳар бир қилинган иш учун жавобгарликни ўз бўйнига олиш каби қатор сифатлар талаб қилинади.
Айниқса, бошлиқ учун турли гуруҳлардаги, кўп ҳолда бир бошлиқ учун бир вақтнинг ўзида бир қанча гуруҳлардаги шахслараро муносабатларнинг характерига жавобгар бўлиш қийинчиликлар туғдиради, чунки ўша гуруҳларни ташкил этган ҳар бир шахснинг ўзига хос индивидуаллиги бошқарувчи ҳақидаги улар тасаввурининг ҳар хиллиги ва гуруҳларда норасмий лидерларнинг борлиги бошлиқдан одамлар билан ишлаш борасида ҳам тажрибанинг, ҳам психологик фаҳм-фаросатнинг ва сабр қаноатнинг бўлишини талаб қилади.
14.2. Бошқарув психологиясининг предмети ва вазифалари Бошқарув психологияси бошқарув мақсади ва вазифаларни амалга ошириш давомида бошқарув субъекти ва объекти ўртасида юзага келувчи муносабатни талқин этади. Мазкур муносабат тизимининг ташкилий қисмлари ўзаро итоатдалиги билан характерланади.
Тизим ичида амал қилувчи итоат тамойили бошқарув фанида субординация деб аталади ва бу ибора орқали тизимнинг марказлашганлиги назарда тутилади. Субординациядан келиб чиқувчи муносабатлар ташкилот ходимлари хулқида итоат ва ижро этиш шаклларини назарда тутади. Аммо, бошқарув амалиёти нафақат раҳбарият ва итоатдаги ходимлар муносабати, балки бир даражада турувчи ва тоифаси жиҳатидан баробар ташкилот аъзолари ўртасидаги муносабатларни ҳам ўрганади.
Тизимнинг бундай қисмлари ўртасидаги муносабатларни ўзаро мувофиқлаштириш, улар ўртасидаги ҳамжиҳатлик шаклларини янада мукаммаллаштириш координация тадбирларида намоён бўлади.
Бошқарувдаги субординация ва кординация муносабатлари ташкилот миқёсидаги вертикал ва горизонтал алоқаларни ажратиш заруратини туғдиради. Демак, вертикал алоқалар ўзаро итоатдаги ходимлар ўртасида юзага келувчи муносабатлардан иборат бўлса, горизонтал алоқалар ўзаро координацияни, яъни тизимнинг тенг ва мустақил қисмлари ўртасидаги муносабатларни назарда тутади. Бундан ташқари, бошқарув муносабатлари ўзининг расмий ва норасмий кўринишига ҳам эга.
Расмий муносабатлар хизмат мажбуриятларига асосланади, норасмий муносабатлар эса ташкилот миқёсида хизмат қилувчи ходимлар ўртасидаги ихтиёрийлик ва ўзаро хоҳишга таянади. Шу муносабат билан, бошқарув психологиясиниг асосий вазифаларидан бири юқорида таъкидланган муносабатларни янада мукаммаллаштиришдан иборатдир.
Бошқарув психологиясининг бошқа туркум вазифалари бошқарув методларини шакллантириш бўлиб, ушбу тадбир ташкилотнинг самарали фаолиятини таъминлаш мақсадидаги таъсир этиш имкониятларини ишлаб чиқишдан иборатдир
Ташкилот персоналига таъсир этиш услубларини уч гуруҳга бўламиз: маъмурий, моддий ва маънавий шаклларда таъсир этиш. Буларнинг ҳар бирида маълум психологик мазмун намоён бўлади ва бошқарув психологияси фан сифатида бу чораларнинг ходимга таъсирчанлик имкониятини тадқиқ этади.
Бундай таъсир этиш тадбирлари орасида ходимларни мотивациялаш, яъни бажарадиган меҳнатга иштиёқ уйғотиш масаласига катта эътибор қаратилади. Бошқарув объектига таъсир этиш услубларига кўра, унинг бевосита ва бавосита таъсир шакллари ажратилади.
Бошқарув психологияси фанидаги асосий тушунчалардан бири, бошқарув субъекти ва объекти масаласидир. Бевосита бошқарув жараёнини кўз олдимизга келтирсак, бошқарув субъекти сифатида раҳбарни, объект тарзида эса ходимни ва меҳнат жамоасини тасаввур этишимиз мумкин. Бироқ, раҳбар ўз фаолиятини ташкил этиши ва ўз-ўзини бошқариши уни нафақат бошқарув субъекти, балки объект сифатида ҳам тушуниш заруратини қўяди. Раҳбарнинг касбий мукаммаллашуви, ўз-ўзини бошқариш малакаларини эгаллаши, ташкилот ва ходимлар бошқарувидаги асосий мавзулардан бирига айланади.
Юқоридаги фикрлардан келиб чиққан ҳолда, бошқарув психологиясининг предмети сифатида, бошқарув жараёнидаги инсон фаолияти қабул қилинади.
Бу эса ўз навбатида, бошқарув илмининг назарий тарихий асослари, бошқарув тамойиллари, бошқарув усуллари, гуруҳлардаги раҳбарлик ва лидерлик масалалари, лидерлик услублари, суперлидерлик феномени, раҳбарлик сифатлари, раҳбарликка лойиқликни баҳоловчи мезонлар, лидерликнинг вазифалари, бошқарувчига хос компетенциялар таснифи каби масалаларни ҳам иқтисодий, ижтимоий-психологик жиҳатдан тадқиқ этиш заруратини келтириб чиқаради.