НАЗАРИЙ АСОСЛАРИ
Инновацион фаолият, унинг иқтисодий мазмуни ва моҳияти
Бозор иқтисодиёти шароитида барча ривожланган мамлакатлар ўзларининг юксак тараққиёт даражасига фан ва техника соҳасида қўлга киритилаётган илмий-техникавий ютуқлар ва уларни ҳаётга кенг тадбиқ қилиш, айниқса ишлаб чиқаришга самарали жорий этиш натижасида эришаётганлиги яққол намоён бўлмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон Републикасида ҳам замонавий фаннинг турли йўналишларида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Илмий жамоаларнинг фаолияти республика иқтисодиёти ва унинг реал секторини ривожлантиришнинг устувор вазифаларини ҳал этишга йўналтирилган.
Мавжуд илмий потенциалдан кенг қамровли фойдаланиш орқали самарали инновацион тизимни шакллантириш изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳатлар доирасидаги биринчи даражадаги вазифалардан бири ҳисобланмоқда. Бунда давлатнинг илмий натижаларни амалиётга жорий этиш бўйича тадбиркорлик субъектларининг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун шарт-шароитлар яратишдаги иштироки алоҳида ўрин эгалламоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов таъкидлаганидек, “иқтисодиётимизнинг асосий тармоқларини модернизация қилиш ва техник янгилаш, мамлакатимизнинг янги марраларни эгаллаши учун кучли туртки берадиган ва жаҳон бозорида рақобатдошлигини таъминлайдиган замонавий инновация технологияларини жорий қилиш бўйича мақсадли лойиҳаларни амалга ошириш лозим”1.
Бугунги кунда Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга тадбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги № ПҚ-
1Каримов И.А. “Мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилашни изчил давом эттириш – давр талаби”. 2008 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2009 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузаси. // Халқ сўзи. 2009 йил 14 феврал.
916-сонли Қарори қабул қилиниши ва унинг ижросини таъминлаш мақсадида ҳукумат томонидан бир қатор чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши мамлакатимизда инновацион фаолиятни янада ривожлантиришга йўл очиб бермоқда.
Ҳозирги замон фан-техника тараққиёт тенденциясида иқтисодий ўсишнинг энг мақбул ва самарали омилларидан бири сифатида инновацион фаолиятни ривожлантириш ва уни рағбатлантириш масаласига эътибор кучайтирилмоқда. Албатта, замонавий тараққиёт инновацион фаолиятнинг натижаси сифатида олинадиган интеллектуал маҳсулотсиз ҳеч қандай мазмун ва маънога эга бўлмайди.
Илм-фан ва иқтисодий ҳаётни ўзаро узвий алоқаси кенгаймоқда. “Кучли фан – кучли иқтисодиёт” ибораси нафақат бугунги кун учун, балки инсоният келажаги учун ҳам долзарб бўлиб қолмоқда2.
Кейинги беш йил давомида ҳар йили Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар Республика Ярмаркаси ўтказилмоқда. Инновацион ярмарканинг мақсади мамлакатда вазирликлар ва идоралар тизимида, илмий-тадқиқион, таълим, тажриба-конструкторлик ташкилотлари, бизнес субъектлари, ихтирочилар ва рационализаторлар ва хусусий шахслар томонидан яратилган инновация янгиликлари билан хабардор қилиш, уларни амалиётга тадбиқ қилиш учун шартномалар тузиш ва ахборотлар алмашинувини амалга оширишдан идоратдир. Жумладан, жорий йилда ўтказилган инновация ярмаркасида Давлат фан-техника дастури доирасида ишлаб чиқилган 350 дан ортиқ технологиялар, методлар, ишланмалар ва инновацион ғоялар намойиш этилди.
Мамлакатимизда тўлақонли инновацион муҳитни шакллантиришдан асосий мақсад – илм сарфи юқори ва юқори технологияга асосланган ишлаб чиқариш ҳажмини ўстириш учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, кичик инновацион тадбиркорликнинг мутассил ривожаниши учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий соҳалари ривожланишидаги
2Кирпичников М. «Наука как основа экономики». Доклад министра науки и технологий РФ. М.: 2006. Стр. 1.
долзарб муаммоларни ечиш учун илмий, илмий-тадқиқот ва лойиҳа- конструкторлик ташкилотларининг илмий-техник салоҳиятидан самарали фойдаланиш, корхоналарнинг, айниқса кичик бизнес корхоналарининг инвестицион ва инновацион фаоллигини оширишга турки бериш ҳамда инновацион фаолиятни кенгайтиришга инвестицияларни жалб қилишдир.
Шунга кўра, танланган магистрлик диссертацияси мавзусининг долзарблигидан келиб чиққан ҳолда, “инновация” категориясининг мазмуни ва унинг аҳамиятини тадқиқ қилиш муҳим вазифа ҳисобланади.
Фанда “Инновация” ибораси инглизча “innovation” сўзидан олинган бўлиб, “янгилик киритиш” деган маънони билдиради. Бунинг заминида эса янги тартиб, янги одат, янги усул, кашфиёт, янги қараш ва ғоялар ётади.
Инновация деганда янги илмий техник ютуқни ифодалаб, янги махсулотни яратиш, амалда қўллаш жараёни ҳам тушунилади.
Иқтисодий адабиётларда “инновация” тушунчаси илмий-техника салоҳиятини реал, янги маҳсулот ва технологияларни юзага чиқарадиган жараён сифатида талқин этилади3.
Инновациялар ёки «янги комбинацияларни амалга ошириш» тушунчасига йирик иқтисодчи олим Шумпетер ташкилот, маҳсулот ёки ишлаб чиқариш жараёнини доимий такомиллаштириш йўли билан олинувчи стратегик афзаллик ва ютуқларни киритган.
Шумпетернинг қарашларида инновация сифатида қуйидаги беш ҳол назарда тутилганлгини кўриш мумкин:
-янги неъмат тайёрлаш;
-ишлаб чиқаришнинг янги усулини жорий қилиш;
-янги сотув бозорини ўзлаштириш;
-хом ашё ёки ярим тайёр маҳсулотлар янги манбасига эга бўлиш;
-тегишлича қайта ташкил қилиш, масалан, монопол ҳолатни таъминлаш4.
3Ковалёв Г.Д. Основы инновационного менеджмента. –М., 1999. – Стр. 192.
4Шумпетер И. Теория экономического развития (исследование предпринимательской прибыли, капитала, кредита, процента и цикла конъюнктуры).-М.: Прогресс, 1982. - С. 159.
Шунингдек, машҳур тадқиқотчи олим П.Друкер ҳам инновациянинг иқтисодий мазмунини асослаб беришга ҳаракат қилади ва тадбиркорлар унинг ёрдамида янги хизматлар ёки бизнес турини амалга ошириш каби ўзгаришлардан фойдаланадиган ўзига хос бир алоҳида воситаси сифатида таърифлайди5.
П.Друкернинг таърифи Й.Шумпетернинг классик таърифи моҳиятини тўлдириб, бир вақтнинг ўзида самарали ривожланишнинг шарти сифатида ташкилий-иқтисодий омилнинг аҳамиятини ва янги товарларни амалиётда қўллаш заруратини таъкидлайди.
Кўпчилик тадқиқотчилар ишлаб чиқаришни ривожлантириш интенсивлигининг тўғридан-тўғри тавсифи ҳисобланган технологик инновацияларга эътибор қаратади. Улар қаторига фан-техника тараққиётини белгилаб берадиган ишлаб чиқариш технологиялари, усуллар, воситалар ва ўзгаришлар киритилади6.
Инновацион фаолиятнинг моҳияти биринчидан, амалиётга янги, такомиллашган ишлаб чиқаришни жорий этиш, иккинчидан, маҳсулот ишлаб чиқариш харажатларининг барча турларини қисқартириш, учинчидан, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар нархларини пасайтиришда уларни истеъмол ва сифат хусусиятларини доимий равишда ошириб бориш билан изоҳланади7.
Шундай қилиб, илмий асосланган янгиликлар тарқатилиш ва жорий этилиш пайтидан бошлаб инновацияларга айланади. Инновацияларни бозорга татбиқ этиш жараёни инновацияларни тижоратлаштириш жараёни деб аталади.
Бизнинг фикримизча, инновация – бу қандайдир янги ёки сезиларли даражада яхшиланган махсулот (товар, хизмат) ёки жараённи, маркетингнинг янги услубини, иш амалиётида, иш жойларини ташкил қилишда ёки ташқи алоқаларда янги ташкилий услубни истеъмолга киритишдир.
5 Друкер Питер Ф. Практика менеджмента. - М.: ИД Вильяме, 2003. - 398 с.
6 Бизнес-Путеводитель: деловой еженедельник, 2006- 32 с.
7Классификация основных выдов инноваций. Динамика инноваций различных типов. http://spa.msu.ru/molchanova/Innov_Management 2/02-01.htm
Инновация - бу капитални янги техника ёки технологияга, ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг янги шаклларига, хизмат кўрсатишга, бошқаришга ва бошқаларга жалб этишдан олинган моддийлаштирилган натижадир. Инновацияларни яратиш, ўзлаштириш ва тарқатиш жараёни инновацион фаолият ёки инновацион жараён сифатида тушунилади.
Инновацион фаолиятнинг натижасини инновацион маҳсулот деб ҳам аташ мумкин.
Инновация янги турдаги ёки такомиллаштирилган ва бозорда сотишга мўлжалланган маҳсулот яратишни, амалий фаолиятда қўлланиладиган янги турдаги ёки такомиллаштирилган технологик жараённи ўзида акс эттирадиган инновацион фаолиятнинг пировард натижасидир.
Бундан ташқари, “инновация” термини билан “ихтиро” ва “кашфиёт”
тушунчалари ҳам боғлиқдир.
Одатда, “ихтиро” деганда инсоният томонидан илгари фанга маълум бўлмаган янги асбоблар, ускуналар ва механизмлар яратиш тушунилади.
“Кашфиёт” тушунчаси эса фанда илгари маълум бўлмаган маълумотларни олиш ёки табиат ҳодисаларини кузатиш жарёнини билдиради.
Инновациянинг минимал аломати махсулот, жараён, маркетинг ёки ташкилий услуб, у мазкур фирмада яратилган ёки ўзлаштирилганлигидан қатъий назар, мазкур ташкилотнинг амалиёти учун янги (ёки сезиларли даражада яхшиланган) бўлиши зарурлигидир.
Инновацион фаолият хақиқатдан инновацияни амалга оширишга олиб келадиган ёки шу мақсад билан кўзлаб қилинган барча илмий, технологик, ташкилий, молиявий, тижорат, маркетинг харакатлардир. Шунингдек, инновацион фаолият қандайдир аниқ инновацияни тайёрлаш билан тўғридан- тўғри боғлиқ бўлмаган тадқиқотлар ва ишланмаларни ўз ичига олади.
Замонавий иқтисодиётда инновациянинг роли кун сайин ортиб бормоқда. Инновацияни қўлламасдан туриб илм сарфи ва янгилиги юқори даражада бўлган рақобатбардош маҳсулотларни яратиш мумкин эмас.
Шунинг учун бозор иқтисодиётида инновациялар рақобат курашида самарали восита ҳисобланиб, янги талабларнинг вужудга келишига, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳаражатларининг камайишига, инвестиция оқимининг кўпайишига, янги маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг имиджи, яъни рейтинги ошишига, янги ички ва ташқи бозорларни очиш ҳамда эгаллаб олишга олиб келади.
Инновация фаолиятини ўрганиш предмети иккита таркибий қисмдан иборатдир: инновация фаолияти субъекти ва инновация фаолияти объектлари.
Инновация фаолияти субъектлари сифатида қуйидагилар ҳисобланади:
инновация фаолиятини амалга оширишда иштирок этаётган давлат ташкилотлари;
инновацияларни яратаётган ва амалга ошираётган жисмоний ва юридик шахслар;
асосий фаолияти инновацияларни яратиш, улардан фойдаланиш, тижоратлаштирилиш ва тарқалишига ихтисослашган субъектлари (технологик парклар, инновация фондлар, инновация марказлари, инновация фаолияти инфратузилмасининг инновацион ва бошқа ташкилотлари).
Инновация фаолияти объектлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
давлат инновация ишлари дастурлари ва инновация илмий-техника лойиҳалари;
илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технологик ишлар ва интеллектуал фаолият натижалари: ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, селекция ютуқлари, дастурий маҳсулотлар, ноу-хау, янги технологиялар, техник, технологик ва қурилиш инжиниринг объектлари ва бошқа инновация маҳсулотлари.
Бугунги кунда самарали инновацион фаолиятни таъминлашда уларга кўмаклашувчи турли ташкилотлардан ташкил топган инновацион инфратузилманинг шаклланиши шартдир.
Инновацион инфратузилма - бу ташкилий, бошқарув, моддий-техник, молиявий, ахборот, кадрлар бўйича, консалтинг ва бошқа хизматларни
мужассамлаган, инновация лойиҳаларини амалга оширишга имкон берувчи инновация фаолияти субъектларининг мажмуасидир. Инновацион инфратузилмага таркибий жиҳатдан қуйидаги асосий функциявий элементларни киритиш мумкин:
давлат инновация лойиҳалари ва дастурларининг буюртмачилари (кейинги ўринларда – буюртмачилар деб юритилади);
илмий-тадқиқот, лойиҳалаш-конструкторлик ва таълим муассасалари; ишлаб чиқариш ташкилотлари ва уларнинг бирлашмалари; инновацион ташкилотлар;
инновация марказлари; инновация ва венчур фондлари;
инновация фаолиятида иштирок қилувчи нодавлат нотижорат ташкилотлар;
инновация фаолиятини амалга ошираётган хорижий юридик ва жисмоний шахслар;
қонунчиликка мувофиқ инновация фаолиятини амалга ошираётган бошқа ташкилотлар.
Бозор иқтисодиёти ислоҳатлари изчиллик билан амалга оширилаётган Ўзбекистонда инновация билан шуғулланадиган субъектлар доирасида кичик бизнес корхоналарининг фаолияти натижаси сифатида турли маҳсулотларни ишлаб чиқариш муҳимдир.
Инновацияни амалга оширган кичик корхона уни ўз ҳудудига рақобатчилардан (халқаро фирмаларни хам қўшган холда) аввал чиқарса, инновациялар бозор учун янги ҳисобланади. Агар қайсидир махсулот, жараён, маркетинг ёки ташкилий услублар бошқа фирмаларда ишлатилаётган бўлиб, лекин мазкур фирма учун янгилик (ёки маҳсулот ёки ишлаб чиқариш жараёни сезиларли даражада яхшиланган) бўлса, инновациялар фирма учун янги ҳисобланади.
Янги махсулот ва жараёнларни ишлаб чиқариш ва жорий этиш,
шунингдек махсулот ва жараёнларни сезиларли такомиллаштириш; технологик
жиҳатдан янги ёки сезиларли такомиллаштирилган хизматла ва ишлаб чиқариш (кўрсатиш) усулларини ишлаб чиқариш ва жорий этиш технологик инновациялар сифатида қабул қилинади.
Инновациялар инобатга олинадиган технологик параметрларига қараб махсулот инновациялари ва жараён инновацияларига бўлинади.
Махсулот инновациясига янги ёки сезиларли даражада яхшиланган товар ва хизматлар, полуфабрикатлар ва эҳтиёт қисмлар киради.
Жараён инновацияси – янги ёки сезиларли даражада яхшиланган ишлаб чиқариш ёки етказиб бериш услубини, техник жараёнлар, ускуналар ёки дастурий таъминотдаги сезиларли ўзгаришларни, ишлаб чиқиришни ташкил этишнинг янги методлари яратишдир.
Ташкилий инновация – бу фирманинг иш амалиётига янги ташкилий услубни жорий этишдир. Ташкилий инновацияларга фирма биринчи марта фойдаланаётган иш амалиётини ташкил қилиш, иш жойлари ёки ташқи алоқаларни ташкил қилиш масалалари киради.
Ташкилий инновация энг яхши харакат усуллари, ўқув материаллари ва уларни янада оммабоп қиладиган бошқа маълумотларни ўз ичига олган янги маълумотлар базасини ташкил қилишни, фирма фаолияти интеграл мониторинги тизимини биринчи бор жорий этишни (ишлаб чиқариш, молия, стратегия, маркетинг), таъминот занжирини, бизнесни қайта ташкил қилишни, ишлаб чиқаришни қисқартиришни бошқариш тизимини ёки сифатни бошқариш каби умумий ишлаб чиқариш ёки таъминлаш операцияларини бошқариш тизимини биринчи бор жорий этишни ва бошқаларни ифодалайди.
Вужудга келиш манфаати бўйича инновациялар асосан уч турга бўлинади:
фан ва техникани ривожланиши билан боғлиқ инновациялар:
ишлаб чиқариш эҳтиёжи билан боғлиқ инновациялар;
бозор талаби билан боғлиқ инновациялар.
Корхоналарнинг фаолияти турларига қараб инновациялар технологик, ишлаб чиқариш, иқтисодий, ижтимоий, савда ва бошқариш соҳаси кўринишида
ҳам квалификацияланади.
Демак, инновация иқтисодий категория сифатида ишлаб чиқариш ва янгиликларни қўллашнинг энг умумий хоссаларини, аломатларини, алоқалари ва муносабатларини акс эттиради. Айниқса инновацияларнинг корхоналар рақабатбардошлигини оширишдаги функцияси муҳим аҳамиятга эгадир.
Ишлаб чиқариш функциясига кўра, инновация кенгайтирилган ишлаб чиқиришни молиялаштиришнинг энг зарурий манбасини билдиради. Инновациянинг иқтисодий моҳияти унинг натижасидан фойда олишни ва молиявий ресурслар манбаси сифатида фойдаланишда кўринади.
Dostları ilə paylaş: |