Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги фарғона политехника институти



Yüklə 3,99 Mb.
səhifə1/19
tarix22.06.2020
ölçüsü3,99 Mb.
#31909
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   19
ўсимлик

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ

ФАРҒОНА ПОЛИТЕХНИКА ИНСТИТУТИ



«КИМЁ ТЕХНОЛОГИЯ» ФАКУЛТЕТИ

ОЗИҚ-ОВҚАТ ТЕХНОЛОГИЯСИ КАФЕДРАСИ

ЎСИМЛИК МОЙЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ТЕХНОЛОГИЯСИ” фанидан


МАЪРУЗАЛАР КУРСИ


Билим сохаси: 300000-Ишлаб чиқариш. Техник соҳа

Таълим соҳаси: 320000-Ишлаб чиқаришлар технологияси


Таълим ёналиши: 5321000-Озиқ-овқат технологияси (ёғ-мой маҳсулотлари)

Фарғона-2020

5321000-Озиқ-овқат технологияси (ёғ-мой маҳсулотлари) йўналишлари учун “Ўсимлик мойлари ишлаб чиқариш технологияси” фанидан тайёрланган ўқув-услубий мажмуа Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 2015 йил 16 июлда БД-5111000 рақами билан рўйхатга олинган 2015 йил 21 августда тасдиқланган фан дастури асосида тайёрланди.

Ўқув-услубий мажмуа ЎзР ЎЎМТ вазирининг 2017 йил 1-мартдаги № 107-буйруғида белгиланган талаблар асосида тайёрланди.


Тузувчилар: катта ўқит. Обидов З.Ж.

Тақризчи: дотс. Усманов Б.С.

Ўқув услубий мажмуа ФарПИ услубий кенгашининг 20___ йил «___» «__________ » № ___ сонли Кенгашида кўриб чиқилган ва тавсия этилган.



Мундарижа
1-мавзу: Kириш.Фаннинг тарихи ва ривожланиш консепциялари...........................................4

2-мавзу: Mойли уруғларни қабул қилиш ва сақлаш................................................................9

3-мавзу: Ўсимлик мойи ишлаб чиқариш корхоналари ускуналари..................................22

4-мавзу: Mойли уруғларни тозалаш ва намлиги бўйича кондициялаш...........................34

5-мавзу: Мойли уруғларни аралашмалардан тозалашнинг зарурияти...................................38

6-мавзу: Mойли уруғларни чақиш ва мағизни пўстлоқдан ажратиш..................................46

7-мавзу: Mойли уруғларни чақиш ва чақилмани сепаратлаш ускуналари

8-мавзу: Mойли уруғларни ва мағизни янчиш.......................................................................50

9-мавзу:Уруғ ва мағизни янчиш ускуналари...........................................................................63

10-мавзу: Қовурма тайёрлаш................................................................73

11-мавзу:Янчилмага ишлов бериш ускуналари..................................................82

12-мавзу: Пресслаш усули билан мой олиш......................................................89

13-мавзу: Пресслаб мой олиш ускуналари............................................................................92

14-мавзу: Ўсимлик мойларини экстракция усули билан олиш.............................................98

15-мавзу: Мойли маҳсулотни экстракция жараёнига тайёрлаш..................................105

16-мавзу: Экстракция жараёнининг асосий саноат усуллари

17-мавзу:мойларни экстракция қилиш ускуналари................................................121

18-мавзу: Мисцеллани қайта ишлаш...................................................135

19-мавзу: Мисцелла дистилляцияси қилувчи қурилмалар...........................................140

20-мавзу: Шротни қайта ишлаш...................................................148

21-мавзу: Шротга ишлов бериш қурилмалари......................................................................150

22-мавзу: Эритувчининг регенерацияси ва рекуперацияси

23-мавзу: Газ-ҳаво аралашмасидан эритувчи буғини рекуперация қилиш усккуналари

24-мавзу: Экстракциялаш технологик схемаларининг баёни

25-мавзу: Ўсимлик мойларини бирламчи тозалаш

26-мавзу: Мойларни бирламчи тозалаш қурилмалари

27-мавзу: Ёғ-мой корхоналари иккиламчи маҳсулотларидан унумли фойдаланиш технологиялари
1-МАВЗУ

Кириш. ФАННИНГ ТАРИХИ ВА РИВОЖЛАНИШ КОНСЕПЦИЯЛАРИ
Режа:


  1. Рейтинг тизими ҳақида.

  2. «Ўсимлик мойлари ишлаб чиқариш технологияси» (ЎМИЧТ) фанининг мақсад ва вазифалари.

  3. Фаннинг халқ хўжалигидаги аҳамияти, тутган ўрни ва ривожланиши.

  4. Ўсимлик мойли уруғларини чиқитсиз ишлатиш масалалари.

  5. Мамлакатимизда пахта ва бошқа ўсимлик мойларини ишлаб чиқариш технологиясининг истиқболлари


Рейтинг тизими ва унинг бажарилиши

Умумий ўқув соати - 142

Шу жумладан: МАВЗУ - 42

Амалий машғулотлар - 14

Лаборатория машғулотлари - 28

Мустақил таълим соати - 58


Рейтинг баҳолаш тизими, рейтинг назорати жадвали ва баҳолашнинг рейтинг жадвали фаннинг ишчи дастурида берилган.

Фаннинг мақсади ва вазифалари

Фаннинг мақсади – ўсимлик дунёсидан олинадиган мойли уруғлардан пресслаш ва экстракциялаш йўллари билан турли хил ўсимлик мойлари олишнинг технологиясини ўргатишдан иборатдир.

Фаннинг вазифалари – юқорида қайд қилинган мақсадга эришиш учун мойли уруғларнинг сифат кўрсатгичлари, уларни корхонада қабул қилиб олиш, сақлаш, тозалаш, пресслаш жараёнига тайёрлаш, экстракциялаб мой олиш усулларини ўргатиб, бу жараёнларга оид бўлган барча технологик параметрлар, ҳисоб-китоб ишларини тўғри олиб бориш масалаларини тушунтириб беради. Шу билан биргаликда технологик жараёнларнинг бузилиши содир бўлган ҳолларда уларни қайси йўллар билан бартараф қилиш, технологик параметрларни нормал ҳолатга келтириш бўйича йўл-йўриқларни ҳам белгилиб беради.

«Ўсимлик мойлари ишлаб чиқариш технологияси» ни ўрганиш, мойли хом ашёларни қайта ишлашнинг рационал технологиясини ва ўз навбатида мойнинг чиқишини кўпайтириш, сифатли шрот ёки кунжара олиш билан бир қаторда улардаги биологик актив, фойдали компонентларнинг кам миқдорда йўқолишини таъминлаш имконини беради. Бу технология мойли уруғларнинг физиологик-биокимёвий хусусиятлари, уларни қайта ишлаш йўллари, турли факторларнинг уруғ компонентларига ва уларни қайта ишлаш маҳсулотларига таъсири туғрисида чуқур билимга эга бўлгандагина ва технологик жараёнларни тўғри бошқара билгандагина амалга оширилиши мумкин.



Ёғ-мой саноатининг пайдо бўлиши ва ривожланиш тарихи. Мойли ўсимликларни етиштириш ва улардан мой олиш одамзод тараққиётининг қадимий даврларига бориб тақалади. Археологик ҳужжатлар Ғарб ва Шарқ мамлакатларида ўсимлик мойлари ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш одамзодга қадим замонлардан буён маълум эканлигини кўрсатади.

Ибтидоий жамоаларнинг табиатдан йиғиб олаётган ўсимлик мевалари ва овчилик билан ўзлаштириб олаётган ҳайвон ва паррандалар заҳираси одамларнинг истеъмол талабларини бора-бора қондираолмай қолди, жамоалар ва табиат ўртасида ҳаёт учун кураш кескинлашди. Бундай ҳолат ибтидоий жамоаларда катта иқтисодий ўзгаришлар ҳосил бўлишига замин яратди. Одамлар шу замонлардан бошлаб ёввойи ўсимлик ва ҳайвонларни маданийлаштирабошлади.

Миср пирамидалари ва эҳромлари очиб кўрилганда сопол идишларда ёғ маҳсулотлари, айрим ҳолларда пальма мойи қолдиқлари ва унинг парчаланишидан ҳосил бўлган пальмитин кислотаси топилган. Қадимги миср тарихчиларнинг берган маълумотлари бўйича, Нил дарёси соҳилларида тола ва мой олиш учун зиғир етиштиришган. Биринчи аниқ маълумотлар, эрамиздан олдинги ИИИ –ИИ асрларда, миср папирусларида ёзилган бўлиб, Мисрда зиғир, кунжут, канакунжут уруғларидан пресслаш йўли билан мой олинганлиги тўғрисида хабарлар қолдирилган. Ўсимлик мойлари пресслаб олинганлиги тўғрисида маълумотлар Юнонистон файласуфи Геродот (эрамиздан олдинги В аср) томонидан ҳам ёзиб қолдирилган /2/.

Рим давлат арбоби ва ёзувчиси Катон (эрамиздан олдинги ИИИ-ИИ асрлар) ер тўғрисидаги трактатларида қишлоқ ҳўжалиги анжомлари хақида гапириб, Помпея яқинидаги қазилмалар пайтида топилган, зайтун мевасини эзиб, майдалаб берувчи пресс тўғрисида ёзади. Бу анжом меванинг юмшоқ қисмидан зайтун мойи олиш учун ишлатиладиган ричагли пресс эканлиги аниқланади /2/.

Роже Франсуа ўзининг “Ёғлар индустрияси” номли китобида қадим замонларда зайтун мевасининг устки юмшоқ қисмидан “бокира мой” олинганлиги ва бундай мой олишда понали ва ричагли пресслардан, тош жувозлардан фойдаланилганлиги ҳақида маълумотлар берган /3/.

Пахта ўсимлиги – ғўзанинг келиб чиқиши тўғрисида аниқ маълумотлар ёзиб қолдирилмаган. Шу нарса маълумки, пахта қадим замонлардан бери Ҳиндистон, Хитой, Миср, Шимолий Африка, Бразилия, Перу, Мексика мамлакатларида, Шарқий Осиё оролларида ва Ўрта Осиёда етиштирилган. Пахта маҳаллий ўсимлик бўлганми, ёки бирон бир сабаб билан бу юртларга келиб қолганми – ҳечким билмайди. Кўпчилик муаллифлар пахтани туб маҳаллий ўсимлик ҳисоблаб, бунинг тасдиғига пахта чигитининг баъзилари силлиқ, бошқалари тукдор эканлигини, ўсимлик кўп йиллик эканлигини такидлашади, баъзилар эса – ғўза бир йиллик ўсимлик тоифасига киришини айтишади. Шу билан биргаликда оч қизғиш рангли Миср пахтаси ва бошқа турдаги пахта ўсимлиги борлиги тўғрисида ҳам маълумотлар берилган. Пахта ўсимлиги турлари кўп бўлишлигидан қатъий назар, уларнинг барчасидан ҳайратда қоларлик даражада ўхшаш икки хил маҳсулот – пахта момиғи ва чигит олинади. Пахта момиғи асосан альфа-целлюлоза ҳисобланади, турли чигит таркибидаги мойлар эса физик ва кимёвий хусусиятлари билан бир-биридан кўп фарқланмайдиган липидлардан иборат.

Пахта хом ашёсидан тола ажратиш машинаси – “Жин” (джин) ихтиро қилинмагунча чигит мойли уруғ сифатида ишлатилмаган. Бу аппарат пайдо бўлгунича чигитдан тола ажратиш қийин бўлган. Шу сабабли пахта хом ашёсини етиштириш секин ривожланган. Эли Витней жин аппаратининг ихтирочиси ҳисобланади. У 1794 йилда жин аппарати учун патент олди. Аппаратнинг асосий элементи доира шаклидаги арра бўлиб, тор тирқичдан ўтаётганда арра тишларидан тола тирқич сиртига ўрнатилган мослама ёрдамида илиб олиб қолинади. Бу принцип ҳозирги замонавий жин аппаратларида ҳам сақланиб қолган /4/.

Ўсимлик мойлари ишлаб чиқариш техника ва технологиясининг ривожланиши. Мойли уруғлардан ёғ олиш Шарқда қадимдан маълум бўлса ҳам унинг технологик жараёнлари ёзиб қолдирилмаган. Туркистон ўлкаси пахтачилик соҳасида қадим замонлардан буён дунёга машҳур. Иқлим, ер-сув шароитининг қулайлиги сабабли пахтадан (ўз даври учун) мўл ҳосил олиб келинган. Деҳқонлар пахтанинг бир қисмини шахсий эҳтиёжларини қондириш учун ип, бўз, газлама тайёрлашга олиб қолиб, кўп қисмини савдогарларга сотганлар. Ўлкада пахта тозалаш корхоналари бўлмаганлиги сабабли пахта, чигитдан ажратилмаган ҳолда, чет элга чиқарилган, фақат чигит қисман қовун уруғи, қунжут, зиғир уруғлари ва мева данаклари мағизи билан аралаштирилиб, мойжувозларда мой олинган. Бундай ёғлар зиғир мойи деб аталишига сабаб, жувозга солинаётган мойли уруғларнинг камида ярми зиғир уруғи бўлган. Шу даврларда, фақат Фарғона водийсида 4300 дан ортиқ мойжувозлар бўлган /5/.

Туркистон ўлкасидан пахта ҳосили кўплаб четга олиб кетилиб, унинг ўрнига тайёр газлама келтириб сотиш кенг йўлга қўйилди. Лекин пахтани чигити билан ташиб юришдан фойда камлиги сабабли Туркистонда бирин-кетин пахта заводлари қурила бошлади.

В.Г.Гофмейстернинг “Ўрта Осиёда пахта чигитининг ишлатилиши” ва К.А.Александернинг “Туркистон ўлкасининг саноат корхоналари” китобларида пахта-мой саноатининг пайда бўлиши ва ривожланиши тўғрисида баъзи бир маълумотлар келтирилган /2/. Бу маълумотларга кўра Ўрта Осиёда қадим замонлардан бери ўсимлик мойини олиш “мойжувозларда” – мойли маҳсулотни эзиб, сиқиб олиш қурилмаларида бажарилган. Мойжувознинг идиши ва ўқи махсус шароитда қуритилган ва тарашланган заранг дарахтидан ясалган. Битта мойжувознинг қуввати жудаям кичик бўлишига қарамай, ҳаммасини биргаликда қўшиб ҳисоблаганда, ишлаб чиқарилаётган мойнинг миқдори туб аҳолининг ўсимлик мойларига бўлган истеъмол талабини қондира олган /6,7/.

ХИХ асрнинг иккинчи ярмиларида Ўрта Осиёда мой заводлари қуриш зарурияти пайдо бўлди. Шу асрнинг етмишинчи йилларида Қўқон хонлиги йўқотилиб, унинг ерлари Туркистон генерал-губернатори ҳукмронлик қилаётган майдонларга қўшиб юборилди. Россиянинг марказий шаҳарларидан Ўрта Осиёнинг қадимий ҳунармандлар ва савдогарлар шаҳри Қўқонга пахта хом ашёси, пилла ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашдан манфаатдор бўлган савдогарлар ва саноатчилар келабошлади. Шаҳарда саноат корхоналри йўқ эди.

Москвалик савдогар Лахтин 1883 йилда Қўқоннинг Аччиқкўл даҳасида, ака-ука Каменскийларнинг пахта тозалаш заводи яқинидан ер сотиб олиб, Туркистон ўлкасида биринчи мой заводи қуришга киришди. Завод 1884 йил 26 сентябрда ишга туширилди. Унинг қуввати йилига 10 минг пуд мой бўлиб, заводда чигит чақадиган икки дона машина, янчиш станоги, ўчоқ, тик ўрнатилган қовуриш қозонлари, иккита гидравлик пресс ва кунжара майдалагич ўрнатиган эди. Шундай қилиб, биринчи пахта-мой заводи Қўқонда қурилган бўлса, иккинчиси Тошкент яқинидаги қишлоқларнинг бирида 1983-1984 йилларда қурилган. Иккала завод ҳам 250 атм. босим билан ишлайдиган гидропресслар билан жиҳозланган эди. Қовурилган маҳсулотни иссиқ пресслаш йўли билан олинган мойнинг таъми, мой жувозларда совуқ пресслаш йўли билан олинган мойга ўрганиб қолган маҳаллий аҳолининг талабига мос келмаганлиги, ишлаб чиқарилган мойни техник мақсадларда ишлатиш имкониятлари бўлмаганлиги ва умуман, заводлар маҳсулотига етарлича талаб йўқлиги, заводларнинг ёпилиб кетишига сабаб бўлди. Марв шаҳрида 1893 йилда қурилган бир прессли заводнинг тақдири ҳам худди шу каби бўлган эди.

Қўқондаги биринчи пахта-мой заводини ака-ука Вадъяевлар сотиб олишди ва янги машиналар билан жиҳозлашди. Янги ускуналарни ўрнатиш саноатда ишчи ўринларнинг ўсишига олиб келди. 1904 йилда заводдаги ишчилар сони 87 кишига етди, улардан 49 нафари маҳаллий миллат вакиллари эди. Аммо 1910 йилга келиб ишлаб чиқаришда кескин тушкунлик юз берди, бунинг устига ускуналар ҳам эскириб қолган эди. Корхона эгалари, ҳозирги кундаги данакли уруғлар заводи жойлашган ерда, янги завод қуришни режалаштиришди. 1910 йилнинг август ойида янги, каттароқ қувватга эга бўлган мой заводи ишга туширилди.

1922 йил 10 июнда “Қовунчи” қишлоғида Янгийўл мой заводи қурилиб ишга туширилди, бу революциядан кейин Ўзбекистонда қурилган биринчи мой заводи эди. Ўша пайтда завод саккизта мой пресслари билан таъминланган эди, 1929 йилда тўққизинчи пресс, 1930 йилда яна иккита гидропресс ўрнатилди. Заводда 1936 йилдан 1939 йилгача муҳим реконструкция ишлари олиб борилиб, яна учта пресс ва қўшимча битта қовуриш қозони ишга туширилган, чигит тозалаш цехи кенгайтирилган. 1956 – 1960 йиллар давомида, Украинага кўчириб юборилган қанд заводи территориясида, янги мой заводи қурилди. Янги заводда 14та шнекпрессли форпресс цехи, иккита НД -1250М линияли экстракция цехи, 10 минг тонна пахта чигитига мўлжалланган механизацияланган чигит омбори қурилди. 1960 йилдан бошлаб янги завод ишга туширилди ва корхонага “Ёғ-мой комбинати” деган мақом берилди ва комбинат таркибига Алимкент мой заводи киритилди. Комбинатнинг қуввати пахта чигити бўйича кунига 560 тоннага етказилди. 1967 йилан шу бугунги кунгача Янгийўл ёғ-мой комбинатида ишлаб турган цехларнинг йирик реконструкцияси, техник жиҳатдан қайта қуролланиши, янги саноат объектларининг қурилиши ва ишга туширилиши муносабати билан корхона қуввати пахта чигитини қайта ишлаш бўйича 800 т/кун дан ошиб кетди.

Навбатдаги завод Фарғона шаҳрида қурилди ва 1930 йили 24 та гидропрессли мой заводи ишга туширилди. Ҳукумат 1934 йилда ёғ саноатида мойларни экстракциялаб олишни қўллаш ҳақида қарор қабул қилди. Шунга кўра Каттақўрғон мой заводида биринчи экстракция цехи ишга туширилди.

Ўзбекистон мой заводлари ўзларининг ривожланишини тубдан ўзгартирабошлади. Қолоқ майда корхоналар ўрнига йирик заводлар қурила бошлади. Ўзбекистонда ва Туркистон республикаларида 1936 йилгача 10 та йирик завод қурилган эди. Улардан тўққизтаси 540та линтерлар ва 112та пресслар билан, биттаси – Каттақўрғон ёғ-мой заводи 16 батареяли экстарактор билан таъминланда. Бу заводлар 1937 йилда 830000 т пахта чигитини қайта ишлаш қувватига эга бўлди, яъни 1912 йилга нисбатан унумдорлик 2,7 марта ортди. Бу заводлар ичида бўлган, 1936 йилда қурилган, юқори қувватли Каттақўрғон экстаракция цехининг пайдо бўлиши, Ўрта Осиё ва айниқса Ўзбекистонда, олдинга техник жиҳатдан катта қадам ташлаш бўлди. Бу цехининг қурилиши ёғ-мой саноатининг техник жиҳатдан қанчалик олға кетганлигини ва келажакда асосий ривожланиш йўналишини аниқловчи корхона эканлигини тасдиқлади.

Ёғ-мой саноатининг ривожланишига 1941-1945 йиллардаги уруш ҳам жиддий халақит берди, янги заводлар қурилиш суръати сусайди. Алимкент, Денов, Ғиждувон, Хўжайли, Хива, Манғит, Қўнғирот ва Чимбойда 1943-1946 йилларда кичик мой заводлари қурилиб, ишга туширилди. Кейинги йилларда Қўқон, Учқўрғон, Бухоро ва Қарши шаҳарларидаги мой заводларда экстракция цехлари қурилди. Шундан кейин пахта заводлари берадиган ҳамма чигит республикамизнинг ўзида қайта ишланадиган бўлди. Натижада, урушдан кейинги ўн йил ичида (1945-1956 йиллар) мой ишлаб чиқариш 2,8 марта ошди.Кўп маҳсулот берадиган Андижон, Асака, Фарғона, Янгийўл ва бошқа заводларда экстракциялаш усулини қўллаш режалаштирилди ва жорий қилинди.

Республикамиз ёғ-мой саноатининг ривожланишида машинасозлик саноатининг ўсиши ва олимларимизнинг саноат илғорлари билан ҳамкорликда ўсимлик мойлари ишлаб чиқариш ва ёғларни қайта ишлаш фанларини ривожлантиришдаги ютуқлари катта роль ўйнади. Шу билан биргаликда республикамизда одамларни иш билан банд қилиш ва аҳолини юқори сифатли мой билан таъминлаш мақсадида ёғ-мой саноатини ривожлантириш лозим эканлигини мамлакатимиз президенти ўз МАВЗУларида ва чиқишларида таъкидлаб ўтдилар. Раҳбаримиз бу йўналишга эришмоқ учун нима қилиш керак деган саволга шундай жавоб берадилар: “Бунинг ҳозирча фақат битта чораси бор – иш ўринлари яратиш лозим. Бунинг учун ишлаб чиқариш таркибини шундай қайта қуриш зарурки, одамлар ўзлари яшаётган жойидан узоққа кетмасдан, самарали меҳнати ҳисобидан керакли даромадга эга бўлсин. ... Биз учун асосий йўналиш, барча вазифаларни ҳал этиш калити – Ўзбекистоннинг реал сиёсий суверенитети ва иқтисодий мустақиллигини таъминлашдир” /1/.

Натижада, қайта қуриш даврида, республикамиз ҳудудида йирик заводлар қаторида кўплаб кичик ёғ-мой корхоналари қурилиб, уларнинг таркибида экстракция цехлари ҳам ўз ўрнини топди. Улар қуйидагиларидир:




Корхона номи

Қурилган йили

Корхона номи

Қурилган йили

1. Қўқон ёғ-мой

1884

21. Шахриинтернейшнл

1997

2. Каттақўрғон ёғ-мой

1893

22. Эл Эрк Нур

1998

3. Когон ёғ-экстаракция

1901

23. Ал-Носир

2001

4. Наманган экстракт ёғ

1902

24. Родник-Пахтачи

2001

5. Андижон ёғ-мой

1907

25. Шариф-Н

2001

6. Асака ёғ

1910

26. Континент-Н

2002

7. Янгийўл ёғ-мой

1922

27. Ор голден ойл

2003

8. Фарғона ёғ-мой

1930

28. Жиззах экстракт ёғ

2004

9. Турон Ходжайли

1944

29. Зулайхо

2004

10. Чимбой мой

1948

30. Еаст Ойл

2004

11. Учқўрғон ёғ

1953

31. Бўстон Олами

2004

12. Бухоро ёғ-экстракция

1954

32. Евроснар

2004

13. Қарши ёғ-экстракция

1954

33. Вангози агроэкспорт

2005

14. Беруний Ёғгар

1957

34. Нурли дон

2005

15. Сурхонозиқовқатсаноат

1963

35. Бахт-оқ олтин ёғи

2005

16. Тошкент ёғ-мой

1966

36. Бахт-инвест-нур

2005

17. Эффектив Ойл

1975

37. Агрохизмат Шинг Дон

2007

18. Урганч ёғ

1977

38. Кармана

2008

19. Гулистон ёғ-экстракт

1980

39. Ойл Барака Файз

2008

20. Косон ёғ-экстракция

1981

40. Вобкент ёғ

2009


Ўсимлик мойларини олишнинг асосий усуллари ва технологик схемалари

Дунё амалиётида ўсимлик мойлари олишнинг асосий иккита усули бўлиб, улар бир биридан тубдан фарқ қилади. Булар, мойли маҳсулотдан механик равишда мойни сиқиб олиш – пресслаш усули деб аталади ва мойни енгил учувчан органик эритувчи ёрдамида эритиб олиш, яъни экстракция усулидир. Бу иккала усул алоҳида-алоҳида, мустақил равишда ёки олдинма-кейин, аниқ тартибда ишлатилиши мумкин. Охирги йўл ишлатилганда бу усулни форпресслаш-экстракциялаш дейилади. Қайси бир усул ишлатилишидан қатъий назар ҳар бир усул аниқ технологик схема буйича олиб борилади.

Хом ашё, оралиқ ва тайёр маҳсулотнинг физик-кимёвий кўрсаткичларидан бирини ёки уларнинг агрегат ҳолатини ўзгартиришга сабаб бўладиган механик, энергетик, гидравлик ва бошқа турдаги ходисалар натижасига технологик жараён дейилади.

Технологик схема деб бир-бири билан мантиқий жиҳатдан узвий боғланган технологик жараёнлар (амаллар, операциялар)нинг зарурий тартибда бажариладиган йиғиндисига айтилади.

Технологик операциялар бажарилаётганда ишлов берилаётган маҳсулот турли ташқи таъсирлар остида бўлади. Буларга механик, иссиқлик, намлик, эритувчи ва кимёвий реагентларнинг ўз ўрнида таъсири киради.

У ёки бу технологик операцияларни бажаришдаги жараёнларни шартли равишда асосий ва ёндош жараёнларга ажратиш мумкин. Шу нарсани такидлаш лозимки, кўпчилик ҳолларда ёндош жараёнлар операциянинг умумий йўналиши ва якуний эффектига кучли таъсир кўрсатади. Масалан, мойни сиқиб олишда механик ва гидродинамик (мойнинг оқиб чиқиши) жараёнлар асосий ҳисобланиб, улар механик энергияни ишқаланиш кучи ҳисобига иссиқлик энергиясига айлантирувчи ёндош жараённинг содир бўлишига туртки бўлади. Ёндош иссиқлик ажралиш жараёни кунжарадаги оқсил моддаларнинг денатурацияси, мойнинг оксидланиши каби кимёвий жараёнларини ва намликнинг диффузион буғланишини кучайтириб юборади.

Мойли уруғларни қайта ишлаш технологик схемаларида бажариладиган жараёнлар тайёрлов, асосий, ёрдамчи ва қўшимча операциялардан ташкил топади. Мойли уруғларни тозалаш, намлиги бўйича кондициялаш ва мағизни қобиғидан ажратиб олиш тайёрлов операциялар туркумига киради. Асосий операцияларга мойли уруғларни ва ажратилган мағизни майдалаш (янчиш), қовуриш, пресслаш ва экстракция йули билан мой олиш киради. Ёрдамчи операцияларга эса шрот таркибидан эритувчини ҳайдаш, мойни мисцелладан ажратиб олиш, эритувчи буғларини регенерация ва рекуперация қилиш киради. Қўшимча операцияларга эса форпресс ёки экстракция қора мойларини бирламчи тозалаш, фосфатид концентратини олиш ва оқсил моддаларни ажратиш ва бошқалар киради.

Асосий, тайёрлов, ёрдамчи ва қўшимча операцияларнинг узвий боғлиқлиги технологик схемани ташкил қилади.

Чет эл ҳамда МДХ мамлакатларида ўсимлик мойлари олиш учун қуйидаги технологик схемалар қўлланилади:

1. Пресслаш усули билан тугалланадиган схемалар: а) шнекли пресслар ёрдамида бир марта пресслаш усули; б) шнекли пресслар ёрдамида икки марта пресслаш усули; в) шнекли пресслар ёрдамида уч марта пресслаш усули.

2. Экстракция усули билан туганланадиган схемалар: а) икки марта пресслаш ва охирида экстракциялаш; б) бир марта пресслаш ва охирида экстракциялаш; в) тўғридан-тўғри экстракциялаш. Иккала схема буйича (б) усуллари энг кўп тарқалган бўлиб, 2-б усул форпресслаш экстракциялаш” схемаси деб номланади. Республикамизда ишлаб чиқарилаётган ўсимлик мойларининг 85 % дан ошиғи шу схема асосида олинади.



«Таянч» сўз ва иборалар

Пахта чигити, кунгабоқар уруғи, махсар уруғи, индов уруғи, гидравлик пресс, шнекли пресс, мойжувоз (маслобойка), технологик схема, асосий операциялар, технологик жараён, “форпресслаш-экстракциялаш” схемаси.


Такрорлаш учун саволлар

1. Республика озиқ-овқат саноатида ёғ-мой тармоғининг тутган ўрни.

2. Республикамизда фаолият кўрсатаётган ёғ-мой корхоналари.

3. Республикамиз ёғ-мой корхоналарида қайта ишланаётган мойли хом ашёлар турлари.

4. Ёғ-мой саноатининг пайдо бўлиши ва ривожланиши.

5. Ўсимлик мойлари олишнинг асосий усуллари ва схемалари.


2-МАВЗУ

Мойли уруғларни ҚАБУЛ ҚИЛИШ ва сақлаш

Режа:

  1. Мойли уруғларни қабул қилиб олиш.

  2. Уруғларнинг сифат кўрсатгичларини аниқлаш учун уруғ партияларидан бош намуна олиш.

  3. Уруғ партияси сертификати.

  4. Сертификат маълумотларини текшириш.

  5. Уруғ партиясининг навини аниқлаш.

  6. Уруғларни қабул қилиш ва омборхонага жойлаштириш учун ишлатиладиган транспорт воситалари.

  7. Мойли уруғларни сақлаш.

  8. Мойли уруғларнинг физик-техник хусусиятлари: сочилувчанлик, ўз-ўзидан хилларга ажралиши, ғоваклик, зичлик, ҳажмий масса, сорбцион хусусиятлари, иссиқлик ва ҳарорат ўтказувчанлик, намлик турлари.


Мойли уруғларни қабул қилиб олиш. Ёғ-мой саноатида қайта ишланаётган барча мойли уруғлар заводларга туғридан-туғри ширкат ва жамоа хўжаликларидан олиб келинади. Фақатгина пахта чигити бундан мустаснодир. Чигит мой заводларига пахта тозалаш заводларидан етказиб берилади. Умуман олганда мойли уруғлар автомабиль, темир йул ва сув транспорти ёрдамида ташилади. Келтирилган хар бир алоҳида миқдор уруғлар ўзининг махсус сифат белгиларига эга. Булар: намлик, ифлослик, мойлилик, ҳамда пахта чигити учун эса, қобиқ устидаги калта момиқ миқдори (пух, подпушка) билан белгиланади.

Келтирилган ҳар бир партиядан хом ашёнинг ҳар еридан турли чуқурликда анализ учун бир қанча миқдорда хом ашё ажратиб олинади. Намуна учун олинган хом ашёнинг яримиси копқоғи зич ёпиладиган металл идишларда ёки целофан қопчаларда бир ой муддатда сақлаб турилади.

Олинган лаборатория натижалари қабул қилинган уруғнинг сифат ва навини белгилайди. Мабодо лаборатория анализ натижалари уруғнинг сертификатидаги кўрсаткичдан фарқли бўлса, хом ашё юборувчи ва қабул қилувчи ташкилот ўртасида бу фарқ “Сифат” маркази вакили иштирокида ўзаро келишув йули билан бир хулосага келинади. Мабодо иккала томон одил бир фикрга келиша олмаса, бу масала арбитраж ёрдамида ҳал қилинади.

Заводга етиб келган хом ашё махсус торозилар (автомобил, темир йул торозилари) ёрдамида тортилади сўнгра, хом ашё механизациялаштирилган мосламалар ёрдамида завод омборларига жойлаштирилади. Бу жараёнлар учун махсус автомобил ағдаргичлар, вакуум-бўшатгичлар, виброкўприклар, баъзан эса, ўз-ўзидан бўшайдиган вагонлар ишлатилади. Маҳсулотни эса транспорт воситалари ёрдамида омборхонанинг керакли қисмига йўналтириш учун заводда ишлатиладиган узатувчи воситалардан фойдаланилади. Буларга шнеклар, редлерлар, тарнспорт ленталари, ўзи юрар мосламалар, нориялар, пневмотранспорт ва бошқалар киради.



Мойли уруғларни сақлаш. Мойли уруғларни сақлаш ўсимлик мойи олиш жараёнида асосий ҳоллардан бири ҳисобланади. Чунки тўғри ташкил қилинган сақлаш шароитлари уруғдаги асосий моддалар – мой, оқсил ва бошқа фойдали маҳсулотлар деярлик камаймасдан сақланиб қолишига сабаб бўлади. Сақлаш шароитига қўйилаётган талабларга жавоб бермаган тақдирда намлик, иссиқлик, микроорганизмлар ва баъзи бир кемирувчи жониворлар таъсирида, биринчи галда асосий модда – липидларнинг парчаланиш жараёни кучаяди. Бундай хом ашёдан олинган мой эса сифат жиҳатидан паст, ранги юқори, кислота сони катта, оксидланган моддалар миқдорининг кўплиги билан характерланади. Шунинг учун келтирилган хом ашёнинг турига қараб, уни сақлаш шароитлари, омборхонанинг эса техник жиҳозланиши меъёрида бўлиши керак. Келтирилган хом ашёнинг сифати энг аввало экиш учун ишлатилган уруғлик сифатига боғлиқ ва шу билан биргаликда уруғликнинг ўсишдаги вегетацион шароитига, етилган ҳосилнинг йиғиб олиш шароитига, ҳамда мой заводига етиб келгунча даладаги сақлаш шароитларига боғлиқ. Маълумки хом ашё таркибида асосий маҳсулотдан ташқари ёввойи ўсимликлар уруғлари, асосий ўсимликнинг барги, гулбарги, пояси, ҳамда атроф муҳитдан аралашиб қолган органик, минерал ва металл ифлосликлар билан бирга бўлади. Шу билан биргаликда асосий хом ашё ва унга қўшилиб келган аралашмалар намликлари турлича бўлади, яъни органик ва минерал ифлосликларнинг намлиги ўта юқори бўлса, асосий хом ашё намлиги эса пастроқ бўлади. Бунинг устига хом ашё таркибидаги микроорганизмлар ва кемирувчиларнинг миқдори акс таъсир қилиб, унинг сифатини буза бошлайди.

Хулоса қилиб айтганда, асосий кўрсаткичлар меъёрда эмасдалигини назарда тутсак, мойли уруғларни сақлашдаги жараёнлар анча мураккаблиги намоён бўлади. Сақлаш жараёнида юқори кўрсатгичли факторлар (намлик, ифлослик) таъсирида уруғнинг сифат жиҳатидан бузилиши оддий кўринишда ўз-ўзидан қизиб кетиш ҳодисаси билан белгиланади. Албатта, уруғларни сақлаш пайтида ўз-ўзидан қизиб кетиш даражасигача қолдириш мумкин эмас. Чунки бу ходиса аввал кичик бир ҳажмда юз берса, бир оз вақтдан сўнг бутун бир уруғ уюми ҳажмида ёйилиб кетиши мумкин. Бу ҳолда уруғ хўжалиги моддий жихатдан катта талофат кўради ва бунинг устига, қизиш натижасида куйиб кетган уруғ кўмирдек қаттиқ қатлам ҳосил қилиб, нихоятда катта куч ва маблағ ҳисобига омбордан ташиб чиқаришга тўғри келади. Шу ҳодиса рўй бермаслиги учун уруғ сақлаш хўжаликларида доимий назорат олиб бориш лозим. Бу назорат уруғ тўпламининг турли жойида, ҳар хил чуқурликда ҳарорат ва керак бўлганда намликни доимий равишда аниқлаш йули билан бажарилади.



Мойли уруғларнинг физик-техник хусусиятлари. Мойли уруғлар сақланиш даврида уларнинг қўйидаги физик хоссалари ҳисобга олинади: тўкилувчанлик (сочилувчанлик – сыпучесть); ўз-ўзидан хилларга ажралиб қолиш (самосортирование); ғоваклик (скважистость); зичлик (плотность); сорбцион хусусиятлар; иссиқлик ва ҳарорат ўтказувчанлик.

Сочилувчанлик. Мойли уруғларнинг сочилувчанлиги уларнинг табиий қиялик бурчаги қийматига боғлик. Тўкилувчан моддаларнинг табиий қиялик бурчаги уларнинг горизонтал текисликка нисбатан маҳсулотнинг сирт юзаси ўртасида ҳосил қилинган бурчагига айтилади.

Табиий киялик бурчаги маҳсулот турига қараб турлича бўлади. Маҳсулот қанча сочилувчан ва сирти силлиқ бўлса, табиий қиялик бурчаги шунча кичик бўлади. Ушбу ҳусусият мойли уруғлар жойланганда уларга қараб омборхоналарнинг тури ва шакли танлаб олинади. Баъзи бир уруғлар учун табиий қиялик бурчаги (градусларда) қўйидагича: писта уруғи 31-45; канакунжут 34-46; Соя 25-32; Зиғир 27-34; Пахта чигити 42-45.

Маҳсулотнинг бу хусусияти ўз йўлида шу маҳсулотнинг шаклига, ўлчамига, намлигига ва сиртнинг нотекислигига боғлик. Умуман олганда табиий қиялик бурчаги маҳсулотнинг ички ишқаланиш коэффициентига боғлик бўлиб, коэффициент канча катта бўлса, табиий қиялик бурчаги ҳам шунча катта бўлади. Ёғ-мой ишлаб чиқариш технологиясида сочилувчанлик баъзи бир ўринларда қўл келади. Бу эса маҳсулотни бир аппаратдан бошқасига узатиш пайтида транспорт воситасисиз тўғридан-тўғри оқизиш трубаларидан фойдаланиш имконини беради.

Ўз-ўзидан хилларга ажралиши. Бу хусусият уруғларнинг ўлчами ва зичлигига қараб турли хилларга ажралиб қолишига сабаб бўлади. Уруғларни сақлаш ва қайта ишлашда бу ходиса акс таъсир этади. Чунки кўп холларда хилларга ажралиб колган маҳсулотнинг лаборатория анализлари бир хил кўрсатгичлар буйича турлича қийматга эга бўлади. Масалан, бир уруғ уюми учун ҳар хил намлик, ҳар хил мойлилик, турли зичлиликлар чиқади. Шу туфайли хом ашёнинг ушбу хусусиятини эътиборга олиб, лаборатория наъмуналарини олаётган пайтда имкон борича маҳсулотнинг ҳамма юзасидан, турли чуқурликдан намуна олиш муҳим бўлади.

Ғоваклик. Хом ашёнинг ғоваклиги деб, маҳсулот заррачалари орасидаги ҳаво ҳажмининг шу маҳсулотнинг умумий ҳажмига нисбатига айтилади. Ғоваклик маҳсулотнинг намлиги, заррачаларнинг шакли ва ўлчамлари, уларнинг сирт тузилиши ва бундан келиб чиқадиган ишқаланиш ва бошқа факторларга боғлиқ. Шунинг учун кўпчилик мойли уруғлар учун ғоваклик кенг кўламда ўзгариб туради. Масалан, каноп уруғи учун ғоваклик 35-45%, кунгабоқар учун эса 60-80% гача етиши мумкин. Бир хил шароитда бир турдаги уруғлар учун ўлчами каттароқ бўлган уруғларнинг ғоваклиги катта ва у уюм остига қараб аста-секин камаяди, чунки, юқори қисм маҳсулот оғирлиги таъсирида пастки қатламда ғоваклик камаяди.


Yüklə 3,99 Mb.

Dostları ilə paylaş:
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   19




Verilənlər bazası müəlliflik hüququ ilə müdafiə olunur ©azkurs.org 2024
rəhbərliyinə müraciət

gir | qeydiyyatdan keç
    Ana səhifə


yükləyin