Тарифли тизими - бу, меҳнат шароитлари ва унинг оғирлиги, ишларни бажаришнинг табиий иқлим шароитлари, меҳнатнинг жадаллиги ва хусусияти инобатга олинган ҳолда, меҳнатга ҳақ тўлашни табақалаштиришни таъминлашда фойдаланиладиган меъёрлар мажмуидир.
1. Тарифли тизимнинг элементлари
2. Меҳнатга ҳақ тўлаш шакллари
1. Тарифли тизимнинг элементлари Қуйидагилар меҳнатга ҳақ тўлашнинг тарифли тизимини ташкил этувчи асосий элементлар ҳисобланади:
тариф ставкалари ва сеткалари,
тариф коэффициентлари,
малакавий-тариф маълумотномалари,
устама ва бошқа қўшимча ҳақлар.
1.1. Тариф ставкалари ва сеткалари Тариф ставкаси - бу бир бирлик иш вақти учун тўланадиган пул шаклида ифодаланган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдоридир.
Ишчиларга меҳнат ҳақи тўлашда қўлланиладиган тариф ставкаси - бу бир бирлик вақт (соат, кун, ой) давомида бажарилган маълум мураккабликдаги меҳнат учун мукофот миқдоридир.
Разряд - бажарилаётган ишнинг мураккаблилиги кўрсаткичидир. Улар асосида у ёки бу иш турига тариф белгиланади. Шу вақтнинг ўзида разряд ишчининг малакаси кўрсаткичи вазифасини ҳам ўтайди. Меҳнатга ҳақ тўлаш ҳар доим бажарилган иш разрядига асосан амалга оширилганлиги учун, ишчи томонидан бажарилаётган иш разряди ошиши билан унинг меҳнат ҳақи миқдори ҳам ортиб боради.
Бир ойга ҳисобланганда нолинчи разряд тариф ставкаси миқдори қонунчилик билан белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан паст бўлмаслиги керак. Бу тариф ставкаси ишчидан ҳеч қандай малака талаб этмайдиган, энг оддий турдаги меҳнатга ҳақ тўлаш учун қўлланилади.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақт бирлиги қилиб соат, кун, ой танланиши мумкин. Шунга мос равишда, тариф ставкаси соатлик, кунлик ёки ойлик бўлиши мумкин. Ишчилар меҳнатига ҳақ тўлаш учун у ёки бу турдаги тариф ставкасини танлаш, бу корхонада қандай меҳнат меъёрлари қўлланилиши билан шартланади. Агар меҳнат меъёрлари сменли топшириқ шаклида ифодаланган бўлса, у ҳолда унга ҳақ тўлаш учун кундузги тариф стафкалари қўлланилади.
Охирги пайтларда меҳнатни ташкил этиш ва унга ҳақ тўлаш тизимида соатлик тариф ставкаси аҳамияти ортиб бормоқда. Бу биринчидан, иқтисодиётнинг кўпчилик тармоқларида меҳнатга ҳақ тўлаш соатлик ставкалар асосида амалга оширилаётганлиги; иккинчидан, айни соатлик тариф ставкаси асосида, ишчига амалдаги қонунчилик билан кафолатланган (зарарли меҳнат шароитлари туфайли қисқартирилган иш вақтида, иш вақтидан ташқари иш бажарганлиги учун, кечки пайт ишлаганлиги учун ва ҳоказо) қўшимча ҳақ миқдорини аниқланиши билан тушунтирилади.
Иш вақтининг жамланган ҳисобини қўлловчи корхоналарда аниқ бир ишчининг ўртача иш ҳақини ҳисоблаш учун фойдаланиладиган ўртача соатлик иш ҳақидан соатлик тариф ставкасини фарқлаш зарур.
Барча турдаги тариф ставкалари (соатлик, кунлик ва ойлик) миқдори бажарилаётган иш қийинчилик даражаси, шунингдек шароитлари ва жадаллилигига боғлиқ ҳолда ошиб боради.
Тариф ставкаси негизида рағбатлантириш тизими ташкил топади. Иш ҳақига мукофотлар, устамалар, қўшимча ҳақлар, туман коэффициентлари тарифга нисбатан фоиз ҳисобида ҳисобланади.
Бажарилган ишлар разрядидан келиб чиққан тариф ставкалари миқдорлари орасидаги нисбат тариф сеткасида ҳар бир разряд учун белгиланган тариф коэффициентини қўллаш йўли билан аниқланади. Нолинчи разряд тариф коэффициенти бирга тенг. Биринчи разряддан бошлаб у ортиб боради ва тариф сеткасида кўрсатиб ўтилган охирги, энг юқори разряд учун ўзининг энг юқори миқдорига етади. Биринчи ва охирги разряд тариф коэффициентлари нисбатини тариф сеткаси диапазони деб номлаш қабул қилинган.
Тариф сеткаси - ишчиларга бажарилаётган иш мураккаблигидан ва уларнинг малакаларидан келиб чиққан ҳолда меҳнатга ҳақ тўлаш учун тариф ставкаси миқдорини аниқлаш имконини берувчи разрядларга бўлинган жадвалдир.