Ишчилар меҳнатига ҳақ тўлашнинг ишбай-прогрессив шакли - ўрнатилган бошланғич меъёр (негиз)лар чегарасида тўғри ишбай нархларида, бу меъёрдан ортиқчаси - оширилган нархларда амалга оширилади. Ишбай баҳоларнинг ошиши, ҳар бир ҳолатда махсус шкала бўйича аниқланади. Масалан, бошланғич меъёрни 1% дан 10 % гача ортиғи билан бажарганда ишбай баҳо 30% га ошади, 10 дан 30% гача - 50% га ошади ва ҳоказо. Бу тизим бўйича қўшимча ҳақлар ҳар хил усуллар билан белгиланади. Қуйидаги усуллар нисбатан универсал бўлиб ҳисобланади:
- иш ҳақининг, бутун бажарилган иш ҳажми учун тўғри баҳоларда ҳисобланган қисмини аниқлаш;
- олинган катталик ишлаб чиқариш меъёрини ошириб бажариш фоизига ва ишбай нархнинг ошиш коэффициентига (коэффициент амалдаги прогрессив тўлов шкалаларидан олинади) кўпайтирилади.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг билвосита шакли- айрим ишлар тури бўйича энг кам иш ҳақи миқдорлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Чунончи, Вазирлар Маҳкамасининг 08.01.2007 й.даги 8-сон қарори билан:
- фан, адабиёт ва санъат асарлари нашр этилганлиги учун муаллифлик ҳақининг энг кам ставкалари;
- оммавий ижро этиш учун драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик адабий асарлар яратиш бўйича буюртмаларни бажарганлик учун, ҳайкалтарошлик асарлари, тасвирий санъат асарлари яратганлик, бадиий лойиҳалаштириш ва конструкциялаш учун муаллифлик ҳақининг энг кам ставкалари, шунингдек ушбу ҳақ Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тўланганда унинг энг юқори ставкалари;
- драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарларни саҳналаштирганлик учун ҳақ тўлашнинг энг кам ставкалари ҳамда ушбу ҳақ Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланганда унинг энг юқори ставкалари;
- Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги каналлари орқали, телевидение ва радиода бериладиган материаллар учун ҳақ тўлашнинг энг кам ставкалари;
- кинофильмлар учун адабий сценарийлар, оригинал мусиқа ва қўшиқлар матнларини яратганлик учун муаллифлик ҳақининг энг кам ставкалари;
- кинофильмлар учун маслаҳатлар бериш бўйича мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлашнинг энг кам ставкалари;
- кинофильмлар постановкаси учун уларнинг бадиий даражасига кўра суратга олиш гуруҳларининг ижодий ходимларига постановка қилганлик ҳақининг энг кам ставкалари тасдиқланди ва 2007 йилнинг 1 февралидан амалга киритилди.
Муаллифлик ҳақини ва бошқа ҳақ тўлаш турларини белгиланган энг кам миқдорлардан кам тўлашга йўл қўйилмайди (юқоридаги Қарорнинг 2-банди).
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг билвосита шакли, одатда, ёрдамчи ишларни бажарувчи ишчилар меҳнатига ҳақ тўлаш учун қўлланилади: технологик ускуналарни созловчилар, таъмирловчи чилангарлар, усталар ва бошқа ёрдамчи ишчилар ёрдамчилари, фаолият натижалари асосий ишчилар ишлаб чиқариш унумдорлигига таъсир этувчилар.